Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                         ЭНМАРК СОЛИҲОВ

(1934)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Солиҳов Энмарк Шокирович 1960-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига ёрқин, жозибали, замонавий услубдаги эстрада қўшиқлари, симфоник асарлари ва кино мусиқаси билан кириб келди.

Солиҳов Энмарк Шокирович Самарқанд шаҳрида 1934 йилнинг 12 сентябрида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага меҳр қўйди. Шаҳар маданият уйи қошидаги ҳаваскорлар мусиқа тўгарагида аккордеон чалишни ўрганди. 1953-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимида фортепиано синфида таҳсил олди, 1954-1958 йиллари Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди. 1958-1963 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг бастакорлик факультетида профессор Б.И.Зейдман синфида таҳсил олди. Талабалик йилларида турли жанр ва шаклларда асарлар ёзди. 1960 йили давлат имтиҳонига «Симфония»сини тақдим этиб, консерваторияни битирди.

Э.Солиҳовнинг меҳнат фаолияти талабалик давридан бошланган. У 1960-1964 йилларда клубда концертмейстер, 1964-1965 йилларда Ўзбекистон радиоси симфо-джаз оркестрининг бадиий раҳбари, 1968-1969 йилларда Тошкент давлат консерваториясида ўқитувчи, 1968-1970 йилларда Ўзбекистон эстрада оркестрининг бадиий раҳбари, 1970-1973 йилларда Тошкент давлат консерваториясида ўқитувчи, 1971-1975 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг масъул котиби, шу билан бир вақтда 1973-1976 йилларда Ўзбек концерт ва Ўзбек эстрада жамоаларининг бадиий раҳбари, 1975-1982 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг ҳайъат раиси, 1982-1984 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлигининг мусиқий муассасалар бошқармаси бошлиғи, 1984-1986 йилларда «Ўзбекконцерт» директори, 1986-1990 йилларда «Ўзбек-концерт» бирлашмаси бадиий раҳбари ва айни пайтда 1987-1991 йилларда Ўзбекистон мусиқа жамиятининг ҳайъат раиси, 1996-1998 йилларда консерваторияда янги ташкил этилган эстрада мусиқаси кафедраси мудири, 1999 -2000 йилларда мазкур кафедра доценти лавозимида фаолият юритди.

Э.Солиҳов турли жанр ва шаклларда хилма-хил, ранг-баранг мусиқа асарлари яратди. 1963 йили симфония, «Тўйчи Эрйигитов» номли симфоник поэмаси, 1985 йили иккита рояль, скрипка, виолончельчилар унисони ва симфоник оркестр учун «Концертли пьеса №1», учта рояль, скрипка, виолончельчилар унисони ва симфоник оркестр учун «Концертли пьеса №2» асарлари мусиқа жамоатчилигида катта таассурот қолдирди. Композитор торли квартет, фортепиано учун «Соната», (Москвада «Концертный репертуар пианиста» тўпламида 1979 йилда чоп этилган), фортепиано учун «Рақс ва Прелюдия» («Детские пьесы композиторов Узбекистана» тўпламида 1985 йили чоп этилган). Булардан ташқари фортепиано учун ёш пианиночиларга атаб бирталай куйлар ёзди.

Э.Солиҳов 1976 йили ўзбек халқ эртаклари асосида «Ойгул парининг совғаси» (М.Шербаченко либреттоси) биринчи ўзбек мюзиклини, «Ажойиб доира» (Б.Рубина либреттоси) мюзиклини, «Хўжа Насриддин» (В.Виткович либреттоси), «Пароль — заря Востока» (А.Васильев либреттоси), «Дурочка» (Д.Шелков либреттоси) оперетталарини яратди. Мазкур асарлар 80-йилларда нафақат Ўзбекистонда, балки Россиянинг бир қатор шаҳарлари театрларида муваффақиятли саҳналаштирилди.

Композитор ижодий фаолиятида эстрада ва кино мусиқаси устувор туради. У замонавий ўзбек эстрада санъатининг ривожланиш жараёнига ўзига хос услуби билан турли мавзуларда ранг-баранг, жозибали асарлар яратди. Э.Солиҳовнинг 1964 йилда яратган «Қиз бола» (П.Мўмин сўзи) қўшиғи эстрада хонандалари Н.Нурмуҳаммедова, болгариялик Коцева, «Ялла» ансамбли ижросида Германия, Польша, Чехия, Словакия, Россияда машҳур бўлиб кетган эди. Ўзбек халқининг севимли эстрада хонандаси Ботир Зокиров ижросида «Бу оқшом» (М.Қориев сўзи), «Қайдасан» ва «Ажабо» (М.Ҳайдар сўзи), «Соғинди жон» (Э.Воҳидов сўзи), «Умид» (А.Мухтор сўзи) каби қўшиқлар ҳам элга манзур бўлди. «Кузги орзулар» (О.Гаджиқосимов сўзи) қўшиғи дипломга сазовор бўлди, «Дўстлик гуллари» қўшиғи эса Чехияда танлов-кўрикда фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Шу кунга қадар 200 дан ортиқ қўшиқ ва эстрада куйларини яратди.

Э.Солиҳов «Уйғониш» (режиссёр Ш.Аббосов), «Эртак учун бораман», «Номерга юз сатр», «Карвон» (режиссёр У.Назаров), икки серияли «Маржона», икки серияли «Алпомиш» (режиссёр Х.Файзиев), «Отамдан қолган далалар» (режиссёр Ш.Аббосов) бадиий кинофильмларига, «Ҳамро бувининг эртаги», «Шарқ», «Қувончнинг туғилиши», «Ургут нақшлари», «Инсон, фақат сен учун», «Орол эътиқодлари», «Баҳор» (режиссёр А.Қосимов), икки серияли «Яна, ўша Насриддин» (режиссёр Э.Давидов), олти серияли «Акбарнинг саргузаштлари», «Ҳаяжонли йиллар», «Тақдир эшиги» (режиссёр Л.Файзиев) телефильмларига мусиқа басталади. Москва «Флора-фильм» студиясида «Шакалы», «Ау, ограбление поезда», «Динозавры», «Яр» (Есенин асари асосида) кинофильмларига, Ўзбектелефильмда «Очиқ дор», «Эркатой» ва бошқаларга мусиқа басталади.

Энмарк Шокирович Солиҳов 1976-1980 йилларда икки маротаба Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши депутати бўлган. У 1984 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.