РУСТАМ АБДУЛЛАЕВ
(1947)
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Республика Давлат мукофоти совриндори, Турон Фанлар Академияси Академиги, композитор, профессор, жамоат арбоби Рустам Абдуллаев замонавий ўзбек мусиқа санъатининг забардаст ижодкорларидан. У яратган қўшиқ ва романслари, опера ва балетлари, симфоник ва вокал симфоник асарлари билан Ватанимиз мусиқа маданиятининг ривожига самарали ҳисса қўшиб келмоқда.
Р.Абдуллаев Хоразм вилояти, Хива шаҳрида 1947 йил 12 февралда туғилди. Мактабда ўқиб юрган йиллари мусиқага қизиқиб 1957 йили рубоб чалишни ўрганиш учун мусиқа мактабига қатнади. 1962 йил Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртига халқ чолғулари бўлимига ўқишга кирди, бир йилдан сўнг назарий ва композиторлик бўлимида А.Малахов ва Р.Вильданов синфларида ўқишни давом эттирди. 1965-1972 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида Р.Вильданов ва Б.Гиенко синфларида таҳсил олди ва фортепиано учун Концерт асари билан ўқишни муваффақиятли битирди. 1972 йилда ёш композитор ва пианиночи сифатида Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати кунларида фортепиано концертини симфоник оркестр билан ижро этди, Грузияда ўтказилган фестивалда муаллиф ижросидаги 1-фортепиано концертининг янграши, япон шоирларининг шеърларига яратган «Хиросима фарёди» номли вокал туркумини фортепиано жўрлигида атоқли хонанда М.Ҳожиниёзов билан ижро қилиб, мусиқа жамоатчилиги диққатини жалб этди. 1977 йил «Ҳижрон» (Зулфия шеъри) вокал туркуми учун у Москва шаҳрида ўтган ёш композиторлар кўрик-танловида лауреат унвонига сазовор бўлди.
Р.Абдуллаев 1974-1976 йилларда Тошкент давлат консерваторияси ассистентура-стажировкасида профессор Б.И.Зейдман синфида касб малакасини оширди. 1976 йилдан бошлаб М.Ашрафий номидаги Тошкент консерваторияси бастакорлик кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимларида ишлаб келмоқда. 1976 йилда у Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди. 1985 йилдан уюшма ҳайъат раиси ўринбосари, 1995 йилдан эса Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси лавозимида фаолият юритмоқда.
Р.Абдуллаев шу кунга қадар турли жанрларда қатор мусиқий асарлар яратди. Булар орасида Самарқанд опера ва балет театрида 1981 йил саҳна юзини кўрган О.Матчон либреттосига пролог, 2 акт, беш кўриниш ва эпилогдан иборат «Садоқат» номли операси алоҳида ажралиб туради. Бу асарда ўзбек халқининг севимли шоирлари Зулфия ва Ҳамид Олимжонларнинг сиймолари гавдаланади. 2015 йилнинг 19 декабрида А.Навоий номидаги давлат академик катта театрида “Садоқат” операсининг 2-таҳрири премьераси муваффақиятли бўлиб ўтиб, театр репертуаридан мустаҳкам ўрин олди.
1985 йили Навоий номидаги Давлат Катта академик опера ва балет театрида саҳна юзини кўрган «Қуёшга таъзим» (Ў.Умарбеков асари, А.Раҳимов либреттоси) балет-ораториясини ёзди. 1987 йилда «Хива ордени» операси (Э.Самандаров ва Ф.Сафаровлар либреттоси) саҳналаштирилди.
Композитор Р.Абдуллаевнинг ижодида симфоник, вокал-симфоник, айниқса, фортепиано мусиқаси асосий ўрин эгаллайди. У симфоник оркестр ва фортепиано чолғулари имкониятларини пухта билганлиги сабабли уларга мунтазам мурожаат қилмоқда. Торли оркестр учун «Симфония», фортепиано ва симфоник оркестр учун 5 та концерт: № 1 (1972й.), № 2 «Наврўз тароналари» (1988й.), № 3 «Тай оҳанглари» (1991й.), № 4 (1995й.), № 5 (1996й.), скрипка ва симфоник оркестр учун Концерт (2012), қашқар рубоби ва симфоник оркестр учун Концерт (2013), виолончель ва симфоник оркестр учун Концерт (2013), симфоник оркестр учун “Лазги”, “Ёшлик баҳори”, “Сўз ожиз” (“Гап йўқ”) увертюралари, 10 та симфоник поэма, Навоийга бағишланган симфоник поэма, украин шоири Т.Шевченкога бағишланган вокал-симфоник поэма, фортепиано ва торли оркестр ва зарбли чолғулар учун “Раталла”, фортепиано ва оркестр учун “Элегия”, 2 та фортепиано учун “Дийралишма”, “Поэма-фантазия” асарлари, фортепиано учун бир неча «Прелюдия ва фуга», «Прелюдия ва токката» 9 та вариация, «Полифоник эскизлар» турли шакл ва ҳажмли пьесалар фикримизнинг далилидир.
Р.Абдуллаев Петербургда бўлиб ўтган «Ёш композиторлар»нинг 1 фестивали (1971 й.), «Ёш композиторларнинг II фестивали» (1976 й.), 1977 йилда Москвада ўтган Ўзбекистон мусиқа ҳафталигида ижрочи сифатида, 1991 йилда Украинада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида ўз асари билан қатнашди. Москвада ўтган мусиқий фестиваль дастурида П.И.Чайковский номидаги Москва консерваториясининг катта залида Белоруссия симфоник оркестри билан 2-фортепиано концертини ижро этишга сазовор бўлди. 1991 йил Швецияда ўтказилган «Швед кузи» номли фестивалда қатнашди. Буюртмага асосан тай халқ куйлари асосида композитор 3-фортепиано концертини яратди ва 1993 йилда Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусиқа фестивалида ижро этилди. 1994 йил Жанубий Корея буюртмаси асосида ёзилган 4-фортепиано концерти Сеулда ўтган халқаро мусиқа фестивалида ижро этилди ва олқишларга сазовор бўлди. 1995 йили Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган мусиқа фестивалида композитор 5-фортепиано концерти тақдимотини ўтказди. 1996 йили эса шу шаҳарда композитор ўзининг 1-фортепиано концерти билан қатнашди.
Р.Абдуллаев қўшиқ ва романс жанрларида ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Япон шоирлари сўзларига “Хиросима фарёди”, Зулфия сўзларига “Ҳижрон”, А.Пушкин сўзларига 7 қисмли “Сизни севган эдим”, Н.Нарзуллаев сўзларига “Қалб ҳайқириғи” вокал туркумлари, Ҳофиз Шерозий сўзларига 7 та романс басталади. Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова ижросида янграган «Тўйларинг муборак» (Н.Нарзуллаев шеъри), «Турон турналари» (Й.Муқимов шеъри), «Ватан» (А.Орипов сўзи), «Ҳур ўзбек қизиман» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Хуш келибсиз» (Ж.Жабборов сўзи), «Доим шу иштибоҳ» (О.Матчон шеъри), Дуторчилар ансамбли ижросида «Пиёла» (Э.Воҳидов сўзи), Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов ижросида «Гўзал Ватаним» (Н.Нарзуллаев шеъри) юқори баҳо олган. Шунингдек, композитор «Булбулча» болалар хор жамоаси учун кўплаб мазмундор ва ширали қўшиқлар яратиб келмоқда. Булар орасида: «Тойчоқ» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Олам гулга тўлаверсин» (П.Мўмин сўзи), «Қошиқ-қошиқ» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Гуллола» (Қамбар ота сўзи), «Парвоздаги қушчалар» (М.Мирзо сўзи), «Юртим баҳори» (Ш.Қўшназаров сўзи), «Бойчечак» хор жамоасига «Мустақиллик лолалари», «Дўстлик таронаси» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Шодлик ва тинчлик» (П.Мўмин сўзи) ва бошқалар. Ҳарбий ватанпарварлик мавзусида ҳам бир талай жанговар қўшиқлар, дамли чолғулар оркестри учун маршлар яратди. Композиторнинг қўшиқлари “Мустақиллик”, “Наврўз” умумхалқ байрамларида янграган, “Ўзбекистон Ватаним маним”, “Ягонасан, муқаддас Ватан” Республика қўшиқлар танловларида кўплаб совринли ўринларни эгаллаган.
Рустам Абдуллаев республика ва халқаро миқёсдаги фестиваллар, концерт ва танловларнинг иштирокчиси ҳамда ташкилотчиси, ҳозирги замон ўзбек ва жаҳон мусиқа ижодиёти ютуқларининг тарғиботчиси сифатида ҳам кенг танилди. “Ўрта Осиё ва Қозоғистон симфоник мусиқа фестивали” (1960-1980-йиллар), “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқ танлови (1997 йилдан), “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали (1997 йилдан), Халқаро симфоник мусиқа фестивали (1997 йилдан), “Давр садолари” республика мусиқа фестивали (2003 йилдан), Назира Аҳмедова номидаги хонандалар республика ва халқаро танловлари ташкилотчиси, ҳайъат аъзоси сифатида фаол қатнашди.
Композиторнинг асарлари АҚШ, Германия, Англия, Миср, Голландия, Швейцария, Туркия, Россия, МДҲ давлатлари, Таиланд, Жанубий Корея, Хитой, Вьетнам, Миср каби қатор хорижий мамлакатларда муваффақиятли ижро этилди. Масалан, «Болалар учун альбом» ва «Тай оҳанглари» деб номланган учинчи ва бешинчи фортепиано Концертлари бир неча бор Таиландда, болалар қўшиқлари эса Туркияда янграган, буюртма бўйича корейс куйлари асосида торли квартет учун 3 та миниатюра яратди. 2014 йилда Вьетнамда бўлиб ўтган “Азия-Европа” халқаро мусиқа фестивалида “Муҳаббат қўшиғи” асари катта муваффақиятлар билан ижро этилди.
Рустам Абдуллаевнинг Ўзбекистон ва жаҳон мусиқа маданияти ривожи ва тарғиботига қўшган катта ҳиссалари Халқаро ташкилотлар томонидан ҳам муносиб баҳоланди. 2014 йилда Вьетнамда “Жаҳон мусиқа санъатини ривожига катта ҳисса қўшаётгани учун” ордени, 2016 йилда Юнонистондаги Сократ фалсафа Мактаби томонидан “XXI – аср замин фуқароси”, Аристотель номидаги Афина Фалсафа Академиясининг “XXI – аср Аристократи” сертификатлари, 2017 йилда Хитой Халқ Республикаси томонидан “Хитой-ўзбек дўстлиги ва икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришда буюк ҳиссалари учун” дипломи, 2018 йилда V-Халқаро санъат ассамблеясининг “XXI-аср истеъдодлари” дипломи билан тақдирланган.
Композитор Рустам Абдуллаев Ўзбекистоннинг замонавий мусиқа санъати ривожидаги хизматлари учун 1997 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвонига, 1987 йилда Республика Давлат мукофотига, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Турон Фанлар академияси Академиги унвонига сазовор бўлди.