Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                    МАРДОН НАСИМОВ

(1914-1998)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, профессор, композитор ва дирижёр Мардон Насимов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Ижодкорлик фаолиятида асосан овоз учун мусиқа яратишга катта эътибор бериб, яккахон, жўровоз ансамбль ва хор жамоаларига қўшиқ, ашула, кантата, сюиталар басталаб, ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди.

Мардон Насимов Самарқанд шаҳрида 1914 йилнинг 5 апрелида туғилди. 1929 йилда Самарқанд давлат мусиқа ва хореография институтига ўқишга киради. Мардон машҳур найчи, устоз А.Исмоиловдан най, А.Умрзоқовдан қўшнай чалишни, Ота Жалол ва Домла Ҳалим Ибодовдан Бухоро шашмақоми, М.Харратовдан Хоразм мақомларидан сабоқ олади. У институтда ўқиб юрган пайтида машҳур санъаткор Али Ардобус томонидан ташкил этилган «Кўк кўйлак»лилар тўгарагида найчи бўлиб ишлади. 1934 йили М.Қориёқубов ташаббуси билан Москва давлат консерваторияси қошида очилган Ўзбек опера студиясида хор дирижёрлиги ихтисослигини ўзлаштириш учун ўқишга киради. 1939 йили бир гуруҳ санъаткорлар билан биргаликда Катта Фарғона канали қурилишида ишчиларга берилган концертларда хизмат қилди. Москвадаги ўқишини 1941 йилда битириб, Тошкентга қайтади ва Навоий номидаги опера ва балет театрида хормейстер вазифасида ишлайди. 1943 йили Шимолий-ғарбий фронтда ўрта осиёлик аскарлар орасида маданий-маърифий ишларни олиб бориш учун инструктор этиб тайинланади. «Фарход ГЭС» қурилиши бошқармаси қарамоғидаги мусиқали театрда М.Насимов 1944-1946 йилларда бадиий раҳбар ва бош дирижёр лавозимида ишлайди.

М.Насимов дирижёрлик малакасини янада ошириш мақсадида 1946 йили имтиҳонларни топшириб, Ленинград давлат консерваторияси опера-симфоник факультетига ўқишга киради ва профессор Мусиндан таълим олади. Дирижёр-симфонист дипломи билан 1951 йили Тошкентга қайтгач, у Ўзбек давлат филармониясига бадиий раҳбар ва симфоник оркестри дирижёри лавозимларига тайинланади. Мазкур даргоҳда 11 йил ишлаб, 1963 йили Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида дирижёрлик мутахассислигидан дарс бериш учун таклиф қилинади. Консерваторияда у ўқитувчиликдан профессорликкача йўлни босиб ўтди.

М.Насимов ижрочилик, маъмурий ва ташкилий ишлар билан банд бўлишига қарамай, мусиқа яратишга вақт топди ва яккахон вокал ансамбллар ва хор учун турли мавзуларда қўшиқ, ашула, хор сюиталари ва кантаталар ёзди. У Ватанни, меҳнат аҳлини, муҳаббатни, умуман инсоннинг нозик ҳис-туйғуларини садоларда ифодалашга ижодини бағишлади.

М.Насимовнинг 100 дан ортиқ турли мавзуларда ёзган қўшиқлари орасида «Тинчлик боғи» (Т.Тўла сўзи), «Қор босган тоғлар» (Ғ.Ғулом сўзи), «Барно қиз қўшиғи», «Аскар йигит қўшиғи» (Сайёр сўзи), «Ҳисларимни сочмоқдаман», «Соябон бўлайин» (Миртемир, Сайёр сўзлари), «Юр, ўртоқ», «Байрам вальси» (К.Отабоев сўзи), «Бугун байрам» (Р.Толиб сўзи) каби қўшиқлар хонандалар ижросида машҳур бўлган. Айниқса, унинг радио қошидаги хор ва Ўзбек давлат филармонияси қошидаги академик хор жамоалари учун жўрли ва жўрсиз хор асарлари: «Жон Ўзбекистон», «Наврўзим» (Ҳ.Шарипов сўзлари), «Байрам вальси» (К.Отабоев сўзи), «Дўстлик қўшиғи» (Х.Сяитов сўзи), симфоник оркестр жўрлигида «Марҳабо» (М.Қориев сўзи), «Пахтакорлар» (П.Мўмин сўзи), ўзбек халқ чолғулари оркестри жўрлигида «Тошкент, гўзал диёримсан» (Р.Толиб сўзи), «Самарқанд обрў муродим» (Қамбар Ота сўзи), «Ҳушёр ёр» (Я.Қурбон сўзи), «Гул очилар» (Р.Толиб сўзи), «Менинг говушим» (Ойбек сўзи). Москвада Ойбекнинг юбилей кечасида биринчи бор ижро этилган «Менинг ёрим вафоли» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Бир дилдор бор экан» (С.Муҳаммадий сўзи), «Амир Темур», «Турон юрт посбонимиз», «Қолар», «Ҳар ошиққа беш кун даврон», «Талабалару талабалар» (Қамбар Ота сўзлари) диққатга сазовордир.

М.Насимовнинг ажойиб, дилрабо, жўшқин, кўп қисмли асарлари «Деҳқонга таъзим», «Дилбарим», «Ўзбекистон диёрим» (Ҳ.Шарипов сўзлари), «Ўзбекча тўй сюитаси» (халқ сўзи), яккахон, хор ва оркестр учун басталаган сюита ва «Тинчликка тинчлик» (Ҳ.Ғулом сўзи) кантатаси жуда машҳурдир. Композитор болалар учун «Аҳмад боғбон», «Булбулчам», «Дўстлик чаманзори», «Ёш физкультурачилар марши», «Ёш саёҳатчилар қўшиғи» каби қўшиқлар яратган. Шунингдек, дутор ва фортепиано учун «Уфори санам»; чанг ва фортепиано учун иккита пьеса; най ва фортепиано учун «Элегия», чанг ва фортепиано учун «Байрам вальси», най ва ўзбек халқ чолғу оркестри учун «Элегия», «Лирик рақс», хор учун қайта ишлаган қорақалпоқ халқ қўшиқ ва лапар, иккита рубоб ва фортепиано учун «Баллада», хор ва симфоник оркестр учун поэма ва баллада (М.Шайхзода сўзи), хор ва симфоник оркестр учун «Шарқ» қасидаси (Ойбек сўзи) ва бошқа асарлар яратди.