Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                               СУЛТОН ҲАЙИТБОЕВ

(1926-2000)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, композитор С.Ҳайитбоев замонавий профессионал композиторлар сафига 1960-йилларнинг бошида кириб келди. Унинг дилрабо қўшиқ ва ашулалари, чолғу куйлари, оркестр учун ёзган асарлари, мусиқали драма ва комедиялари, симфоник ва вокал-симфоник асарлари мухлислар қалбидан муносиб ўрин олган.

Султон Ҳайитбоев Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 1926 йилнинг 5 май куни таваллуд топди. Ёшлигидан мусиқага меҳр қўйди, мактаб ва туман мусиқа тўгарагига қатнашиб, ғижжак ва доира чалишни ўрганди. Туғма истеъдод соҳиби Султон ёш бўлишига қарамай, Янгиариқ туманидаги «Колхоз театри»да созанда бўлиб ишлади. 1945-1949 йиллари Тошкентда ҳарбий хизматни ўтади. Султон ўша дамлар ҳақида қуйидагича ҳикоя қилган: «Ҳарбий ҳаваскорлар ансамбли» репертуар дастурида ўзбек халқ мусиқаси билан бирга Ю.Ражабий, Т.Жалилов, К.Жабборов, С.Калонов, Ф.Содиқов, Н.Ҳасанов, М.Ниёзов, П.Раҳимов, Т.Содиқов, М.Левиев, С.Юдаков каби композиторларнинг қўшиқ ва куйлари мавжуд эди. Мазкур бастакорларнинг ижодлари менга жуда ҳам таъсир қилди. Мен ҳам шуларга ўхшаган бастакор бўлишни орзу қилар эдим. Чунки ўзим ҳам куйлар басталашга интилиб, бир неча куй ва қўшиқларим ансамбль ижросида жаранглади. Оврўпа нота ёзувини ўзлаштиришга, мусиқачи бўлишга қарор қилдим».

С.Ҳайитбоев 1949 - йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг ғижжак синфи ва мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди. Мусиқа назарияси ва композиторлик мутахассислиги бўйича С.Бобоев ва Б.Гиенколардан сабоқ олди. 1952 йили Ўзбекистон халқ артисти Ю.Ражабий радио қошидаги Ўзбек халқ чолғу ансамблига С.Ҳайитбоевни ишга таклиф қилди. Хоразм, Бухоро ва Фарғона, Тошкент анъанавий мусиқа йўналишларини ўзлаштириши ёш композитор учун катта мактаб бўлди.

1955-1960 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Б.Б.Надеждин синфида таҳсил олди. 1960 йилда Ўзбекистон маориф вазирлиги қошидаги педагогика илмий текшириш институтида мусиқа ва бадиий санъат бўлими мудири лавозимига тайинланди. 1962 йилдан эса М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа бўлимига мудирлик қилди. 1965-1968 йилларда консерваториянинг аспирантурасида профессор А.Козловский раҳбарлигида таҳсил олди. 1968 йилдан консерваторияда муаллимлик қилди. 1975 йилдан умрининг охиригача А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида чолғулаштириш ва партитура ўқиш кафедрасини бошқарди.

Бастакорнинг ижодида қўшиқ ва мусиқали драма жанрлари устун туради. У ижодининг 40 йилдан ортиқ даврида қўшиқчилик санъатига эътиборини қаратди. Замондош шоирлар билан ҳамкорликда, турли мавзуларда жуда кўп қўшиқ, ялла ва ашулалар яратди. Шуниси диққатга сазоворки, композитор қўшиқларини машҳур хонандалар ва ижрочи жамоаларнинг илтимосларига кўра яратиб, уларнинг репертуарларини бойитди. Масалан, Ўзбекистон халқ артистлари — Олмахон Ҳайитова ижросида «Ўзбекистон гуллари» (А.Бобожонов сўзи), «Ўзбекистон сўзлагай» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Хаёл» (Э.Охунова сўзи), «Ўтмасмикан» (Нилуфар сўзи), Коммуна Исмоилова ижросида «Эй, соҳиби дил» (Т.Тўла сўзи), «Сўзим айтаман» (Халқ сўзи), «Истар» (Э.Самандаров сўзи), Султонпошша Ўдаева ижросида «Хивам, менинг дўстларим» (Э.Самандаров сўзи), Қувондиқ Искандаров ижросида «Эсингдами» (Миртемир сўзи), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳадя Юсупова ижросида «Ўргилай ёр, бўйингдан» (А.Исроилов сўзи), «Оҳ, агар кўрсам яна», (Ҳ.Бойқаро сўзи), «Овозингни эшитганда» (Т.Қаҳҳор сўзи), Матлюба Дадабоева ижросида «Ўзбекистоним» (Ж.Жабборов сўзи), хонанда Озода Ёрова ижросида «Кечма муҳаббатдан» (Э.Самандаров сўзи), Ғанижон Ваҳобов ижросида «Қалам қошга» (П.Мўмин сўзи) ва бошқа хонандалар ижросида концерт дастурларида, радио эфир тўлқинларида жаранглаб келмоқда. Булардан ташқари, «Лазги» вокал-хореографик ансамбли ва ўзбек халқ чолғулари оркестрининг ижро дастуридан композиторнинг бир талай қўшиқлари ўрин олган.

1991-1999 йилларда Э.Самандаровнинг сўзларига «Соғиниш», «Юлдуз билан», «Истар», «Умид ғунчаси», «Кетма, муҳаббат», Б.Бойқобиловнинг сўзларига «Биз Темур авлодимиз», Раъно Узоқова сўзига «Вафо қилмади», Ҳусайн Бойқаро ғазалларига «Армон бўлмасин», «Равшан айлагил», «Оҳ, агар кўрсам яна», «Жамолингдан кўзим равшан» каби қўшиқ ва куйлар яратди. Композиторнинг қўшиқлари 1985 йилда Ғ.Ғулом нашриётида «Ўзбекистон сўзлагай» номи билан махсус тўпламда ва турли бошқа тўпламларда чоп этилган.

1962 йили С.Ҳайитбоев бастакор К.Жабборов билан ҳамкорликда «Нодира» (Ҳ.Раззоқов пьесаси) мусиқали драмасини яратди. Асар Андижон мусиқали театрида саҳна юзини кўргандан бошлаб композиторнинг ижодида катта бурилиш бўлди. У шу жанрга меҳр қўйди ва йиллар давомида 14 та мусиқали драма, иккита мусиқали комедия ва учта телевизион спектаклга мусиқа басталади. Унинг саҳна асарлари Муқимий номидаги мусиқали театрда ва вилоят театрларида саҳна юзини кўрди. Масалан, Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театри 1964 йили «Сўнгги хон» (А.Бобожон ва М.Муҳамедовлар пьесаси) мусиқали драмани, шу театр жамоаси 1972 йили «Қудалар» (Ў.Рашид пьесаси) мусиқали комедияни, 1973 йили «Маузерли қиз» (Ю.Юсупов пьесаси), 1985 йили «Аҳмад билан Оқбилак» (Т.Мирза пьесаси), Бобур номидаги Андижон вилоят театри 1969 йили «Салтанат шубҳада» (Ш.Саъдулло пьесаси), 1971 йили Фарғона вилоят театри «Яйлов тонги» (Тамкин пьесаси) ва 1973 йили «Завқий» (К.Маҳкамов пьесаси), Алишер Навоий номидаги Наманган вилоят театри 1976 йили «Муҳаббат ёдгори» (М.Назаров пьесаси) ва 1979 йили «Фарзанд деб» (Ў.Рашид пьесаси), М.Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилояти театри 1978 йили «Чороғбонлар» (М.Назаров пьесаси) мусиқали драмаларини, Ю.Ражабий номидаги Сирдарё вилоят театри 1990 йили «Икки ошиқ бир бўлса» (Т.Қаҳҳор пьесаси) мусиқали комедияни томошабинларга ҳавола қилган эди. Муқимий номидаги мусиқали театр жамоасини эса 1966 йили «Бағритош» (Ҳ.Умаров пьесаси), 1975 йили «Туркман қизи» (Тамкин пьесаси), 1994 йили «Ҳар кимга вафо қилса» (Ҳ.Муҳаммад пьесаси), бастакор А.Исмоилов ва композитор М.Отажоновлар ҳамкорлигида ёзилган «Башорат» (Э.Самандаров пьесаси) мусиқали драмалари 1995 йили саҳна юзини кўрди. 1967 йили «Увайсий» (Т.Қосимова пьесалари), 1971 йили «Дилистоним менинг», 1984 йили «Машраб» (Алп Жамол пьесаси) телеспектаклларига мусиқа басталади.

Композитор С.Ҳайитбоевнинг скрипка ва симфоник оркестр учун концерт, симфония, симфоник сюита, рубоб ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Концертли лирик пьеса», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун учта сюита, ўзбек халқ чолғулари ва доира учун «Доира-рақс пьесаси», қашқар рубоби ва фортепиано учун «Баллада», фортепиано учун пьеса, вариация, прелюдия, фуга каби асарлар мусиқа мактаблар ўқув дастурларига киритилган. Ўзбек мумтоз «Феруз 1 ва 2»ни, «Алиқамбар», «Тобон айласа» ва «Келдим» ашулаларини якка хонанда ва фортепиано учун мослаштирган. Болалар учун «Турналар», «Орзу», «Ўқи, билим ол», «Кимнинг хати чиройли», «Интернатчилар қўшиғи» каби қўшиқлари якка ижрочи ва болалар хор жамоаларининг репертуар дастурларидан жой олган. С.Ҳайитбоев 1960-1964 йилларда Т.Ҳусаинов билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларнинг 5 ва 6-синфлари учун «Мусиқа» дарслигини яратди ва нашрдан чиқарди.

Султон Ҳайитбоев 1988 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, шунингдек, бир неча медаллар билан тақдирланган.