Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                             АЛИШЕР РАСУЛОВ

(1960)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1990 йилдан буён аъзоси, композитор Алишер Расулов ҳозирги замон эстрада мусиқаси ижодкорларидан бири. У яратган жозибали қўшиқлар хонандалардан Ғуломжон Ёқубов, Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова, Раъно Шарипова, Юлдуз Абдуллаева, Кумуш Раззоқова, Козим Қаюмов репертуарларидан кенг ўрин олган.

Расулов Алишер Турсунбой ўғли Тошкентда 1960 йилнинг 8 июлида туғилди. Алишер 1967 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, мусиқа мактабида рубоб чалишни ўрганди. 1975 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди, мусиқа басталашга қизиқиб композитор Мирхалил Маҳмудовдан сабоқ ола бошлади. 1980 йилда у М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига кириб, профессор Тўлқин Қурбонов синфида таҳсил олди. Давлат имтиҳонига А.Расулов биринчи симфониясини тақдим этади ва 1985 йили ўқишни муваффақиятли битирди.

А.Расулов меҳнат фаолиятини 1984 йилда 21-болалар мусиқа мактабида мусиқа назариясидан дарс бера бошлади. 1985-1987 йиллари Ашула ва рақс ҳарбий ансамблида хизмат бурчини адо этди. 1987-1991 йилларда ўзи ўқиган 4 - болалар мусиқа мактабида мусиқа назарияси фанидан дарс берди. 1991 йилдан ҳозирга қадар эркин ижод билан шуғулланмоқда.

А.Расулов ижодий фаолиятини талабалик давридан бошлади. У 1980-1985 йилларда фортепиано учун «Поэма»; беш қисмли сюита, иккита фуга, иккита прелюдия, 4 та пьеса, Шарқ пьесаси, болалар учун пьеса, фагот ва фортепиано учун пьеса, труба ва фортепиано учун соната, орган учун фуга, шоир Махтумқули шеърларига «Йиғларман» ва «Бўйларингга» қўшиқлари шулар жумласидандир. Унинг «Эсингизда бўлсин, инсонлар» кантатаси 1985 йилда ёш композиторлар кўрик-танловида рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди. А.Расулов мустақил ижодий фаолияти давомида қуйидаги йирик шаклдаги мусиқа асарларини яратди: 1989 йили шоир Э.Воҳидов шеърига «Руҳлар исёни» вокал симфоник поэмаси ва 1993 йили унинг иккинчи қисмини ёзди. Камер симфоник оркестр учун «Зороастр» концерти 1989 й, труба ва оркестр учун концерт 1991 й., виолончель ва оркестр учун концерт 1992 й., «Тўпаланг тойнинг ҳангомаси» мусиқали комедияси, «Бир кам дунё» (Тоир Юнус пьесаси, 1993 й.) трагикомедияси Муқимий номли мусиқали театрда саҳна юзини кўрди. “Танҳо юлдуз”, “Аббосхон”, “Уйқусиз кечалар” мусиқали драмалари, “Тили асалим” мюзиклини ҳам яратди. 1997 йилда режиссёр Саид Мухторовнинг «Адолат қомуси» номли 5 серияли ҳужжатли фильмига, 1997 йилда режиссёр Ю.Розиқовнинг «Ғаройиб парвоз» бадиий фильмига мусиқа басталади, «Томоша гуруҳи» учун «Келажакка саёҳат» номли болалар рок-операси, ёш эстрада юлдузлари ижросида «Ял-ялли ялола, эй Ўзбекистон» номли «Офарин» танлови учун (мадҳия) 2001 й., Амир Хусрав Деҳлавий шеърларига 4 та қўшиқ, аралаш ва болалар хори учун бир талай қўшиқлар яратди.

А.Расулов ижодида эстрада қўшиғи устувор туради. У 800 га яқин эстрада қўшиқларини яратди. Улар машҳур эстрада хонандаларининг репертуарларидан жой олган. Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов ижросида «Дилором», «Соҳибқирон», «Иншоолло» (М.Юсуф сўзлари); «Қомат» (Навоий ғазали); «Ой балдоқ», «Армон салтанати», «Омон-омон элим», «Ўйна, ёрим», «Айлан, гўзалим», «Кетолмайсан» (И.Жиянов сўзлари); «Лайли» (П.Мўмин сўзи); «Наврўз» (Қ.Искандаров сўзи); «Алёр», «Спорт» (М.Худойберганов сўзлари); «Юрагим ёнди» (П.Расулов сўзи) ва бошқалар. Насиба Абдуллаева ижросида «Аразларда» («Жоним менинг»), «Малол» (С.Дилхун сўзлари); «Адо бўлдим» (халқ сўзи), «Арзимни айтдим» (Ҳувайдо ғазали), «Муҳаббат борми дунёда», «Яллама дерман» (И.Жиянов сўзлари), «Ёқасиз» (А.Расулов сўзи), «Авайласа», «Қайтиб бергин юрагимни» (П.Мўмин сўзлари), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Козим Қаюмов ижросида «Жонона», «Малак» (П.Мўмин сўзлари), «Муҳаббат» (М.Тоиров сўзи), «Эртак» (Б.Исроилов сўзи), «Майхона» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Ноз этма» (Чустий ғазали), Юлдуз Абдуллаева ижросида «Ёр-ёр» (Б.Исроилов сўзи), «Лола» ва «Йиллар» (Э.Воҳидов сўзлари), Кумуш Раззоқова ижросида «Ҳижроннинг юки» (М.Мадраҳимова сўзи), «Кўзгу», «Сурма» (Э.Воҳидов сўзлари), «Бўрон» (И.Жиянов сўзи), эстрада хонандаларидан М.Асалхўжаева, Э.Рўзматов, Д.Убайдуллаев, М.Тешабоева, Ш.Воҳидов. М.Асадова, Р.Бўронова, Р.Комилов, М.Ғафурова, А.Ғаниев, З.Маҳкамов, О.Султонов, А.Раҳимжонов, Н.Ниғматов каби хонандалар ижросида Мустақиллик ва Наврўз байрамлари концерт дастурларида ҳам жаранглади.