Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                               ВИКТОР УСПЕНСКИЙ

(1879-1949)

Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти, санъатшунослик фанлари доктори, мусиқа этнографи, ўқитувчи ва истеъдодли композитор Виктор Александрович Успенский ўзининг кўп қиррали ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан республикамиз мусиқа маданияти ривожланишига катта ҳисса қўшди. У турли жанрларда мусиқий асарлар яратиб, қатор ижодий муаммоларнинг ечимини топишда биринчилар қаторида меҳнат қилиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

В.А.Успенский Россиянинг Калуга шаҳрида 1879 йилнинг 31 августида таваллуд топди. Виктор дунёга келганидан кўп ўтмай отаси хизмат юзасидан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига оиласи билан кўчиб ўтади. Кейинчалик В.Успенский шундай эслаган: «Болалигимдан менинг қалбимга рус ва Ғарбий Оврупо классик композиторлари, ўзбек ва қирғиз халқ мусиқаси кириб келди. Маҳаллий аҳолининг тўй-томошаларида ва сайилларда янграган мусиқа, айниқса, уларнинг ажойиб мураккаб усуллари мени мафтун қилар, уйимизда ҳам доим мусиқа жаранглар эди. Отам скрипкадан, онам фортепианодан сабоқ беришди. Менинг ижрочилик маҳоратим ўсиб борар эди. Гимназияни битирганимдан сўнг, ота-онам мени профессионал созанда бўлишимга қаршилик қилиб, мажбуран Оренбург ҳарбий кадет корпусига ўқишга бердилар. Бу ҳарбий мактабда интизом қатъий ва ўқиш жуда қийин бўлишига қарамай, мусиқага бўлган муҳаббатим сўнмади. Бўш вақтимда фортепианода машқ қилдим. Дамли ҳарбий оркестрда геликон чолғусида чалдим, кичик симфоник оркестрда эса контрабас ва арфа чалишга тўғри келди. 1898 йилда кадет корпусини тамомладим ва Александропольда жойлашган 45-Драгун Шимол полкида бўлим командири этиб тайинландим. Мазкур полкда хизматимни ўтган 1898-1908 йилларда мусиқа амалиёти ва назарияси билан астойдил шуғулландим. Консерваторияга киришга тайёрландим. 1908 йил мен поручик, ўз хоҳишим билан ҳарбий хизматдан истеъфога чиқдим ва ўша йили синовлардан ўтиб, Санкт-Петербург консерваториясининг композиторлик факультетига кирдим. Машҳур композитор, дирижёр, профессор А.К.Лядов синфида композициядан ва бошқа мусиқа фанларидан сабоқ ола бошладим. Лекин сил касалига чалиниб, 1910 йилда ўқишни вақтинча тўхтатиб, Швейцариянинг Давос ва Германиянинг Лейпциг шаҳарларида даволанишга тўғри келди. Бир йил Лейпциг консерваториясида, эркин тингловчи сифатида сабоқ олиб турдим. Даволаниб, ўз консерваториямга қайтиб ўқишимни давом эттириб, 1913 йилда битириб, «эркин санъаткор» дипломига эга бўлдим. Бир йил ижод билан шуғулландим ва мусиқа мактабида дарс бердим. Бу узоққа чўзилмади. 1914-йилда бошланган 1-жаҳон уруши менинг бутун режаларимга ва ижодимга салбий таъсирини кўрсатди. Армия сафига чақирилдим ва жангларда қатнашдим. 1916 йил ноябрида фронтда қаттиқ контузия бўлиб госпиталда даволандим. Лекин уруш касофати билан умрбод дудуқланиб гапирадиган бўлиб қолдим.

1917 йил 20 сентябрда «Маҳаллий халқ қўшиқларини тўплаш ҳамда халқ мусиқа санъатини ўрганиш учун Тошкентга келдим. 1918 йилнинг февралида Е.А.Чернявский ва А.В.Поповларнинг Туркистон халқ консерваториясини ташкил қилиш тўғрисидаги ғояси ва таклифлари амалга ошди. 1919 йил 15 июнь куни консерватория тантанали тарзда очилди ва ўқув жараёни бошланиб кетди. Мусиқада ўқишни хоҳловчилар сони тобора кўпайиб борди. Менинг ташаббусим билан 1919 йили Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳаси Баланд масжид, Роҳат боғида халқ консерваториясининг бўлими очилди. Бир неча йиллар давомида ҳофиз Шораҳим Шоумаров ижросида Фарғона-Тошкент мақомлари: «Дугоҳ Ҳусайний», «Чоргоҳ», «Шаҳноз-Гулёр», «Баёт», булардан ташқари: «Қаринаво», «Собиржон», «Заркокил», «Илғор» ва «Дилрабо» ашулаларини нотага ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Туркистон Маориф халқ комиссарлиги, Ўрта Осиё халқлари мусиқий фольклорини режали равишда ўрганиш, тарғибот қилиш учун илмий марказ ташкил қилишни менинг зиммамга юклади. Мен раҳбар сифатида Н.Н.Миронов, Ғ.Зафарий ва Э.Мелнгайлислар билан бирликда 1920 йилнинг 28 апрелида ушбу марказни очдик ва режа тузиб иш олиб бордик. Туркистон Марказий ижро комитети раисининг махсус фармонига асосан, вилоятлардан санъаткорларнинг турли авлодларини марказга жалб қилдик. Буни энг аввал ҳар бир хонанда ва созанда ва улардан тузилган ансамблларнинг ижрочилик санъатларини халқ олдида намойиш қилишга даъват қилишдан бошладик. Мана шу мақсад билан ташкил қилинган биринчи концерт 1921 йил 8 майида театр биносида ғоят катта муваффақият билан ўтди. Концерт дастурида ўзим симфоник оркестр учун гармониялаштирган ўзбекча «Заркокил», «Латифа», қозоқча «Дунё» ҳамда афғонча «Акрамхон» халқ қўшиқлари менинг дирижёрлигимда жаранглади.

 

Мен ва Н.Миронов ижрочилардан кўп қўшиқ, ашула ва куйларни нотага ёзиб бордик. 1922 йилнинг кузида Абдурауф Фитрат билан учрашдик. Узоқ суҳбатлашдик. У мени Бухоро Шашмақомини устозлардан нотага ёзиб олиш учун ўз юртига таклиф қилди ва шартнома туздик. Берилган ваъдамга ва шартномага асосан 1923 йилнинг бошида Бухорога етиб келдим. Мени улуғ санъаткорлар, Шашмақом билимдонлари Ота Жалолиддин Назиров, Ота Ғиёс Абдуғани ва Домла Ҳалим Ибодовлар билан таништирдилар. Уларнинг ижросида Шашмақомни нотага ёзиб олишга муяссар бўлдим. Нотага ёзишда айрим камчиликлар бўлиши мумкин. Шунинг учун «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» ва «Ироқ» мақомлари махсус комиссия томонидан текшириб чиқилди, Бухоро халқ маориф нозирлиги томонидан маъқулланди. Н.Н.Миронов таҳрири остида 1924 йили Москвада нашр этилди. Бу қилган ишимни Бухоро халқ жумҳурияти халқ маориф нозирлиги юқори баҳолаб, менга йўлланган ташаккурномасида шундай дейилади: «Қадимги мақомларни йиғиш ва ёзиб олиш сизга топширилган эди. Сиз бу вазифани моҳирона бажардингиз ҳамда Шарқ мусиқасини тўплаб, нашр қилиб, абадийлаштириш ишига жуда катта ҳисса қўшганингиз учун ташаккурномамизни қабул қилгайсиз. Имзо. А.Фитрат». Бу ишимдан ўзим ҳам мамнун бўлдим. Ушбу Шашмақомни нотага ёзиш жараёнида, 1923 йили қишлоқ хўжалиги кўргазмасига бир гуруҳ ўзбек санъаткорлари билан биргаликда Москвага бордим. Москвада ўзбек санъаткорларининг Концертлари жуда ҳам кўтаринки руҳда, муваффақиятли ўтди. Мен 2 сентябрь куни ўзбек халқи мусиқа санъати ва ўзимнинг қилаётган илмий ишим тўғрисида маъруза қилдим. Маърузамни мен билан борган санъаткорлар турли намуналар билан тасдиқлаб туришди. Бизни катта қизиқиш билан тинглаб, қизғин олқишлашди.

1925 йили август ойининг ўрталарида ҳамда 1927, 1929 йилларда Туркманистон ҳукумати таклифига биноан фольклор экспедицияларини ташкил қилиб, Туркман халқ мусиқасини турли ижрочилардан нотага ёзиб олишга муяссар бўлдим. Хуллас, 1920-йилларнинг бутун иккинчи ярмида асосан туркман мусиқаси устида илмий ва амалий иш олиб бордим. Натижада нашрга тайёрланган тўплам-китобни махсус комиссия кўриб чиқиб, юксак баҳо берди. Мусиқашунос  В.М.Беляев таҳририда «Туркман мусиқаси» китоби нашрдан чиқди ва махсус мукофотга сазовор бўлди. 1929 йилнинг 6 апрелида «Туркманистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирландим.

1930 йили Тошкент давлат мусиқа техникуми қошида ўзбек халқининг бой мусиқий меросини тўплаш, ўрганиш, нотага ёзиб олиш учун махсус бўлим очилди. Яъни ўзбек санъаткорлари билан ҳамкорликда ишлашга яхши шароит туғилди. Энг аввало дўстим Шораҳим Шоумаров билан илгарилари бошлаган ишимизни давом эттирдик. 1928 йилда ташкил топган Самарқанд давлат мусиқа ва хореография илмий-тадкиқот институти 1932 йили Тошкентга кўчиб келди. Энди биз мазкур институтнинг кўрсатма-режалари асосида илмий ишлар олиб борадиган бўлдик. Иш режасига биноан, машҳур ўзбек санъаткорларидан турли асарларни нотага ёзишни давом эттириш билан бирга, Тошкент вилоятига ҳам экспедицияга чиқиб доимий экспедиция ҳамкорларим Е.Е.Романовская, X.Мухамедова ва Ил.Акбаровлар билан биргаликда ҳаваскор созанда ва хонандалар, болалар ижроларида кўпгина қўшиқ ва куйларни нотага ёзиб олдик. Улар билан 1930-йилларда Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Фарғона водийси шаҳарларида экспедиция ўтказиб, жуда ҳам кўп халқ мусиқа намуналарини ёзиб олишга муяссар бўлдик. Кўп машҳур санъаткорлар билан танишдик.

Ўзбек ва туркман халқ мусиқа санъати менинг композиторлик ижодимга ниҳоятда катта таъсир қилди, илҳомлантирди ва улар асосида турли жанрларда асарлар яратдим. Мени босиб ўтаётган ҳаётим ва ижодий фаолиятим, албатта, гул сочилган равон йўл эмас. Халқлар маданияти ва санъатининг ўтмиш меросига, замонавий йўналишига, сиёсий мафкурадан келиб чиққан ҳолда муносабатлар ҳар хил бўлди. Айниқса, 1939-1948 йилларда «Мақом» санъати масаласидаги низолар юрак бағримни чил-чил қилди. Менинг дўстларим И.Азимов, М.Қориёқубов, Ян Пеккерлар билан ҳимоя қилишга уриндик. Лекин иложини қила олмадик. Мен Ўрта Осиё халқларига, санъаткорларига, бирга дўстона ишлаганларга, мени билган ва мухлисларимга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман».

Композитор В.А.Успенский фольклор экспедиция илмий ишлари, педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан банд бўлишига қарамасдан йиллар давомида мусиқа санъатининг турли шакл ва жанрларида ранг-баранг мусиқа асарларини ҳам яратди. Масалан: фортепиано учун қуйидаги асарларни ёзди: Прелюдия, соната, вариация, этюд, ўзбек халқ мусиқаси «Мискин-2», «Мухаммаси Ироқ», «Савти Ажам», «Самои Дугоҳ ва Аскарий» асосида пьесалар тўпламининг биринчи дафтари; «Уфор-Соқийнома», «Баёнчи», «Найларам», «Усмония» ва «Ражабий» тўрт қўл учун пьесалар тўплами иккинчи дафтар (бу икки ф-но дафтарлари Тошкентда 1936 йилда чоп этилган), пьеса «Гулханга ибодат қилиш», «Сув остида қўшиқ» (1945 й., 1948 й.), «Насруллойи» асосида рапсодия (1947 й.), «Новелла» пьесаси (1951 й.), иккита лирик вальс, пьеса «Капалак» (1955 й.) ва бошқалар.

Овоз ва фортепиано учун шоир К.Бальмонт сўзига «Русалка» (1970 й.) В.Брюсов сўзига «Сағана» (Дахма-1916 й.), П.Верлен сўзига «Ой нури» (1911 й.), П.Шелли сўзига «Ой» (1912й.), Ив.Бунин сўзига «Шероз атиргули» (1913 й.), М.Лермонтов сўзига «Бешик алласи», «Қалбим ўлик», «Айт, нима учун»» романслар (1913 й.), К.Бальмонд сўзига «Кечки далалар» ва «Мажнунтол» дуэтлари (1918 й.), «Куз қўшиғи», П.Верлен сўзига «Менинг юрагим ғамғуссада» романслари; Фарғона халқ қўшиғи «Ойдек тўлибдир», овоз ва фортепиано учун қайта ишланган (Хислат сўзи) ва «Вой, додей» (Халқ сўзи) ва икки хотин-қизлар овози ва фортепиано учун «Чаманда гул очилди» (Халқ сўзи). Мазкур қўшиқлар 1932 йил ёзилган, Москвада 1934 йилда чоп этилган (1956 йили эса қайта чоп этилган).

Овоз ва фортепиано учун «Ўзбекча вокализ» (1932 й. Москвада 1934 й. чоп этилган) 1928 йили «Равот қашқирлари» овозсиз кинога мусиқа басталади.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари якка овоз ва фортепиано учун «Ўзбекистон» (Чустий сўзи), Икки овозли хор ва фортепиано учун «Юриш марши» (Т.Фаттоҳ сўзи) ва «Юр, ботирлар» (Чустий сўзи) каби қўшиқларни яратди.

Композитор симфоник оркестр учун қуйидаги асарларни яратди: «Акрамхон» (афғонча), «Зулайҳо» ва «Сулу соч» (қозоқча), «Заркокил» (ўзбекча) кўплаб асарлар, симфоник сюита (Москвада 1934 йили чоп этилган). Овоз ва симфоник оркестр учун «Дугоҳ Ҳусайни II» ва «Тўлқин» (1933-1938 й.), «Муқанна» сюитаси, (1943-1944 й.), «Ўзбекча рапсодия» поэма-рапсодияси, (1944 й. 1960 йил чоп этилди), «Туркманча каприччио» (1945 й.), Навоий хотирасига «Лирик симфоник поэма» (1947 й. 1959 йили Москвада чоп этилган).

В. А.Успенскийнинг XX асрнинг 20-40-йилларида замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишида муҳим хизмати шундаки, у анъанавий ўзбек мусиқасининг кўп овозли шакл ва жанрини «пайванд» қилиш мумкинми ёки йўқми деган жумбоқ бўлиб турган саволга тўғри жавоб топди.

Буни «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид пьесаси) спектаклига басталаган мусиқасида тасдиқлаб берди. Маълумки, Навоий достони асосида Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин» пьесасига Ш.Шоумаров ва Ю.Ражабийлар ўзбек халқ мусиқа меросидан керакли намуналарни танлаб берган эдилар. Мазкур мусиқали драма 1922 йилда «Намуна» мактаби театр ҳаваскорлари томонидан биринчилардан бўлиб саҳнага олиб чиқилган эди. Келгусида вилоят театрлари ҳам шу услубда ўзлари халқ мусиқасидан киритиб ижро этадилар. 1934 йилда В.А.Успенский Хуршид билан ҳамкорликда «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси устида иш олиб боришди. Спектаклга мусиқа ёзишдан аввал, ўзини синаш ниятида «Баёт», «Ҳусайний», «Найларам», «Дугоҳ Ҳусайний», «Шаҳнози Гулёр» каби мумтоз ашулаларни кўп овозли услубда гармониялаштирган тарзда симфоник оркестрга мослаштириб, тингловчилар диққатига ҳавола этиб кўрди.

В.А.Успенский дастлабки муваффақиятлардан илҳомланиб, ўзбек куйлари, ашула ва мақомларини гармониялаштиришда тутган йўлининг тўғрилигига қаноат ҳосил қилиб, «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драма партитурасини ёзди. Мазкур асарнинг мусиқасини кўп овозли услубда ёзишда, мақом ва куйларнинг тузилишлари, парда хусусиятлари ҳамда зарб усул ўлчовлари, миллий хусусият бўёқларини сақлаб қолишда ижобий натижаларга эришди. «Фарҳод ва Ширин»нинг премьераси (Москвада) 1936-1937 йилларда жуда катта муваффақият билан ўтди ва композиторга шуҳрат келтирди.

В.А.Успенский қуйидаги нота тўпламлари ва мақолалар муаллифидир: «Шашмақом» (1924 й. Москва); «Мактаб болалари қўшиғи», (1924 й.); «Туркман мусиқаси» биринчи дафтар (1928 й.), «Иккинчи дафтар» (1929 й.), «Фарғона қўшиқлари» (1931 й.), «Бухоро қўшиқлари ва мақом парчалари» (1934-1947 й.), «Катта ашула» (1940 й.), «Ўзбек классик мусиқаси» (1927 й.), «Зикр куйлари» (1940 й.), «Турклар қўшиғи» (1943 й.), «Уйғурлар қўшиғи» (1945 й.), Навоий сўзига мусиқа (1949 й.), «Гулёр Шаҳноз» (1931ва 1956 й. чоп этилган). Кўп йиллар давомида Москвада истиқомат қилган, мусиқашунос ва шарқшунос олим, профессор, ўзбек ва шарқ мусиқасининг билимдони В.М.Беляев билан мактуб алмашиб турган. Бу хатларни 1980 йилда нашр қилинган «В. А.Успенский» китобида ўқиш мумкин. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида Ян Пеккернинг «В.А.Успенский» монографиясидан (Т.,1959 й.) тўла маълумот олиш мумкин.

1943 йили В.А.Успенскийга бажарган илмий ишлари учун ҳимоясиз санъатшунослик фанлари доктори илмий даражаси берилган. 1937 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланган.