МАҲМУД АҲМЕДОВ
(1925-1996)
Санъатшунослик фанлари номзоди, мусиқашунос Маҳмуд Аҳмедов илмий, педагоглик ва лекторлик фаолияти билан Ўзбекистоннинг ХХ аср мусиқа маданияти ривожланиши жараёнига ҳисса қўшди. У ўзбек мусиқа меросини, тарихини, замонавий мусиқа йўналишларини пухта ўрганди, турли мавзуларда китоб ва мақолалар ёзди.
Маҳмуд Аҳмедов 1925 йили Бухоро вилояти Ғиждувон туманида дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқиб, 1935 йилдан бошлаб машҳур созандалардан ғижжак чалишни ўрганди. 1938-1942 йиллар мобайнида у Ғиждувон тумани театрида ғижжакчи бўлиб ишлади.
1943 йили М.Аҳмедов жанговар қисмда хизмат қилди ва яраланиб, 1945 йили ногирон бўлиб юртига қайтиб келди. 1948 йили у Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов курсларига ўқишга кирди. 1951 йилдан мусиқашунослик факультетида ўқиб, профессор Я.Б.Пеккер раҳбарлигида Абдураҳмон Жомийнинг «Мусиқа рисоласи» асосида диплом иши билан ўқишни битирди. Талабалик йилларида дастлаб Ўзбекистон радиоси мусиқий таҳририятида, 1955 йилдан Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида илмий ходим лавозимида ишлайди. 1956 йили консерваторияни битиргач, шу институт аспирантурасига йўлланма олди. Бу даргоҳда вилоятлар бўйлаб ўтказилган фольклор экспедицияларида қатнашди, натижада у кўп халқ куй ва қўшиқларини магнит тасмаларга ёзиб олди, айримларини ноталаштирди.
М.Аҳмедов кўп йиллар давомида санъаткорларнинг ижодий фаолиятларини радио ва матбуот орқали тарғиб қилди, монографиялар ва рисолалар ёзди. Масалан: мусиқашунос К.Олимбоева-Аҳмедова билан ҳамкорликда 1959 йилда ёзган «Ўзбекистон халқ созандалари» китобида ҳофиз ва ўн тўққизта созанданинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ёритилган. «Юнус Ражабий» (1967 й., 1980 йилда тўлдирилган нашри), «Исоҳор Оқилов» (1975 й), “Маргарита Оқилова” (1985 й.), “Р.М.Глиэр” (1963), “Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов” (1980), “К.Олимбоева - Аҳмедова” (1996), “Дони Зокиров” (1995) монографияларини чоп эттирди.
1950-1995 йилларда мусиқашунос М.Аҳмедовнинг 200 га яқин турли мавзуларда ёзилган илмий ва публицистик мақолалари газета ва журналларда чоп этилди. У 1966 йили В.Вахромеевнинг «Элементарная теория музыки» ва 1968 йили И.Дубовский, С.Евсеев, И.Способин ва В.Соколовларнинг «Учебник гармонии» китобларини ўзбек тилига таржима қилди.
Мусиқашунос М.Аҳмедов узоқ йиллар давомида ижодий иш билан биргаликда Низомий номидаги педагогика институтида, Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтида, А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида мусиқий-назарий фанлардан дарс бериб келди.
Маҳмуд Аҳмедов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси сифатида қатор жанговар медаллар билан тақдирланган.