Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            БОРИС НАДЕЖДИН

(1905-1961)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор, профессор Б.Надеждин ижодий ва педагоглик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У республикамиз мусиқий-маданий ҳаётига боғланиб ижод қилди, турли жанрларда асарлар яратди, миллий композитор кадрларни тарбиялади. Ажойиб инсоний ва моҳир устозлик хислатлари билан шогирдларни, қолаверса, мусиқа жамоатчилиги ҳурматига сазовор бўлди.

Надеждин Борис Борисович Россиянинг Смоленск шаҳрида 1905 йилнинг 4 майида туғилди. 6 ёшида унинг ота-онаси Ярославль шаҳрига кўчиб ўтишади. Борис болалигидан пианино чалишга қизиқди, савод чиқарди. Лекин отаси ўғлини муҳандис бўлишини орзу қилар эди. Шу сабабли Борис гимназияни битиргач, «Реальное училище»га ўқишга кирди. Бу ўқув даргоҳида икки йил ўқиди, сўнгра Москва мусиқа техникумининг фортепиано ва композиторлик бўлимларида ўқийди. 1932 йили ўқишни битириб, Москва давлат консерваториясининг композиторлик факультетида мутахассисликдан профессор Г.И.Литинский синфида таҳсил кўради. Талабалик даврида у турли чолғулар, ансамбль ва симфоник оркестрга ҳар хил жанрларда куйлар басталайди. Кўп асарлари орасида фортепиано учун сонатина, соната, прелюдия ва фуга, вальс, фантазия, экспромт, скрипка ва фортепиано учун сюита, кантата, симфония каби асарларни ёзди. Талабалик давридаёқ педагоглик иштиёқи сезилди. Москва консерваторияси қошида 1935 йилда ташкил топган Татар студиясида мусиқа назарияси, адабиёти, таҳлили каби фанлардан дарс бера бошлайди.

1937 йили Б.Надеждин консерваторияни 2-симфонияси билан муваффақиятли битирди. Шу йили йўлланма бўйича у Тошкент давлат консерваториясига ишга қабул қилинди. Профессионал миллий композиторларни тайёрлаш энди йўлга қўйилиш пайтида у биринчилардан бўлиб педагогик фаолиятини бошлади. Бу борада миллий мусиқа анъаналарини ҳам билиш заруриятини сезган ҳолда Б.Надеждин Ўзбекистон маданияти хусусиятларини билишга интилди, ўрганди, санъаткорлар билан яқиндан танишди, ўз талабаларини ўқитди ва ўзи ҳам ўрганди, тажриба орттирди. Шуни айтиш жоизки, йиллар давомида унинг синфида битирган: И.Ҳамроев, Г.Собитов, Б.Гиенко, Ғ.Қодиров, В.Мейен, Х.Изомов, Пак-Ендин, Ю.Николаев, С.Бобоев, А.Берлин, Ҳ.Раҳимов, А.Муҳамедов, А.Малахов, С.Варелас, Ф.Янов-Яновский, С.Ҳайитбоев, М.Юсупов, Е.Шварц ва бошқалар кейинчалик Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоларининг катта қисмини ташкил қиладилар.

Б.Надеждин педагоглик ва жамоатчилик ишлари билан банд бўлишига қарамай мунтазам ижод билан шуғулланиб, бирталай мусиқий асарлар яратди. Айниқса, мактаб болалари учун куй ва қўшиқлар ёзиб, қатор тўпламларни чоп эттирди. Улар орасида «Фортепиано учун 6 та пьеса», «Фортепиано учун учта ўзбекча пьеса», «Боғча болалари учун қўшиқлар», «Замондош ўзбек шоирларининг сўзига Фарғона канали хақида 6 та қўшиқ», «Сегоҳ» симфоник сюитаси», Ю.Ражабий куйи асосида ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Хотира» поэмаси.

Б.Надеждин 2-жаҳон уруши йиллари Ю.Ражабий билан ҳамкорликда «Қасос» (Уйғун ва А.Умарийлар пьесаси) мусиқали драмасини ёзди. Ўзбек болалар театрида саҳна юзини кўрган «Қаҳрамон» номли спектаклга мусиқа басталади. 1943 йили Т.Жалилов билан ҳамкорликда «Асрлар» (Уйғун пьесаси) мусиқали драмаси, замондош рус шоирларининг сўзларига, ватанпарварлик мавзуида яккахон ва хор учун қўшиқлар яратди. Шунингдек Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида гармония ва полифониядан дарс берди.

Б.Надеждиннинг урушдан кейинги йилларда ҳам ижодий фаолияти самарали бўлди. 1946 йили Ю.Ражабий билан ҳамкорликда «Фарход ва Ширин» мусиқали драмаси ва 1951 йили Москвада ўтган Ўзбек адабиёти ва санъати декадаси концерт дастурида ижро қилинган «Пахта» вокал-хореографик сюита-манзарасини ёзишда ҳамкорлик қилди. Ўзбек халқ чолғулари оркестрига Ҳамза қўшиқларини ва 8 та ўзбек халқ қўшиқларини қайта ишлади ва мослаштирди. У фортепиано учун 10 та пьеса, «Болалар альбоми», 18 та болалар учун пьеса, кичик сюита, симфоник оркестр учун «Симфониетта», иккита пьеса, «Болалар учун сюита», «Поэма», иккита «Вальс», симфоник сюиталарнинг муаллифидир.

Б.Надеждин 1950 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган. Б.Надеждиннинг номи Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 5-болалар мусиқа мактабига берилган.