Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                    АБДРЕИМ СУЛТОНОВ

(1930-1994)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердах номидаги Давлат мукофоти совриндори, созанда, дирижёр ва бастакор Абдреим Султонов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1989 йили қабул қилинган.

Абдреим Султонов 1930 йилнинг 15 августида Қорақалпоғистоннинг Чимбой шаҳрида дунёга келди. 1937 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, мусиқа тўгарагида гармон, мандолина ва скрипка чалишни ўрганди.

1941 йилда Чимбой туман театрдаги чолғу ансамблида созанда бўлиб ишга кирди. 1944-1949 йилларда Нукус давлат педагогика билим юртининг сиртқи бўлимида ўқиди. 1949 йилда Тошкент давлат консерваториясида профессор Б.М.Рейсон синфида скрипкадан, 1950 йилдан бошлаб композиторлик факультетида аввал профессор Б.Б.Надеждиндан, кейин Б.Гиенкодан сабоқ олди. 1955 йили консерваторияни муваффақиятли битирди.

1955 йилдан А.Султонов Станиславский номидаги мусиқали драма ва комедия театрининг симфоник оркестрига бош дирижёр этиб тайинланди. 1957-1963 йиллари Бердах номидаги филармония қошидаги халқ чолғулари оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри лавозимида, 1963-1965 йилларда Нукус давлат мусиқа ва хореография билим юртида ўқитувчи ва мудир вазифасида, 1965-1968 йилларда филармониянинг ашула ва рақс ансамблига бадиий раҳбар, 1968-1972 йилларда Станиславский номидаги мусиқали театрнинг симфоник оркестри бош дирижёри, 1972-1977 йилларда телерадио қошидаги халқ чолғулари оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри лавозимида ишлади. 1977-1982 йилларда Нукус шаҳридаги болалар мусиқа мактаби директори ва 1982 йилдан умрининг охиригача Ж.Шомуратов номидаги санъат билим юртида ўқитувчилик қилди.

А.Султонов композитор Ф.Назаров билан ҳамкорликда «Равшан» (1956 й., Ж.Оймирзаев пьесаси) мусиқали комедиясини, О.Ҳалимов билан «Бахыт» (1957) ва «Кырлы сокпаклар» (1961 й., С.Хожаниёзов, Сейтниязов ва Калибековлар пьесалари), Х.Турдиқулов билан «Арулар» (С.Хожаниёзов пьесаси) мусиқали драма ва комедияларини, Б.Ф.Гиенко билан ҳамкорликда халқ чолғулари оркестри учун машҳур «Қорақалпоқча сюита» ни яратди.

А.Султонов 1968 йили «Актрисанинг иқболи» (И.Юсупов пьесаси) мусиқали драмасини, халқ чолғулари оркестри учун «Қозоқча рапсодия», «Орамал рақс», «Ҳарманыз рақс», «Сюита № 1», «Қорақалпоқча хор-рақс» сюитаси, «Сюита № 2», «Сюита №3», «Алтын каллы жаслар косыги» вальси, «Баллада», «Хоразмча сюита», ғижжак ва оркестр учун «Сюита», «Қорақалпоқ ёшлар сюитаси», турли халқ чолғу ансамбли, фортепиано, халқ чолғулари оркестри ва симфоник оркестр жўрлигида классик ва замондош шоирларнинг шеърларига уч юздан ортиқ қўшиқ ва романслар яратди.

Унинг ижодида қўшиқ жанри устувор туради. Мисол сифатида айрим қўшиқ ва романсларнинг номларини айтиб ўтамиз: «Боғман қиз», «Белорус дўстлар», «Гулзархон», «Дугоналарим», «Ўзбекистоним», «Қизлар», «Туркменистон гўзали», «Салыкеш қызга» (Ж.Аймурзаев сўзи), «Амангул», «Гулжон», «Жаслык салты» (Т.Сайтжонов сўзи), «Саудигим», «Амудан солында достлык», «Бир жанан», «Келдим», «Болмаганша», «Бир пари», «Барсанба», «Садага», «Кече келмеди», «Бар сен бе», «Бери кел», «Шыкты жан», «Керак», «Дильдарим», «Бибигул», «Гул» (Ажиниёз сўзи), «Муҳаббатым салам», «Ўзбек қизи Лолахон», «Алтын дарьялык тынг», «Аэмулы атлаган жолларынг сенинг», «Кыздынг кеули кызыл гул» (И.Юсупов сўзи) ва бошқалар.

Абдреим Султонов ёрқин ижоди дирижёрлик, педагоглик, раҳбарлик ва жамоатчилик фаолияти билан она Ватанининг мусиқа маданияти ривожига катта ҳисса қўшди. 1957 йили «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1969 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонларига, 1974 йили Бердах номидаги Давлат мукофотига мушарраф бўлди.