Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                           НАБИЖОН ҲАСАНОВ

(1913-1972)

Ўзбекистон халқ артисти, созанда ва бастакор Набижон Ҳасанов 1920- йилларда мусиқа санъатига қадам қўйган. Бастакорнинг жозибали ва дилрабо қўшиқ, ашула ва яллалари, саҳна асарларига басталаган мусиқаси халқ юрагидан жой олди, ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

Ҳасанов Набижон Азимович Самарқанд шаҳрида 1913 йилда таваллуд топди. 7 ёшидан маҳалладаги эски мактабда, 9 ёшидан янги мактабда ўқиди. У шундай хотирлаган эди: «Мусиқага бўлган муҳаббатни энг аввал онам ва отам уйғотишди. 1928 йилда Т.Содиқов раҳбарлигида мактабимизда ҳаваскорлик тўгараги ташкил этилди. Бу ерда най чалишни ўргандим, устозим Толибжон акадан ғижжакчи-созанда бўлиб етишдим. 1926 йили машҳур бастакор, созанда Тўхтасин Жалилов Й.Охунбобоев номидаги мусиқали драма театрига ишга таклиф қилдилар. Самарқандда 1928 йили мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти очилганини эшитиб, 1930 йилда мазкур институтга ўқишга кирдим. Ғижжакдан ташқари скрипка, виолончель, фортепиано чалишни ҳам ўзлаштирдим. Нота ёзувини, сольфеджио ва мусиқа назариясидан институт директори, мураббий Н.Н.Миронов ўргатар эди. Бу ўқув даргоҳида Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари, «Фарғона-Тошкент мақом йўллари»ни катта устозлардан ўрганиш билан бирга Оврўпо ва рус мусиқа санъати билан ҳам танишиб бордик. Ўқиш билан бир даврда театрда созанда, 1932 йилдан мусиқа раҳбари бўлиб ишладим. Ўша йили ўқишни битирдим. Институтда ўқиб юрган пайтимда машҳур санъат арбоби Али Ардобус ташкил қилган «Кўк кўйлак» деб аталувчи шаҳар ёш ҳаваскорлар тўгарагига Т.Содиқов, М.Левиев, В.Абдулло, А.Жўжаев, А.Тўхтаматов, Ж.Обидов, М.Зиёев, М.Қаландаров каби истеъдодли санъаткорлар билан қатнашар эдим. Самарқандда ўқиб ва ишлаб юрган пайтларимда машҳур устоз, ҳофиз ва бастакор Ҳожи Абдулазиз Расулов домланинг хонадонларида бўлиб ўтадиган мусиқа кечалари, устознинг ўгитлари биз учун ҳақиқий сабоқ мактаби бўлди.

1936 йили устозим Т.Содиқов таклифи билан Тошкентдаги республика ўзбек мусиқали театрининг ансамблида концертмейстер бўлиб ишладим. 1936 йили эса ўзбек филармонияси қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ташкил топаётган катта ўзбек халқ чолғулари ансамблига ишлашга ўтказишди. Мазкур ансамбль билан 1937 йили Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида муваффақиятли қатнашдим. 1938 йили Самарқанд мусиқали драма театри раҳбарияти мени ишга чақириб, мусиқа раҳбари лавозимига тайинлади. Шу театрда ишлаган пайтларимда «Гулсара», «Ғунчалар», «Тоғ қизи», «Насриддин Афанди», «Шаҳар ўт ичида» каби спектаклларга халқ мусиқа намуналарини ва ўзим басталаган куйлардан киритиб, саҳна асарини бойитишга ҳаракат қилардим. Бу асарлар 1939 йилда Ўзбекистон опера ва балет театридаги халқ чолғу ансамблига концертмейстер лавозимига тайинландим. 1941 йилда бошланган даҳшатли Иккинчи жаҳон уруши халқимиз бошига катта кулфат келтирди. «Офарин», «Найзабардор», «Сени дерман», «Зафар қўшиғи», «Шодлик», «Шерзод келур», «Яхши», «Юрсак олға», «Салламно», «Кўрдим юзингни» ва хор учун «Олға» каби қўшиқларни басталадим. Ансамбль билан Шимолий Кавказ фронтидаги ҳарбий қисмлар ва госпиталларда, 1942 йили икки ой Эрондаги ҳарбий қисмларда концертлар бердик. Уруш йиллари саҳна юзини кўрган «Ўзбекистон қиличи» мусиқали драмасига мусиқа басталашда бошқа композиторлар билан бирга мен ҳам қатнашдим. Т.Содиқов билан ҳамкорликда болалар театри саҳнасида қўйилган «Гулхан» спектаклига мусиқа басталадик. 1944 йили Тошкентда ўтган Ўрта Осиё халқлари санъатида «Ярашди», «Салламно», «Кўрдим». «Юзингни соғиндим» ашулаларимни концерт дастурида Ҳалима Носирова ва Шаҳодат Раҳимовалар ижро қилишди. 1944 йилда Бекобод театрида ишладим. 1945 йилда Самарқанд вилоят театрига концертмейстер лавозимига тайинландим. Бу ерда саҳнага қўйилган «Тақдир», «Ором Гул» ва «Вафо ва макр» спектаклларига мусиқа басталадим.

1947 йилда Ўзбекистон радиоси қошидаги халқ чолғулари оркестрига концертмейстер лавозимига тайинландим. Мазкур жамоада хонандалар учун «Ўзбекистон» ансамбли учун куйлар, «Айланай» ва «Офарин» (Чустий сўзлари), «Жафо қилма» ва «Жононим келур» (Уйғун сўзлари), «Ноз қилурсан» каби қўшиқларни басталадим. Булардан ташқари ўзим «Бўл-бўл, болам», «Тасаддуқ», «Парвона бўлибман», «Қизгина», «Хуш келдинг» адабий мусиқа учун радиоспектакллар яратдим. Бастакорлар уюшмасига 1942 йилдан буён аъзоман”, деб Н.Ҳасанов ўз таржимаи ҳолини 1948 йилнинг 31 мартида ёзиб тугатади.

Набижон Ҳасанов 1948-1951 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг халқ чолғулари факультетида таълим олди. Умрининг охиригача радио оркестрида ижрочилик ва бастакорлик фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқа санъатига хизмат қилди. 150 дан ортиқ ранг-баранг, турли йўналишларда ўз услубига хос қўшиқ, ялла ва ашулалар яратди. «Оқ каптардан илтимос» (М.Бобоев сўзи), «Жонажон ўлкам», «Менинг Ватаним» (С.Исмоилзода сўзлари), «Она Самарқанд» (Назармат сўзи), «Мафтунингман, Самарқанд» (Ё.Мирзо сўзлари), «Шўхи замоним» (А.Камтар сўзи), «Гуллайди Тошкент» (Т.Тўла сўзи), «Тингланг, юлдузлар» (З.Обидов сўзи), «Гуллар очилур» (М.Рахимов сўзи), «Ноз этарди, эъзоз этарди» (П.Мўмин сўзи), «Гулчеҳралар» (Э.Воҳидов сўзи), «Не бўлди» (Бобур сўзи), «Дилбар» (Б.Машраб сўзи), «Ўн саккиз ёшлигим» (Навоий сўзи), «Интизор» (Миртемир сўзи) қўшиқлари, «Ўйнаб ўтинг, шаббодалар» (С.Қўқонбеков сўзи), «Қизлар вальси» (М.Қодиров сўзи), «Бахт ялласи» (А.Пўлат сўзи), «Ёр қўйнида» (С.Қўқонбеков сўзи) каби ялла-лапарлари халқимиз қалбидан жой олган.

Бастакор Н.Ҳасанов ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Лирик», «Дўстлик» сюиталари, халқ чолғулари ва оркестр учун пьесалар яратди. 1953 йилдан Ўзбек эстрада театрида созанда, 1957 йилдан умрининг охиригача радио оркестрида ишлади.

Машҳур бастакор Набижон Ҳасанов 1950 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1967 йил «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан тақдирланган.