Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                               ҒАФУР ҚОДИРОВ

(1917-1985)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат   арбоби, композитор Ғафур Қодиров XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У яратган жозибали қўшиқлар, симфоник ва саҳна мусиқаси, айниқса, болалар учун ёзган асарлари замонавий мусиқа санъатимизни бойитди.

Ғафур Қодиров Тошкент шаҳрида 1917 йил 1 февралда таваллуд топди. 1933-1936 йилларда Ўрта Осиё санъат рабфакда ўқиди. 1936 йили у Тошкент давлат тўқимачилик институтига ўқишга кирди. Мазкур институтнинг бадиий ҳаваскорлик хори билан 1937 йилда ўтказилган олимпиадада иштирок этди. Шундан кейин Ғафур мусиқа билан жиддий шуғулланишга қарор қилди. Ўша йилларда унинг мусиқа қобилиятини сезган композитор Н.Н.Миронов маслаҳати билан Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради. 1940 йили Б.Б.Надеждинда композиторлик мутахассислигидан, А.Ф.Козловскийда чолғулаштиришдан таълим олиб, 1945 йил консерваторияни бир қисмли симфония диплом иши билан муваффақиятли битирди. Ўша йили Бастакорлар уюшмасига қабул қилинади ва Ҳамза номидаги Тошкент давлат билим юртига мусиқа назариясидан дарс беришга йўлланма олиб ишлайди. 1959 йили у чолғулаштиришдан дарс беришга консерваторияга таклиф қилинди ва 1969 йили доцент илмий унвонига сазовор бўлди. 1971-1975 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг масъул котиби лавозимида ҳам ишлади. Йиллар давомида Ғ.Қодиров педагогик ва жамоатчилик фаолиятининг бирлигида ижод қилиб, турли шакл ва жанрларда фортепиано учун пьесалар, «Рондо», «Рақс», «Сюита», «Соната», «Прелюдия ва фуга», виолончель ва фортепиано учун пьесалар, кларнет ва фортепиано учун пьесалар, торли квартет, симфоник оркестр учун «Марш», «Сюита», «Симфониетта», фортепиано жўрлигида «Ғазал» (Навоий шеъри) романси, «Мард йигит» (Ю.Ҳамдам сўзи) қўшиғи, болалар театрларида саҳна юзини кўрган «Қари чол ва бўри» (И.Дўстхўжаев пьесаси) номли спектаклига 1944 йил мусиқа басталади.

Ғ.Қодировнинг 40 йиллик ижодий йўлига назар ташласак, Шарқ ва Ғарб мусиқаси анъаналарига таянган ҳолда замонавий миллий мусиқий асарлар яратишга интилиб, ўз ижодий услубини топа олганини кўрамиз. Ўзига хос услубда у кўпроқ овоз учун, симфоник, вокал-симфоник, эстрада, халқ чолғулари оркестри, айниқса, болалар учун турли шакл ва жанрларда кўплаб асарлар яратди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, композитор жонажон Ватанимиз табиатининг гўзал манзараларини, халқимизнинг меҳнат жасоратини, соф муҳаббат билан болаларимизнинг қувноқ ҳаёти ва маърифатга интилишларини ифода этишда ижобий ютуқларга эришган. Масалан, у ўз ижодий фаолиятининг ҳамма даврларида яккахон, хор жамоалари ва эстрада гуруҳларига қўшиқлар басталашга кўпроқ эътибор берди. Унинг қўшиқлари оҳангдорлиги, дилкашлиги, ранг-баранглиги, ҳаётийлиги, севги-муҳаббатни кенг қамраб олганлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам Ғ.Қодиров қўшиқларида давр нафаси яққол сезилиб туради. Масалан: «Ўзбекистоним» (Шуҳрат сўзи), «Қуёшли Ўзбекистон» (М.Ғани сўзи), «Ўлкамга» (М.Бобоев сўзи), «Тинчлик — бизнинг посбонимиз» (П.Мўмин сўзи), «Ёшлар марши» (Ж.Абдуллахонов сўзи), «Мирзачўл» (Ҳабибий сўзи), «Гулистон ўлкам» (Маърифий сўзи), «Янги ерга хат» (Р.Бобожон сўзи), «Ёш физкультурачилар марши» (П.Мўмин сўзи), «Ўзбекистоним» (Ж.Жабборов сўзи), «Оқ олтин таронаси» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Дурдона ўлкам» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Дўстлик фестивали» (Б.Насриддинов сўзи), «Пахта» (Халқ сўзи). Айниқса, унинг лирик эстрада қўшиқлари машҳур бўлди: «Мирзачўл ёр-ёри» (Ш.Шомуҳамедов сўзи), «Баҳор қўшиғи» (Ў.Рашид сўзи), «Пиллачи қиз» (Миртемир сўзи), «Бахт қўшиғи», «Чўлпон қўшиғи» (Ж.Жабборов сўзлари), «Койинманг, онажон» (С.Зуннунова сўзи), «Механизатор қиз» (Камтар сўзи), «Жонажон Тошкентим» (Т.Тўла сўзи), «Пахтазор ўлкам» (Ҳ.Ғулом сўзи), «Гўзал Тошкентим» (П.Мўмин сўзи) ва бошқалар.

Ғ.Қодиров қўшиқларининг аксарияти, жумладан болалар учун яратган қўшиқлари қуйидаги нота тўпламларида чоп этилган: «Қўриқ ер қўшиқлари», «Пиллачи қиз», «Қуёш ва биз», «Бахт қўшиғи», «Мактабжон-офтобжон», «Бахтли авлод», «Ўйнаб бер». Булардан ташқари «Фортепиано учун пьесалар» ва «Ўзбек рақслари» тўпламлари ҳам нашрдан чиққан.

Йиллар давомида Ғ.Қодиров чолғу мусиқа соҳасида самарали ижод қилди. У симфоник оркестр учун «Поэма-баллада», Поэма, «Рақс сюита»си, «Балет сюита»си, «Ёшлик увертюраси», «Сўзана» поэмаси, иккита симфоник сюита, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун: 4та сюита (1949, 1954, 1967, 1979й.), «Кичик увертюра», «Вальс», «Ёшлар вальси», «Қизлар рақси», «Йигитлар рақси», дамли чолғулар учун: «Юбилей марши», афғон рубоби ва фортепиано учун иккита пьеса ёзди.

Ғ.Қодиров асосан, болалар учун кўп қўшиқ ва йирик ҳажмли вокал-чолғу асарлар яратди. Шунинг учун унга «Болаларнинг севимли композитори» деб ном беришган. Композитор турли чолғу ансамбли, оркестр, яккахон, ансамбль ва хор учун яратган асарлари орасида яккахон, хор ва симфоник оркестри учун «Мактабжон-офтобжон» (Т.Илҳомов сўзи) 4 қисмли вокал-симфоник сюитаси, «Биз ёш ўқувчилар» (Т.Илҳомов сўзи) 4 қисмли кантатаси, «Биз космоснинг забткоримиз» (Ҳ.Муҳаммад сўзи) 4 қисмли кантатаси, «Биз истиқбол эгасимиз» (П.Мўмин сўзи) 5 қисмли вокал-симфоник сюитаси, болалар хори учун «Лайлак», «Чегарачи», «Алишер исмли болаларга» (Б.Исроилов сўзи), «Бобомлар боғбон», «Ота-оналарга», «Арча қўшиғи» (Э.Раҳимов сўзлари), «Дангасалик - касаллик» (П.Мўмин сўзи), якка ижрочилар учун қўшиқлар қатор нота тўпламларга киритилган.

Композитор Ғ.Қодиров ўзининг ёрқин ижодий педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан Ўзбекистон мусиқа маданияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1983й.) фахрий унвони билан тақдирланган.