АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

04 июн: Азимов Камолиддинни туғилган куни.


09 июн: Икромов Алишерни туғилган куни.


09 июн: Исмоилов Абдухошимни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                АРКАДИЙ КОРАЛЬСКИЙ

(1918-1976)

Санъатшунослик фанлари номзоди, мусиқашунос Аркадий Коральский замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожига ўз ҳиссасини қўшди. У педагог ва моҳир лектор сифатида Ғарбий Оврўпа рус ва ўзбек мусиқа санъати намоёндаларини тарғиб қилди. Жаҳон ва ўзбек мусиқаси тўғрисида, турли мавзуларда мақолалар ёзди, анжуманларда маърузалар ўқиди. Билимдонлик ва инсоний фазилатлари билан мусиқа жамоатчилиги орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Коральский Аркадий Яковлевич Ленинград шаҳрида 1918 йилнинг 25 декабрида туғилди. А.Коральский болалигидан фортепиано чалишни онасидан ўрганади, 1929 йили болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфига кириб ўқийди. Ўқишни тугатгач, Аркадий М.П.Мусоргский номидаги Ленинград давлат мусиқа техникумининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга киради. 1941 йили А.Н.Римский-Корсаков номидаги Ленинград консерваторияси Тошкентга кўчиб келиши муносабати билан ўқишни шу ерда давом этади. А.Коральский 1946 йили консерваторияни профессор Ю.Н.Тюлин раҳбарлигида битириб, мусиқа мактабида ва ўзи ўқиган мусиқа техникумида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1947 йилда Тошкент консерваториясига ишга таклиф этилади ва умрининг охиригача сольфеджио, гармония, полифония каби фанлардан дарс берди, юқори малакали мутахассисларни тайёрлади, илмий изланишлар олиб борди. А.Коральский 1971 йилда «Ўзбекистон композиторлари ижодида ҳамда халқ мусиқа меросида полифония» мавзусида диссертация ёқлаб санъатшунослик фанлари номзоди бўлди, 1973 йили доцент илмий унвонга тасдиқланди.

А.Коральский Ўзбекистон композиторларининг ижодида полифониянинг ўрни масаласига асосий эътиборни қаратиб, «Ўзбекистон композиторларининг профессионал ижодида полифония», «Кантата ва оратория жанрлари Ўзбекистон композиторлари ижодида», «О некоторых элементах полифонии в узбекской народной музыке и их применение при обработках народных мелодий», «Путь в большое искусство» (М.Ашрафий хақида) илмий мақолаларни ёзади ва «Композиторы Узбекистана» (Ўзнашр. Т., 1951 й.); «Музыкальная культура сов. Узбекистана»), Ўзнашр, Тошкент 1955 й.); «О черте музыкальной культуры Узбекистана» (Тошкент 1968 й.); «Теоретические проблемы узбекской музыки» (Фан, Тошкент, 1968 й.); «Вопросы музыкознания» (2-нашр, Ўзнашр, Тошкент, 1971 й.); «История и современность» («Музыка», М., 1972 й.) тўпламларига киритади. Консерваторияда, филармонияда, ўқув юртларида, корхоналарда мусиқа санъатига оид турли мавзуларда 2000 дан ортиқ маъруза ўқиди.

Аркадий Яковлевич 1976 йили оғир касал бўлиб ётганда уни кўргани бордим. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг: «Мен бир воқеани сизга айтиб беришга қарор қилдим ва дунёдан кўз юмганимдан кейин ошкора қилишингиз мумкин. Чунки мен улуғ инсон Усмон Юсуповга сир сақлашга ваъда берган эдим. «... Кунлардан бирида, Ўзбекистон Марказий комитетининг биринчи котиби Усмон Юсупов 1942 йилнинг декабрида, кундузги ишларидан ҳориб, кечаси кабинетидаги радиони қўйса, шарқона симфоник мусиқа янграр экан. Мусиқани мириқиб тинглаб, ёрдамчисини чақириб «Отасига раҳмат, мен ҳозир ажойиб мусиқа тингладим. Радиога телефон қил, мусиқа муаллифини билиб, уларга айт, эртага у композиторни мукофотга ёки унвонга тавсия қилсинлар», деб вазифа берибди. Ёрдамчиси ҳам мусиқани тинглаган экан. Радиога телефон қилиб суриштирса, улуғ рус композитори Н.А.Римский-Корсаковнинг «Шаҳризода» симфоник асарини эшиттирдик, деб жавоб берибди. Ёрдамчиси Усмон Юсуповга айтайми ёки йўқми, деб иккиланиб, эсидан чиқиб кетса керак, деб ўйлабди. Анча вақт ўтгандан кейин у: «Суриштирдингми?» деб сўрабди. «Ҳа, суриштирдим. Мусиқанинг муаллифи улуғ рус композитори А.Н.Римский-Корсаков экан»,—деса, бир оз сукунатдан кейин: «Отасига раҳмат мана кўрдингми, мен ва сен ҳам дунё мусиқасидан бехабар эканмиз. Энди юзаки бўлса ҳам мусиқа тарихидан хабардор бўлишимиз даркор», — дебди. «Ленинград консерваториясининг директорига қўнғироқ қилиб айт, бирорта билимдон талабалардан бизнинг ҳузуримизга юбортирсин». П.Серебряков мени тавсия қилибди. Кечқурун мени машина келиб олиб кетди. Усмон Юсупов ва хотини самимий кутиб олишди. «Бизга мусиқа тарихи, айниқса, машҳур композиторларнинг асарлари билан оддий суҳбат қилиб таништирасиз, шу сабабли профессор домлаларни таклиф қилмадик. Сиз бизга бир ўғил сифатида хизмат қиласиз. Сизни фақат кечаси бўш вақтимда ҳайдовчи олиб келади. Менинг тириклигимда келишув ҳақида, ҳеч кимга айтмаслигингизни илтимос қиламиз”, дедилар. «Мен ваъда бердим, ҳаяжонландим бу учрашувдан. Эртасига машина келди. Дарсни улуғ рус классик композиторларининг шарқ мусиқасига муносабатлари ўз асарларида фойдаланишдан англашинишини айтдим, Н.А.Римский-Корсаковнинг «Шаҳризода»га тўхтаб, унинг хусусиятларини, мазмун-ифодасини тушунтириб, пианинода чалиб бердим ва пластинкада эшитдик. Усмон ака ва хотини жуда ҳам хурсанд бўлиб, менга омад тилашди. Шундай қилиб, бизнинг биринчи дарс-суҳбатимиз уларга маъқул келди ва 1943 йили ҳафтада икки марта учрашар эдик. 1944 йилда Ленинградга кетдим, ўқишимни битиргач, 1947 йили Тошкент консерваториясидан педагоглик ишига таклиф олдим. Яна жонажон Тошкентга келдим. Усмон ака билан учрашув дарсимиз 1949 йилга қадар давом этди. Бу инсонпарвар, довюрак, хуш-муомала, улуғ инсон менинг хотирамда абадийдир. 1966 йилда Усмон ака вафот этгани мен учун ҳам жуда оғир жудолик бўлди. Мана бугун эсга олганимдан ва сизга изҳор этганимдан мамнунман. Юрагимда сақлаб юрган гапни сизга етказганимдан хурсандман», — деб сўзни тугатди Аркадий Яковлевич.

Мусиқашунос А.Коральский ижодий педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъати таълими ва мусиқашунослик фани ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшди.

                      МАКСИМ КОВБАС

(1921-1995) 

Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси аъзолари сафига 1959 йилда қўшилган, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, мусиқашунос Максим Ковбас халқ мусиқа меросининг замонавий жараёни муаммолари, санъат арбобларининг ҳаёти ва ижодий фаолиятларига оид илмий оммабоп мақолалари, китоблари билан ўзбек мусиқашунослиги ва мусиқа таълимида ёрқин из қолдирди.

Ковбас Максим Степанович 1921 йил 29 апрелда Украина Республикаси Черкас вилоятида туғилди. 1937 йилда Максим Тошкентга келади. 1937-1938 йилларда почтачи ва қурувчи бўлиб ишлади. 1939 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимига ўқишга кирди. 3-курсдан бошлаб назария бўлимига ўтди. 1942 - 1946 йилларда Иккинчи Жаҳон урушида қатнашди. Урушдан қайтгач Тошкент консерваторияси мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди. 1950 йилда Т.С.Визго раҳбарлигида «Эпический симфонизм в русской музыке» мавзусида диплом ишини ҳимоя қилиб ўқишни битирди. Мусиқашунос М.С.Ковбаснинг ихтисослик бўйича меҳнат фаолияти, 1940 йилда Республика ўқувчилар саройи қошидаги 7 йиллик мусиқа мактабида ўқитувчиликдан бошлади.

Талабалик даврида Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида мусиқа назарияси ва сольфеджиодан дарс берди. 1950 йилда консерваторияни битиргач, йўлланма билан Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим лавозимида ва Р.М.Глиэр номидаги Республика давлат мусиқа мактаб-интернатида 1990 йилга қадар гармония ва сольфеджиодан дарс берди. 1958 йил у консерваторияга таклиф қилинди ва олий даргоҳда умрининг охиригача ишлади.

М.Ковбас илк илмий ишини 1953-1955 йилларда Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари қишлоқларида ўтказилган фольклор экспедицияда қатнашишдан бошлади. Улар ижрочилардан кўплаб халқ қўшиғи, лапар ва яллаларини тасмаларга ёзиб олиб, кейинчалик уларни нотага кўчириб, қуйидаги номларда чоп этишган: «Узбекская домбровая музыка», «Узбекская народная инструментальная музыка», «Музыкальное наследие узбекского народа» (1 - қисми) ва бошқа нота тўпламларида берилган. Москвада 1965-1967 йилларда илмий иш билан шуғулланди ва натижада «Е.Е.Романовская как исследователь узбекской народной музыки» мавзуида профессор Ю.В.Келдиш раҳбарлигида ёзилган диссертациясини ёқлаб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди. 1952 йилда бадиий ҳаваскорлар раҳбарлари учун «Самодеятельные оркестры узбекских народных инструментов» ва ўзбек тилида «Қайта ишланган ўзбек халқ чолғу асбобларидан тузилган ҳаваскорлар оркестри» номли қўлланмаси  1961 йилда «Мусиқа оламида» китоби, 1963 йил “Ташкентская народная филармония” рисоласи, 1982 йилда «Е.Е.Романовская ҳаёти ва ижодий фаолияти» номли китоби Ғ.Ғулом номидаги нашриётда чоп этилди.

М.Ковбаснинг илмий тадқиқий мақолалари турли тўпламларда берилган. Булар: «В.В.Лейсек в Узбекистане» («Вопросы музыкальной культуры Узбекистана» Выпуск 2 изд., «Фан» 1969 й.) «Просветительная деятельность Чешских музыкантов в Узбекистане» (Кн: «Вопросы музыковедения» выпуск 2, изд. «Фан» 1971 й.); «Узбекские варианты мелодии Персидского хора М.И.Глинки» (в кн. «Проблемы музыкальной науки в Узбекистане» изд. «Фан», 1973 й.) «Музыкалное искусство Узбекистана в годы Великой Отечественной Войны» (журн. «Звезда Востока» 1975 й. №6); «Некоторые Вопросы развития музыкального образования в Узбекистане» (в кн. «Вопросы истории и теории узбекской музыки» изд. «Фан», 1976г.); «Музыкальная самодеятельность» (в кн. «Очерки Музыкальной культуры Узбекистана» изд. Худож.лит-ры, 1956 г.); «Народная опера в Ташкенте» (журнал «Сов.музыка» 1, 1961 йил); «Опера Хамза» (С.Бабаева, журнал «Сов.Музыка» 4,1961 й.) «Музыкальные связи Узбекистана и Украины» (в кн. «Вопросы музыковедения Узбекистана» изд. ТашГу, 1982 й.) Бу илмий мақолалардан ташқари у рус ва ўзбек тилларида 100 га яқин мақола, тақриз ва буклетлар ёзди. Консерваторияда битирувчи 30 та талабанинг дипломларига раҳбарлик қилди.

Мусиқашунос М.С.Ковбас қатор жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган.

                                ФАЙЗУЛЛА КАРОМАТЛИ

(1925-2014)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, мусиқашунос Файзулла Кароматли республикамиз мусиқа маданиятига ва мусиқашунослик фани ривожига катта ҳисса қўшган олимлардан. У 1955 йилдан Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси аъзоси, кўп йиллар давомида мусиқий-этнографик, илмий-тадқиқот, педагоглик ва жамоатчилик соҳаларида кенг қамровли фаолият олиб бориб, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Кароматли (Кароматов) Файзулла Музаффар ўғли Бухоро шаҳрида 1925 йили 14 декабрда туғилди.

У 6 ёшидан умумтаълим мактабида ва 1934 йилдан Бухоро мусиқа мактабининг ғижжак синфида таълим ола бошлади. 1936 йили эса шу мактабнинг скрипка синфига ўтди.

Ўз қобилияти билан ўқитувчилар диққатини ўзига жалб эттира олган Файзулла 1939 йили Тошкентдаги М.Глиэр номидаги мусиқа мактаб-интернатига кўчиртирилади. Давлат имтиҳон комиссияси уни консерваторияда ўқишни тавсия этади. Бироқ, бошланган Иккинчи жаҳон уруши ўқишни давом эттиришга имкон бермади. Бир неча ойдан сўнг консерваториянинг 1-курс талабаси Файзулла Бухорога қайтади ва Педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультети 2-курсига қабул қилинади. Ушбу йиллари Бухоро мусиқали драма театрида скрипкачи сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлайди. Худди шу аснода Аёллар педагогика техникумида ҳам ўзбек тилидан дарс беради.

1943 йили Ф.Кароматли Тошкентга қайтиб келади ва ўқишини консерваторияда тиклайди. Айни вақтда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг 4-курсида ўқишини давом эттиради ва филармониянинг симфоник оркестрида скрипкачи созанда бўлиб ишлайди.

1944 йили Ф.Кароматли педагогика институтининг тил ва адабиёт ихтисослиги бўйича давлат имтиҳонларини топшириб дипломга эга бўлади. Шунга қарамасдан у консерваторияда скрипка бўйича ўқиш билан бир вақтда, 1946 йилдан бошлаб мусиқашунослик факультетида ҳам ўқий бошлади. Шунингдек, симфоник оркестрда 1943-1948 йиллари ўз меҳнат фаолиятини давом эттиради. Кейин эса Ҳамза номидаги Ўзбек драма театри кичик оркестрида (1948), Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги симфоник оркестрида (1948 йил охири - 1950) ва Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтининг мусиқа кабинетида илмий ходим сифатида (1949-1950 й.) ишлади. 1950 йили профессор Ю.Н.Тюлин олиб борган назарий машғулотлар негизида ёзилган диплом ишини ёқлаб, консерваторияни мусиқа назарияси ва фольклоршунос малакаси билан тугатади. Айни вақтда Илмий кенгашнинг тавсияси билан П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясига бориб кириш имтиҳонларини топширади.

 

1950-1954 йиллар давомида Москва консерваториясининг аспиранти сифатида Файзулла Кароматли таниқли мусиқашунос олим, профессор В.М.Беляевдан сабоқ олади. 1955 йили «Ўзбек замонавий қўшиқлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлади.

Санъатшунослик институтида илмий ходим сифатида ишлашни давом этган Файзулла Кароматли 1956 йилдан ушбу даргоҳнинг Мусиқа кабинети мудири ва Тошкент давлат консерваториясининг Мусиқа тарихи кафедраси доценти лавозимларида ишлайди.

1957-1964 йиллари Файзулла Кароматли мазкур институтнинг бўлим мудири ва директори лавозимида фаолият кўрсатди. 1960-1972 йилларда Санъатшунослик институти муаммолари ва илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланди. Айни вақтда турли илмий анжуманларда фаол қатнашиб, докторлик диссертацияси устидаги ишини жадаллаштирди. Натижада 1971 йили Москва Санъатшунослик илмий тадқиқот институти ҳузуридаги Ихтисослашган кенгашда «Ўзбек чолғу мусиқаси. Мерос» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаб, санъатшунослик фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди.

Маълумки, 1971 йилнинг октябрида ЮНЕСКО тасарруфидаги халқаро Мусиқа Кенгашининг навбатдаги VII конгресси Москвада “Халқлар мусиқа маданияти, анъаналар ва ҳозирги замон” мавзуида ўтказилган эди. Мусиқий меросимиз ўзлаштирилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилган вазиятда Тошкент консерваториясида Халқ мусиқа ижодиёти кабинети ташкил этилди. Файзулла Кароматов (Кароматли)нинг янги йўналишдаги Шарқ мусиқаси кафедрасини ҳам ташкил этиш масаласи жиддий таклиф сифатида ўртага ташланган эди. Ушбу масалани Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси маъқуллади. Бу кафедрани очишдан мақсад нафақат минтақамиздаги мусиқий мерос, балки кенг қамровли ўрта аср мусиқий рисолалари, яъни илмий-назарий тадқиқотларни бевосита араб, форс, ҳинд, урду, туркий тилларда мутолаа этишга қодир мусиқашунос-шарқшуносларни тайёрлашдан иборат бўлиб, бу жаҳон консерваториялари учун ўрнак бўлишда илк қадам эди. Айни вақтда ушбу кафедра доирасида мусиқий меросимизнинг устозона анъанавий ижрони талаб этувчи мураккаб турлари (мақомлар ва бш.)ни амалий ўзлаштириш, аниқроғи ушбу соҳа учун хонанда ва созандаларни тайёрлаш ҳамда Халқ ижодиёти кабинети фаолиятини фольклор экспедициялари ила талабалар чиқишларини таъминлаб, улар диққатини йиғилган дурдоналарни нотага олиш, тартиблаштириш, тадқиқ этиш услубларига қаратиш жуда муҳим аҳамиятга эга қадамлардан бўлганди, албатта. 1972 йилнинг сентябрида Ф.Кароматли кафедра мудири (1972-1980; 1992-1997) ва профессори (1980-1990) сифатида бу масалада талабаларни йўналтириб турди. Биринчи йилларданоқ ушбу кафедрага хос ихтисосликлар бўйича ўзбекистонлик талабалар, аспирантлар билан бир қаторда қардош Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжондан ҳамда кейинчалик Германия, АҚШ, Польша, Чехославакия, Судан, Иордания каби хорижий давлатлардан келиб таҳсил олгандилар. Англиядан Л.Пиккен, Германиядан Ю.Эльснер, Эрондан Баркешли ва Пуртураб, АҚШдан М.Слобин, ироқлик Шахризода Ҳассан ва бошқалар бу даргоҳда таълим олдилар. Шарқ мусиқасининг турли масалалари, унинг ривожланиш тарихи ва мусиқий-назарий асослари ҳақида маъруза ўқиганлари алоҳида аҳамият касб этганди.

Мусиқашунос олим Файзулла Кароматли 1949-1950 йиллари ўз илмий-тадқиқий ишларини Санъатшунослик институтида бошлаган бўлса, 1954 йилдан тадқиқотлари, кенг қамровли экспедициялари билан бирга аспирант ва докторантларга раҳбарлик қилди. Унинг кўмагида 30 дан ортиқ докторлик ва номзодлик диссертациялари ёзилиб ҳимоя қилинди. Ф.Кароматлининг шогирдлари орасида ўзбекистонликлар билан бир қаторда Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва чел эл мамлакатларидан келиб, унинг бевосита раҳбарлигида стажировка ўтказдилар.

Профессор Файзулла Кароматлининг илмий-тадқиқий фаолияти мусиқий меросни ўрганиш, нодир намуналарини нотага ёзиб нашр этиш йўли билан тарғибот қилиш чегараланмай, замонавий ўзбек мусиқа санъати муаммолари, жумладан композиторларнинг ижодиётидаги долзарб масалаларга ҳам қаратилган. 1955 йилдан Санъатшунослик институти режаларига биноан унинг раҳбарлигида ва бевосита иштирокида ўтказилган ўттиздан ортиқ мусиқий-фольклор экспедициялари ҳар йилга мўлжалланган Ўзбекистоннинг барча вилоят, туман, қишлоқлари ҳамда Марказий Осиё минтақаларида яшовчи ўзбекларни ўрганишга сафарбар қилинди. Тадқиқотчининг (Н.Нуржонов билан бирга) Помирни катта экспедициялар давомида деярли пиёда оралаб ўтгани ва умуман Тожикистоннинг ҳамма минтақалари бўйлаб ўтказган ўндан ортиқ экспедициялари улкан натижалар берди. Мазкур минтақаларда истиқомат қилувчи истеъдодли хонанда ва созандалар ижросида кўпгина мусиқий жанр намуналарини магнит тасмаларига ёзиб олиб, келгусида уларни нотага олиб, таснифлаб, турли тўпламлар чоп этиш билан бир қаторда бир турга хос хусусиятларини ўрганиб қолишини амалда таъминлаб, фольклоршунослик фани таркибига киритишга эришди. Файзулла Музаффар ўғли Кароматли (Кароматов) қуйидаги китоб ва тўпламларни нашрдан чиқарди: «Хамза и узбекская музыка» (1959 й.); «Узбекская домбровая музыка» (1962 й.), «Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Етакчи мусиқа арбоби ва бастакор» (Т. 1965 й.); «Ўзбек халқ мусиқасининг локал услублари ҳақида» (рус тилида, Москва, 1964 й); «Ўзбек чолғу мусиқаси. Мерос» (рус тилида, Т. 1972 й); «Ўзбек халқ мусиқа мероси XX асрда» 1 том. «Қўшиқ» (ўзбек ва рус тилларида, Т. 1978 й); «Помир мусиқа санъати» (Ҳаммуаллиф Н.Нуржонов); 1-китоб (тожик ва рус тилларида, М. 1978 й.); «Ўзбек халқ мусиқа мероси XX асрда» II том; «Терма, ялла, қарсак» (ўзбек ва рус тилларида. Т. 1985 й.); «Помир мусиқа санъати» (ҳаммуаллиф Н.Нуржонов) II-китоб (тожик ва рус тилларида. М., 1985 й.); «Мусиқа тарихи тасвирларда. Ўрта Осиё» (Т.Вызго, В.Мешкерис ҳамкорликларида. немис тилида. Лейпциг. 1988 й., Япон тилидаги таржимаси. Токио, 1990 й.); «Алпомиш» (достондан парчалар. М.Афзалов матни ва С.Габриэлян нота ёзувлари, Тўраҳожи Мирзо ҳамкорлигида нашрга тайёрланган. Т. 1999 й.) Мазкур нашрлардан ташқари ўзбек ва тожик мусиқа меросига, яъни унинг назарий ва тарихий муаммоларига, ижро этилиш ва тарғиб этиш масалаларига ҳамда замонавий ижодий ва ижровий мавзуларга бағишланган илмий-тарғибот, илмий-тадқиқий мақолалар сони ҳам кўп[1]. Улар турли тўпламларда ҳамда «Общественные науки в Узбекистане», «Фан ва турмуш», «Ўзбекистон санъати», «Сов. музыка», «Музыкальная академия», «Гулистон» каби журналлар, рўзномалар ва «Большая Сов. энциклопедия», ўзбек, қозоқ, тожик, украин, молдован тилларида мазкур республикалар энциклопедияларида чоп этилган.

Файзулла Кароматли йиллар давомида республикамизнинг турли шаҳарлари ва чет элларда турли мавзуларда ўтказилган халқаро илмий конференция, симпозиум ва семинарларда қатнашиб, минтақамиз мусиқа санъатининг диққатни алоҳида жалб этувчи қирралари, ўзига хос хусусиятлари ҳақида маърузалар қилди. Айрим давлатлар (Германиянинг Гумбольд номидаги Берлин университети, Лист номидаги Веймар Олий мусиқа ўқув юрти; Польшанинг Варшава ва Краков университетлари, Мусиқий институтлари, Жорданиянинг Джермук университети)да ўзбек ва тожик мусиқа мероси ва замонавий мусиқий ривож муаммоларига бағишланган суҳбатлар ўтказди ҳамда уларнинг мусиқий меросига хос диққатни жалб этарли хусусиятлари ҳақида маърузалар ўқиди.

Файзулла Кароматлининг бевосита иштироки ва ташаббускорлигида собиқ Иттифоқ ва республикамиз Бастакорлар уюшмалари ташкилий ҳамкорлигида ЮНЕСКОнинг халқаро Мусиқа Кенгаши томонидан 1978, 1983, 1987 йиллари ўтказилган Самарқанд халқаро мусиқашунослик симпозиумлари ва улар доирасидаги концертлар, ундаги маърузалар мақомот ва умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мумтоз устозона мусиқий меросига эътиборни кучайтириб, юксак илмий аҳамият касб этди. Ушбу халқаро симпозиумлар муҳим натижаларидан бири сифатида «Мақом» халқаро тадқиқотчилар доимий гуруҳи бўлдики, унинг раисдошлари доктор Юрген Эльснер ва доктор Файзулла Кароматли ҳамкорликларида 1988-2002 йиллар давомида турли давлатларда уюштирилган конференциялар диққатни жалб этарли натижалар берди. Бу жиҳатдан Самарқанд «Шарқ тароналари» III халқаро фестивали доирасида 2002 йил августида «Мақом» гуруҳи 5-конференциясининг ҳам ўтказилиши мақомотнинг қиёсий тадқиқ этиш муаммоларини кенгроқ тадқиқ этилишини бошлаб берди.

Ўзбекистон мусиқашунослигининг йирик намоёндаси, олим ва мураббий Файзулла М.Кароматли ўз илмий-тадқиқий, мусиқий-этнографик ва мусиқий-жамоатчилик доираларидаги фаолияти билан республикамизнинг замонавий мусиқа санъати ривожланиши жараёнига катта ҳисса қўшди ва эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. У1981 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони, 1994 йили «Шуҳрат» медали ва 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

 

[1] «Файзулла М.Кароматли» (Тошкент. 1996 й.) монографиясида мусиқашунос олим олиб борган илмий изланишларининг тўлиқ рўйхати  берилган.

                       ИРИНА КАРЕЛОВА

(1905-1976)

Мусиқашунос Карелова - Власова Ирина Николаевна 1905 йил 6 февралда ҳозирги Ростов вилоятида таваллуд топган.

1925-1927 йилларда мусиқа билим юртида, 1936-1941 йилларда Тошкент давлат консерватория-сининг мусиқашунослик факультетида таълим олган.

1920-1922 йилларда Туркистон халқ консерваториясида фортепиано бўйича, 1927-1928 йилларда 123-сонли мактабда, 1928-1930 йилларда 2-давлат мусиқа билим юртида, 1934-1944 йилларда Глиэр номидаги мусиқа мактабида, 1939-1976 йилларда Тошкент давлат консерваториясида мусиқа тарихи фанларидан дарс берган.

Ирина Карелова мақолалари ва илмий ишлари ўзбек мусиқасининг долзарб муаммоларига бағишланган. Мусиқашуноснинг «Детская песня в творчестве композиторов Узбекистана», «Пути развития песен и романса в творчестве композиторов Узбекистана», «Новый узбекский балет», «Музыкальное образование Узбекистана» каби мақолалари эътиборни тортади.

                           ОҚИЛХОН ИБРОҲИМОВ

(1956)

Санъатшунослик фанлари доктори Оқилхон Иброҳимов мусиқашуносликка ХХ асрнинг 80-йиллари бошида кириб келди. У илмий фаолиятини мумтоз мақом санъатини ўрганишга бағишлаб, монография ва қатор мақолаларни нашр эттирди ва йирик мусиқашунос-олим сифатида танилди. У Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1989 йили қабул килинган.

Оқилхон Акбарович Иброҳимов 1956 йилнинг 26 сентябрида Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида таваллуд топган. Глиэр номидаги республика махсус мусиқа мактаб-интернатида скрипка, сўнгра мусиқа назарияси синфи бўйича ўқиди. 1974 йилда Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди. Доцент З.Каримова раҳбарлигида «Претворение национально-художественных традиций в узбекской симфонической музыке» мавзуида диплом иши ёзди ва 1979 йили ўқишни муваффақиятли битирди. Ўша йили О.Иброҳимов йўлланма бўйича Гулистон мусиқа билим юртида мусиқий-назарий фанлардан дарс берди. 1981-1983 йиллар консерваториянинг халқ мусиқаси лабораторияси мудири вазифасида ишлади. 1983-1986 йилларда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасида сабоқ олди. Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Ф.М.Кароматов раҳбарлигида «Фергано-Ташкентские макомы в аспекте проблем макомата» номли диссертациясини 1988 йили муваффақиятли ҳимоя қилиб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. 1998 йили «Мақомлар семантикаси» мавзуидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, санъатшунослик фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлди.

О.Иброҳимовнинг меҳнат фаолияти консерваторияда ўқиб юрган пайтларида бошланган. У 1976-1979 йиллар Республика дамли чолғулар махсус мусиқа мактаб-интернати, болалар мусиқа мактабида мусиқа назариясидан дарс берди. Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида 1987 йили илмий ходим, 1997 йилдан мусиқа тарихи бўлими мудири, 1998-2000 йилларда директор лавозимларида фаолият кўрсатди. 1998-2014 йилларда консерваториянинг мусиқий шарқшунослик кафедраси профессори, 2012 йил Тошкент давлат санъат ва маданият институти “Мусиқа” кафедраси мудири, 2013-2014 йилларда Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори вазифасида фаолият юритди. 2014-йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Санъатшунослик институти етакчи илмий ходими лавозимида ишламоқда.

О.Иброҳимов «Мақом ва макон» (1996), “Фергано-Ташкентские макомы” (2006), “Маком и космос”. (Т.,«San`at», 2010) номли илмий монографиялар, қатор илмий мақола, ўқув қўлланма ва дарсликлар муаллифидир.

 

Шу жумладан, «Тўёна симфониялар» (композиторлар М.Тожиевнинг 10-симфонияси ва М.Маҳмудовнинг 3-симфониясига бағишланган, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» 1982 йил, июнь.); «Мақомда нечта услуб бор?» («Тошкент ҳақиқати», 1983 йил, февраль); «Яна мўғулча шўъбаси хусусида» («Сов. Ўзбекистони санъати» 1986 йил, май); «Оркестр ва ижро муаммолари» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» 1988 йил, 11 март); «Ёш композиторлар анжумани» (Ўзбекистон адабиёти ва санъати» 1988, октябрь); «Мусанниф Анвар Эргашев» («Ёш куч» 1989 йил, январь); «Отилмаган сопқон» (ёхуд мақомшуносликдаги айрим «кашфиёт»лар хусусида, (Санъат, 1989, № 9;); «Инқироз» (Ёшлик, 1989 й. № 10); «Вопросы макомата в исследованиях И.Р.Раджабова» (Актуальные проблемы музыкальной культуры народов Востока); «Структурные принципы макома» (поляк тилида), “Музыка”, Варшава, № 3, 1990 й.); «Ўзбек халқ мусиқа ижоди» (Билим юртлари ва махсус мусиқа мактаблари учун дастур, Тошкент, 1993 й.); «Ўзбек халқ мусиқа ижоди» (Методик тавсиялар, Тошкент 1994 й.); «Умумий таълим мактабларининг 6-7-синфлар мусиқа дарслари учун услубий тавсия ва қўлланмалар» (1994 й.) Мусиқа, 8-синф учун дарслик, (1995 й. ҳаммуаллифликда); «О некоторых особенностях Фергано-Ташкентских макомов» (Борбад и художественные традиции народов Центральной и Передней Азии. Душанбе, 1990 й.); «Теранлик» (Гулистон, 1994 й. № 3); «Макомат в контексте суфизма» (Первый Международный симпозиум «Музыка тюркских народов» Алматы, 1994 й.); Умумий таълим мактабларида мақомларни ўрганиш масаласига доир. (Тўплам: Мусиқада таълим ва тарбия бирлиги, 1996 й.); «12 мақом» («Гулистон» №4,1997 й.); «Мақомнинг табаррук номлари» («Мулоқот» №4, 1997 й.); «Мақом «гоҳ»лари хусусида» (Ўзбекистон санъатшунослиги муаммолари, Т., 1997 й.); «Ҳазрат Яссавий наволари» («Тафаккур» № 4, 1997 й.); «Мақомнинг маънолар тизимига доир» (Мусиқа ижодиёти масалалари, Тошкент, 1997 й.); «Мақомдон олим Исҳоқ Ражабов» (Мусиқа ижодиёти масалалари, Т., 1997 й.); «12 мақом семантикаси хусусида» («Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» 1997 й. № 7 ва 8); «Мактабда мусиқа дарслари» («Халқ таълими» № 3,1997 й.); «Чолғу куйларидаги хазина» (ўзбек ва инглиз тилларида «Шарқ тароналари» № 3 1997 й.); Яна шу тилларда «Мақомлар ҳақида» («Шарқ тароналари» № 1, 1997 й.); «Мақомлар тарихидан» («Шарқ машъали» 1997 й. № 1 ва 2); «Амир Темур даврида мақом санъати» (ўзбек ва инглиз тилида, «Шарқ тароналари» № 2, 1997й.); «Ўзбек халқ болалар қўшиқлари» (ўзбек ва инглиз тилларида, «Шарқ тароналари», 1997 й. № 3); «Миллий тарбиянинг мусиқий асослари» («Соғлом авлод учун», 1997, №4); «Мусиқа», (6-синф учун ўқув қўлланма ҳаммуаллифликда Т., 1997, № 7); «Мақом ва мусиқий тафаккур» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 2001 й. 25 август); «Мақом ва тасаввуф» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 2001 й. 16 октябрь); «Ҳазрат Навоий ва мақом» (Мусиқа ижодиёти масалалари тўпламида, 2002 й.).

«Юксак илм маскани» («Гулистон» 1998 й., № 5); «Санъатшунослик масалаларига доир» (“Санъатшунослик масалалари” тўплами, Т., 1998 й.); «К семантике макомов» («Театр», 1999, № 1-3); «Саҳна мусиқалари ижодкори», («Театр» 1999 й. № 7-8); National musikal instruments: history and fate// Procofudings international scientific conference-EASTERN MUSIC INSTRUМENTS UNESCO, 1999 й.; М.Бурҳонов «Алишер Навоий» (аннотация). (Т., 1991); 7-синф учун “Мусиқа” дарслиги (ҳаммуаллифликда, Т., 2001 й.); «Халқ мусиқа ижодиёти» (Ўзбекистон санъати тўплами, ҳаммуаллифлар: Ф.Кароматли, Р.Юнусов); Мумтоз анъанавий-касбий мусиқа («Ўзбекистон санъати»: 1991-2001 й. ҳаммуалифлар: Ф.Кароматли, Р.Юнусов).

О.Иброҳимов 1979-1990 йиллари қатор туркумларда 50 дан ортиқ телекўрсатувлар тайёрлади ва олиб борди: «Мусиқа истеъдоди эгалари», «Санъаткорлар ҳақида суҳбат», «Камер мусиқа оқшомлари», «Мақом санъати», «Мақом ижрочилари» ва бошқалар.