Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИКРОМ АКБАРОВ

(1921-2011)

Ўзбекистон халқ артисти, Республика Давлат мукофоти совриндори, атоқли композитор И.Акбаров ўзининг симфоник асарлари, кантата, оратория, опера, балет, мусиқали драма ва комедия, хор ҳамда эстрада қўшиқлари билан ўзбек мусиқаси равнақига улкан ҳисса қўди. XX асрнинг иккинчи ярмидан республикамиз профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнини бу истеъдодли композиторсиз тасаввур этиш қийин.

Икром Илҳомович Акбаров Тошкентда 1921 йил 1 мартда туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқишини сезган амакиси Илёс Акбаров тавсияси билан Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида фортепиано бўйича таълим олади. Ота-онасининг хоҳиши билан Тошкент педагогика билим юртида ҳам ўқиди. 1939 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга киради. Бу ерда Ю.Фортунатов, С.Василенко, Л.Ревуцкий ва А.Козловский каби атоқли композиторлардан сабоқ олди.

Икром Акбаров консерваторияни муваффақиятли тугатгандан кейин Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида мусиқа назариясидан дарс бера бошлайди. У ўз билимини янада бойитиш ниятида 1946 йили Ленинград давлат консерваториясига ўқишга киради. Унинг бу шаҳарда саккиз йил мобайнида ўтказган талабалик ва аспирантлик ҳаёти мутахассисликни пухта эгаллашда ва маънавий озуқа олишда жуда ҳам сермазмун ўтди. У консерватория профессорлари М.Штейнберг, Б.Арапов, В.Волошиновлардан олган сабоқлари зое кетмади. Улар раҳбарлигида И.Акбаровнинг турли чолғуларга, ансамбль ва оркестрга ёзган мусиқий асарлари ёш ижодкор учун катта тажриба мактабини ўтади.

1954 йилда композитор Ленинграддан ватанига қайтиб, Тошкент давлат консерваториясида дарс берди, 1957 йилдан умрининг охиригача ижод билан шуғулланди. 1954 йилда Ҳамзага бағишлаб яратган «Шоир хотираси» симфоник поэмаси композиторга шуҳрат келтирди ва ижодий фаолиятида бурилиш ясади.

И.Акбаров симфоник ва вокал-симфоник жанрларда бадиий баркамол асарлар яратди. Унинг «Ўзбекча сюита»си (1956 й.), «Эпик поэма»си (1962 й.), Р.Тагорнинг «Почта» номли саҳна асарига (1963 й.) ёзган сюитаси, Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллик юбилейига атаб ёзган «Самарқанд ҳикоя»лари, «Орзу» балети асосида ёзган «Симфоник сюита»си, «Наврўз» номли балети асосидаги симфоник сюитаси, «Рақс», фортепиано ва симфоник оркестр учун Концерти ва 1962 йил яратган скрипка ва симфоник оркестр учун Концерти ёрқин мисол бўла олади.

Композитор эришган ижодий ютуқлари унинг вокал-симфоник, кантата ва оратория асарларида ҳам намоён бўлди. Масалан; К.Яшин сўзига «Ҳамза» номли (1962) вокал сюитаси, Ҳофиз сўзига «Баллада» (1961), М.Шайхзода сўзига «Тошкентнома» ораторияси (1964), Алишер Навоийнинг «Хамса»си асосида ёзилган шу номли кантата (1969), Берунийнинг 1000 йиллик юбилейига бағишлаб О.Матчон сўзига «Абадият» балладаси (1973), Т.Тўла сўзига «Зафарнома» вокал симфоник поэмаси (1972), Дм.Полинин сўзига ёзган «Дўстлик» вокал симфоник поэмаси (1972), Ҳ.Олимжон, Ж.Жабборов, Ҳ.Ғулом, Т.Тўла сўзларига «Менинг шаҳрим» кантатаси (1983), Ҳ.Олимжон ва Ҳ.Ғулом сўзларига ёзган «Мангу хотира» ораторияси (1985) ўзига хослиги ва бадиий баркамоллиги билан ажралиб туради. Бу асарларда композиторнинг Ватанимиз тарихини, буюк аждодларимиз сиймоларини, ўлкамиз гўзал табиатини баралла тараннум этган.

Икром Акбаров республикада балет ва опера жанрлари ривожланишига ҳам катта эътибор қаратди. У 1959 йили «Орзу» (Г.Измайлова ва Б.Завяловлар либреттоси) номли илк балети, 1964 йили «Нигор» (Аболимов либреттоси), 1968 йил бир пардали «Лайли ва Мажнун» (Г.Измайлова либреттоси), 1968 йил «Наврўз» балетлари (Г.Измайлова ва Р.Фарҳодийлар либреттоси) билан саҳна рақс санъатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшди. 1973 йили композитор «Сўғд элининг қоплони» (Б.Зокиров либреттоси), 1998 йилда «Ибтидо хатоси» (Э.Шукур либреттоси) «Жалолиддин Мангуберди» (М.Шайхзода) операларини яратди.

Композитор И.Акбаров мусиқали драма ва комедиялар басталаб, шу жанрларнинг ривожланишига баракали ҳисса қўшди. У 1969 йил З.Фатхулин пьесаси асосида «Кумуш тўй»; 1969 йили Т.Тўла пьесаси асосида «Қиз булоқ»; С.Азимов пьесаси асосида «Юлдузларни кўраман»; Чингиз Айтматовнинг «Момо ер» асари асосида Т.Тўла либреттоси асосида 1965 йил мусиқали драма, Г.Лорка пьесаси асосида 1973 йил «Қонли тўй», И.Султон пьесаси асосида 1985 йил «Кумуш шаҳарнинг маликаси» мусиқали драмалари; Ж.Жабборов пьесалари асосида «Ўжарлар» (1973), «Тўйдан олдин томоша» (1983), «Йиллар ўтиб» (1975) комедиялари учун ёрқин мусиқа басталади. Мазкур саҳна асарларининг ғоявий мазмунидан, воқеаларнинг ривожидан, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда мусиқий образлар яратди. Бу асарлардан ташқари драмаларга ҳам мусиқа басталади: «Почта» (Р.Тагор пьесаси), «Замон драмаси» (С.Азимов пьесаси), «Йўлчи юлдуз» (К.Яшин пьесаси), «Табассум ўғрилари» (Шукрулло пьесаси).

Композитор ўзининг дилбар қўшиқлари билан халқимиз ўртасида машҳур бўлди. Айниқса, атоқли эстрада хонандаси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров учун махсус ёзилган ва илк бор янграган «Раъно» (С.Акбарий сўзи), «Газли», «Маҳбубга», «Кетма, Нигор», «Қайдасан» (Т.Тўла сўзлари), «Ёр кел», «Қўшчинор» (Ҳ.Ғулом сўзлари), «Қор ёғар» (С.Зуннунова сўзи), «Баҳор фасли» (Б.Зокиров сўзи), «Азизим» (У.Рашид сўзи), «Лолазор чорлайди» (Ж.Жабборов сўзи) эстрада қўшиқлари кенг қанот ёзди. Унинг «Юлдуз» (Зулфия шеъри), «Хаёлимда бўлдинг узун кун» (Ҳ.Олимжон шеъри), «Ўйлайсанми» (Ҳ.Муҳаммад шеъри), «Ойдин кечада» ва «Бир гал келганлигинг шодлик табассум» (Уйғун шеърлари), «Гуллаган ёшлик чоғимда» (Ҳ.Олимжон шеъри), «Ўзга» (Т.Тўла сўзи), «Келгин» (Миртемир шеъри) қўшиқлари жамоатчилик эътиборини қозонди.

И.Акбаров кинофильмларга ёзган мусиқаси, романслари лирик ҳис-туйғуларни ифода этади: «Ҳамза» (1961й. реж.З.Собитов), «Синчалак» (1961й. реж. Л.Файзиев), «Сен етим эмассан» (1962 й. реж. Ш.Аббосов), «Осиё устида бўрон» (1964 й. реж. К.Ёрматов), «Қора консулнинг ҳалокати» (1970 й. реж. К.Ёрматов), «Икки дил достони» (1966 й. реж.К.Ёрматов), «Гулбаҳор» (1956 й. реж.Й.Аъзамов) «Иккинчи гуллаш» (1959 й. реж.Л.Файзиев), Шунингдек, М.Бурҳонов ва М.Левиевлар билан «Мафтунингман» (1958 й.) ва «Орол балиқчилари» (1957 й. реж.Й.Аъзамов) фильмларига мусиқа басталаган.

Композитор камер-чолғу жанрларини ривожлантиришга катта улуш қўшди. Унинг фортепиано, скрипка, виолончель, айниқса, турли ансамбллар учун яратган асарлари машҳурдир. Композитор “Оркестр ва тор учун пьеса”си, Ҳ.Шарипов сўзига басталаган «Тўйлар муборак» номли 5 қисмли вокал-сюитаси, болалар учун турли мавзуларда яратган қўшиқлари халқ олқишига сазовор бўлди. Икром Акбаровнинг турли жанрларда яратган энг яхши асарлари XX аср ўзбек мусиқа маданиятининг жиддий ютуғи, мумтоз намуналари қаторидан ўрин олди.

Икром Акбаров Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1964 й.), «Ўзбекистон халқ артисти» (1981 й.) фахрий унвонлари билан тақдирланган. 1977 йилда Республика Давлат мукофотига, 1999 йилда «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлган.