Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                 ВЛАДИМИР МИЛОВ

(1938-1998)

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1969 йили ёш композитор Владимир Милов кириб келди. У овоз ва якка чолғулар, оркестр, театр ва кино учун мусиқа басталаб, республикамизнинг кўп миллатли мусиқий маданияти тарихида из қолдирди.

Милов Владимир Ефимович Россиянинг Ульяновск вилояти Мемкессе шаҳрида 1938 йилнинг 1 февралида дунёга келди. 1945 йилда умумтаълим мактабига ўқишга борди. Болалигидан мусиқага қизиқди, мактабдаги бадиий ҳаваскорлик чолғу ансамблида аввал гармошка, кейинчалик баян ва аккордеон чалишни ўргана бошлади. 1955 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юрти халқ чолғулари бўлимининг иккинчи курсига қабул қилинди. 1958 йили ўқишни битириб Фарғона вилояти Қувасой шаҳри болалар мусиқа мактабида баян ва мусиқа назариясидан дарс берди. Ўша йили Тошкент консерваториясининг композиция бўйича сиртқи бўлимида профессор Б.Зейдман синфида сабоқ ола бошлади. 1960 йилдан кундузги бўлимда ўқишни давом эттириб, 1964 йили битирди. 1965 йили Тошкент давлат консерваториясининг мусиқа назарияси кафедрасига ишга таклиф қилинди ва 1968 йилга қадар «гармония»дан талабаларга дарс берди. Ўша йили у Туркистон ҳарбий округи қошидаги Офицерлар Уйидаги «Туркестанская звездочка» номли болалар ансамбли раҳбари вазифасига таклиф қилинди ва 1972 йилга қадар шу жамоада ишлади, асарлар яратди. 1972 йилдан Мирзо Улуғбек тумани болалар мусиқа мактабида умрининг охиригача ишлади. 1995-1998 йилларда Б.Зокиров номидаги эстрада оркестрида дирижёр бўлиб ишлади.

В.Милов турли жанрларда ижод қилди. У учта балет: «Широқ ғазаби» («Гнев Ширака», И.Мальмберг либреттоси, (1965 й.), «Уч пальма» («Три пальмы» И.Мальмберг ва И.Юсуповлар либреттоси, 1966 й.) ва «Сказка о Попе и работнике его Балде» (Пушкиннинг асари асосида композиторнинг ўз либреттоси, 1975 й.) ёзди. Унинг кинорежиссёр Л.Файзиев сценарийси асосида «Восточная легенда» (1972 й.) фильм-балети Тожикфильмда суратга олинган. «Лесная сказка» (Л.Бережных либреттоси) 1976 й. ва «Тайна трех не» (1977 й.) спектаклга мусиқа басталади. Композитор қуйидаги мультфильмларга мусиқа басталаган: «Кто сделал облако» (1969 й.), «Дороже золота» (1970 й.), «Храбрый воробей» (1971 й.) ва «Девочка и звездочка» (1972 й.). Турли халқлар куйларини эстрада оркестри ва чолғу ансамбллари учун қайта ишлади. Замондош шоирлар шеърларига турли мавзуларда қўшиқлар яратди. Улар орасида Л.Бережных сўзларига ёзилган қўшиқлар: «Разлив», «Каблучки», «Счастье», «Песня о политруке», «Ташкентские розы», «Ташкентская лирическая»лар, ҳамда Ю.Когтев сўзига ёзилган қўшиқлар: «Есть фронт в каждом сердце», «Человек и мираж», «Солнечная улица» (Р.Фарҳодий сўзи), «Родник» (Г.Нуруллаева сўзи), «Грустная струна» (А.Гальперина сўзи), «Кто мне песню нашёл» (Балакина сўзи) кабилар машҳур бўлиб кетган эди.

В.Миловнинг ижодий фаолиятида чолғу мусиқаси устун туради. У симфоник оркестр ва турли чолғу ансамбллари, якка чолғу асбобларга қуйидаги асарларни яратди: «Перекуем мечи на орала» (1962 й.) симфоник поэма, фортепиано ва симфоник оркестр учун Концерт (1963 й.), космонавтларга бағишланган Симфония (1964 й.), «Тўйчи Эржигитов»га бағишланган хореографик поэма (1967 й.), скрипка ва фортепиано учун пьесалар, прелюдиялар, сонатиналар, торли квартет (1963 й.) ва бошқалар.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, В.Милов 1980-йиллардан бошлаб яна саҳна ва кинофильмларга мусиқа басталашга киришиб, қуйидаги асарларни яратди: «Фарҳод ва Ширин» (В.Баграмов либреттоси, 1980 й.) рок-опера; «Свадьба» , «Неудачный день», «Преступление и наказание» (М.Зошенко либреттолари, 1986 й.) бир пардали опералар; «Баба яга против Деда Мороза» (1985 й.), «Корол Пиф-Паф» (1986 й.), «Зимняя сказка» (1991 й.), болалар учун опералар: «Дракон и свирель» (1986 й.), «Смерть и рождения Тиля» (1987 й.), «По щучьему велению» (1989 й.), «Колобок» (1990 й.) каби мусиқа; кинофильмлар: «Али баба и 40 разбойников» (ўзбек ва ҳинд фильми, 1989 й.), «Легенда о любви»; телефильмлар: «Эшмат добрый ангел», «Пробуждение»; мультфильмлар: «Нежные голоса», «Удивительний манеж», «Дриссированная корова», «Волшебная серна», «Сказка про аиста», «Козел в огороде», «Большой и маленький», «Дорожная собака», «Сказка о волшебном гранате», «Жил и был ослик», «Ух-ты!», умуман, 30 дан ортиқ кинофильмларга мусиқа яратди.

В.Милов 1998 йили «Ўзбекистон қуролли кучларига маданий хизмат кўрсатган аълочи» кўкрак нишони ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.