АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                  ТЎЛҚИН ҚУРБОНОВ

(1936-2002)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор, композитор Тўлқин Умарович Қурбонов республика композиторлари сафига 1960-йилларнинг ўрталарида кириб келди. Унинг 40 йиллик ижодий йўлига назар ташлар эканмиз, доимий изланиш, юксакликка интилиш, профессионал ўсиш билан ўзига хос ижодий йўлини топиб олишга муваффақ бўлганини яққол кўрамиз. Бу ўринда у Оврўпода турли мусиқий оқимларнинг мураккаб техника усулларини эгаллаб, улардан ижобий фойдаланиб, миллий мусиқада қўллаш, пайваста қилиш устида муттасил ишлади. Шу сабабли у ижодида симфоник, камер симфоник ва ўзбек халқ чолғулари учун яратган асарларида янги-янги воситаларни қўллаган ҳолда йирик мусиқий асарлар яратди.

Қурбонов Тўлқин Умарович Тошкент шаҳри Ўқчи маҳалласида 1936 йилнинг 10 октябрида таваллуд топди. Тўлқин болалигидан мусиқага қизиқди. 1949 йилдан Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида ғижжак мутахассислиги бўйича ўқитувчи Я.Сабзанов синфида, фортепианодан эса Н.Е.Будилинада сабоқ олди. 1956 йили Тошкент давлат консерваториясида профессор Б.Надеждин синфида композициядан дарс ола бошлади.

Талабалик даврида Т.Қурбонов фортепиано учун пьеса, скрипка ва фортепиано учун бир неча пьеса ва прелюдиялар, «Баллада», «Элла-вальс», «Алла», «Икки овозли инвенция», «Уч овозли фуга», гобой ва фортепиано учун пьеса, флейта ва фортепиано учун пьеса, скрипка ва фортепиано учун «Поэма» ва «Сонатина», «Уч қисмли сюита», симфоник оркестр учун «Увертюра», болалар учун «Айиқча» ва «Бизнинг боғчамиз» (А.Раҳмат сўзлари), «Ёдингдами», «Галанкда» (Ҳ.Шерозий сўзлари) ва А.Пушкин сўзига «Куз» номли романсларни ёзди. Булардан айримлари ижрочилар репертуаридан ўрин олган эди. Консерваторияни эса у 1961 йили 4 қисмли симфония диплом иши билан битирди. Йўлланма билан у 1961-1962 йилларда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлади. 1963-1966 йилларда Т.Қурбонов Тошкент давлат консерваторияси аспирантурасида, профессор Б.Зейдман раҳбарлигида ўқиди ва янги асарлар ёзди. Шу йилларда консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида талабаларга дарс берди. 1968-1969 ўқув йилида эса Ленинград давлат консерваториясида профессор Б.Арапов раҳбарлигида малакасини ошириб келди ва Тошкент консерваторияси бастакорлик кафедрасида катта ўқитувчи лавозимида мутахассислик ва чолғулаштиришдан талабаларга дарс бера бошлади. 1983 йилда доцент, 1994 йилда профессор илмий унвонларига эга бўлди.

Т.Қурбонов ижодида симфоник мусиқа устувор аҳамият касб этди. Бу ўринда у 1963 йилда ёш композиторлар орасида биринчи бўлиб «Сарахбори Бузрук» мақом қисмини симфоник оркестр учун қайта ишлади. Бу асарни ёзишда композитор англадики, ўзбек чолғу мусиқасини яратишда гармонияга нисбатан полифония услубидан фойдаланиш қулайлик туғдиради. Оркестрлар таркибига қўшимча чолғулар киритди. Иккинчи (1964 й.), учинчи (1966 й.), тўртинчи (1967 й.), бешинчи «Ҳамза» (1977 й.) симфониялари, «Осиё» симфоник поэмаси (1965 й.), симфоник оркестр учун «Фуга» (1966 й.), торли оркестр ва литавралар учун «Вариация» (1969 й.), дамли чолғу ва урма чолғулар учун мусиқа (1978 й.), камер оркестр ва литавралар учун мусиқа (1978 й.), симфоник оркестр учун «Прелюдия ва фугетта», «Тўёна» (1976 й.), торли оркестр ва литавралар учун «Авиценна» прелюдия ва фугаси (1978 й.), дамли оркестр ва урма чолғулар учун «Тарих саҳифалари» прелюдия ва фугаси (1983 й.), 20 та валторна ва урма чолғулар учун «Қасида» (1984 й.), камер оркестр учун «Симфония» (1989 й.), симфоник оркестр учун «Аския» (1988 й.), М.Ашрафий хотирасига бағишланган «Каприччио» (1992 й.), саксофон ва камер оркестр учун «Ғазал» (1994 й.), дирижёр Ғ.Тўлагановга бағишланган «Рапсодия» (1995 й.), дамли оркестр учун «Пешрав» марши (1995 й.), симфоник оркестр учун «Рапсодия» (1995 й.), камер оркестр, фортепиано ва виолончель учун «Ж.Масненинг мулоҳаза фикрлаши» ва «Сен-Санснинг оққуши» (1995 й.), 5 қисмли «Сюита», дамли оркестр ва урма чолғулар учун (1996 й.), Л.А.Мальмберг хотирасига бағишланган тромбон ва симфоник оркестр учун «Поэма-элегия» (1997 й.), Хива шаҳрининг 2500 йиллигига бағишланган камер оркестр учун «Хоразмча» (1997 й.), дамли оркестр ва литавралар учун бешта пьеса (1998 й.), симфоник оркестр учун 5 қисмли сюита (1999 й.), камер оркестр учун “Крейслер”, «Муҳаббат шодиёнаси», «Муҳаббат жафоси» ва «Гўзал Розмарин» (1999 й.) каби асарлари фикримиз далилидир.

Т.Қурбонов ўзбек халқ чолғулари оркестри репертуарини бойитишда баракали ижод қилди. Шуни айтиш жоизки, композитор муайян ижодий тажриба орттириб, 1970-йиллардан бошлаб ўзбек халқ чолғулари оркестрига бирин-кетин ёрқин ва жозибали асарлар ярата бошлади. У оркестр учун 2 та пьеса (1976 й.), «Поэма» (1978 й.), 2 та пьеса (1978 й.) каби асарларни ёзиб юрган пайтларида Ўрта Осиё халқлари куйларидан фойдаланган ҳолда мусиқали «Хамса»ни басталаш ғояси туғилади. Халқлар дўстлиги ришталари ривожига бағишлаб «Ўзбекча поэма» (1977 й.), «Қирғизча поэма» (1978 й.), Бердахга бағишлаб «Бўзатау» қорақалпоқча поэмаси (1978 й.), «Туркманча поэма» (1978 й.) ва «Тожикча поэма» (1979й.) каби поэмаларни ёзди. Қардош республикаларда ўтказилган дўстлик концертларида булар ижро этилди ва композиторга шуҳрат келтирди. Машҳур бўлиб кетган асарлар оркестр репертуаридан муносиб ўрин олади. Композитор 1980-1990 йилларда бирин-кетин: «Байрам увертюраси» (1981 й.), «Лирик поэма» (1982 й.), «Қўшчинор» (1983 й.), «Поэма» (1984 й.), «Фестиваль сюитаси» (1985 й.), ғижжак ва оркестр учун «Концерт-поэма» (1988 й.), Т.Жалилов номидаги академик ўзбек халқ чолғулари оркестрининг 40 йиллик тўйига бағишлаб «Юбилей» увертюраси (1988 й.), А.И.Петросянц хотирасига бағишлаб «Рапсодия» (1990 й.), «Афғонча поэма» (1989 й.), «Ёшлик увертюра»си (1989 й.), 2 та симфония (1990, 1991 йиллар), оркестр учун «Рапсодия» (1994 й.), 1990-1999 йиллар орасида 9 та «Нақш», най ва оркестр учун «Рондо» (Моцарт куйи асосида ёзилган, 1995 й.), виолончель ва оркестр учун «Романс»» (1996 й.), оркестр учун «Муборак» увертюраси (1999 й.) каби асарларни яратди.

1970 йили А.Мухтор сўзига «Машраб» вокал-симфоник поэмаси, 1978 йили шоир Б.Исроилов сўзига 4 қисмли «Кантата», Навоий ва Хайём рубоийларига 4 қисмли хор туркуми (1991 й.); Яссавий сўзига «Прелюдия ва фуга» вокал-симфоник асари, хор ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Мадҳия» (сўзи композиторники, 1993 й.), Навоий сўзига «Ушшоқ» вокал-симфоник поэмаси (1994 й.), виолончель ва фортепиано учун 2 та пьеса (1967, 1973 й.), «Эскиз» ва пьесалар (1976 й.), контрабас ва фортепиано учун «Фантазия» (1976 й.), валторна ва фортепиано учун «Речитатив ва ария» (1975 й.), кларнет ва фортепиано учун «Импровизация» (1978 й.), виолончель ва фортепиано учун пьеса (1978 й.), труба, валторна, тромбон ва литавра учун «Речитатив», флейта ва фортепиано учун пьеса (1984 й.), гобой ва фортепиано учун «Рондо» (1981 й.), орган учун «Этюд» (1986 й.) ва «Прелюдия» (1999 й.), Брасс-квинтет учун «Муборакбод» (1991 й.), 4 та кларнет учун мусиқа (1995 й.), Жомий сўзига овоз ва оркестр учун «Ушшоқи Содирхон» (1996 й.), кларнет ва фортепиано учун халқ куйларини қайта ишлаган (1997 й.). Н.Қобул билан ҳамкорликда яратган «Иброҳим Расулуллоҳ таваллудлари» мусиқали драмаси Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳна юзини кўрди.

Композитор Т.Қурбонов Ё.Илёсовнинг «Сўроқли қаҳра йўл» қиссаси асосида И.Мальмберг либреттосига «Широқ» (1985 й.) ва ўзбек халқ эртаги асосида ёзган либреттосига «Шерзод ва Паризод» (1999 й.) балетларини ёзди. Кинорежиссёр Й.Аъзамовнинг «Жарима сўқмоқ йўл» фильмига мусиқа басталади (1971 й.). Т.Қурбонов ўзбек тилида «Полифония» дарслигини ёзиб, 1985 йили чоп эттирди.

Т.Қурбонов ўзбек мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссалари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият фахрий унвони билан тақдирланган.

                                 ДИЛШОД ҚУРБОНОВ

(1974)

Истеъдодли композитор Дилшод Қурбонов Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида 1974 йил 14 июлда таваллуд топди.

1981 йилда В.А.Успенский номидаги Республика махсус мусиқа мактаб-интернатининг фортепиано мутахассислиги бўйича А.И.Ибрагимова синфига ўқишга кирди. 5-синфида вокал-дирижёрлик ва композитор мутахассисликларидан (педагог А.Берлин) ҳам таълим олди. 1993-1998 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг бастакорлик-чолғулаштириш факультетида композитор А.Мансуров синфида таълим олди. 1999-2000 йилларда ассистентура-стажировкани тугатди. 2001 йилдан буён консерваториянинг эстрада ижрочилиги кафедрасида ўқитувчи лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Асарлари: Симфоник оркестр учун «Увертюра», торли оркестр учун «Токката», виолончель ва фортепиано учун «Ёруғ юлдузлар осмони» поэмаси, фортепиано ва гитара учун Концерт, скрипка ва фортепиано учун «Баллада», ф-но учун 6 та Прелюдия, 3 қисмли Сонатина, Рондо, рубоб ва ф-но учун 2 та дуэт, зарбли чолғулар ва ф-но учун «Концерт-фантазия», ўзбек халқ чолғулари квартети учун «Концерт-рондо», гобой ва афғон рубоби учун «Сўзсиз қўшиқ» дуэти, якка кларнет учун «Тоғликлар хиргойиси» пьесаси, «Бу ёшлик», «Иккаламиз», «Дўстлар», «Наврўз», «Наврўз байрами», «Ёшлар қўшиғи» каби бир қатор эстрада қўшиқлари, “Шайтанат”, “Ёлғон муҳаббат”, “Отажоним” фильмлари мусиқа муаллифи.

                                НЕЪМАТЖОН ҚУЛАБДУЛЛАЕВ

(1930-2002)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли бастакор, хонанда ва созанда Неъматжон Қулабдуллаев ўзининг бетакрор санъати билан халқ дилидан чуқур жой олган.

Неъматжон Қулабдуллаев 1930 йили Чимкент вилоятининг Қўштегирмон қишлоғида туғилган. 1948 йилда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртини, 1956 йилда Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимининг вокал синфида доцент Д.Муллақандов ва дутор синфида доцент Ф.Васильевлардан сабоқ олди. Н.Қулабдуллаев 30 йил давомида Қори Ёқубов номидаги ўзбек давлат филармониясида меҳнат қилди. Н.Қулабдуллаев дутор созандалиги ва хонандалик санъати билан 60 йил давомида нафақат республикамизда, балки Хитой, Миср, Араб амирликлари, Эрон, Туркия, МДҲ давлатларида ижодий учрашувлар ва концертларда қатнашиб, ўзбек мумтоз ва замонавий мусиқа санъатини кенг тарғиб қилди.

Н.Қулабдуллаев ижро этган «Индамади», «Ўйнасин», «Қўлда раъноси билан», «Жон бўлибди, жонон бўлибди», «Розиман», «Эй юрак», «Соғиндим, соғиндингми», «Она юртим Ўзбекистон», «Онадур ул онадур», «Кулгай» каби қўшиқ ва ашулалар хонандага шуҳрат келтирди.

Бастакор Н.Қулабдуллаев ўтган давр мобайнида қўшиқчилик жанрида ижодий изланди, анъанавий халқ услубида, турли мавзуларда, классик ва замондош шоирларнинг шеърларига 200 га яқин ранг-баранг қўшиқ ва ашулалар яратди. Бастакор яратган куйлар, қўшиқ ва ашулалари ўзи ва бошқа машҳур хонанда ва созандалар томонидан концерт дастурларида ижро этилган, радио тўлқинларида мунтазам жаранглайди. Хусусан, «Соғиндингми», «Ўзбеклар иши», «Интизор этма», «Дилда бормисан», «Зеболигингдан», «Кулиб, кулиб», «Эй юрак», «Дилором», «Билгайсиз», «Кунларим», «Бўлмоғил», «Овора бўлма», «Минг йил наззора қилсам», «Дуторим», «Ўзбекистоним», «Ўзбегим хазинаси» асарлари бастакор ижросида, «Ўзбекистон гуллари», «Хаёл», «Ўтмасмикан» ашулалари Олмахон Ҳайитова ижросида, «Кулгай», «Топмадим» асарлари Д.Қаюмова ижросида, «Эй соҳиби дил» К.Исмоилова ижросида, «Ўргилайин ёр бўйидан» Ҳ.Юсупова ижросида янграган.

Н.Қулабдуллаев дутор, най асбоблари ва халқ чолғу ансамбллари учун бир қатор куйлар басталаган. Бастакор яратган ва ижро этган асарлари Ўзтелерадиокомпаниясининг «Олтин фонди»да сақланмоқда.

Ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишида ва тарғиб этилишида муносиб ҳисса қўшган бастакор, созанда ва меҳрибон устоз Неъматжон Қулабдуллаев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони ва «Эл юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

                               ҒАФУР ҚОДИРОВ

(1917-1985)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат   арбоби, композитор Ғафур Қодиров XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У яратган жозибали қўшиқлар, симфоник ва саҳна мусиқаси, айниқса, болалар учун ёзган асарлари замонавий мусиқа санъатимизни бойитди.

Ғафур Қодиров Тошкент шаҳрида 1917 йил 1 февралда таваллуд топди. 1933-1936 йилларда Ўрта Осиё санъат рабфакда ўқиди. 1936 йили у Тошкент давлат тўқимачилик институтига ўқишга кирди. Мазкур институтнинг бадиий ҳаваскорлик хори билан 1937 йилда ўтказилган олимпиадада иштирок этди. Шундан кейин Ғафур мусиқа билан жиддий шуғулланишга қарор қилди. Ўша йилларда унинг мусиқа қобилиятини сезган композитор Н.Н.Миронов маслаҳати билан Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради. 1940 йили Б.Б.Надеждинда композиторлик мутахассислигидан, А.Ф.Козловскийда чолғулаштиришдан таълим олиб, 1945 йил консерваторияни бир қисмли симфония диплом иши билан муваффақиятли битирди. Ўша йили Бастакорлар уюшмасига қабул қилинади ва Ҳамза номидаги Тошкент давлат билим юртига мусиқа назариясидан дарс беришга йўлланма олиб ишлайди. 1959 йили у чолғулаштиришдан дарс беришга консерваторияга таклиф қилинди ва 1969 йили доцент илмий унвонига сазовор бўлди. 1971-1975 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг масъул котиби лавозимида ҳам ишлади. Йиллар давомида Ғ.Қодиров педагогик ва жамоатчилик фаолиятининг бирлигида ижод қилиб, турли шакл ва жанрларда фортепиано учун пьесалар, «Рондо», «Рақс», «Сюита», «Соната», «Прелюдия ва фуга», виолончель ва фортепиано учун пьесалар, кларнет ва фортепиано учун пьесалар, торли квартет, симфоник оркестр учун «Марш», «Сюита», «Симфониетта», фортепиано жўрлигида «Ғазал» (Навоий шеъри) романси, «Мард йигит» (Ю.Ҳамдам сўзи) қўшиғи, болалар театрларида саҳна юзини кўрган «Қари чол ва бўри» (И.Дўстхўжаев пьесаси) номли спектаклига 1944 йил мусиқа басталади.

Ғ.Қодировнинг 40 йиллик ижодий йўлига назар ташласак, Шарқ ва Ғарб мусиқаси анъаналарига таянган ҳолда замонавий миллий мусиқий асарлар яратишга интилиб, ўз ижодий услубини топа олганини кўрамиз. Ўзига хос услубда у кўпроқ овоз учун, симфоник, вокал-симфоник, эстрада, халқ чолғулари оркестри, айниқса, болалар учун турли шакл ва жанрларда кўплаб асарлар яратди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, композитор жонажон Ватанимиз табиатининг гўзал манзараларини, халқимизнинг меҳнат жасоратини, соф муҳаббат билан болаларимизнинг қувноқ ҳаёти ва маърифатга интилишларини ифода этишда ижобий ютуқларга эришган. Масалан, у ўз ижодий фаолиятининг ҳамма даврларида яккахон, хор жамоалари ва эстрада гуруҳларига қўшиқлар басталашга кўпроқ эътибор берди. Унинг қўшиқлари оҳангдорлиги, дилкашлиги, ранг-баранглиги, ҳаётийлиги, севги-муҳаббатни кенг қамраб олганлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам Ғ.Қодиров қўшиқларида давр нафаси яққол сезилиб туради. Масалан: «Ўзбекистоним» (Шуҳрат сўзи), «Қуёшли Ўзбекистон» (М.Ғани сўзи), «Ўлкамга» (М.Бобоев сўзи), «Тинчлик — бизнинг посбонимиз» (П.Мўмин сўзи), «Ёшлар марши» (Ж.Абдуллахонов сўзи), «Мирзачўл» (Ҳабибий сўзи), «Гулистон ўлкам» (Маърифий сўзи), «Янги ерга хат» (Р.Бобожон сўзи), «Ёш физкультурачилар марши» (П.Мўмин сўзи), «Ўзбекистоним» (Ж.Жабборов сўзи), «Оқ олтин таронаси» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Дурдона ўлкам» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Дўстлик фестивали» (Б.Насриддинов сўзи), «Пахта» (Халқ сўзи). Айниқса, унинг лирик эстрада қўшиқлари машҳур бўлди: «Мирзачўл ёр-ёри» (Ш.Шомуҳамедов сўзи), «Баҳор қўшиғи» (Ў.Рашид сўзи), «Пиллачи қиз» (Миртемир сўзи), «Бахт қўшиғи», «Чўлпон қўшиғи» (Ж.Жабборов сўзлари), «Койинманг, онажон» (С.Зуннунова сўзи), «Механизатор қиз» (Камтар сўзи), «Жонажон Тошкентим» (Т.Тўла сўзи), «Пахтазор ўлкам» (Ҳ.Ғулом сўзи), «Гўзал Тошкентим» (П.Мўмин сўзи) ва бошқалар.

Ғ.Қодиров қўшиқларининг аксарияти, жумладан болалар учун яратган қўшиқлари қуйидаги нота тўпламларида чоп этилган: «Қўриқ ер қўшиқлари», «Пиллачи қиз», «Қуёш ва биз», «Бахт қўшиғи», «Мактабжон-офтобжон», «Бахтли авлод», «Ўйнаб бер». Булардан ташқари «Фортепиано учун пьесалар» ва «Ўзбек рақслари» тўпламлари ҳам нашрдан чиққан.

Йиллар давомида Ғ.Қодиров чолғу мусиқа соҳасида самарали ижод қилди. У симфоник оркестр учун «Поэма-баллада», Поэма, «Рақс сюита»си, «Балет сюита»си, «Ёшлик увертюраси», «Сўзана» поэмаси, иккита симфоник сюита, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун: 4та сюита (1949, 1954, 1967, 1979й.), «Кичик увертюра», «Вальс», «Ёшлар вальси», «Қизлар рақси», «Йигитлар рақси», дамли чолғулар учун: «Юбилей марши», афғон рубоби ва фортепиано учун иккита пьеса ёзди.

Ғ.Қодиров асосан, болалар учун кўп қўшиқ ва йирик ҳажмли вокал-чолғу асарлар яратди. Шунинг учун унга «Болаларнинг севимли композитори» деб ном беришган. Композитор турли чолғу ансамбли, оркестр, яккахон, ансамбль ва хор учун яратган асарлари орасида яккахон, хор ва симфоник оркестри учун «Мактабжон-офтобжон» (Т.Илҳомов сўзи) 4 қисмли вокал-симфоник сюитаси, «Биз ёш ўқувчилар» (Т.Илҳомов сўзи) 4 қисмли кантатаси, «Биз космоснинг забткоримиз» (Ҳ.Муҳаммад сўзи) 4 қисмли кантатаси, «Биз истиқбол эгасимиз» (П.Мўмин сўзи) 5 қисмли вокал-симфоник сюитаси, болалар хори учун «Лайлак», «Чегарачи», «Алишер исмли болаларга» (Б.Исроилов сўзи), «Бобомлар боғбон», «Ота-оналарга», «Арча қўшиғи» (Э.Раҳимов сўзлари), «Дангасалик - касаллик» (П.Мўмин сўзи), якка ижрочилар учун қўшиқлар қатор нота тўпламларга киритилган.

Композитор Ғ.Қодиров ўзининг ёрқин ижодий педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан Ўзбекистон мусиқа маданияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1983й.) фахрий унвони билан тақдирланган.

                               ФЕЛИКС ЯНОВ-ЯНОВСКИЙ

(1934)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси профессори, композитор Янов-Яновский Феликс Маркович Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига 1963 йили лирик, оҳангдор, ранг-баранг, жозибали мусиқа асарлари билан кириб келди. У ўз ижодий услубини топиш йўлида жаҳон классик композиторларининг услубий анъаналарини ва XX асрда бунёдга келган мусиқий оқимларни, миллий маданият манбаларини синчковлик билан кузатди, ўрганди ва ўз ижодий услубини топиб олди.

Янов-Яновский Феликс Маркович 1934 йилнинг 28 майида Тошкентда таваллуд топди. Болалигидан скрипка чалишга қизиқди. У 1941 йилдан  В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабининг скрипка синфида ўқиди. 1952 йили Тошкент давлат консерваторияси оркестр чолғулари факультетининг скрипка синфида профессор Н.Е.Бронфмандан сабоқ ола бошлади, 1953 йилдан бошлаб, бир пайтда профессор Б.Б.Надеждин синфида композициядан ўқиди. Ф.Янов-Яновский 1957 йили скрипка, икки йилдан сўнг композиция бўйича консерваторияни муваффақиятли битирди.

Истеъдод соҳиби композитор Ф.М.Янов-Яновский меҳнат фаолиятини талабалик давридан бошлади. У 1954-1956 йилларда рус драма театри оркестрида скрипка чалди. 1956-1964 йилларда М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармониясининг симфоник оркестрида, 1964-1968 йилларда Ўзбекистон радиоси қошидаги торли квартетда, 1957-1961 йилларда консерваториянинг камер синфида концертмейстер лавозимида, 1961-2014 йиллар мобайнида бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчиси, доцент (1977 йилдан), профессор (1988 йилдан) лавозимларида, 1974-1980 йилларда мусиқашунослик ва композиторлик факультети декани ва 1979-1986 йилларда бастакорлик кафедраси мудири вазифаларида ишлади.

 

Унинг ижодкорлик фаолияти ҳам талабалик йилларидан бошланди. Шу даврда яратган кўп асарлари орасида «Симфониетта» (1957й.) ва Г.Х.Андерсеннинг «Дюймовочка» эртак-спектаклига (1956й.) басталаган мусиқаси машҳур бўлди. Композитор ўтган йиллар давомида мустақил равишда баракали ижод қилди ва умум оврўпа мусиқий интонацион доирасида мусиқа басталади. Шу билан бирга ўзбек халқининг анъанавий мусиқа меросига мурожаат қилиб, ғижжак ва фортепиано учун «Прелюдия ва фугетта», чанг ва фортепиано учун 3 та пьеса, ғижжак, альт-ғижжак ва фортепиано учун иккита пьеса, ғижжак ва фортепиано учун «Сюита», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Алла» каби асарларни яратди, бир неча халқ куйларини оркестр учун қайта ишлади.

Ф.Янов-Яновский мусиқанинг барча жанрларида баракали ижод қилмоқда. Масалан, йирик жанрда - скрипка ва симфоник оркестр учун учта «Концерт» (1961, 1976, 1992й.) ва «Концерт сюитаси» (1962й.), торли квартет ва камер оркестр учун «Соnсеrtо grosso №1» (1969), симфоник оркестр учун «Концерт» (1973й.), “Ната-вальс” (№№1-5, 2007-2017), “Танго” (2016), фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концертино» (1978й.), скрипка, альт, виолончель ва торли оркестр учун «Оддий концерт» (Соnсеrtо grosso № 2, 1989й.), гобой ва оркестр учун «Концерт» (1980й.), «Эпитафия» (1979й.), камер оркестр учун «Ларго ва скерцо» (1980й.), симфоник оркестр учун 1-(1982), 2-(1986), 4-«De Profundis»-(1990й.) симфониялари, баритон ва камер оркестр учун  3- симфония (1987), труба ва кичик оркестр учун икки қисмли «Концерт Dyptich» (1998й.), кларнет, фагот, корнет апистон, скрипка, виолончель ва урма чолғулар учун «Есhо» (1999й.), симфоник оркестр учун «In tempo sostenuto» (2000й.), 4 қисмли Бешинчи симфония (Ф.Г.Лорка сўзи, 2012), маримба, чембало ва оркестр учун 4 - Concerto grosso (2015), саксофон альт, тромбон ва оркестр учун 5- Concerto grosso (2016), труба пикколо, фортепиано, чембало, орган ва оркестр учун 6- Concerto grosso (2017), най, қўшнай, рубоб прима ва халқ чолғулари оркестри учун 7-Concerto grosso (2017), оркестр учун “Пространство теней” 2 та дафтари (2016, 2017), П.Гоген суратларига 9 қисмли “Таитянские пасторали” хореографик сюитаси, “Часы” вокал-симфоник поэма (Э.Верхарн сўзи, 2017), виолончель ва оркестр учун “Fabula-2” концерти (2009), альт ва оркестр учун “Fabula-3” концерти (2010), овоз ва торли оркестр учун “Fabula-4” концерти (2011), флейта ва оркестр учун “Fabula-5” концертиноси (2012), контрабас ва паст овоздаги торлилар учун “Fabula-6” концерти (2014), камер-чолғу мусиқада - виолончель ва фортепиано учун «Настроение» туркуми (1970й.), фортепиано учун «Концертино» (1978й.), флейта ва фортепиано учун пьесалар (1980й.), орган учун «Поэма-импровизация» (1986й.), флейта ва фортепиано учун «Вальс» (1985 й.), соло альт учун «Прелюдия ва фугетта» (1987 й.), фортепиано учун пьесалар, сонатина, «Брасс-квинтет» №1 ва №2 (1991,1994й.), торли квартет учун «Sostenutо» (1993 й.), флейта ва 14 чолғу учун “Мусиқа” (1995 й.), камер ансамбль учун «Мусиқа» (1995 й.), «Silhouette» (1996 й.), труба ва кичик оркестр учун «Diptich» (1998 й.), саксофон квартети учун «I-M-T» (2002), ансамбль учун «Lontano» (2003), инглиз сурнайи, 2 та саксофон, маримба ва контрабас учун «Music for five» кичик концерти (2004), ансамбль учун «Piano, piano...» (2004), 2- ва 3- торли квартетлар (2009), скрипка ва ансамбль учун “Discussion” (2010), виолончель ва фортепиано учун Соната (2011) ва бш.

Композиторнинг ижодида вокал-симфоник ва камер вокал мусиқа жанрлари ҳам мавжуд. Ўтган давр ичида у қуйидаги асарларни ёзди: овоз ва симфоник оркестр учун «Я слушаю время» поэмаси (Н.Браун сўзи, 1962й.), сухандон, хонандалар, хор ва симфоник оркестр учун «Голос» (Э.Межелайтис сўзи, 1968 й.), солистлар, эркаклар хори ва симфоник оркестр учун «Повесть о Чили» (Л.Арагон, Э.Баркеро, Г.Валькарсель, Ф.Г.Лорка, П.Неруда ва С.Альенде сўзлари, 1977 й.), “Из Евангелия от св.Марка” (7 қисмли, 2015) ораториялари, «Элегия» (С.Фукао сўзи, 1973 й.), А.Орипов сўзига «Триптих», У.Хайём сўзига «Из поэзии Омара Хайяма» (1980 й.), А.Орипов сўзига «Поэтические строфы» кантатаси (1987 й.), У.Хайём рубоийларига, баритон овоз ва оркестр учун «Рубайат», яккахонлар, камер хори, орган ва камер ансамбли учун «Dies irae» (1994 й.), хонанда, хор ва оркестр учун «Реквием» (1997й.), А.Пушкин шеърларига, контр-тенор овози ва урма чолғулар учун «Приношение Бахусу», тенор овози ва ансамбль учун «De Ecclesiastes» (1999 й.), сопрано, меццо-сопрано овозлари, кларнет, вибрафон, скрипкалар, виолончеллар учун «Stabat Mater» (2000 й.), сухандон, хор ва оркестр учун 2001 йил 11 сентябрдаги қурбонлар хотирасига “In memoriam” (2011), овоз ва виолончель учун “Мимолетность” (А.Князев сўзи, 2017) вокал туркуми, “В часах уснуло время” 5 қисмли вокал-чолғу туркуми (лотин-америка шоирлари шеърлари, 2018), вокал ансамбль учун “All ava Ufar” асари, хитой ва япон шоирлари шеърларига “Грустные песни” романслар туркуми (2005), антик шоирлар шеърларига сопрано, тенор ва ансамбль учун «Odi et amo» (2011) ва бошқалар.

Йиллар давомида Ф.Янов-Яновский турли мавзуларда ёзилган саҳна асарларига мусиқа басталади. Масалан, Тошкент рус драма театри учун «Ещё раз о любви» (Э.Радзинский пьесаси, 1961 й.), «Сердце на ладони» (А.Шамякин пьесаси, 1966й.), «Три пилюли» (В.Иловайский пьесаси, 1967 й.). «Ревизор» (Н.Гоголь пьесаси, 1967 й.), «Конармия» (И.Бабель пьесаси, 1968 й., А.Малахов билан ҳамкорликда ёзилган), «Человек со звезды» (1969 й.), «Путешественник без багажа» (Ж.Ануй пьесаси, 1971 й.), «Дни тревог и надежд» (К.Ёрматов ва М.Мелкумов пьесаси, 1974й.), «Дон Карлос» (Шиллер пьесаси, 1974й.), Ёш томошабинлар театри учун «Конёк горбунок» (А.Малахов билан ҳамкорликда, П.Ершов пьесаси, 1959й.), «Журавлинные перья» (Киносита пьесаси, 1960 й.), Республика қўғирчоқ театри учун «Кто украл луну?» (Р.Фарҳодий пьесаси, 1983й.), «Как Качал-палван с фашистом воевал» (Н.Розимуҳаммедов пьесаси, 1985й.) спектаклларига мусиқа, С.Маршак либреттосига «Петрушка-иностранец» (1970 й.), «Оркестр» (Ануй либреттоси, 1991 й.), «Спасение...» (Ф.Ховревол либреттоси, 1999 й.), “Аккомпаниатор” (М.Митуа либреттоси, 2001), “Принцесса на горошине” (Г.Х.Андерсен, 2009), “Как включали Ночь (Р.Бредбери, 2017), “Муза” (А.Руссен, 2016) операларини, “Урашима Таро” (2006) балетини, тенор, ансамбль ва раққосалар учун япон шоирлари шеърларига “Дивертисмент” (Времена года) яратди.

Композиторнинг ижодида кино мусиқаси ҳам муҳим ўрин эгаллайди. У 2000 йилга қадар 50 тадан ортиқ бадиий кинофильм, телефильм ва мультфильмларга мусиқа басталади. «Слепой дождь» (реж. А.Қобулов), «Этот славный парень» (реж. Э.Хачатуров, 1972й.), «Мой добрый человек» (реж.Р.Ботиров, 1973й.), «Поклонник» (реж. А.Ҳамраев, 1973 й.), «Ты — песня моя» (реж. А.Қобулов, 1975 й.), «Далекие близкие годы» (реж. К.Ёрматов, 1977 й.), «Смысл жизни» (реж. Д.Салимов, 1987й.), «Вельд» (реж. Н.Тўлахўжаев, 1987 й.) бадиий фильмлари, «Глазами друга» (реж. М.Зокиров, 1965 й.), «Қўғирчоқбоз» (реж. Л.Бобохонов, 1970 й.), «Лётное поле», «У самого синего небо» (реж. Л.Бобохонов, 1972й.), «Найти любимую» (реж. Ш.Жунайдуллаев, 1979 й.) телефильмлари, «Уста Салимжон» (реж. А.Аҳмадхўжаев, 1974 й.) ҳужжатли фильми,  «Солнечный луч» (1970 й.), «Мал да удал» (реж. К.Камолова, 1971 й.), «Этот упрямый зайчонок» (реж. Ш.Шокирова, 1972 й.), «Заколдованный корабль» (реж. З.Ройзман, 1975 й.), «Арба» (реж. А.Бобохонов, 1976 й.), «Кураш» (реж. Ш.Шокирова, 1980 й.), «Час пик», «Всходы» (1982 й.), «Идол» (1983 й.), «Щенок и семеро гусят»,  «Будет ласковый дождь» (Н.Тўлахўжаев, 1984 й.), «Забор» (1981 й.), «Крыша» (реж. А.Собиров, 1983 й.), «Волшебный най» (реж. Боймуҳаммедов, 1982 й.), «Глиная сказка» (реж.Смирнов, 1983й.), «Царевна мышей» (реж. Кривошеева, 1983й.), «Летающий суслик»; 1984 й. «Капля» (реж. Д.Салимов) мультфильмлари, «Ислом тарихи» сериали (1996-2000 йй.), «Цветы на поляне» (1997й.), 6 серияли «Алпомиш» (2000 й.), “Рустам и Саид” (2015-2017), “Легенда о крыльях” (2016), “Арк”, “Қуш” (2010), “Букри ошиқ” (2013), “Фарход ва Ширин”, “Соколиная охота”(2011) (реж. Н.Тўлахўжаев,) каби мультфильмлар,  «Чудовище или ктото иной» (реж. А.Фатхулин), «Тайное путешествие эмира», «Второе путешествие Каипа» (реж. Ф.Давлетшин), «Согдиана» (реж. Г.Шермуҳаммедов), “Единственная и неповторимая” (М.Малик, 2007), “Нам здесь жить” (Ф.Файзиев, 2008) каби бадиий фильмларга мусиқа басталади.

Ф.Янов-Яновский якка хонанда, хор жамоалари, болалар учун йиллар давомида қўшиқлар ҳам яратдики, улар ижрочиларнинг репертуарларидан муносиб ўрин олган.

Композитор Ф.Янов-Яновскийнинг юқорида тилга олинган мусиқа асарлари шундан далолат берадики, у доимий равишда ижодий барқарорликка, кўп композиторлар ўйламаган ёки унчалик аҳамият бермаган, анъанавий мусиқа жанрларини кенгайтириш, янги воситаларни қўллашга интилди. Албатта, ижодкорнинг ҳамма асарлари ҳам бир хил бадиий қийматга эга эмас. Лекин, шуни айтиш жоизки, ўз услубини топа олгани ва ижодининг ранг-баранглигини инкор этиб бўлмайди.

У 1981-1991 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасидаги «Иваново» ижодий уйида ёшларга маслаҳатчи бўлган.

Ф.Янов-Яновский 1977 йили Ўзбекистон Ҳукуматининг фахрий ёрлиғи ва 1988 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган. У 1986 йили Ўзбекистон Ёшлар мукофоти совриндори, Украина Республикасининг Львов шаҳрида 1981 йили ўтказилган кинофестивальда «Всходы» мультфильмининг мусиқаси учун диплом, 1996 йили ўғли Дмитрий билан ҳамкорликда «История ислама» мультфильмига ёзган мусиқаси учун Ўзбекистон Киночилар уюшмасининг «Грифон» соврини, 2001 йили Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги 10 йиллиги юбилей медали, 2008 йилда M&TVA мукофоти билан тақдирланган.

Композиторнинг асарлари АҚШ, Германия, Франция, Англия, Чехия, Болгария, Исроил, Япония, МДҲ давлатларида ижро этилган.