Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                                              ХУРШИДАХОН ҲАСАНОВА (ТУРСУНОВА)

(1967)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига истеъдодли композитор Хуршида Ҳасанова (Турсунова) 2000 йилда қабул қилинди.

Хуршидахон Отабоевна Ҳасанова (Турсунова) 1967 йилнинг 7 сентябрида Тошкент шаҳрида туғилди. У болалигидан мусиқага муҳаббат қўйди. 1975 йилда Т.Содиқов номидаги Тошкент шаҳар болалар мусиқа мактабининг фортепиано ҳамда А.Мансуров синфида композиторлик мутахассислигидан таҳсил олди. 1982-1986 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди, композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. 1986-1991 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида М.Маҳмудов синфида сабоқ олди. 1991-1998 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетида, 1998-1999 йилларда консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида ўқитувчи, 1999 йилдан Тошкент шаҳар қўшимча таълим мажмуаси қошидаги «Севинч» вокал студиясида мусиқа раҳбари, 2000 йилдан консерваториянинг мусиқа назарияси ва бастакторлик кафедраларида ўқитувчи, 2012 йилдан доцент. 2017 йилдан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Болажон” каналининг “До, ми, соль” кўрсатуви, 2018 йилдан “Қувноқ ноталар” телекўрсатувлари бошловчиси сифатида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.

Композитор Х.Ҳасанова (Турсунова) “Отам хотирасига” симфонияси (2003), фортепиано ва симфоник оркестр учун бир қисмли «Концерт» (2001), Симфоник поэма (1989), торли оркестр учун 4 қисмли сюита, жўрсиз хор учун Э.Воҳидов сўзига «Илтижо» икки қисмли туркум (1989), фортепиано учун «Вариациялар», «Пьесалар», «Сонатина», хор асарлари, скрипка, флейта, гобой, кларнет, фагот каби чолғулар учун фортепиано жўрлигида ёзилган пьесалар, ёғочли дамли чолғулар «Квартет» ини яратди. 2012 йилда Х.Ҳасанова композитор М.Ашрафийнинг “Рустам ҳақида достон” ораторияси мавзуси асосида фортепиано учун “Фантазия”, “Omnibus” ансамбли учун замонавий услубда «Тарихнинг кичик саҳифаси» (2011), “Ҳолат” (2015), “Сеҳрли китоб” (2017) асарлари, рубоб прима ва халқ чолғулари оркестри учун “Оҳанглар ёғдуси” увертюраси (2013)ни яратди. Мазкур асар 2016 йилда Тошкентда ўтказилган халқ чолғу асбоблари Халқаро танловида шартли асар сифатида киритилди.

Х.Ҳасанова 1998 йилдан буён замонавий эстрада ва болалар қўшиқчилик санъатига эътибор қаратиб, 150 дан ортиқ эстрада ва болалар учун қўшиқлар ёзди. «Чинни гуллар», «Соғинаман» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Етолмайман» (М.Йўлдошев сўзи), «Куз гуллари» (Ҳумоюн сўзи), «Ростини айтинг» (Э.Охунова сўзи), «Алангадан нидо» (М.Йўлдошев сўзи), «Сен учун» (Н.Қурбонова сўзи) эстрада қўшиқлари, «Севинч» болалар вокал гуруҳи учун «Ўзбекистон жаннат» (Д.Ражаб сўзи), «Табассум қил» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Севинч» (С.Музаффарова сўзи), «Турналар» ва «Ватан» (Ҳ.Раҳмат сўзи), «Камалак» (П.Мўмин сўзи), «Ҳумо қуши» (Ў.Ҳошимов сўзи), «Соғлом авлод» (У.Қўчқор сўзи), «Лола» (И.Муслим сўзи), «Мажнунтол» (И.Жиянов сўзи) ва бошқалар бунга мисол бўла олади. Композиторнинг болалар ва эстрада қўшиқлари Мустақиллик, Наврўз, Республика Конституция куни ва бошқа давлат тадбирларида мунтазам ижро этиб келинмоқда.

Композитор Х.Ҳасанова 2000 йилда Наврўзга бағишланган қўшиқ кўрик-танловида «Турналар» қўшиғи учун 2-даражали мукофотга сазовор бўлди. 2000 йилда чегара қўшинлари томонидан ўтказилган аскар қўшиқлари кўрик-танловида «Чегарамиз ҳарбийлари» қўшиғи учун совринли ўрин, Италиянинг Сан-Ремо шаҳрида ўтган Халқаро болалар қўшиқ фестивалида “Шодиёна” қўшиғи учун Гран-При мукофотига (2003, 2009 йил), Франциянинг Париж шаҳрида ўтган Халқаро болалар мусиқа фестивалида янграган “Попурри” туркуми учун 1-мукофотга (2006 йил), 2016 йилда “Ягонасан, муқаддас Ватан” қўшиқлар республика танловида “Дилларда янграса” қўшиғи учун 3-ўринга сазовор бўлди.

Х.Ҳасанованинг телевидение билан ҳамкорликдаги ижодий фаолияти «Янги авлод студияси» да бошланган. «Арча, арча, арчажон» видеофильми, «NEMO» болалар клуби кўрсатувининг мусиқий безаклари, “Наврўз фантазияси”, “Ғаройиб кашфиёт”, “Болалик орзуси”, “Наврўзой” мусиқали видеофильмлари, “Тоғда ўтган қувноқ ёз” (2006) болалар фильмига мусиқа Х.Ҳасанова қаламига мансубдир. Шунингдек, композитор 2014 йилда “Гумроҳлар” (реж.Ҳилол Насимов), 2017 йилда “Тандир” кинокомедиясига (реж. Хуршид Ҳасанов), 2018 йилда “Йўл бошида” 10 қисмли сериалга (реж. Дониёр Шокиров) ва 25 серияли “Ўгай она” сериалига, “Омонат”, “Алданган қиз” (реж. Хуршид Ҳасанов, 2015) болалар учун “Сеҳрли тун” (реж.Санжар Бобоев, 2014), “Кичкина изқувар” (2016), “Иншо” (2018) бадиий фильмларига мусиқа басталади. Композитор «Зумраша» ҳажвий киножурналига ҳам мунтазам мусиқа ёзиб келмоқда. Х.Ҳасанованинг болалар учун ёзган бир қатор қўшиқлари “Қўшиқлар сеҳри” (2007) китобига, “Менинг диёрим” услубий қўлланмасига (2011) киритилган, “Сеҳрли дунё” ва “Ватанимни куйлайман” муаллифлик дискларидан ўрин олган.

Х.Ҳасанова жамоатчилик ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. У бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари кенгашлари аъзоси, республика ва халқаро танловлар ҳайъат аъзосидир.  

Х.Ҳасанова 2013 йилда “Эътироф” мукофотининг “Йилнинг энг яхши бастакори” номинациясига, 2018 йилда “Дўстлик” орденига сазовор бўлган.