АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                              АБДУШАРИП ОТАЖОНОВ

(1924-1987)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, созанда ва композитор Абдушарип Отажонов 1924 йилнинг 1 январида Хива шаҳрида дунёга келди. Унинг бобоси ва отаси «созчи уста» номи билан танилган сурнайчи эдилар. Улар Абдушарипда туғма мусиқий қобилият борлигини сезиб, мусиқадан сабоқ бера бошладилар ва у тез орада «мўъжизакор» ғижжакчи ва сурнайчи номига эга бўлди. 1932 йили бошланғич ўрта таълим мактабида, сўнгра ёшлар мактабида ўқиди, 1937 йили Хива қишлоқ хўжалиги техникумига ўқишга кирди. Мазкур ўқув даргоҳида мусиқа тўгаракларига ҳам қатнашди. Ўзининг ижрочилиги билан обрў-эътиборга эга бўлган 15 ёшли Абдушарип 1939 йили Хива шаҳридаги вилоят театрига ишга таклиф қилинди ва шу пайтдан унинг меҳнат фаолияти бошланди.

1942 йили А.Отажонов ҳарбий хизматга чақирилди ва Калинин, 2-Белорусия фронтларида жанг қилди. 1944 йили 23 июн куни оғир ярадор бўлиб, бир оёғидан ажралди. Госпиталларда даволангандан кейин 1945 йили армия сафидан озод этилиб, Ватанига қайтди. 1945-1951 йилларда А.Отажонов Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма ва комедия театрида созанда, мусиқа бўлими маслаҳатчиси бўлиб ишлади. Ёшлигидан ижрочилик ила мусиқа басталашга қизиққан ва машқ қила бошлаган Абдушарип замонавий Оврўпо нота тизимини кўп овозли мусиқа қоидаларини ўрганиш эҳтиёжи билан 1951 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа юртининг мусиқа назарияси бўлимида К.Отаниёзов, М.Юсупов ва С.Ҳайитбоевлар билан биргаликда ўқиди. Бу эл-юрт орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган санъаткорларга ўқув юрти директори И.Ҳамроев шароит яратиб берган эди. 1955 йили ўқишни битириб, А.Отажонов Хива шаҳрида болалар мусиқа мактабини ташкил этди. Унга раҳбарлик қилиш билан бир вақтда Хива шаҳар маданият бошқармаси театри мусиқа бўлимининг эмакдоши вазифасида ишлади. 1959-1964 йилларда у Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма ва комедия театри директори ва дирижёри лавозимларида ишлади, айни пайтда Тошкент давлат консерваториясида композиция бўйича сиртқи бўлимда профессор Б.И.Зейдман синфида ўқиди. 1964 йили А.Отажонов чанг ва симфоник оркестр учун концерт билан консерваторияни муваффақиятли битирди. Олий маълумотли мутахассис Урганч мусиқа билим юрти директори лавозимига тайинланди. 1967-1973 йилларда у Огаҳий номидаги театр директори ва дирижёри, 1973-1980 йилларда мусиқа билим юрти директори бўлиб ишлади. 1980-1986 йилларда театрга қайтиб, бош дирижёр вазифасида ишлади ва нафақага чиқди.

А.Отажонов ижодий меросида ранг-баранг, турли мавзуларда ёзилган қўшиқ, хор ва оркестр учун кўп қисмли мусиқий асарлар, мусиқали драма ва комедиялар муҳим ўрин эгаллайди. У ўз ижодининг дастлабки даврида чолғу мусиқасига нисбатан қўшиқчиликка кўпроқ аҳамият берди. Замондош шоирларнинг шеърларига меҳнатни ва меҳр-муҳаббатни куйловчи, одамлар хулқи ва жамиятда учраб турадиган айрим нуқсонларни ҳазил ила танқид остига олувчи ранг-баранг, жозибали қўшиқлар, лирик ашулалар, ҳажвий лапарлар яратди. Жумладан, 1957-1964 йилларда қуйидаги қўшиқлар бунёдга келди: «Меҳнат завқи» (М. Абдураҳимов сўзи), «Роҳати бир жон етишдим» (М.Раҳмонов сўзи), «Газ келди, газ» (Э.Эшмонов сўзи), «Салом марду мардонларимга» ва «Чўпон йигит қўшиғи» (А.Пўлат сўзлари), «Машъал элим» (Р.Бекниёз сўзи) каби меҳнатни ва Ватанни ардоқлайдиган қўшиқлар ёки: «Куйлайди табиат» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Келди ёрим қошимга» (Х.Саидов сўзи), «Кезарман» (К.Аҳмадий сўзи), «Интизормикин», «Айрилма мани», «Жонгинам шартингни айт» (Р.Бекниёз сўзлари), «Ошиқ ноласи» (Дилафкор сўзи), «Кел, кел жоним» (Шуҳрат сўзи) каби лирик қўшиқлар; «Бири бинафша, бири Равшан» (Бобур сўзи) лирик ялла; айниқса «Шўх ошпаз» (Порлоқ сўзи), «Почтачиман, почтачи» (К.Аҳмадий сўзи), «Узук тақсам билагингга», «Бобойжоним», «Аравакаш» ва «Ўзи билса, билсин» (Р.Бекниёз сўзлари), «Ҳар кишининг бўлса икки хотини» (Махтумқули сўзи), «Каминангиз комендант» (Э.Раҳим сўзи), «Суратчиман, суратчи» (Хуршид сўзи) каби ҳазил, сатирик лапарсимон айтишувлар ўз даврида хонандалар репертуарини бойитди ва ҳозирга қадар айримлари концерт дастурларида янграмоқда.

А.Отажоновнинг ижодий меросида шоирлар билан ҳамкорликда меҳнат, тинчлик, дўстлик, ишчи-деҳқон ёшлар, Ватан каби мавзуларда яккахон, хор ва оркестр учун басталаган кўп қисмли йирик асарлари ҳам оз эмас. Улар қўшиқлари каби ёрқин оҳангдорлиги, жозиба ва ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Композитор қаламидан қуйидаги асарлар бунёдга келди: «Хоразм» (Э.Раҳмон сўзи, 1968 й.), «Шодиёна» (1968й.), «Маҳаллада тўй», «Сумалак оқшоми» (1971й.), «Замон анъанаси-никоҳ тантанаси» (Хуршид сўзлари, 1973й.), «Олтин қўллар» (Миртемир сўзи, 1973 й.), «Улуғ кун» (Хушнуд ва О.Матчон сўзлари, 1967 й.), «Ақлда доно қизлар» (Э.Раҳим сўзи, 1982й.) вокал-хореографик сюиталари, яккахон, хор ва оркестр учун поэма, хор ва оркестр учун «Офарин» ва «Оқ олтин» (О.Матчон сўзи, 1967 й.), хоразм «Ёр-ёр»ини акапелла хори учун қайта ишлаган; «Авазим» Хоразм халқ қўшиғи асосида чолғу ансамбль учун пьеса, «Қудалар баҳси» (Нурматов сўзи, 1974 й.) яккахон, хор учун хореографик композиция, аралаш хор ва оркестр учун сюита, «Пахтакорман» (Хуршид сўзи, 1982й.) яккахон ва чолғу ансамбли учун қўшиқ; «Хоразмда байрам» (Х.Абдуллаев сўзи, 1983 й.) вокал-хореографик манзара ва бошқалар.

А.Отажонов ижодий фаолиятида мусиқали драма ва комедия жанрлари муҳим аҳамиятга эга. Драматурглар билан ҳамкорликда Огаҳий номидаги Хоразм вилоят мусиқали драма ва комедия театрида қуйидаги асарлар саҳна юзини кўрди: «Оқ нилуфар» (Р.Тагор асари, Авинников, С.Оспос ва А.Бобожоновлар таржима ва инсценировкалари, 1958 й.), Р.Оллоберганов билан ҳамкорликда «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» (Ю.Юсупов пьесаси, 1958 й.) ҳамда «Маърифат қурбонлари» (Э.Раҳим пьесаси, 1958 й.) драмалари; «Ишқ билан ўйнашма» (А.Хайруллаев ва К.Аҳмадийлар пьесаси, 1960 й.); «Ким айбдор» (И.Аҳмедов ва У.Исмоиловлар пьесаси, 1960 й.); «Сенсиз яшолмайман» (Р.Бекниез пьесаси, 1961 й.); «Тоғ қизи» (Р.Ҳамзатов пьесаси,1963 й.); «Тош тешар» (А.Жамол, 1964 й.) «Икки ўт ўртасида» (Р.Бекниёз пьесаси, 1964 й.); «Хўжа Насриддин» (Азимзода пьесаси, 1965 й.) «Махтумқули» (Матризаев пьесаси, 1966 й.); «Мавлоно Огаҳий» (Ю.Юсупов пьесаси, 1968 й.); «Меҳрибонлар» (А.Жамол пьесаси, 1970 й.); «Тузоқ» (А.Жамол пьесаси, 1972 й.); «Али масхарабоз» (А.Бобожонов пьесаси, 1972 й.); «Қизлар исёни» (Ю.Юсупов пьесаси, 1973 й.); «Сўнги пушаймон» (А.Жамол пьесаси, 1974 й.); «Тошлар тилга кирганда» (П.Телегенов пьесаси, таржимон Н.Комилов, 1976 й.); «Фотима кампирнинг лотереяси» (О.Матчон пьесаси, 1977 й.); «Мунозара давом этади» (Қ.Мирзоев пьесаси, 1981 й.); «Орзу» (Х.Расул пьесаси, 1984 й.); «Жавоҳир» (Э.Самандаров пьесаси, 1984 й.). А.Отажонов «Баҳор» (М.Тамсахиб пьесаси, 1961й.), «Бўронли йиллар» (Ў.Умарбеков пьесаси, 1963й.); Шоҳнинг боши бормиди, ё....» (А.Мухтор пьесаси, 1985 й.) драмаларига ҳам мусиқа басталаган. Композиторнинг мусиқий меросида фортепиано, ўзбек халқ чолғулари ва оркестр учун турли асарлар мавжуд.

 

А.Отажонов 1969 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони, медаллар, Ўзбекистон ва Қорақалпокистон Республикаси фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.