Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                             ФАХРИДДИН СОДИҚОВ

(1914-1977)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, созанда, бастакор ва устоз Фахриддин Содиқов ижодий, ижрочилик, муаллимлик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У ўзбек мумтоз мусиқа анъаналарини изчил давом эттириб, ўзига хос услубда қўшиқ, ашула, куй ҳамда бошқа шакл ва жанрларда бир қатор асарлар яратиб, халқимиз ҳурмат эътиборига сазовор бўлди. Бастакорнинг яратган мусиқаси жўшқинлиги, ширадорлиги, мазмундорлиги, таъсирчанлиги билан тингловчига ҳузур бахш этади.

Фахриддин Содиқов Тошкент шаҳрида 1914 йилнинг 13 майида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди. Аввал дутор чертишни маҳалладаги катта ёшдаги болалардан ўрганди. Кейинчалик Чорсу гузарида жойлашган машҳур ҳофиз Шораҳим Шоумаров ташкил этган «Санои нафиса» жамоаси қошидаги ансамбль чиқишларини кузатиб борди ва тез орада уларга шогирд бўлиб ҳам қолди. Нуғмон-қори Мўминзода устозидан чанг чалиш, Абдусоат Ваҳобов устоздан дутор чертиш маҳоратига эга бўлди. 1918 йили Туркистон халқ консерваторияси ташкил этилиб, В.А.Успенский раҳбарлигида эски шаҳар бўлими очилиши муносабати билан Ф.Содиқов 1920 йилдан бошлаб устозлардан сабоқ олишни давом эттирди. 1924 йилда халқ консерваторияси негизида Тошкент давлат мусиқа техникуми очилиши билан 1926 йилдан у ерда ўқиб, 1933 йили муваффақиятли битирди.

Бастакор, чангчи-созанда Ф.Содиқов меҳнат фаолиятини 1930 йили Ўрта Осиё темир йўл қошидаги клубда халқ чолғулари ҳаваскорлар тўгарагини ташкил қилишдан бошлади. 1928 йили ўтказилган созандалар танловида Ф.Содиқов қатнашиб иккинчи даражали, кейинги йилда эса биринчи даражали дипломга сазовор бўлди. 1933 йили у мусиқали театрга ишга қабул қилиб, машҳур санъаткорлар билан танишди, улар билан ижодий мулоқотларда бўлди. 1937 йилда Москвада ўтадиган Ўзбекистон санъати ва адабиёти декадасига Т.Жалилов бошчилигида 100 кишидан ортиқ ўзбек ансамблига моҳир созандалар қатори Ф.Содиқов ҳам ишга таклиф қилинди. 1938 йили филармония қошида хотин-қизлардан иборат дуторчилар ансамбли ташкил этилгач, у мусиқа раҳбари сифатида ишлади ва бастакорлик ижоди билан репертуарни бойитди, ижрочилик маҳоратини оширди ва тез орада машҳур жамоага айлантирди. Уруш йиллари фронт концерт бригадасининг мусиқа раҳбари бўлиб жангчиларга хизмат қилди. 1947-1953 йиллари Ф.Содиқов Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблида чангчи, 1953-1955 йилларда филармониянинг ашула ва рақс ансамбли созандаси, 1955-1957 йилларда Ўзбек давлат эстрадасида ансамбль раҳбари вазифасида ишлади.

1957 йилда Ф.Содиқов Ю.Ражабий раҳбарлигидаги радио қошида ташкил этилган созандалар ансамблига чангчи этиб таклиф қилинди. 1959 йилда мақомчилар ансамблида чангчи, 1961 йилдан эса мазкур ансамблга мусиқа раҳбари этиб тайинланди ва шу вазифада умрининг охиригача ишлади. 1972 йилда Тошкент давлат консерваториясида янги ташкил топган Шарқ мусиқаси кафедрасида ишлаб, мақом ижрочилиги бўйича талабаларга устозлик қилди.

Ф.Содиқов яратган ноёб ва баркамол мусиқий асарларни, айниқса, миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишига қўшган ҳиссасини инобатга олган ҳолда 1967 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди.

Ф.Содиқов мусиқанинг турли жанрларида ижод қилди, унинг ижодида куй, қўшиқ ва ашула алоҳида ўрин тутади. У классик ва замондош шоирлар шеърларига 300 дан ортиқ асарлар яратди. Жумладан, Ғ.Ғулом сўзига 1934 йили басталаган «Ҳорманг энди колхозчилар», «Марҳабо» (Миртемир сўзи), «Ватандан миннатдорман», «Эй чеҳраси тобоним» (Муқимий сўзи), «Ўйнасин» (Ҳабибий сўзи) илк қўшиқ ва лирик ашулалари тингловчиларни ўзига жалб қилди. Бастакор бирин-кетин, янги-янги оригинал қўшиқ ва лирик ашулалар яратишга муваффақ бўлди. У яратган ватанни, меҳнатни, тинчликни мадҳ этадиган қўшиқлар орасида «Ўзбекистоним менинг» (Уйғун сўзи), «Ҳосил тўйи» (М.Қориев сўзи), «Жаҳон бўйлаб бир овоз янграр» (К.Муҳаммадий сўзи), «Тинчлик қўшиғи» (У.Ғани сўзи), «Зарафшон» (А.Пўлат сўзи), «Гуллар водийси» (Т.Тўла сўзи), «Ватан ўхшар қуёшга» (Э.Раҳим сўзи), «Ўзбекистон олтини» (Ё.Мирзо сўзи), «Ботир чўпон қўшиғи» (К.Муҳаммадий сўзи), «Олтин водий» (З.Обидов сўзи), «Теримчи қизга» (С.Зуннунова сўзи), «Ёрим тўқур хонатлас» (А.Бобожонов сўзи), «Ўлкам ипакка тўлсин», «Оқ олтин карвон-карвон» ва «Мирзачўлнинг қизиман» (З.Обидов сўзлари) каби қўшиқлар радио тўлқинларида мунтазам жаранглаб келди. Бастакорнинг кўплаб қўшиқ ва ашулалари табиатни, ишқ-муҳаббатни, инсонийликни, гўзалликни мадҳ этади: «Севгилим», «Тонг шабодалари», «Уёламан», «Ҳаё» (М.Қориев сўзлари), “Ёр билиб”, «Хўб де, жоним”, «Ёр бўлсанг дейман» (С.Зуннунова сўзлари), «Бир гўзал», «Ойдин кечада» (Миртемир сўзлари), «Онажоним», «Айб этма», «Хуш ҳаво чаманларида», «Муборакбод», «Қўзим», «Мезбон бўлай» (З.Обидов сўзлари), «Менга навбат», «Ширмоной», «Ёр бўлмаса», «Гўзал», «Зуҳрога» (Т.Тўла сўзлари), «Очил ниҳол», «Сўлим баҳор», «Висол гулшани», «Вафо қўшиғи», «Сув сулув қўшиғи» (А.Исроилов сўзлари), «Хумор», «Шайдосиман», «Ташна қалбим» (Ё.Мирза сўзлари).

Ф.Содиқов Б.Гиенко билан ҳамкорликда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган «Ота ўғли» (Ҳ.Шарипов пьесаси), Т.Тошматов билан ҳамкорликда «Инбузарлар» (Ш.Низомиддинов пьесаси), С.Ҳайитбоев билан ҳамкорликда «Салтанат ларзада» (В.Саъдулла пьесаси) мусиқали драмалари, Д.Зокиров билан ҳамкорликда «Гўзал» номли телепостановкаларга мусиқа яратди. Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестри учун Т.Тошматов билан ҳамкорликда Т.Тўла сўзига «Янги Тошкент» номли сюита ва «Кўнгил сен» (С.Қўқонбеков сўзи), «Ўзбекистон» (Т.Ражабий сўзи), «Кўнглида бўлса» (Т.Мўминов сўзи) қўшиқларини яратди. Булардан ташқари у «Ватан марши», «Қурилиш марши», “Гулнор”, «Ўзбекча вальс», «Ўхшарсиз» каби чолғу куйларини яратди, Ўзбекистон радиосининг рамзий чақириқ куйини басталади.

 

Ажойиб инсон, машҳур бастакор, созанда ва устоз Ф.Содиқов XX аср мусиқа санъатини ривожлантиришига қўшган ҳиссаси учун 1964 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган, орден ва медаллар билан мукофотланган.