Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                           ФАТТОҲ НАЗАРОВ

(1919-1982)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист, дирижёр, композитор, профессор Фаттоҳ Назаров ижодкорлик, дирижёрлик, ўқитувчилик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг ёшлар учун турли жанрларда яратган куй ва қўшиқлари болалар боғчаларида, ўрта таълим ва мусиқа мактабларида кенг қўлланиб келинмоқда.

Фаттоҳ Назаров Абдуваҳоб ўғли Бишкек шаҳрида 1919 йилнинг 1 январида туғилди. Фаттоҳнинг мусиқага ҳаваси жуда эрта уйғонди. Умумтаълим мактабини битирган йили шаҳар мусиқа студияси очилади ва Фаттоҳ у ерда кларнет чалишни ўрганади. 1935 йил Ипполитов-Иванов номидаги Москва мусиқа билим юртида ўқишга киради, кларнет ва виолончель мутахассисликлари бўйича ўқиди. 1939 йили Ф.Назаров ҳарбий хизматга чақирилиб, ҳарбий қисмнинг дамли оркестрида кларнетчи бўлиб хизмат қила бошлади. 1941-1944 йилларда Иккинчи жаҳон урушида хизмат қилди. Москва консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлик факультетида ўқиди ва 1945 йилнинг июнь ойида она шаҳрига қайтди.

Бишкекда драма театри мусиқа раҳбари ва Қирғизистон давлат филармониясининг халқ чолғулари оркестри дирижёри лавозимларига тайинланди. 1947 йили Ф.Назаров Тошкент давлат консерваториясининг опера-симфоник дирижёрлиги мутахассислиги бўйича қабул қилинади. 1949-1950 ўқув йилидан бошлаб Ф.Назаров Г.Мушель синфида композициядан дарс ола бошлади. 1951 йили консерваторияни дирижёрлик синфи бўйича битириб, Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги симфоник оркестр дирижёри лавозимига тайинланди, икки йилдан сўнг ўзбек филармониясининг симфоник оркестрига ишга ўтказилади. 1955 йили ёзган 4 қисмли симфониясига ўзи дирижёрлик қилиб, Ф.Назаров иккинчи диплом олишга муваффақ бўлди. Ёш мутахассис 1952-1958 йилларда Муқимий номидаги мусиқали театр дирижёри бўлиб ишлади.

Ўқиши ва меҳнат фаолияти билан бирга 1950-1982 йилларда консерваториянинг ўзбек халқ чолғулари факультетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимида ишлади. 1946 йилда Қозоғистон, 1947 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинди.

Композиторнинг 1964 йили Москва консерваторияси қошидаги махсус мусиқа мактабининг 7-синфида ўқиётган қизи Гулнора Назаровага атаб фортепиано ва симфоник оркестр учун ёзган концерти қизининг илк ижросида машҳур бўлиб кетди. 1973 йили концерт партитураси Москва нашриётида чоп этилиши билан кўп мусиқа мактабларининг ўқувчилари томонидан ижро этила бошланди. Ф.Назаровнинг 1948 йилда скрипка ва фортепиано учун басталаган «Қўшиқ ва рақс» куйи (ғижжак ва фортепиано учун вариациялари ҳам бор) мусиқа мактаблари, билим юртлари ва консерватория талабаларининг ўқув дастурларида доим ижро этилмоқда. Булар қаторида 1960-1970-йилларда ёзилган скрипка ва фортепиано учун поэма, Ҳамзанинг «Сайёра» ашуласи асосида басталаган пьесаси, фортепиано учун «Ноктюрн», «Марш», «Фуга», «Рақс», «Вальс» каби пьесалари, скрипка ва фортепиано учун «Концертино», ғижжак ва фортепиано учун «Вальс», «Рубоб ва фортепиано учун скерцо», дутор ва фортепиано учун «Концерт пьесаси» , фортепиано учун 10 та пьеса, виолончель ва фортепиано учун «Концертино», рубоб учун «Амударё» вальс-концерти, болалар симфоник оркестри учун 4 қисмли сюита кабилар ёш ижрочилар концерт дастурларида сақланиб келмоқда.

Ф.Назаров «Равшан» (Ж.Оймирзаев ва Т.Оллоназаров пьесаси, 1956 йил) мусиқали драмаси, «Кўйчелек козли яр» (А.Саиджонов пьесаси, 1959 йил) мусиқали комедияси, «Алданган қиз» (Р.Орифжонов пьесаси, 1967 йил), «Дард тортса» (Х.Умаров пьесаси, 1967 йил), «Мулла Тўйчи» (Ж.Асомиддинов пьесаси, 1973 йил), «Афсонавий шахс» (С.Жамол пьесаси, 1978 йил) мусиқали драмаларини ёзган, «Ҳарфлар жанги» (Т.Илҳомов пьесаси, 1974 йил) ва Ҳамид Олимжоннинг «Ойгул ва Бахтиёр» номли радиопостановкалари, Ёш томошабинлар театри спектакллари учун мусиқа басталаган.

Композитор симфоник оркестр учун «Ўзбекча сюита», «Қирғизча сюита», «Симфония», «Иккинчи ўзбекча сюита», Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Ёшлар сюитаси», «Болалар сюитаси», «Насруллоий Уфор поэмаси», «Қорақалпоқча рапсодия», «Қорақалпоқча сюита», «Шодиёна увертюраси», уч қисмли «Сюита», «Байрам марши», «Чорвоқ тароналари сюитаси», дамли оркестр учун «Ўзбекистон» марши, «Байрам марши», кларнет ва эстрада оркестри учун 3 қисмли сюита яратди. Бу асарлардан ташқари унинг яккахон, хор ва симфоник оркестр иштирокида ижро этиладиган «Ўзбекистон хотин-қизлари» кантатаси, Ў.Рашид сўзига ёзилган 5 қисмли «Ватан бизнинг онамиз» болалар хори ва симфоник оркестр учун сюита, торли квартет каби асарлар турли ижро жамоалар репертуарини бойитди.

Ф.Назаров ижодий фаолиятида 150 дан ортиқ турли мавзуларда қўшиқлар яратди. Айниқса, болалар учун ёзилган қўшиқлари устувор туради: «Ўзбекистон» (М.Қориев сўзи), «Ватан меҳри» (Шоназар сўзи), «Теримчи қиз» (Ҳабибий сўзи), «Менинг қалбим» (Ҳ.Расул сўзи), «Қайдасан» (Х.Муҳаммаджонов сўзи), «Қирғизистон» ва «Кел, бу оқшом» (Миртемир сўзи), «Дўстлик қўшиғи» (Д.Полинин сўзи), «Чилонзор» (Оймирзаев сўзи), «Дурдона» (А.Тоқомбоев сўзи), «Ой, муҳаббат» (К.Акаев сўзи), «Дўстлик қўшиғи» ва «Қалдирғоч» (Б.Исмоилов сўзлари), «Тўй таронаси» (Ҳайдар сўзи), «Ёр-ёр» (А.Бўриев сўзи), «Лирик қўшиқ» ва «Баҳодир жангчилар» (Камтар сўзлари), Болалар қўшиқларидан «Кичик пахтакор» (Шоназар сўзи), «Сайра, булбул» ва «Арча» (Муҳаммадий сўзлари), «Қумрихон» (Бобоев сўзи), «Онагинамнинг алласи» (Р.Бобожон сўзи), «Мактабим», «Ёз» ва «Шодлик» (И.Муслим сўзлари), «Оҳангарон» (Я.Қурбон сўзи), «Доно бобо», «Қиш чоғлари», «Ойижон» ва «Олтин кўл» (П.Мўмин сўзлари), «Бўз тўрғай» (Б.Исмоилов сўзи), «Ўйинчи лайлак», «Кичкинтойлар қўшиғи» (И.Муслим сўзи), «Дадажон» (З.Обидов сўзи) ва бошқалар.

Ф.Назаров Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист фахрий унвонлари билан тақдирланган. Унинг номи Тошкент шаҳри 23- болалар мусиқа мактабига берилган.