Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                             АНОР (АНОРҚУЛ) НАЗАРОВ

(1950-2019)

         Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли бастакор Анор (Анорқул) Назаров ўзбек мусиқа санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлардан.

Назаров Анорқул Мамадович 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятида Бўка туманида таваллуд топган. 1973 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини туба синфида тамомлаган. 1968-1985 йилларда А.Навоий номидаги ДАКТ оркестри солисти, 1985-1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоаси бош дирижёри, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996-2000 йилларда “Ўзбекнаво” бирлашмаси бош директори, 2000-2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида  фаолият юритди.  

         А.Назаровнинг ижоди ранг-баранг бўлиб турли жанрларда асарлар яратди. “Ипак йўли”поэмаси (2005), труба ва симфоник оркестр учун “Она диёр” концерт-фантазияси (2005), “Истиқлол вальси” концерт пьесаси, сурнай ва ЭСО учун қайта ишланган “Сурнай ўйини”, яккахонлар, хор, халқ чолғулари оркестри ва симфоник оркестр учун Ж.Жабборов сўзларига “Хиросима” ва “Наврўзнома”, солист, хор ва оркестр учун Ш.Қурбон сўзларига “Алёр эй диёр”, бас овози, хор ва симфоник оркестр учун “Ёд этдинг” (Э.Воҳидов), яккахон, хор ва оркестр учун “Истиқлол қўшиғи” (А.Орипов), солист, хор ва ЭСО учун “Тошкентим” (Ж.Жабборов), “Ватан ягонадир” (Д.Ёқубов), солист, болалар хори ва оркестр учун “Тинчлик орзу-ўйимиз” (Ж.Жабборов ва С.Островский), халқ чолғулари оркестри учун “Тароналар базми” (2009) асарлари шулар жумласидандир. Болалар учун ёзган “Отангга балли” (М.Мамажон), “Оймома”, “Али бобо” (А.Обиджон), “Шум бола”, “Ниҳол” (А.Орипов), “Истиқлол болалари” (Д.Ражабов), “Бобожон”, “Капалак” (М.Юсуф) каби қўшиқлари ёш ижрочилар ва тингловчиларнинг қалбидан чуқур жой олган. Бастакорнинг “Гап эгасини топади”, “Шум боланинг янги йил саргузаштлари”, “Меҳр қолур” мусиқали драма ва комедиялари, “Ҳаётга қайтиш”, “Кичкина табиб”, “Қадимда бўлган экан”, “Бир жиноят изидан” кинофильмларига, “Қайтмас” телесериалига, “Истиқлол йўлида” (1992, 2002) ҳужжатли фильмига яратган мусиқалари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Бастакорнинг фаолияти асосан эстрада мусиқа санъати  билан бевосита боғлиқ бўлиб, ўзига хос мустақил услубий ижоди билан ажралиб туради. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” (А.Орипов шеъри), “Ватан азиздир”, “Жон Ўзбекистон” (Ж.Жабборов шеърлари), “Ифтихор” (Х.Шарипов), “Яшнар баҳорим”, “Она юрт” (Б.Бобомурод), “Баркамол авлод”, “Ўзбекистон муштарак” (Й.Оташ), “Гўзал Тошкент”, “Юрт қадри” (Б.Исроилова), “Азиз одамлар” (М.Иброҳимов), “Изҳор” (А.Орипов) каби 120 дан ортиқ қўшиқлари ўзининг жозибадорлиги, она Ватанга бўлган муҳаббат, уни эъзозлаш, асраб авайлаш ва инсонпарварлик руҳи билан суғорилганлиги билан эътиборлидир. Ватанимизнинг Мустақиллик, Наврўз каби миллий ва давлат тадбир дастурларида композиторнинг қўшиқлари муносиб ўрин эгаллаб, тараннум этиб келинмоқда. Композитор асарлари нафақат Ўзбекистонимизда балки, АҚШ, Франция, Россия, бирлашган Араб амирлиги, Туркия каби чет давлатларда ҳам муваффақиятли  ижро этилиб келмоқда.

         Ижодкорнинг серқирра ва баркамол ижоди давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 1995 йил Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, 1997 йил, А.Қодирий номидаги Давлат мукофоти лауреати ва 2008 йил «Фидокорона хизматлари учун» ордени  билан тақдирланган.