Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                        ТОЛИБЖОН СОДИҚОВ

(1907-1957)

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, композитор ва дирижёр Толибжон Содиқов замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатига 1920 йилларнинг бошида кириб келди. Устозлардан санъат сирларини ўрганди, ўқиди, дутор, танбур, най каби чолғуларда моҳир ижрочи сифатида танилди. Ўзининг ижодий, ташкилотчилик ва жамоатчилик фаолияти билан мусиқа санъатимизнинг ривожланишига биринчилар қаторида тамал тошини қўйди. Унинг яратган қўшиқ, романс, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, айниқса, мусиқали драма ва опералари яккахон, концерт ва театр жамоалари репертуарини бойитди.

Содиқов Толибжон Самарқанд шаҳрида 1907 йилнинг 12 мартида таваллуд топди. 1924 йили Самарқанд Ўзбекистон Республикасининг пойтахти деб эълон қилинган йили Толибжоннинг тақдирида ҳам кескин бурилиш рўй берди. Пойтахтда маданият ва санъат муассасаларига эътибор қаратилиши билан санъат гуруҳлари, театр ва концерт ташкилотлари, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари бирин-кетин пайдо бўлади ва улар ўртасида танловлар ўтказиш анъанага айлана бошланди. Толибжон шаҳардаги санъат гуруҳларига қўшилиб, концертларда қатнашар эди. 1927 йили Самарқандда машҳур, келгусида Ўзбекистон халқ артисти Али Ардобус (Иброҳимов) ёш ҳаваскор санъаткорлардан «Кўк кўйлакли»лар тўгарагини тузди. Мусиқа раҳбари этиб Толибжон Содиқовни таклиф этди. Мазкур тўгаракка келгусида санъатимиз намояндалари Дони Зокиров, Манас Левиев, Исохор Оқилов, Наби Ҳасанов, М.Халилов, Асрор Жўраев, Воҳид Абдуллаев, Жалол Обидов, Мирбобо Зиёев, Микоэл Калантаров ва бошқалар қатнашдилар. 1925 йилда Самарқанд мусиқали театрига Тошкент халқ консерваториясини битирган Юнус Ражабий мусиқа раҳбари этиб тайинланди. Шу йилдан бошлаб Толибжон Содиқов устоздан най чалишни ўрганди ва театр созандалар ансамблида қатнашди. 1928 йилдан бошлаб найчи бўлиб театрда ишлади. 1930 йили саҳна юзини кўрган «Боғбон қиз» (С.Абдулла пьесаси) спектаклига мусиқа басталади. 1928 йили Самарқандда Н.Миронов раҳбарлигида Ўзбекистон мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти ташкил топди. Биринчи талабалар қаторида Т.Содиқов ҳам бор эди.

Бу даргоҳда у устозлар - ҳофизлар Ота Жалол Носиров, Домла Ҳалим Ибодов, танбурчи Ҳожи Абдураҳмон, чангчи Матюсуф Харратов, найчи А.Исмоилов, қўшнайчи А.Умурзоқовлардан Фарғона-Тошкент, Бухоро ва Хоразм мусиқа услубларини ўрганди. Н.Н.Миронов нота ёзуви, сольфеджио, мусиқа назарияси ва тарихидан сабоқ берди. Институт режасига асосан Т.Содиқов курсдошлари М.Ашрафий ва Ш.Рамазоновлар билан Н.Н.Миронов бошчилигида биринчи маротаба халқ қўшиқ ва куйларини нотага ёзиб, 1931 йилда «Песни Ферганы, Бухары и Хивы» номли тўплам нашрдан чиқди. Курсдошлар «Садраш» номли илк симфоник асарни ҳам ҳамкорликда яратишди.

1930 йили Т.Содиқов Ҳамза номидаги ўзбек драма театрининг созандалар ансамблига раҳбарликка таклиф қилинди. У 1932 йилга қадар ишлаб чолғу ансамбли таркибини кенгайтирди, ижро сифатини яхшилади, театр репертуаридаги саҳна асарларининг мусиқасини қисман янгилади, драматург К.Яшиннинг «Ёндирамиз» драмасига мусиқа басталади.

1933 йили Ўзбекистон давлат мусиқий театр оркестрига (1939 йилдан бошлаб А.Навоий номидаги опера ва балет театри) дирижёр лавозимига таклиф этилади. Дирижёрлик иши билан бирга 1933 йили «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид пьесаси), 1935 йили «Ҳужум» (Чўлпон ва В.Ян пьесалари) ва 1936 йили “Пўртана” спектаклларига мусиқа басталади.

1934 йили Т.Содиқов Ўзбекистон Композиторлар уюшмасини ташкил этиш ваколатини олди. 1938 йилда Ўзбекистон Санъат Бош бошқармаси томонидан мазкур уюшманинг таъсис ҳайъати тасдиқланди. Таъсис ҳайъатига Толибжон Содиқов — раис, М.Ашрафий — раис ўринбосари, Карим Абдуллаев — масъул котиб ва аъзолар буйруқ билан тайинландилар. Уларга қурултойга тайёргарлик кўриш вазифаси топширилди. Иккинчи жаҳон уруши сабабли Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси биринчи қурултойи 1948 йили бўлиб ўтди.

1937 йили Москвада ўтадиган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасига 1936 йилдан бошлаб катта тайёргарлик бошланди. Т.Содиқов «Биринчи депутат» (М.Пётр сўзи) ва «Сафарбар» (Миртемир сўзи) қўшиқларини, овоз ва симфоник оркестр учун «Ёр» (Миртемир сўзи) романсини, симфоник оркестр учун «Шодиёна» поэмаси ва «Рақс», Р.М.Глиэр билан ҳамкорликда «Гулсара” (К.Яшин пьесаси) мусиқали драмаси каби асарларни яратди. Булар декада дастурларида ижро этилди ва олқишларга сазовор бўлди. 1940 йили Р.М.Глиэр билан ҳамкорликда «Лайли ва Мажнун» (Хуршид либреттоси асосида) операсини яратди.

1935        йили Москва консерваторияси қошида М.Қориёқубов ташаббуси ва раҳбарлигида Ўзбек опера студияси ташкил топган эди. Толибжон Содиқов композиторлик малакасини ошириш ниятида 1939-1941 йилларда мазкур студияда профессорлар Рейнгольд Глиэрда композициядан, Мелик Пашаевда дирижёрликдан сабоқ олди. 1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши унинг ўқишини тўхтатди.

Т.Содиқов ижодий фаолияти уруш ва тинчлик йилларида самарали бўлди. У бирин-кетин мусиқанинг турли шакл ва жанрларида кўплаб асарлар яратди. Улар орасида А.Ф.Козловский билан ҳамкорликда «Даврон ота» (С.Абдулла пьесаси, 1941й.) М.Бурҳонов, М.Вайнберг, Т.Жалилов, Н.Ҳасанов, А.Каримовлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон қиличи» драмаларини (1942 й.), «Гулхан» (Ш.Саъдулла пьесаси, 1943 йил) болалар учун спектаклга мусиқа басталади. 1942 йилда Миртемир билан ҳамкорликда 5 та қўшиқ ва 4 та романс ёзди. Айниқса, унинг “Булбул” (Камтар шеъри), «Баҳор» (Миртемир шеъри), «Сарвигул» (Навоий шеъри), «Жонон кўринур» (Низомий шеъри) романслари машҳур бўлиб кетди. Буларни хонандаларнинг бир нечта авлодлари ижро этиб келмоқда.

Уруш йиллари яна якка хонанда ва симфоник оркестр учун «Интизор» номли вальс, «Фарҳод қурилиши» симфоник поэмаси ва жангчиларга бағишланган махсус «Кино концерт» фильмига мусиқа танлади ва ёзди. Урушдан кейинги йилларда у «Севаман» (С.Абдулла пьесаси) мусиқали комедиясини (1945 й.) «Армуғон» (А.Бобожонов пьесаси) мусиқали драмасини, Р.М.Глиэр билан ҳамкорликда «Гулсара» (К.Яшин либреттоси, 1949 й.) ва «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид либреттоси, 1949 й.) операларини  таҳрир қилдилар. «Зайнаб ва Омон» операсининг (1957 й.) биринчи пардасини ёзишга улгурди. 1958 йили Зулфия либреттоси асосида ёзилган ушбу операни Ю.Ражабий, Д.Зокиров ва Б.Зейдманлар охирига етказишди ва ўша йили премьераси бўлди. Мазкур опера 1959 йили Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида бошқа опералар қатори намойиш этилди. 1951 йилда Москвада ўтган Ўзбек адабиёти ва санъати декадасига бағишлаб якка овоз ва симфоник оркестр учун «Москва» (А.Пўлат сўзи) номли қўшиқ, мумтоз «Ушшоқ» мақом ашуласини қайта ишлаб, симфоник оркестрга мослаштирди, «Ватан» ҳақида туркум қўшиқлар композитор Б.Бровцин билан ҳамкорликда иккинчи «Киноконцерт» яратди. Муқимий шеърларига ёзилган ўзбек халқ ашула ва яллаларини овоз ва симфоник оркестрга мослаштирди. Турли мавзуларда, классик ва замондош ўзбек шоирларнинг шеърларига бир қатор қўшиқ, ашула ва романслар яратди. Уларнинг аксарияти 1949-1956 йилларда тўпламларга киритилиб чоп этилган. Т.Содиқов 1957 йили «Ҳур Ватан» ва «Бахтиёр ёшлик» (А.Бобожон сўзлари), «Жоним, ишон» (Мирмухсин сўзи) номли қўшиқлар яратди.

Композитор Толибжон Содиқов Ўзбекистоннинг замонавий мусиқа маданиятини ривожланишидаги улкан хизматлари учун, 1939 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони, Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиқлари, орден ва медаллар билан тақдирланган.

Ажойиб инсон, халқимизнинг севимли композитори, дирижёр ва жамоат арбоби Толибжон Содиқов 1957 йили оламдан кўз юмди. Тошкент шаҳар болалар мусиқа мактаби ва пойтахт кўчаларидан бирига унинг номи берилди. 2003 йилда Т.Содиқов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.