Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                             АКРАМ ҲОШИМОВ

(1963)

 Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сафига 1992 йили композитор Акрам Абдулазизович Ҳошимов ранг-баранг, турли жанр ва шаклларда яратган мусиқа асарлари билан кириб келди. У Тошкентда, мусиқашунос ва композитор Абдулазиз Ҳошимов оиласида 1963 йилнинг 4 январь куни таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди, 1974-1978 йилларда  Р.М.Глиэр   номидаги   махсус   мусиқа   мактаб - интернатида хор дирижёрлиги мутахассислиги бўйича таҳсил олди.

1978-1982 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди. 1982-1989 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида ўқиди. 1983-1985 йиллари ҳарбий хизматни адо этди. Талабалик даврида турли жанрларда миллий руҳ билан суғорилган асарларни яратди: «Мушаврак» симфонияси, фортепиано учун «Вариациялар», «Ажам» муқом-пьеса, «Бўрон» соната-экспромти, «Токката», “Пассакалия”, «Сонатина» ва «Болалар альбоми», гобой ва фортепиано учун Рақс, кларнет ва фортепиано учун “Афсона” пьесалари, баритон овози ва камер оркестр учун «Рубоийлар» (Х.Ҳамроев сўзи), симфоник оркестр, хор ва сухандон учун «Ғани ботир» вокал-симфоник поэмаси (А.Қутлуқов сўзи), оркестр учун Концерт, Лутфулла Муталлиб хотирасига «Эркни куйловчи» хор акапелла туркумини (Х.Ҳамроев сўзи), бир қатор романс ва қўшиқлар - «Мен ва булбул» (Р.Рўзиев сўзи), «Ўн саккиз ёшим» (Т.Наматов сўзи), «Тошкент кечаси», «Онамга» (Учқун сўзи), «Жалом нохшиси», «А тебе все равно»,  «Народу моему» вокал туркими (Л.Муталлиб сўзи), 1 ва 2- торли квартетлари, виолончель солоси учун муқом-соната, альт солоси учун “Чаббият садоси” муқом-сонатаси ва бошқалар.

Мустақил равишда дамли чолғулар квинтети учун «Лаҳзалар» (1990й.), Труба ва фортепиано учун сонатина (1990й.), Гобой ва фортеепиано учун Вариациялар (1992й.), «Қизил китоб» камер кантатаси (Учқун сўзи, 1994й.), «Уйғурча рапсодия» ўзбек халқ чолғулари оркестри учун, «Сапоя усули» ўзбек халқ камер оркестри учун (1996й.), чанг ва халқ чолғулари оркестри учун Концерт (1998й.), “Баҳорда” (Х.Ҳамроев сўзи, 1998й.), “Баҳор келди” (А.Муҳаммад сўзи, 2017й.) вокал туркумларини, бир қатор романс ва болалар учун қўшиқларини, фортепиано учун Узеир Гаджибековнинг “Сансиз” романси ва уйғур халқ қўшиғи “Лайлигул” асосида фантазия асарларини, “Диёр ишқи” (Тошпўлат Икромий сўзи) муқомини  яратди, “Додагинам” мусиқали комедиясини (2003й.) ёзди. Бир неча уйғур халқ куйларини чанг ва фортепиано учун қайта ишлади. Или халқ туркум нохшиларидан «Жон дўстлар», «Гуламхон», «Оҳ, урорман» ва кўплаб нохшиларни нотага олди.

Композитор А.Ҳошимов 1990 йилдан бошлаб Республика санъат мактаб-интернатида ўқитувчи, директор ўринбосари бўлиб ишлади. Шу йилларда консерваториянинг ассистентура-стажировкасида профессор Ф.Янов-Яновский раҳбарлигида касб малакасини оширди. 1996-1997 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигида бош мутахассис, 1997 йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқитувчи, ўқув бўлими мудири, “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедраси доценти,  2015 йили факультет декани, 2016-2017 йиллари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Илмий ишлар бўйича проректори лавозимларида хизмат қилди. Магистратура талабалари учун “Уйғур халқ мусиқаси Ўзбекистон композиторлари ижодида” ўқув-услубий қўлланмасини яратди.