Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                               ГЕОРГИЙ МУШЕЛЬ

(1909-1989)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, устоз, рассом ва композитор Мушель Георгий Александрович XX аср ўзбек мусиқаси тарихида теран из қолдирди. Бу ажойиб инсон халқимиз турмуши, маданияти ва мусиқий меросини, ўлкамизнинг табиатини ўрганиб, асарлар яратиш ва ёш кадрларни тайёрлаш билан банд бўлди. Г.Мушель биринчилар қаторида ўзбек композиторлик ижодиётининг турли шакл ва жанрларида ноёб асарлар яратиб, бу соҳада катта мерос қолдирди.

Мушель Георгий Александрович Россиянинг Тамбов шаҳрида 1909 йилнинг 15 июлида туғилди. Болалик чоғларида мактабга қадар онаси бошланғич умумий таълимни бериб, фортепиано чалишни ўргатган. 1920 йилларнинг бошидан умумтаълим ва мусиқа мактабида ўқиди. 1925 йили Тамбов шаҳар мусиқа техникумининг фортепиано бўлимига ўқишга киради ва шу ерда мусиқа басталашга ҳам интилади. 1930 йили синов имтиҳонларини топшириб, Москва консерваториясига ўқишга киради. Мазкур даргоҳда композициядан аввал профессор Н.Я.Мясковский, кейинчалик М.Ф.Гнесин, фортепианодан профессор Л.Н.Оборинлардан сабоқ олди. Талабалик даврида у концертларда якка созанда ва концертмейстер сифатида тез-тез чиқиб, мусиқа жамоатчилигига танила бошлади.

1936 йили Г.Мушель Москва консерваториясининг композиция ва фортепиано мутахассисликлари бўйича муваффақиятли битириб, мусиқашунос Я.Б.Пеккер билан йўлланма бўйича Тошкентда янги ташкил этилган консерваторияга ишга қабул қилинади. Консерваторияда муаллим сифатида у умрининг охиригача босқичма-босқич профессор лавозимигача катта йўлни босиб ўтиб, бир қатор шогирдларни тайёрлади. Улар орасида О.Ҳалимов, П.Холиқов, Т.Ҳасанов, Х.Азимов, Г.Демесинов, А.Ҳошимов, Қирғизистондан С.Осмонов, М.Бурштин, Туркманистондан К.Кулиев, Тожикистондан Я.Сабзанов ва бошқалар. 1936 йилда В.А.Успенский Г.Мушель билан ҳамкорликда «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмасини қайта ишлаб саҳнага қўйилиши ёш композитор учун муҳим ижодий мактаб вазифасини ўтади.

Нодир истеъдод соҳиби, салоҳияти бой композитор Г.Мушель Ўзбекистонда яшаб ижод қилган, рус композиторлари орасида масъулиятни сезадиган, изланувчан ижодкор сифатида танила борди. У замонавий Ўзбекистон мусиқа санъатининг ривожланиш уфқларини кенгайтиришга, мусиқий асарнинг ифода воситаларини бойитишга интилиб, Шарқ билан Ғарб анъаналарини боғловчи омилларга таянган ҳолда улкан ижодий ютуқларга эришди, десак муболаға бўлмайди. Яна шуни айтиш жоизки, Г.Мушель биринчилардан бўлиб чолғу мусиқасининг энг мураккаб жанрларини қўллаб, учта симфония (1938, 1941, 1942 йй.), фортепиано ва симфоник оркестр учун 6 та концерт (1936, 1943, 1946, 1950, 1951, 1962 йй.), скрипка ва симфоник оркестр учун концерт (1959 й.) яратди. 3 та симфония, 1 - фортепиано концертидан ташқари унинг қолган барча асарлари ўзбек мусиқа мероси намуналаридан иқтибос келтириш, асосан унинг оҳанг, вазн, усул ва парда хусусиятларидан фойдаланган ҳолда гармоник, полифоник воситалар билан уйғунлаштира олди. Композиторнинг ёрқин мусиқий асарлари ўзбек профессионал мусиқа ижодкорлигини оламшумул даражага кўтаришга муваффақ бўлди. Машҳур дирижёрлар, пианиночи ва скрипкачилар, ўқитувчи ва талабалар Г.Мушелнинг асарларини ўз ижро дастурларига киритганлар. Композиторнинг 2-, 3- ва 4-фортепиано концертлари «Ўзбек филармонияси симфоник оркестри» жўрлигида илк бор ижро этилган бўлса, 1951 йили Москва консерваториясининг катта концерт залида 1-симфония Тошкент консерваториясининг доценти пианиночи Ш.Рохлина ижросида, 4-фортепиано концерти симфоник оркестр жўрлигида (дирижёр А.Ф.Козловский) янграганда тингловчилар қизғин кутиб олдилар. Шу концерт таассуротлари туфайли Москва консерваторияси пианиночи ўқитувчилари ижодига қизиқиб қолишади. Шундан сўнг, 4-фортепиано концертини Д.Башкиров. И.Аптекарев, 2- ва 4-фортепиано концертларини Рудольф Керер Москвада, Ленинградда, Тошкентда, Бокуда, Украинада, Россияда, Белорусияда, Болтиқ бўйи республикаларида, Болгарияда, Чехословакияда, Польшада, Германияда, Японияда, Англияда, Францияда намойиш этдилар. Чет эл мусиқа жамоатчилигида ҳам композиторнинг ижодига қизиқиш ортиб борди ва граммофон ёзувлари орқали кўпайтирилди.

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Украинадан Тошкент консерваториясига орган чолғуси туҳфа қилинди. У ўқув юртининг кичик залига ўрнатилди. Ўрта Осиё тарихида Г.Мушель биринчи бўлиб орган чолғуси учун ўзбек куйлари асосида «Ария», «Токката», «Фуга», уч қисмли Сюита, орган ва виолончель учун Поэма; 6 та пьесадан иборат: «Баллада», «Интермеццо», «Токката», «Элегия», «Прелюдия», «Фуга»лардан «Орган учун альбом» яратди. Бу асарлар Лондон, Варшава, Берлин, Рига, Таллин, Москва, Ленинград шаҳарларида кенг ижро қилинди, пластинкаларга ёзилди.

Г.Мушель турли чолғулар, чолғу ансамбллари, айниқса, фортепиано учун турли чалишга осон ва мураккаб асарлар яратди. Улар орасида скрипка ва фортепиано учун иккита сюита, соната; виолончель ва фортепиано учун «Соната»; флейта ва фортепиано учун соната, сонатина, учта пьеса; торли чолғулар квинтети учун иккита сюита; фортепиано учун 24 та «Прелюдия ва фуга» туркуми, «Розовая сонатина», 26 та пьеса; «Раққоса» балети мусиқаси асосида сюита, болалар учун альбом; токката, 4 қўл учун пьеса ва сюита; икки рояль учун иккита сюита; симфоник оркестр учун «Мусиқали вернисаж» ва 6 та миниатюра, Ҳамза куйлари асосида сюита каби асарлари концертларда ижро этилмоқда. Унинг қўшиқ ва романслари орасида Зулфия шеърларига 6 та романс, «Незабываемая» романслар туркуми; ўзбек ва рус замондош шоирлар сўзларига «Ўзбекистон» тўплами, рус шоирлари шеърларига романслар, Навоий шеърига «Элегия», Огнецвет сўзига «Голубое небо», «Застольная песня» қўшиқлари ва «Баллада о Днепре», болалар хори учун қўшиқлар мисол бўла олади. А.Лугин сўзига «Фарходстрой» кантатасини ҳам ёзган.

Г.Мушель ижодида мусиқий саҳна асарлари ҳам муҳим ўрин тутади. У мусиқали драмаларни ёзишда бастакорлар билан ҳамкорлик қилган. Ю.Ражабий билан «Муқанна» (Ҳ.Олимжон пьесаси, 1944 й.), «Фарҳод ва Ширин» (К.Яшин пьесаси, 1954 й.), В.Успенский билан «Ёрилтош» (Ш.Саъдулла пьесаси, 1944 й.), Х.Тўхтасинов билан «Офтобхон» (К.Яшин пьесаси, 1953 й.), Т.Жалилов билан «Муқимий» (С.Абдулла пьесаси. 1954 й.), «Равшан ва Зулхумор» (К.Яшин пьесаси 1958 й.), «Гул ва Наврўз» (С.Абдулла пьесаси, 1966 й.), Ҳамзанинг «Паранжи сирлари» драмасига мусиқа басталаган.

Ўзбекистонда балет санъатини ривожлантириш борасида Г.Мушель баракали ижод қилди. У 1948 йили Е.Барановский либреттосига «Гулнора» балетини ёзди. У Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳна юзини кўрди. 1952 йили балет янги таҳририда «Раққоса» деб аталди. Г.Мушель хитой халқ эртаклари асосида С.Зельцер ва С.Димонтлар либреттосига «Туфелька Дин» номли балет мусиқасини ёзди ва 1959 йили Челябинск опера ва балет театрида саҳналаштирилди. Навоий номидаги Академик катта опера ва балет театри Г.Мушелнинг «Кашмир афсонаси» балетини 1961 йили томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Ш.Рашидовнинг «Кашмир қўшиғи» асосида либреттони композиторнинг ўзи тузган. 1968 йили Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллигига атаб Г.Мушель режиссёр О.Узоқов либреттоси асосида «Бибихоним» балетини ёзди. «Самарқанд афсонаси» номи билан балет саҳна юзини кўрди.

Мушель Георгий Александрович тасвирий санъатда ҳам ёрқин из қолдирди. У чизган ажойиб картина композиторнинг ижодига бағишланган кечаларда кўрсатилар, улар ҳеч кимни бефарқ қолдирмас эди. Томошабинлару профессионал мусаввирлар унинг рангтасвир асарларига юқори баҳо бериб, ўз таассуротларини изҳор этганлар.

Г.Мушельнинг Республикамиз замонавий профессионал мусиқа санъатини ривожлантиришдаги улкан хизматлари муносиб тақдирланган.