ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29

                                 АҲМАДЖОН ЖАББОРОВ

(1925-2018)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси мусиқий шарқшунослик кафедраси профессори, мусиқашунос Жабборов Аҳмад Ҳамидович[1] республикамиз мусиқа маданияти тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган йирик арбоблардан бири.

Жабборов Аҳмад Ҳамидович 1925 йилнинг 8 августида Наманган шаҳрида туғилди. У 1933 йилдан умумтаълим мактабида ўқий бошлади. 1936 йилдан Наманган мусиқа техникуми қошидаги болалар мусиқа мактабида фортепиано ва мусиқий-назарий фанлардан сабоқ олади. 1942 йилда икки ойлик курсини тугаллаб, ҳарбий қисмга таржимон ва 12-сон умумтаълим мактабига ҳарбий бўлим раҳбари этиб тайинланди. 1943 йилда у Наманганда жойлашган Харьков пиёда ҳарбий билим юртига ўқишга кирди. Мазкур билим юртини олти ойда битириб, 1945 йилга қадар урушда қатнашди.

1950 йилгача Порт-Артур қалъасида ҳарбий хизматни давом эттирди. 1950 йилда Наманганга қайтди ва мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқишини давом эттирди. 1955 йили А.Жабборов Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги даъватига кўра яна бир йил Наманганда ишлаб беришга қайтди. Консерваторияда ўқиш билан бирга 1961 йилга қадар мусиқа мактабида ўқитувчи сифатида меҳнат қилди. У 5-курсга ўтганида, ўзбек ва рус гуруҳларига «Ўзбек мусиқаси тарихи»дан дарс берди. Профессор Я.Б.Пеккер раҳбарлигида «Ўзбек мусиқали драмаси» мавзусида диплом ишини ёзиб, 1960 йили муваффақиятли битирди ва консерваторияда ўқитувчи лавозимида қолдирилди. 1959-1974 йиллари мусиқа тарихи кафедрасида катта ўқитувчи, доцент лавозимларида, 1974-1987 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида доцент, профессор ва кафедра мудири вазифаларида ишлади. 1987 йили консерваториянинг шарқ мусиқаси кафедрасига таклиф этилди ва 2009 йилга қадар ўзбек мусиқаси тарихи фанидан дарс берди. 1961 йилда Композиторлар уюшмасига қабул қилинган.

А.Жабборов 1961-1963 йилларда консерваториянинг композиторлик ва мусиқашунослик факультети декани, 1963-1965 йилларда Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси масъул котиби, 1965-1971, 1971-1975 ва 1987-1992 йилларда уюшма ҳайъати раиси, 1975-1980 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлиги Санъат Бош бошқармасининг бошлиғи вазифаларида ишлади. 1965-1980 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳайъати, 1965-1994 йилларда адабиёт ва санъат соҳасида Давлат мукофотлари қўмитаси ҳайъати ва Ўзбекистон Олий кенгаши депутати сифатида, 1965-1975 йилларда турли ижодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ишларда фаол қатнашди.

А.Жабборов мусиқашунос сифатида ўзбек мусиқаси тарихи, мусиқа таълими, композиторлик, ижрочилик ва мусиқа тарғиботи масалаларига бағишланган ўзбек ва рус тилларида тадқиқот ва қўлланмалар яратди. Булар қаторида: «Композиторы и музыковеды Узбекистана» (Т.Е.Соломонова билан ҳамкорликда, Ғ.Ғулом, Т., 1975); «Мусиқали драма ва комедия жанрлари Ўзбекистон композиторларининг ижодиётида (Ғ.Ғулом, Т., 2000), “Ўзбекистон бастакорлари ва мусиқашунослари” (“Янги аср авлоди”, Т., 2004, тўлдирилган 2-нашри “Ўзбекистон композиторлари, бастакорлари ва мусиқашунослари” Т., 2018) адабиётлари, «Манас Левиев» (Ғ.Ғулом, Т.,1986); “Шоҳида Шоймардонова” (Т., 2008), “Композитор, дирижёр, Мардон Насимов” (Т., 2010), “Композитор Фаттоҳ Назаров” (Ғ.Ғулом, Т., 2017) монографиялари .

Мақолалар: «Узбекская музыкальная драма» (Очерки истории музыкальной культуры Узбекистана, I-тўплам, «Ўқитувчи», Тошкент-1968 й.); «Некоторые проблемы узбекской музыкальной драмы» (Вопросы музыкальной культуры Узбекистана, II-тўплам, «Ғ.Ғулом», Т.,1969), «Узбекский дастан», «Узбекская Музыкальная драма и комедия» (Музыкальная культура Узбекистана, «Музыка», Москва, 1981), «Бастакорлар тортиғи» («Шарқ юлдузи» № 12, 1972 й.); «Путь к расцвету» («Звезда Востока» № 10, 1974 й.); «Буюк усталик» («Юлдуз» №3, 1994 й.); «Бахтли замон қўшиқлари» («Меҳнат ва турмуш» № 4, 1970 й.); «Гулистон» журналининг № 7, 1971; № 4, 1975; № 10, 1987 й.; «Ойдин» журналининг 1974 й., «Сов Ўзбекистони санъати» шу журналнинг ўзгарган номи «Санъат»нинг №7, 1978; №5,1982; №10, 1982; №1, 1983; №2, 1985; №7, 1986; № 1, 1989 сонларида ва № 7, 1990; № 7, 1991, 1985 й. “Музыка Узбекистана (традиции и новаторство)” (Музыка и общество) мақоласи немис тилида ҳамда Ўзбекистон энциклопедиясида бир қатор мақолалари, 1999 йили «Театр» журналининг декабрь сонида «Илоҳий оҳанглар султони» номли машҳур бастакор Т.Жалилов тўғрисидаги хотиралари чоп этилган.

«Сов. музыка» журналида (1966; 1968; 1971; 1973; 1983), Музыкальная академия №1,1992 йилда «Друзей и собеседников найди...» тақризлари чиққан. «Ўзбекистон маданияти», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида 1962 йилдан шу кунгача 20 га яқин мақолалар эълон қилинган. «Правда Востока», «Ўзбекистон овози», «Ташкентская правда», «Вечерний Ташкент», «Тошкент оқшоми» газеталарида мақолалари чоп этилган. 1970-1975 йиллар Москвада чоп этилган «Информационный бюллетень»да «Ўзбекистон мусиқа маданиятининг кундалик ҳаёти тўғрисида мақолалари эълон қилинган.

1970 йилда М.Бурҳонов, М.Левиев, Ғ.Қодиров, Ш.Рамазонов каби композиторларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари тўғрисида телекўрсатувлар ўтказган.

А.Жабборов консерваторияда ўтилаётган ўзбек мусиқаси тарихи ва XX аср ўзбек мусиқаси тарихи фанларининг дастурларини ёзиб, 1967 йили нашрдан чиқарган. 1991 ва 2000 йилларда мазкур дастурларни қайта ишлади.

Ўтган йиллар давомида Собиқ Иттифоқ Композиторлар уюшмасининг IV-V-VI-IХ съездларида, ҳар йили ўтказилган Пленумларида, замонавий мусиқа муаммоларига бағишланган симпозиум ва конференцияларда маърузалар қилди, мунозараларда қатнашди. Шу билан бирга барча республикаларда ўтказилган турли анжуманларда ҳам қатнашди. Шулар билан бирга, ЮНЕСКО томонидан ўтказилган бир қатор халқаро мусиқий конгресс ва симпозиумларнинг ташкилий қўмиталарида маърузалар қилди. Жумладан, «Музыкальные культуры народов. Традиции и современность» (Москва, 1971г.) мусиқа конгрессини ўтказишда қатнашди ва «Музыка Востока и Запада» (эволюция национальных традиций на опыте узбекской музыки» мавзуида маъруза қилди. Конгресснинг натижаси туфайли Ўзбекистон Композиторлар уюшмасининг ҳайъати, мусиқашунослик комиссиясининг таклифига биноан 1972 йили Тошкент давлат консерваториясида шарқ мусиқаси кафедраси ташкил топди. 1972 йили «Музыкально-эстетическое воспитание детей и юношества» мавзусида Тунисда ўтказилган «IСМ» халқаро конгрессида делегация ва ижрочи жамоаларнинг бошлиғи сифатида қатнашди ва «Музыкально-эстетическое воспитание детей и юношества в Узбекистане» мавзусида мусиқий мисоллар билан маъруза қилди. 1972 йили Болгарияда «Софийский музыкальный фестиваль-симпозиум» да, 1973 йили Алмати шаҳрида ўтган «Осиё мусиқа минбари» халқаро анжуманнинг ташкилий қўмитасида фаол қатнашди. 1978 йилда «ЮНЕСКО»нинг «Профессиональная музыка устной традиции народов Ближнего, Среднего Востока и современность» мавзусидаги симпозиум бўлиб ўтди ва уни ҳар беш йилда ўтказиш анъанага айланди. 1967 йил «Прага мусиқа баҳори», 1972 йил «Париж мусиқа баҳори», 1991 йил «Хельсинки мусиқа баҳори» фестивалларида иштирок этди. 1977 йил Мўғилистон композиторларининг III-қурултойида делегация раҳбари сифатида иштирок этди ва нутқ сўзлади. 1970 йил Композиторлар уюшмаси йўлланмаси билан Ҳиндистонда ижодий сафарда бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси А.Ҳ.Жабборов қатор жанговор орден ва медаллар билан тақдирланган. 1990 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, 1995 йили «Жасорат» медали ва 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени, Белорусия ва Ўзбекистон ҳукуматларининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. 1983 йили доцент ва 1994 йили профессор илмий унвонларига сазовор бўлган.

 

[1] Мақола муаллифи мусиқашунос Отаназар Матёқубов.