Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                          НАДИМ НОРХЎЖАЕВ

(1947)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистои давлат консерваторияси профессори, композитор Н.Норхўжаев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1978 йили қабул қилинди. У ўзининг жозибали мусиқий асарлари, айниқса, эстрада ва болалар учун яратган қўшиқлари билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Норхўжаев Надим Қодирович Тошкентда, 1947 йилнинг 24 декабрида дунёга келди. Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида танбур синфида ўқиди. 1963 йилда Ҳамза номидаги мусиқа билим юртига ўтказилади. Машҳур композитор Р.Вильдановдан мусиқа сирларини ўрганди ва 1967 йили симфоник оркестр учун басталаган «Сюита»си билан аъло баҳоларга ўқишни битиради. Ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирди. Бу олий даргоҳда Н.Норхўжаев композиторлик мутахассислигидан Г.Мушель, чолғулаштиришдан А.Козловскийдан сабоқ олди. 1972 йили Н.Норхўжаев имтиёзли диплом билан консерваторияни битирди ва Бекобод мусиқа билим юртига ишга йўлланма олди. Ҳарбий хизматни ўтаб юрган даврда Н.Норхўжаев вокал-чолғу эстрада ансамблини ташкил қилиб, концертлар бера бошлади. Ансамблнинг репертуари учун ёш композитор қўшиқлар яратди. Унинг фаолиятида қўшиқ жанрига кўпроқ аҳамият берилишининг сабаби шу бўлса керак.

Композитор Н.Норхўжаев меҳнат фаолиятини талабалик давридан бошлади. У 1968-1972 йилларда болалар мусиқа мактабида, 1972-1975 йиллари Бекобод мусиқа билим юртида, армия сафидан қайтганидан сўнг, яна мусиқа мактабида ўқитувчи ва ўқув бўлими мудири бўлиб ишлади. 1975-1976 йилларда «Мелодия» фирмасининг овоз ёзиш студиясида бош муҳаррир вазифасида ишлади. 1976-1994 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг “Партитура ўқиш ва чолғулаштириш” кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, 1993 йилдан доцент, айни пайтда 1996-1998 йилларда Ю.Ражабий номидаги Тошкент педагогика билим юртида ўқитувчи, 1998 йилдан буён давлат консерваторияси эстрада ижрочилик кафедраси мудири, 2003 йилдан профессор лавозимида ишлаб келмоқда.

Н.Норхўжаев талабалик чоғида фортепиано учун 3 та пьеса, 4 та прелюдия, 2 та вариация, сонатина, «Луқмалар» номли миниатюралар туркуми, сўзсиз қўшиқ, фортепиано учун 2 та сонатина, скрипка ва фортепиано учун пьеса, торли квартет, фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концертино», 4 қисмли симфоник сюита, 1 қисмли симфония ва бир неча қўшиқлар яратди. «Концертино» 1970 йили «Баҳор» концерт залида ижро этилиб, олқишларга сазовор бўлди. Фортепиано учун ёзган 2 та прелюдия, сўзсиз қўшиқ ва 8 та миниатюралари 1977 йилда «Мелодия» фирмасида пластинкага ёзилди, «Пьеса»нинг нотаси эса 1974 йили чоп этилди.

Н.Норхўжаевнинг ижодида қўшиқ устувор аҳамият касб этади. У замондош шоирлар билан ҳамкорликда, турли мавзуларда, 130 дан ортиқ эстрада, 100 дан ортиқ боғча болалари ва мактаб ўқувчиларига қўшиқлар яратди. Бастакорнинг болалар учун 1975 йилда ёзган «Ҳаккалар» (Н.Орифжонов сўзи) илк эстрада қўшиғи «Пахтаой» номли болалар эстрада-вокал чолғу ансамбли ижросида машҳур бўлиб кетди. Бундан илҳомланган композитор болалар ва ўспиринлар учун кўплаб қўшиқлар яратди. «Яхши бола», «Олтин пахтам, оппоғим», «Салом берган болалар», «Юлдузлармиз, юлдузлар», «Хоҳ ўқишда, хоҳ ишда», « Гуллар маним кулганим», «Боғча опа, бўлманг хафа», «Китоб қўлимда», «Бобо хўроз», «Хумо қуши», «Варрагим», «Олмалар» (П.Мўмин сўзлари); «Гижинглаган тойчоғим», «Сайёрахон», «Кичик чегарачи» (М.Абдушукурова сўзлари) шулар жумласидан.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги «Булбулча» болалар хори учун ҳам кўпгина қўшиқ яратиб берди. Улар орасида: «Энг маза, эҳ маза», «Ёд оламиз, шодланамиз», «Ўйнасангчи, типратикан» (П.Мўмин сўзи), жўрсиз хор учун 7 қисмли, шоир А.Мухтор сўзига болалар хори учун «Ҳафта» кантатаси; шоир Э.Воҳидов сўзига «Дарахтлар суҳбати» хор сюитаси ёки ўзбек халқ қўшиқларини хор учун қайта ишлаган: «Пашша ғинг-ғинг», «Бозор байрами», «Осмондаги ой», «Чори чамбар», «Ковушим», «Бошгинам оғрийди», «Оқ шоли, кўк шоли», «Чучвара қайнайди», 1993 йилда Р.Толиб сўзига кичкинтойлар учун ёзган тўпламга қуйидаги қўшиқлар киритилди: «Ҳалима ва Салима», «Биринчи қор», «Тошбақа», «Шалола», «Қиличми, тўқмоқ», «Бир, икки, уч...», «Шамолжон», «Дангаса», «Соат қўшиғи». Буларнинг ҳаммаси болаларни маънавий-эстетик тарбиялашда муҳим рол ўйнамоқда.

Шуни айтиш жоизки, Надим Норхўжаев замонавий эстрада қўшиқчилигига катта эътибор бериб келмоқда. У эстрада хонандалари ва турли вокал-чолғу эстрада ансамблларига ранг-баранг, жозибали қўшиқ ва чолғу куйлар яратиб, уларнинг репертуарларини бойитишга кўмаклашмоқда. Масалан, унинг «Дилда баҳор» (М.Қориев сўзи), «Сени зор этгандим» (М.Мирзаев сўзи), «Чавандоз бир йигит бор» (С.Қўқонбоев сўзи), «Ёр йўли» (Т.Тўла сўзи), «Ишқ асири» (З.Обидов сўзи), «Йигитлар тор чертсалар» (Э.Охунова сўзи), «Ёр менга узук тақди», «Вафодан сўрардинг», «Етурмиз висолига» (П.Мўмин сўзи), «Қора кўзим», «Кўнгил боғласанг», «Никоҳ узуги» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Ёшимни сўрама» (С.Зуннунова сўзи), «Сенинг сеҳринг бор» (О.Мўмин сўзи), «Жаннатмакон диёр бу» (Ш.Дадаш сўзи) каби қўшиқлари республикамизда таниқли ижрочилар репертуаридан жой олиб, радио олтин фондидан ўрин олганлар. Эстрада қўшиқчилигини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун 1981 йили Ўзбекистон Ёшлар мукофоти билан тақдирланган. Унинг қўшиқлари «Ўзбекистон — Ватаним маним» республика танловларида совринли ўринларни олди.

Н.Норхўжаев ижодида турли жанрларда басталаган йирик шаклдаги мусиқий асарлар ҳам мавжуд. Улар орасида: «Симфониетта» (1979й.), симфоник оркестр учун 2 та увертюра (1978, 1984йй.), камер-симфоник оркестр учун «Миниатюралар»  (1977й.),  фортепиаио ва симфоник оркестр учун «Концертино» (1984й.), симфоник оркестр учун «Шодиёна» увертюраси, камер симфоник оркестр учун 3 та пьеса (1976й.); вокал-симфоник оркестр учун «Менинг ўлкам» сюитаси (1982й.), «Ватан ёшлари» поэтория. Ўзбек халқ чолғу оркестри учун: «Болалар сюитаси» (1988й.), «Рондо» (1981 й.). Эстрада-симфоник оркестри учун: «Наврўзи олам» сюитаси (1995й.), «Азиза» араб куйи асосида (1997й.), камер-чолғу оркестри учун «Сўғдиёна» сюитаси (1996й.); дамли чолғу оркестр учун «Марш» (1979й.) ва «Қувноқ болалар» марши (1988й.). Андижон қўғирчоқ театрида 1981 йили қўйилган «Бургутча ва тойчоқ» (П.Мўмин пьесаси), Фарғона театрида 1981 йили қўйилган «Она болам дейди, бола онам дейди» ҳамда Муқимий номидаги мусиқали театрда 1985 йили қўйилган «Туяқуш-бойқуш» болалар спектаклларига, Республика ёш томошабинлар театри учун «Жўжаларим», «Ажойиб уруғ», “Тегирмон воқеаси” (2004) спектаклларига мусиқа басталаган.

Н.Норхўжаев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасида қўшиқ шўъбаси раиси, республикамизда ўтказилаётган турли кўрик-танловларда жюри ҳайъатларида фаол қатнашиб келмоқда. У республика «Офарин-2000» кўрик-танловининг совриндори. 1999 йили у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонлари билан тақдирланган.