Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                                  ТЕЛЬМАН ҲАСАНОВ

(1940-2020)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дирижёр, композитор Тельман Набиевич Ҳасанов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1983 йили қабул қилинди.

Ҳасанов Тельман Набиевич Тошкентда, Ўзбекистон халқ артисти, композитор Набижон Ҳасанов (1913-1972 й.) оиласида 1940 йилнинг 5 апрелида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди, ота касбига эргашди. 1955 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юрти тайёрлов бўлимида, сўнгра асосий курсида ғижжак синфида ўқийди. 1962 йилда Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради. 1965 йили консерваториянинг асосий курсига ўтказилди ва тез орада ҳарбий хизматга чақирилди. 1967 йили профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил олишни давом эттиради. Талабалик даврида скрипка, виолончель ва фортепиано учун яратган «Трио»си, чанг ва оркестр учун «Концерт»и, «Сўлим диёр» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Отамдан ёдгор» (С.Қўқонбеков сўзи) қўшиқларини яратади, 1972 йилда фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт» диплом иши билан консерваторияни муваффақиятли битирди.

Т.Ҳасанов 1961-1967 йилларда Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида ғижжакчи, 1970-1971 йилларда республика Ички ишлар вазирлиги қарамоғидаги ашула ва рақс ансамбли раҳбари, 1972 йили М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси «Шодлик» ашула ва рақс ансамблининг дирижёри лавозимларида ишлади. Консерваторияни битиргач, 1972-1975 йилларда Ўзбекистон радиоси Бош мусиқа таҳририятининг бош муҳаррир ўринбосари, 1975-1977 йилларда радионинг ўзбек халқ чолғулари оркестри дирижёри, 1977-1980 йилларда телевидение бош мусиқа таҳририятининг бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлади. 1980 йили А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг чолғу дирижёрлиги кафедрасига ишга таклиф этилди. 1990-1991 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси қошидаги Мусиқий тарғибот бюроси директори лавозимида ишлади. Ўтган йиллар давомида у республикамизнинг турли вилоятларида ашула ва рақс ансамблларини тузди, уларнинг репертуарини бойитди, республика кўрик-танловларига тайёрлади ва халқ ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

Ёрқин истеъдод соҳиби, композитор Т.Ҳасанов ўтган йиллар давомида турли жанр ва шаклларда мусиқа асарлари яратди. Унинг симфоник оркестр учун «Сюита» (1980й.), академик Юнус Ражабий хотирасига бағишланган яккахон ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Поэма» (1982й.), яккахон ва эстрада оркестри учун Уйғун сўзига «Баллада» (1985 й.), «Гулбаҳор қани» (Б.Ҳалилов пьесаси, 1977 й.), 1977 йили «Хўжайин», 1979 йили «Қизи борнинг нози бор» (Ҳ.Расул пьесалари 1980 й.), «Куёвлар конкурси» (Ҳ.Муҳаммад пьесаси 1982 й.) мусиқали комедиялари, М.Қориев ҳикояси асосида «Ой тутилган кунда» (1974 й.) телеспектаклига мусиқа асарлари бунёдга келди.

Т.Ҳасанов ижодида қўшиқ жанри устун туради. 300 дан ортиқ қўшиқлар яратган бўлиб, улар орасида «Хуморингиз бўлайин», «Ватаним, гўзалсан», «Қизлар севинчи», «Ёрдин келган хат» (А.Исроилов сўзлари), «Баҳор келди» (Ў.Рашид сўзи), «Кўнгил учун», «Олтин қанот», «Жавоб» (Туроб Тўла сўзлари), «Тинчликдан яшнаган», «Қизларжон», «Кўринмайсан», «Тошкент садоси» (П.Мўмин сўзлари), «Жон, республикам», «Чўл нашидаси» (З.Обидов сўзлари), «Қалбдаги сиймо», «Гуллар билан кутаман» (Ш.Рашидов сўзи), «Тошкент баҳори» (Б.Халил сўзи), «Ўлкамиз осмонида» (А.Орипов сўзи), «Зулфия» (Назармат сўзи), «Сабо билан» (Д.Файзиев сўзи), «Атиргулим» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Гул диёр» (А.Юсупов сўзи) ва бошқалар алоҳида ажралиб туради.