УЮШМА ҲАҚИДА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            КОМИЛЖОН ЖАББОРОВ

(1914-1975)

Ўзбекистон халқ артисти, атоқли созанда ва бастакор Комилжон Жабборовнинг номи республикамиздагина эмас, бошқа қўшни мамлакатларда ҳам машҳурдир. Кундалик ҳаётимизда мунтазам янграб келаётган унинг мазмундор, жозибали қўшиқ ва ашулалари, рақс куйлари, тингловчиларга манзур. Созанда ва бастакор ўзининг бетакрор мусиқа асарлари ва нодир ижрочилик санъати билан республикамиз миллий мусиқа маданиятининг ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

Комилжон Жабборов 1914 йилнинг 15 апрелида Андижон шаҳрида туғилди. Комилжон болалигидан мусиқага қизиқиб акасидан дутор ва ғижжак чалишни ўрганади. 1923 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, мактаб ҳаваскорлар ансамблига қатнашади. Комилжоннинг мусиқага бўлган қобилиятини кўрган созанда Рўзиматхон Исабоев уни ўзи билан Наманганга олиб кетади. 1925-1929 йилларда Намангандаги «Намуна» мактабида таълим олди. 1929 йилда Тошкентга келиб, Ҳамза номидаги драма театрида созандалар ансамблига ишга қабул қилинди. 1931 йилдан Й.Охунбобоев номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театрида, 1933 йилдан Республика мусиқали драма театрида созанда, бир йилдан сўнг Андижон театрида мусиқа раҳбари лавозимларида ишлайди. 1941-1946 йилларда Янгийўлдаги театрда, сўнгра Муқимий номидаги мусиқали театр оркестрида созанда, 1946 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон радиоси қошидаги мақом ансамблида, ўзбек халқ чолғулари оркестрида ишлади.

К.Жабборов ғижжак, дутор ва танбурда беназир ижрочи эди. Унинг ижро дастуридан халқ, мақом, ўзи басталаган куйлар ўрин олди. Жумладан у ғижжакда «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Гул мавсуми»; танбурда: «Самарқанд Ушшоғи», «Гулёр»; дуторда «Курд», «Нолиш» ва бошқа мумтоз куйларни мукаммал янгратиб, ўзига хос услубда талқин этган.

Бастакор К.Жабборов турли мавзуларда юздан ортиқ ажойиб ва ўзига хос, оҳангдор қўшиқ ва ашулалар яратди. Уларнинг аксарияти миллий-маънавий мулкимизга айланди. Булар «Мубтало бўлдим сенга» ва «Эй, пари» (Навоий сўзлари), «Диёримсан», «Озода ўлкам», «Ҳушёр ёр», «Баҳор қўшиғи» (Ҳабибий сўзлари), «Лолахон», (К.Отабоев сўзи), «Тошкент пиёласи» (Ҳ.Хўжаев сўзи), «Шифокорлар» (П.Мўмин сўзи), «Салом», «Бирма-бир», «Кўргим келур» (Т.Тўла сўзлари), «Ватан» (Уйғун сўзи), «Хуш келдинг» (Р.Парфи сўзи), «Кел» (Э.Воҳидов сўзи), «Муҳаббат гулшани» (Ҳ.Муҳаммад сўзи) каби қўшиқ ва ашулалардир.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентда истиқомат қилиб ижод этган атоқли рус композиторлари К.Жабборов басталаб берган куйлари асосида М.Штейнберг «Симфония-рапсодия», Б.Арапов ва А.Козловскийлар «Жалолиддин» ораториясини яратдилар.

Андижон вилояти мусиқали драма театрида ишлаб юрган йиллари К.Жабборовнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Гулсара» каби спектакллари ўзбек халқ мусиқаси намуналари ҳамда ўзи басталаган куйлар асосида саҳналаштирилган. 1959 йили «Гулфия устида нур» (С.Тилла пьесаси) спектаклига мусиқа басталади. 1963 йили композитор С.Ҳайитбоев билан ҳамкорликда «Нодира» (Х.Раззоқов пьесаси) мусиқали драмасини яратди. Драматург Т.Қосимованинг «Дилнавоз» (1964 й.) ва «Чўлпонойнинг алласи» (1965 й.) телеспектаклларига мусиқа басталади.

Ўзбек халқ мусиқасининг билимдони, моҳир бастакор К.Жабборов 1967 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинган. Бастакор ва созанда Комилжон Жабборов республикамиз мусиқа маданиятини ривожлантиришдаги катта хизматлари учун 1950 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» ва 1973 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, медаллар билан мукофотланган.