Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                                    ҒАНИ ХОЛИҚОВ

(1946)

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли композитор Ғани Холиқов Ўзбекистон мусиқа санъатига 1970-йилларнинг ўрталарида кириб келди. У ранг-баранг, оҳангдор эстрада қўшиқлари, мусиқали саҳна асарлари, симфоник асарлари, рақс куйлари билан шинавандалар қалбидан муносиб ўрин олди. У Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1988 йили қабул қилинди.

Ғани Холиқов Жиззах шаҳрида 1946 йилнинг 8 апрелида дунёга келди. Ғани 1958 йилда Тошкент давлат дамли чолғулар махсус мусиқа мактабида труба синфида ўқишни бошлади. 1965 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультети тайёрлов бўлимига ўқишга қабул қилинди ва бир йилдан сўнг асосий босқичга профессор Г.А.Мушель синфига ўтказилди. 1968 йили ҳарбий хизматни адо этиб қайтади ва ўқишини профессор Сайфи Жалил синфида давом эттиради. У санъат сирларини чуқур ўрганди, ижодий изланди, турли жанр ва шаклларда асарлар ёзди. Унинг «Марғилон», «Сенинг совғанг», «Тўнғич ғунча», «Лолам», «Тонгда», «Сен учун», «Ишқингда ёнаман», «Сеҳри бордир», «Гулчеҳра» каби эстрада қўшиқлари Юнус Тўраев, Раъно Шарипова, Наталья Нурмуҳамедова ва Раъно Қодировалар ижросида оммалашиб кетди. Б.Зокировнинг сценарийси билан яратилган «Синдбаднинг еттинчи саёҳати» театрлаштирилган томошага етук композиторлар билан бир қаторда консерватория талабаси Ғ.Холиқов ҳам мусиқа яратди.

1974 йили Ғ.Холиқов диплом иши сифатида тақдим этилган ўзининг биринчи симфонияси билан консерваторияни муваффақиятли битирди. Ўша йили Ю.Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрига бош дирижёр этиб тайинланди. 1978-1980 йилларда Жиззах давлат санъат билим юрти директори, 1981-1984 йиллари вилоят халқ ижодий уйида бўлим мудири, 1984-1991 йиллари яна Жиззах вилоят мусиқали драма театри бош дирижёри, 1991-2001 йилларда Жиззах давлат санъат билим юртида эстрада бўлими мудири,  2001-2002 йилларда Ҳамза номидаги мусиқа коллежида, 2002-2004 йилларда эстрада-цирк коллежида, 2005-2008 йилларда В.Успенский номидаги РИМАЛда ўқитувчи бўлиб ишлади.

Композитор Ғ.Холиқовнинг ижодий фаолиятида эстрада мусиқаси устун туради. У йиллар давомида 200 дан ортиқ оммабоп қўшиқлар, оркестр ва ансамбллар учун чолғу куйлар яратди. Унинг «Мажнунтол», «Куйла, Ботир» (З.Обидов сўзлари), «Наврўзи оламга келинг» (Орифий сўзи), «Бу менинг севгилим» (А.Ҳожи сўзи), «Нозлигим», «Она Ўзбекистон», «Дутор рози» каби қўшиқлари билан бирга ўзбек халқ ва мумтоз қўшиқ ва куйларидан «Қари Наво», «Дилхирож», «Ёр-ёр», «Соқийномаи Баёт», «Учрашув» каби 20 дан ортиқ асарлар туркумлари,  «Гул диёрим бор», «Гул фасли», «Она элим», «Жоним Ўзбекистоним», «Сиз шонли армия аскарларисиз», «Келмадинг» (Миртемир сўзи), «Зилол оқин», «Хотира» ва «Камалак» (Ш.Ботирова сўзи), «Бевафо ёрга» (Ш.Ахророва сўзи), «Ёндимми мен, онажон» (Н.Баракаева сўзи), «Севдим сени» (М.Худойберганов сўзи), «Оқ каптар» (Тўлқин сўзи), «О, баҳорим кетмагин мендан» (Ҳ.Убайдулло сўзи) ва бошқалар профессионал хонанда ва жамоалар репертуарларидан муносиб ўрин олди.

Композитор қалами остида «Жиззах алёри» (Ҳ.Расул сўзи), «Келди Наврўз» (И.Ҳамро сўзи) каби вокал-хореографик сюиталар ва болалар хори ва якка хонандалар учун «Қўшиқ туркумлари», «Симфоник рақс», “Жиззах” симфоник поэма, эстрада оркестри учун «Қайдасан, Наргиз», «Илтижо», «Она диёрим» пьеса ва сюиталар, Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб эстрада оркестри ва хор учун «Фантазия» каби йирик мусиқий асарлар бунёдга келди. Мазкур асарлар орасида «Баҳор келди сени сўроқлаб» (Зулфия шеъри), «Хайр энди, хайр Дилрабо» (А.Орипов шеъри), «Интизор этма» қўшиқлари, «Соғлом авлод қўшиғи», «Тинчлик бўлсин дунёда», «Майса» (Ш.Аҳроров шеърлари) каби болалар учун қўшиқлар туркуми яратилди.

Ғ.Холиқов саҳна асарларига мусиқа басталашда ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Бу борада у драматург Ҳайитмат Расул билан ҳамкорликда «Қайсар қайнона», мусиқали комедия, «Аризасига кўра» (Ў.Умарбеков пьесаси) спектаклига, «Танбаллар» (К.Аваз пьесаси) комедиясига, «Кашмир қўшиғи» (Ш.Рашидов асари) номли мюзикл каби саҳна асарларига мусиқа яратди.

Ғ.Холиқов 2000 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», 2001 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонига сазовор бўлди.