Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            АНВАР ЭРГАШЕВ

(1954-2020)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1986 йили ёрқин истеъдод соҳиби, пианиночи, дирижёр ва композитор Анвар Эргашев турли шакл ва жанрларда яратган жозибали асарлари билан кириб келди. У басталаган кино мусиқаси, мусиқали драма ва комедиялари, симфоник, камер-симфоник асарлари, болалар театри, драмаси ва мусиқали театрлар учун ёзган мусиқаси Ўзбекистон мусиқа санъатида салмоқли ўрин эгаллайди.

Эргашев Анвар Йўлдошевич Душанбе шаҳрида 1954 йилнинг 19 апрелида таваллуд топди. Болалик йиллари Фарғонада ўтади. 1961 йили мактабда, 1962-1968 йилларда болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди. 1968-1972 йилларда Фарғона давлат мусиқа билим юртининг фортепиано синфида таҳсил кўрди. 1972-1977 йилларда Тошкент давлат консерваториясида фортепиано мутахассислиги бўйича доцент Б.В.Евлампиев синфида ўқиди. Консерваторияни битиргач, Фарғона мусиқа билим юртига ишга йўлланма олади. Ҳарбий хизматни адо этиб, 1980 йилда консерваториянинг опера-симфоник дирижёрлиги синфига ўқишга киради. Икки йилдан сўнг композиция факультетига ўтказилиб доцент М.Тожиев синфида таълим олди. 1986 йили фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт» диплом иши билан ўқишни муваффақиятли битирди. 1994 йили опера-симфоник дирижёрлиги мутахассислигини профессор Ў.Усмонов синфида битирди.

А.Эрашев меҳнат фаолиятини 1971 йили ўқиб юрган кезлари Фарғона мусиқа билим юртида концертмейстерликдан бошлади. 1977-1980 йиллари Фарғона давлат мусиқа билим юртида ва 1980-1986 йиллари Р.Глиэр номидаги мусиқа мактаб-интернатида ўқитувчилик қилди. 1986-1988 йилларда у Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг репертуар коллегияси ходими лавозимида ишлади. 1988-1993 йиллари А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти катта ўқитувчиси, 1993-1996 йиллари Навоий номидаги катта опера ва балет театри дирижёри, 1996-1998 йиллари Й.Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида мусиқа бўлими мудири ва 1998-2008 йилларда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри бош дирижёри, 2002 йилдан буён А.Навоий номидаги ДАКТда бадиий раҳбар лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

А.Эргашевнинг композиторлик фаолияти талабалик давридан бошланган. У консерваторияда ўқиб юрган пайтларида: фортепиано учун сонатина; 4 та прелюдия, рондо, соната, виолончель ва фортепиано учун пьеса, скрипка, виолончель ва фортепиано учун трио, торли квартет, виолончель ва симфоник оркестр учун концерт-поэма, Зулфия шеърига иккита романс ва замондош шоирларнинг сўзларига бир нечта қўшиқлар басталади. Унинг ижодида театр ва кинофильмларга мусиқа басталаш устун туради. Ўтган йиллар давомида 1987 йили «Қасоскорнинг олтин боши» (реж. А.Ҳамдамов), 1987 йили «Оқ бино оқшомлари» (реж.Ҳ.Файзиев), 1988 йили «Шерали ва Ойбарчин» (реж.Х.Иброҳимов), 1989 йили «Уч қирол жанги» (реж. Сухайль Бен Барка) — Марокко, Италия, Испания ва «Ўзбекфильм» студиялари ҳамкорликда; 1990 йили «Қора мушук изларидан» (реж.Ю.Розиқов), 1990 йили Марказий телевидение топшириғи билан «Исходные данные смерти», «Олов қаъридаги фаришта» (реж.Ю.Розиқов), 1991 йили «Жаҳаннамга сакраш» (реж.М.Боймуҳамедов), 1992 йили «Тавба» мусиқали бадиий фильми (реж. Ф.Ҳайдаров), 1993 йили «Шариф ва Маъриф», 1994 йили «Тилла бола» комедиялари (реж. И.Эргашев), 1994 йили «Бомба» комедияси (реж. З.Мусақов), 1995 йили «Юлдузингни бер, осмон» (реж. Ф.Давлатшин), 1996 йили «Ака Шариф Тошкентда» комедияси (реж.Д.Абдуллаев), 1997 йили «Катта жанжал» (реж. М.Боймуҳамедов), 2001 йили «Ойижон» (З.Мусоқов), 2002 йили 8 серияли «Фидойилар» (реж. Б.Содиқов), 1996 йили «Бойкенжаев ва бошқалар», 1997 йили 10 серияли «Тартиб», 25 серияли «Домла» (реж.Ю.Розиқов), 1998 йили 10 серияли «Диққат, мотор» (реж. Ф.Давлатшин), 1999 йили 2 серияли «Қуёши ботмайдиган юрт» (реж. Д.Каримова), 5 серияли «Силсила» (реж. М.Муҳамедов, 1999 йил), «Бешовлон» (реж.С.Бабаев, 2001 й.), «Боғ» (реж. Б.Аҳмедов, 2001 й.) кинофильмларига мусиқа басталади.

Композитор А.Эргашев қуйидаги театрларда саҳна юзини кўрган спектаклларга мусиқа басталади: Навоий номидаги Ўзбекистон давлат Академик катта опера ва балет театрида «Тегирмон тепасидаги қуёш» (1994 й.), «Қор маликаси» (1996й.), «Сеҳрли китоб» (1997й.), «Морозко» (1998й. реж.Х.Қосимов.), «12 ой» (1995й. реж. Х.Комилов.), «Янги йил тўполони» (2001й. реж. В.Умаров), “Кичкина Мук” (2005), “Қишки ўрмон эртаги” (2011) каби мюзикллари, “Ҳумо” балети (2006).

Муқимий номидаги театрда 1990 йили «Анқовлар чайқови» мусиқали комедияси, Тошкент оперетта ва мусиқали комедия театрида «Крошка», «Митти» (реж.В.Бородин, 1992й.), “Наша Майсара” мусиқали комедияси (2014), Иркутск шаҳрида «Убей меня голубчик» мусиқали комедияси қўйилган.

Ҳамза номидаги академик драма театри учун «Уфқ» (Саид Аҳмад асари, 1995й.), «Қатағон» (Ў.Ҳошимов асари, 1995 й.), «Жиноят устида ушлансин» (Ҳ.Муҳаммад асари, 1997й.), «Соҳибқирон» (А.Орипов асари, 1997й.), «Кундузсиз кечалар» (У.Азимов асари, 1998й.), «Сеҳрли танбур» (Ҳ.Муҳаммад асари, 1998й.), «Пири коинот» (Ҳ.Расул асари, 1998й.), «Шайтон ва Фаришта» (реж.С.Имомов, 1998 й.) спектаклларига мусиқа басталади.

Ёш томошабинлар театри учун 1987 йили «Яраш-яраш» мюзиклини ва 1996 йили «Балли улоқча» мусиқали эртакни (Н.Рўзимуҳамедов асарлари), 1993 йили «1001 кеча», мюзикл (Н.Турсунов асари, реж. В.Умаров), «От йиғлаган оқшомда» (Т.Мурод асари, реж. О.Салимов), 1996 йили «Учар табиб» (Мольер -Ш.Бошбеков асари), «Осмондан танга тушган кун» (Д.Маҳмудов асари, реж. Д.Маҳмудов), «Ваққос ва паққос» (Х.Исомитдинов асари, реж.Х.Маҳмудова) спектаклларига мусиқа басталади.

Композитор А.Эргашев асарлари Марокаш, Италия, Испания, Франция, Германия, Россия каби хорижий мамлакатларда ижро этилди. 2001 йилда Анвар Эргашев 2000 йилнинг энг яхши бастакори номинациясида «Офарин» мукофотига сазовор бўлди.

2002 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони, “Ҳумо” балети учун 2007 йилда Республика Давлат мукофоти билан тақдирланди.