АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                 ВЛАДИМИР МИЛОВ

(1938-1998)

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1969 йили ёш композитор Владимир Милов кириб келди. У овоз ва якка чолғулар, оркестр, театр ва кино учун мусиқа басталаб, республикамизнинг кўп миллатли мусиқий маданияти тарихида из қолдирди.

Милов Владимир Ефимович Россиянинг Ульяновск вилояти Мемкессе шаҳрида 1938 йилнинг 1 февралида дунёга келди. 1945 йилда умумтаълим мактабига ўқишга борди. Болалигидан мусиқага қизиқди, мактабдаги бадиий ҳаваскорлик чолғу ансамблида аввал гармошка, кейинчалик баян ва аккордеон чалишни ўргана бошлади. 1955 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юрти халқ чолғулари бўлимининг иккинчи курсига қабул қилинди. 1958 йили ўқишни битириб Фарғона вилояти Қувасой шаҳри болалар мусиқа мактабида баян ва мусиқа назариясидан дарс берди. Ўша йили Тошкент консерваториясининг композиция бўйича сиртқи бўлимида профессор Б.Зейдман синфида сабоқ ола бошлади. 1960 йилдан кундузги бўлимда ўқишни давом эттириб, 1964 йили битирди. 1965 йили Тошкент давлат консерваториясининг мусиқа назарияси кафедрасига ишга таклиф қилинди ва 1968 йилга қадар «гармония»дан талабаларга дарс берди. Ўша йили у Туркистон ҳарбий округи қошидаги Офицерлар Уйидаги «Туркестанская звездочка» номли болалар ансамбли раҳбари вазифасига таклиф қилинди ва 1972 йилга қадар шу жамоада ишлади, асарлар яратди. 1972 йилдан Мирзо Улуғбек тумани болалар мусиқа мактабида умрининг охиригача ишлади. 1995-1998 йилларда Б.Зокиров номидаги эстрада оркестрида дирижёр бўлиб ишлади.

В.Милов турли жанрларда ижод қилди. У учта балет: «Широқ ғазаби» («Гнев Ширака», И.Мальмберг либреттоси, (1965 й.), «Уч пальма» («Три пальмы» И.Мальмберг ва И.Юсуповлар либреттоси, 1966 й.) ва «Сказка о Попе и работнике его Балде» (Пушкиннинг асари асосида композиторнинг ўз либреттоси, 1975 й.) ёзди. Унинг кинорежиссёр Л.Файзиев сценарийси асосида «Восточная легенда» (1972 й.) фильм-балети Тожикфильмда суратга олинган. «Лесная сказка» (Л.Бережных либреттоси) 1976 й. ва «Тайна трех не» (1977 й.) спектаклга мусиқа басталади. Композитор қуйидаги мультфильмларга мусиқа басталаган: «Кто сделал облако» (1969 й.), «Дороже золота» (1970 й.), «Храбрый воробей» (1971 й.) ва «Девочка и звездочка» (1972 й.). Турли халқлар куйларини эстрада оркестри ва чолғу ансамбллари учун қайта ишлади. Замондош шоирлар шеърларига турли мавзуларда қўшиқлар яратди. Улар орасида Л.Бережных сўзларига ёзилган қўшиқлар: «Разлив», «Каблучки», «Счастье», «Песня о политруке», «Ташкентские розы», «Ташкентская лирическая»лар, ҳамда Ю.Когтев сўзига ёзилган қўшиқлар: «Есть фронт в каждом сердце», «Человек и мираж», «Солнечная улица» (Р.Фарҳодий сўзи), «Родник» (Г.Нуруллаева сўзи), «Грустная струна» (А.Гальперина сўзи), «Кто мне песню нашёл» (Балакина сўзи) кабилар машҳур бўлиб кетган эди.

В.Миловнинг ижодий фаолиятида чолғу мусиқаси устун туради. У симфоник оркестр ва турли чолғу ансамбллари, якка чолғу асбобларга қуйидаги асарларни яратди: «Перекуем мечи на орала» (1962 й.) симфоник поэма, фортепиано ва симфоник оркестр учун Концерт (1963 й.), космонавтларга бағишланган Симфония (1964 й.), «Тўйчи Эржигитов»га бағишланган хореографик поэма (1967 й.), скрипка ва фортепиано учун пьесалар, прелюдиялар, сонатиналар, торли квартет (1963 й.) ва бошқалар.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, В.Милов 1980-йиллардан бошлаб яна саҳна ва кинофильмларга мусиқа басталашга киришиб, қуйидаги асарларни яратди: «Фарҳод ва Ширин» (В.Баграмов либреттоси, 1980 й.) рок-опера; «Свадьба» , «Неудачный день», «Преступление и наказание» (М.Зошенко либреттолари, 1986 й.) бир пардали опералар; «Баба яга против Деда Мороза» (1985 й.), «Корол Пиф-Паф» (1986 й.), «Зимняя сказка» (1991 й.), болалар учун опералар: «Дракон и свирель» (1986 й.), «Смерть и рождения Тиля» (1987 й.), «По щучьему велению» (1989 й.), «Колобок» (1990 й.) каби мусиқа; кинофильмлар: «Али баба и 40 разбойников» (ўзбек ва ҳинд фильми, 1989 й.), «Легенда о любви»; телефильмлар: «Эшмат добрый ангел», «Пробуждение»; мультфильмлар: «Нежные голоса», «Удивительний манеж», «Дриссированная корова», «Волшебная серна», «Сказка про аиста», «Козел в огороде», «Большой и маленький», «Дорожная собака», «Сказка о волшебном гранате», «Жил и был ослик», «Ух-ты!», умуман, 30 дан ортиқ кинофильмларга мусиқа яратди.

В.Милов 1998 йили «Ўзбекистон қуролли кучларига маданий хизмат кўрсатган аълочи» кўкрак нишони ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

 

                                  ВАДИМ МЕЙЕН

(1911-1971)

XX аср ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ҳисса қўшган рус санъаткорлари сафида композитор В.Мейеннинг номи бор. У кўп қиррали ижодий, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан республикамиз мусиқа тарихи саҳифаларида ёрқин из қолдирди.

Мейен Вадим Александрович Москва шаҳрида 1911 йилнинг апрелида туғилди. Унинг фортепиано бўйича биринчи ўқитувчиси онаси бўлган. В.Мейен хотираларида шундай ёзади: «1928 йили Гнесинлар номидаги мусиқа техникумида фортепиано, бир йилдан сўнг композиция бўйича М.Ф.Гнесиндан дарс ола бошладим. 1932 йили техникумни битирдим, 1933 йили Тошкентга келдим, санъаткорлар билан танишдим. 1934-1936 йилларда театр мусиқа бўлими мудири бўлиб ишладим. Қўйилган спектаклларга мусиқа басталаб турдим. 1936 йили Тошкент давлат консерваторияси очилди. Мен биринчи талабалар қаторида ўқишга кириб иккинчи йилидан бошлаб Б.Б.Надеждинда композициядан дарс ола бошладим. Ўқиш билан бирга Республика давлат қўғирчоқ театрида мусиқа бўлими мудири лавозимида ишладим. 1941 йили консерваторияни муваффақиятли битирдим. 1942-1946 йилларда ҳарбий драма театри мусиқа бўлимини бошқардим. 1943-1944 йилларда Ленинград консерваторияси Тошкентда бўлганида М.О.Штейнберг, Ю.Н.Тюлин ва А.Ф.Козловскийлардан дарс олдим. 1946-1948 йилда Ҳамза номидаги Республика давлат академик ўзбек драма театрида мусиқа бўлимини бошқаришга таклиф қилишди. 1948 йили Тошкент давлат консерваторияси раҳбарияти мени гармония ва полифониядан дарс беришга таклиф қилди».

Композитор В.А.Мейеннинг ижодий фаолиятида театр спектаклларига ва ўзбек халқ чолғулари оркестрига мусиқа басталаш устувор бўлди. У рус, ўзбек драма ва қўғирчоқ театрларида саҳна юзини кўрган 100 дан ортиқ спектаклларга мусиқа басталади. Уларнинг орасида қуйидагиларни эслатиб ўтиш кифоя. «Всегда с вами» (Ржевский пьесаси), «Слуга двух господ» (К.Гольдони пьесаси), «Жди меня» (К.Симонов пьесаси), «Обыкновенный человек» (Леонов пьесаси), «Он пришел» (Дж.Пристли пьесаси), Ҳамза номидаги ўзбек давлат театри спектакллари учун: «Муҳаббат» (Уйғун пьесаси), «Бранденбург дарвозаси» (Светлов пьесаси); Муқимий номидаги мусиқали театрда қўйилган «Армуғон» мусиқали драмани композитор Т.Содиқов билан ҳамкорликда яратган (А.Бобожонов ва М.Муҳамедовлар пьесаси). Республика қўғирчоқ театрида қўйилган спектакллар: «Сказки бабушки Татьяны», «Зайкино горе», «Мяу-мяу», «Бармалеева погибель», «Вовкина ёлка», «Аладдин и волшебная лампа», «Бей дубинка», «Сэмбо», «Зияд батыр», «Приключения Шавката», «Вали батыр», «Семурғ» ва бш.

Узоқ йиллар давомида В.Мейен Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестри учун асарлар яратди, айрим мумтоз халқ куй ва ашулаларини оркестрга мослаштирди. Улар орасида: 1962 й. «Қашқарча», «Рақс марши», «Янги даврон», «Санам уфориси» асосларида ёзилган 4 қисмли Сюита; 1963 йил «Самарқанд Ушшоғи», «Гулузорим», «Бузурук», «Бозургоний»          4 қисмли сюита, 1964 йил «Ўзбекча марш» ўзи ёзган мавзуида увертюра, сюита «Сояий», «Ассалом», «Гул», «Наззора қил», «Соғиндим» қўшиқларини қайта ишлади; 1965 йил «Ўйин Баёти», «Мухаммаси Раст», «Насруллои 3» ва «Насруллои 5» лар асосида 5 қисмли сюита, 1966 йил П.Мўмин билан ҳамкорликда «Ассалом келажак» номли кантата каби асарларни кўриш мумкин.

В.Мейен ўзбек халқ мусиқасига таянган ҳолда симфоник оркестр учун «Лирик поэма», «Симфониетта», 4 қисмли сюита, увертюра, «Пахта байрами» поэмасини яратди. Халқ куйлари асосида: «Фарғонача рез», «Ўйин Баёти», «Насруллои 3» ва «Насруллои 5» симфоник сюита; симфоник оркестр жўрлигида айтиш учун мослаштирди: «Фарғонача», «Ўлтурғуси», «Галдир», «Кўп эрди», «Ол хабар», «Бир келиб кетсин» ва «Нигорим», «Мубтало бўлдим сенга», «Галдир», «Уфори Насруллои» асосида «Сўзсиз сюита», Ойбек шеърига «Навоий» номли вокал-симфоник сюита кларнет ва симфоник оркестр учун концерт; «Напев», «У калодца», «Сказание», «Плясовая» номли пьесаларни ёзган.

В.Мейен камер асарларидан дўсти Т.Содиқов хотирасига бағишлаб торли квартет учун тўрт қисмли сюита, Фурқат шеърларига 4 та романс Навоий шеърларига 4 та романс, Ҳ.Олимжон шеърларига 4 та романс, А.Пушкин шеърларига 6 та романс, шунингдек болалар учун бир қатор қўшиқлар ёзган.

                       ФАТТОҲХОН МАМАДАЛИЕВ

(1923-1999)

Ўзбекистон халқ ҳофизи, созанда бастакор, устоз-мураббий, профессор Фаттоҳхон Мамадалиев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1991 йил қабул қилинган. Бу нодир истеъдод соҳиби, самимий инсон ҳофизликда ўзининг ширали ва дардли овози билан ўзбек халқининг маънавий мулки бўлмиш мумтоз ашула, катта ашула ва мақом намуналарини маромига етказиб ижро этиши туфайли танилди, халқ меҳрини қозонди. Унинг «Мискин», «Муножот», «Ушшоқ», «Насруллойи» каби туркумларни қайта ишлаши, «Қадимги Ушшоқ», «Умрзоқ Полвон Ушшоғи» ва «Зикри Ушшоқ» мақом йўлларини қайта тиклаши, «Савт»и Фаттоҳхон туркумини басталаши мусиқа санъатимизда катта воқеа бўлди.

Фаттоҳхон Мамадалиев Андижон вилояти Балиқчи туманининг эски Ҳаққулобод қишлоғида 1923 йили таваллуд топди. Оиланинг 7 фарзанди орасида Фаттоҳхон болалигидан мусиқага қизиқди, меҳр қўйиб улғайди. 1931 йилдан умумтаълим мактабига ўқишга борди. Туман маданият уйи қошидаги бадиий ҳаваскорлик тўгарагида танбур, дутор чертишни ўрганди ва қўшиқ ижрочилиги билан ажралиб турди. Бошланғич мактабни 1938 йили битирган пайтида, ҳаваскорлар Концертини кўрган машҳур ғижжакчи санъаткор, туманда эндигина очилган театр раҳбари Мўминжон Каримов эътиборини ёш Фаттоҳхоннинг ашула айтишига қаратди. Катта мусиқий санъатга кириб келиш илк даврини Фаттоҳхон Мамадалиев шундай эслаган: «Концерт тугагач, бўлғуси устозим Мўминжон Каримов мен билан алоҳида суҳбатлашди, бошқа қўшиқ ва ашулаларни айттириб кўрди, ўзи ғижжаги билан жўр бўлди ва театрга ишга таклиф қилди. Устозим билан бўлган ана шу қисқа, ҳаяжонли мулоқот менинг келгуси ҳаётимда, тақдиримда бурилиш бўлди. Театрга ишга кирдим ва устознавозлик мусиқий санъатига илк қадамимни қўйдим. Иш жараёнида менга устозим овозни сўзга тушириш, шеърият тузилиш қонунларини, турларини, ашула ва қўшиқ учун уларни танлаш, ашула айтганда бурро талаффуз этиш, қочиримларни безаб куйлаш каби йўлларни қунт билан ўргатди. Улуғ ҳофизлар Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов ва бошқа ҳофизларнинг ижрочилик нафас йўлларини ўрганиш ва ўз услубини топиб олишга маслаҳатлар берар эдилар. Булар ҳаммаси мен учун ҳақиқий мактаб бўлди. Отам раҳматлик адабиётни, шеъриятни, ҳофизлар санъатини жон-дилидан севар эди. Дўст-улфатлари орасида буюк алломаларнинг шеърий китобларидан завқланиб ёддан ўқир эди. Отам ва онам менинг ҳофиз бўлишимни орзу қилишар эди», —деб хотирасини тамомлаган эди.

Ф.Мамадалиев санъаткор сифатида шаклланишида юқорида зикр қилинган омиллар билан бирга Умрзоқ Полвон Сайидали, Абдулла Тароқ, Беркинбой Файзиевлар катта роль ўйнади.

1950-йиллардан бошлаб Ф.Мамадалиевнинг ҳофизлик, бастакорлик, мураббийлик фаолияти кенг қулоч ёза бошлади. 1963-1968 йилларда у Андижон давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини битирди. 60-йилларнинг бошларида Ф.Мамадалиев кучли ва юқори диапазонли овозни талаб қиладиган «катта ашула»ни поёнига етказа билиш қобилияти, куй ва сўз узвийлигини ашулада таъминлаш маҳорати билан Ўзбекистон халқ артисти Ю.Ражабий назарига тушди. Ф.Мамадалиев шундай эслайди: «Кунларнинг бирида Юнус ака билан узоқ мулоқотда бўлиб қолдик. Бу улуғ инсон ва устоз менга мурожаат қилиб «Фаттоҳхон, ўзингизни мақом санъатида ҳам синаб кўрмайсизми? —дедилар. — Уддалай олармикинман, устоз? — деб жавоб бердим». «Мени билишим ва сезишимча қўлингиздан келади. Агар ўз устингизда астойдил ишласангиз», деб далда бердилар. Бизнинг устозларимиз мусиқий санъатимиз хазинасининг бебаҳо жавоҳири бўлган буюк мақом санъатини бизга ўргатиб, қарз қилиб кетдилар. Биз ҳам кейинги авлодларга етказишимиз ва ўргатишимиз лозим», деган сўзлар менга жуда ҳам таъсир қилди. Шу ажойиб унутилмас суҳбатдан кейин мақом йўлларини ўрганишга астойдил киришдим. Имкониятим борича Фарғона—Тошкент мақом ва Шашмақом йўл услубларини ўзлаштириб бордим ва яхши натижаларга эришдим. Хоразм мақом йўллари билан Мадраҳим Шерозий, Ҳожихон Болтаев ва дўстим Рўзимат Жуманиёзов каби машҳур санъаткорларнинг ижроларида танишишга муяссар бўлдим».

Табиатан зеҳни ўткир, мусиқий қобилияти кучли, фалсафий дунёқараши кенг Ф.Мамадалиев мумтоз мақом санъати асосларини ҳам мукаммал ўзлаштирди ва Андижон шаҳар маданият уйида ўзи тузган «Мақомчилар ансамбли» билан халққа хизмат қилди, республика ва халқаро анжуманларда, концертларда, кўрик-танловларда фаол қатнашди. Биринчи гал бу ансамбль 1972 йили «Марҳабо, талантлар!» республика телетанловида «Қашқарчаи Мўғулчаи Дугоҳ» ва «Соқийномаи Мўғулчаи Дугоҳ» ижроси учун энг юқори баҳога сазовор бўлган эди. 1973 йили Алмати шаҳрида ўтказилган «Осиё мусиқа минбари» халқаро анжуманида республикамизнинг мусиқа санъати шарафини намойиш қилган эди. Самарқанд шаҳрида ўтказилган мусиқашунослик симпозиумларида қатнашди. Андижон вилоятининг Хўжаобод, Избоскан туманлар маданият уйларида, Андижон давлат педагогика институтида «Мақомчилар ансамбли» жамоаларини ташкил қилди, кейинчалик уларга мураббийлик ва маслаҳатчилик қилиб турди. 1985 йили М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси Шарқ мусиқаси кафедрасига ишга таклиф қилинди. Мазкур кафедрада дастлаб доцент лавозимида ишлаб, 1993 йили профессор илмий унвонига эга бўлди.

Ф.Мамадалиев басталаган кўплаб ашулалар орасида «Интизор» (Улфатий сўзи), «Оқибат», «Соғиндим», «Фалак», «Меҳмон», «Жудо келди» ва «Юзин ҳажрида» (Нодира сўзлари); «Аҳд қилдим» (Муқимий сўзи); «Жононим менинг» (Ҳайратий сўзи); «Орзу» (В.Саъдулло ғазали); «Сўрмаса», «Каломингдан» ва «Дилкушо» (Ҳ.Азимов сўзи); «Ўлмағай» (Навоий ғазали); «Кўнгил» (Х.Яҳёев сўзи); «Раъно гуллар» ва «Соғинурман» (О.Холдор сўзи) каби ўнлаб ноёб ашулалари мухлислар кўнглидан чуқур жой олди. У 1983 йили Самарқандда ўтказилган 2-мусиқашунослик симпозиумида, 1990 йили Душанбе шаҳрида Борбад таваллудининг 1400 йиллигига бағишланган халқаро симпозиумда, 1991 йилда ўтказилган бир неча концерт дастурларида, 1998 йили Пхеньян (КХДР)да ўтказилган Осиё мусиқа минбарида ва бошқа халқаро анжуманларда якка ижрочиликда мумтоз ашула ва мақомлари, ўзи яратган ашулалари билан тингловчиларни мафтун қилди. Айниқса, мумтоз мусиқа фестивалида ижро этган унинг «Дарди дилим» ашуласи қатнашчиларни лол қолдирди.

Моҳир ҳофиз, бастакор, устоз-мураббий ва жамоат арбоби Фаттоҳхон Мамадалиев республикамиз миллий мусиқа санъатининг ривожи йўлидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. 1981 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1990 йили «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.

                      АЛЬБЕРТ МАЛАХОВ

(1936-1969)

XX аср ўзбек мусиқаси тарихида композитор ва дирижёр А.Малаховнинг муносиб ўрни бор. У қисқа умри давомида турли жанрларда бир қатор ажойиб асарларни яратди. Ўзбекистонда эстрада оркестрини ташкил этиб, дирижёр ва аранжировкачи сифатида жўшқин фаолият кўрсатди.

Альберт Абдулович Малахов Тожикистоннинг Регар тумани Бауман қишлоғида 1936 йилнинг 19 апрелида туғилди. Болалигидан мусиқага ҳавас қўяди. 1945 йили унинг оиласи Наманган шаҳрига кўчиб келади ва Альберт мусиқа мактабининг скрипка синфида ўқишни бошлайди. 1951 йили улар Самарқанд шаҳрига кўчиб ўтадилар ва А.Малахов мусиқа билим юртида ўқишини давом эттиради. Ўқишни битириш арафасида мусиқа басталашга қизиқиб, куйлар ёзди. Бу қизиқиши билан 1954 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кириб, профессорлар Б.Надеждиндан композициядан, А.Козловскийдан чолғулаштириш ва дирижёрликдан сабоқ олди. У талабалик даврида фортепиано, скрипка, виолончель, кларнет, валторна каби чолғуларга кўплаб катта-кичик пьесалар ёзади. Айниқса, унинг симфоник оркестр учун «Ёшлик даври» увертюраси симфониеттаси, халқ куйлари асосида ёзган симфоник сюитаси ва консерваторияни 1959 йили битиришида фортепиано концерти мутахассис ва шинавандалар томонидан илиқ кутиб олинган эди.

1956 йилдан Альберт Тошкент рус драма театрининг кичик симфоник оркестрида скрипкачи бўлиб ишлади ва ўқишини давом эттирди. 1959 йилдан Ўзбек давлат эстрада концерт ташкилотида жўрнавоз лавозимида ишлайди. 1960-1966 йиллар мобайнида Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида ўқитувчилик қилди. 1966 йилдан умрининг охиригача эстрада концерт бирлашмаси қошида янги тузилган жаз-оркестрда дирижёр ва аранжировкачи бўлиб ишлади.

А.Малахов консерваторияни битиргандан сўнг бирин-кетин турли жанрларда ижод қилди, ҳар хил чолғулардан тузилган ансамбль гуруҳларига, симфоник ва жаз оркестрларига, театр спектаклларига, кинофильмларга мусиқа басталади. Унинг ёзган асарлари замонавий оҳангларга бойлиги ва услуби билан ажралиб туради. Истеъдодли композитор виолончель ва фортепиано учун 12 та пьеса; венгер халқ куйлари асосида скрипка ва фортепиано учун 7 та пьеса; бешта поляк халқ куйлари асосида ёғочли дамли чолғу квинтети, ўзбек, уйғур, туркман, қирғиз халқ куйлари асосида торли чолғулар учун бир неча вокал туркумлар; ўзбек халқ қўшиқлари ва композиторлар асарлари асосида жаз оркестри учун попуррилар яратди. 1961 йилда Ғарб ва Шарқ замонавий шоирларнинг тинчликка бағишланган шеърларига «Тўлдирилган анкета» вокал туркуми,  1967 йилда ёзган 4 қисмли 2- Симфониеттаси композиторга катта шуҳрат келтирди.

 

А.Малахов «Менинг уйимга кир», «Қайдасан, менинг Зулфиям», «Плюс бир», «Тошкент - нон шаҳри», «У битта ўзи эмас эди» кинофильмларига, «Муҳаббат учун 10 сутка», «Бернард Альбини уйи», «Мария Стюарт» драматик спектаклларига мусиқа басталади, эстрада ва болалар қўшиқларини яратди.

У «авангард» мусиқий оқимларнинг техник восита ва услубларини ўзлаштирди, уни қўллаган композиторларга эргашди, ўрганди ва ўзининг симфоник асарларида моҳирона қўллади.

                                       МАНАС ЛЕВИЕВ

(1912-1990)

Ўзбекистон халқ артисти, композитор Манас Левиев XX аср ўзбек мусиқаси тарихи саҳифаларида ёрқин, унутилмас из қолдирди. У замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига тамал тошини қўйган композиторлардан биридир. Композитор яратган жозибали қўшиқ-романслар, симфоник, вокал-симфоник асарлар, балет, айниқса, мусиқали драма, мусиқали комедия ва киномусиқалар эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Левиев Минасай (Манас - тахаллуси) Бетьянович эсдаликларида шундай деб ёзади: «...Мен Наманган шаҳрида 1912 йилнинг 25 июлида туғилдим. Ота-онам Самарқанд шаҳрида истиқомат қилишган, 1910 йили Наманган шаҳрига, 1917 йилда Қўқонга, сўнгра эса Самарқандга кўчиб ўтдик. Мен акаларимдан доира, дутор ва най чалишни ўргандим. Самарқандда 1920 йили «Турон» номли ўзбек ўрта таълим мактабига қабул қилишди. 1928 йилда Ўзбекистон халқ артисти, санъаткор Али Ардобус Ибрагимов ўзи тузган 120 кишидан иборат «Кўк кўйлакликлар ансамбли»га ишга таклиф қилди. Мазкур ансамблнинг мусиқа раҳбари Т.Содиқов эди. Ансамблда мендан ташқари Д.Зокиров, Н.Ҳасанов, И.Оқилов, А.Жўраев, В.Абдуллаев ва бошқалар фаол қатнашар эди. Ўша йили Н.Н.Миронов раҳбарлигида Самарқандда Мусиқа ва хореография институти очилди. Мен, М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Т.Содиқов, Ш.Рамазонов, О.Ҳалимов, Р.Оллоберганов, М.Калантаров, Ш.Сохибовлар биринчилардан бўлиб ўқишга кирдик. 1929 йили Туркманистон Республикаси Керки шаҳридаги ўзбек театрига ёрдам бериш учун мусиқа раҳбари қилиб тайинландим. 1930 йилдан яна институтда ўқишни давом эттирдим, ҳарбий офицерлар уйидаги ашула ва рақс ансамбли учун «Дивизия қадам ташламоқда» (М.Рахматуллаев сўзи) оммавий марш қўшиқ ва иккита рақс куйларини яратдим. 1933 - 1938 йилларда Ленинград мусиқа техникумининг назарий-композиторлик бўлимида, 1938-1941 йилларда Ленинград давлат консерваториясида таълим олдим. 1941 йили уруш бошланиб, курсдош ва педагогларим билан кўнгилли аскарлар дивизияси сафига қўшилдим. Жангда оёғимдан ярадор бўлиб, 1942 йилнинг июнь ойида Тошкентга қайтиб келдим. 1942-1943 ўқув йилидан Тошкентга кўчиб келган Ленинград консерваториясида ўқишимни давом этдим. Консерватория талабалари орасида энг яхши симфоник асар учун ўтказилган кўрик танловда «Нурхон» номли симфоник поэмам биринчи даражали мукофотга сазовор бўлди”.

Композитор М.Левиевнинг ижодий фаолияти асосан талабалик давридан бошланди. Ўқиб юрган йиллари қуйидаги асарларни ёзди: фортепиано учун 5 та пьеса, сонатина, рақс, фантазия, 3 та этюд, 3 та прелюдия, 2 та вариация, 20 та ўзбек халқ куй ва қўшиқларини гармониялаштирди. Талабалар концертида «Оқ ойдин кечалар», «Рангим этди заъфарон» ўзбекча, «Гули сурху сафед» тожикча халқ қўшиқларини ва Зулфия сўзига ёзган «Озод қизман» номли қўшиқни ўзи ижро этиб олқишларга сазовор бўлган. У скрипкага этюд, пьеса, вариация, торли квартетга сюита, виолончель учун 4 та этюд, 3 та пьеса, труба ва кларнет учун пьесалар яратди. Навоий шеърига басталаган «Дилистоним, сен менинг» романси симфоник оркестр жўрлигида, илк бор Давид Муллақандов ижросида шуҳрат келтирди.

Уруш йиллари М.Левиев «Ўзбек ўғли» ва «Шерзодлар» (В.Абдуллаев сўзлари), «Биз Ватан фарзандларимиз» ва «Жанг майдонимиз» (М.Шайхзода сўзлари), «Ватан чақириғи» (Т.Тўла сўзи), яккахон, хор ва оркестр жўрлигида «Боғ кўча» ва «Фарғона» (Миртемир сўзлари), «Гўзал ой» (Т.Тўла сўзлари) ватанпарварлик ва лирик қўшиқлари; композитор М.Бурҳонов билан ҳамкорликда С.Абдулла, К.Отабоев ва Миртемир сўзларига 5 қисмли «Ўзбекистон 20 ёшда» вокал-симфоник сюитаси, А.Лоҳутий билан ҳамкорликда «Суруди бахт» («Бахт қўшиғи»), «Духтари пур ғайрат» каби қўшиқлари, лирик романслари, Саид Аҳмаднинг «Шерзод ва Гулшод», М.Шайхзоданинг «Жалолиддин» драмаларига мусиқа басталади.

У яратган «Ўзбек қизи овози», «Тинчлик учун» (Т.Тўла сўзлари) халқ артисти, севимли хонанда Ҳалима Носирова ижросида жуда машҳур бўлиб кетди. Умуман, 100 га яқин турли мавзуларда, ўзбек, тожик классик ва замондош шоирларнинг шеърларига жозибали қўшиқ ва романслар яратди. Улар «Қўшиқ ва романслар» (1958 й.), «Пахта байрами» (1977 й.), «Ҳаёт қўшиқлари» (1978 й.) тўпламларида чоп этилган. Замонавий қўшиқ санъатини ривожлантиришда оригинал қўшиқ ва романслари билан халқ меҳрига тушган композитор М.Левиев «Ўзбекистон куйчиси» деган номга сазовор бўлди.

1948 йилда саҳна юзини кўрган (қайта қўйилиши 1967 й.) Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида ёзилган «Сухайл ва Меҳри» (К.Отабоев ва В.Губская либреттоси) балети ва 1949 йил Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳнада қўйилган «Олтин кўл» (Уйғун пьесаси) мусиқали драмаси (қайта таҳрири 1952 й.) М.Левиевга катта шуҳрат келтириш билан бирга ўша муҳитда замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъати тарихида биринчи мустақил равишда ва миллий услубда яратилган саҳна асарлар ҳам эди. Шунинг учун бўлса керак, келгусида композитор театр учун мусиқа басталашга меҳр қўйди. Муқимий номидаги мусиқали театр учун яратган «Тошболта ошиқ» (Ҳ.Ғулом пьесаси, 1961 й.), «Ажаб савдолар» (Ҳ.Ғулом пьесаси, 1969 й.), «Замонали - Омонали» (Ғ.Ғуломнинг «Шум бола» асари асосида Ҳ.Ғулом пьесаси, 1973й.), «Хизматингизга тайёрмиз» (Ф.Мусажонов ва Б.Ихтиёров пьесалари, 1981й.) мусиқали комедияларини; «Кимга тўй, кимга аза» (Н.Сафаров пьесаси, 1962й.). «Нозик ниҳолим» (Ч.Айтматовнинг шу номли қиссаси асосида Ҳ.Ғулом пьесаси, 1978 й.), «Мангулик» (Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмалари халқ орасида машҳурдир. Шу билан бирга М.Левиев «Семурғ» (Зулфия ва С.Сомовалар пьесаси), «Ёлғончи даркор» (Д.Пеафиса пьесаси), «Бахт қўшиғи» (Уйғун пьесаси), «Шоҳи сўзана» (А.Қаҳҳор пьесаси), «Муҳаббат афсонаси» (Н.Ҳикмат пьесаси), «Туркия ҳақида ҳикоя» (Н.Ҳикмат), «Жазоир менинг ватаним» (Диба пьесаси), «Ҳамза» (К.Яшин ва А.Умарийлар пьесаси), «Мирзо Улуғбек» (М.Шайхзода пьесаси) драмаларига ҳам мусиқа басталади.

Композитор М.Левиев киномусиқа санъатининг ривожланишига ҳам ўзининг беназир ҳиссасини қўшди. 1957 йилда И.Акбаров ва М.Бурҳоновлар билан ҳамкорликда «Орол балиқчилари» ва 1959 йили «Мафтунингман» (реж. Й.Аъзамов) кинофильмларига мусиқа, мустақил равишда эса «Маҳаллада дув-дув гап» (реж.Ш.Аббосов, 1960), «Блокнотдан варақа», «Сайёт қўнғироғи» (реж. Й.Аъзамов, 1966), «Ўтган кунлар» (реж. Й.Аъзамов, 1969) киноларига мусиқа басталади. 1971 йили режиссёр Л.Файзиев композитор М.Левиевнинг «Сухайл ва Меҳри» балети асосида «Жонли миниатюралар» номли кинофильм яратди.

М.Левиев яккахонлар, раққосалар, турли чолғу ва вокал ансамбллар, хор ва оркестр, «Баҳор» рақс ва филармония «Ашула ва рақс» ансамбллар репертуарларини бойитиш мақсадида жуда кўп асарлар яратди. Улардан айримларининг номларини эслатиб ўтсак кифоя: «Физкультурачилар парадига» махсус ёзилган мусиқа (1947й.), «Ёрқин йўл» (Т.Тўла сўзи, 1947й.), «Оқ олтин» (М.Шайхзода сўзи 1958 й.) кантаталар, ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестри учун 5 қисмли «Ёшлик» сюитаси, «Қаҳрамонлик» увертюраси, «Шодиёна» поэмаси хор ва якка ижрочи билан, «Пахта байрами» сюитаси, «Гулла, яшна Ўзбекистон» сюитаси ва бошқалар.

М.Левиев ижодий ишлари билан республикамиз мусиқа санъатининг ривожланишига улкан ҳисса қўшди ва катта мусиқий мерос қолдирди. У 1961 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1972 йили «Ўзбекистон халқ артисти», 1979 йили Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бир неча медаллар билан тақдирланган.