Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                       ФАТТОҲХОН МАМАДАЛИЕВ

(1923-1999)

Ўзбекистон халқ ҳофизи, созанда бастакор, устоз-мураббий, профессор Фаттоҳхон Мамадалиев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1991 йил қабул қилинган. Бу нодир истеъдод соҳиби, самимий инсон ҳофизликда ўзининг ширали ва дардли овози билан ўзбек халқининг маънавий мулки бўлмиш мумтоз ашула, катта ашула ва мақом намуналарини маромига етказиб ижро этиши туфайли танилди, халқ меҳрини қозонди. Унинг «Мискин», «Муножот», «Ушшоқ», «Насруллойи» каби туркумларни қайта ишлаши, «Қадимги Ушшоқ», «Умрзоқ Полвон Ушшоғи» ва «Зикри Ушшоқ» мақом йўлларини қайта тиклаши, «Савт»и Фаттоҳхон туркумини басталаши мусиқа санъатимизда катта воқеа бўлди.

Фаттоҳхон Мамадалиев Андижон вилояти Балиқчи туманининг эски Ҳаққулобод қишлоғида 1923 йили таваллуд топди. Оиланинг 7 фарзанди орасида Фаттоҳхон болалигидан мусиқага қизиқди, меҳр қўйиб улғайди. 1931 йилдан умумтаълим мактабига ўқишга борди. Туман маданият уйи қошидаги бадиий ҳаваскорлик тўгарагида танбур, дутор чертишни ўрганди ва қўшиқ ижрочилиги билан ажралиб турди. Бошланғич мактабни 1938 йили битирган пайтида, ҳаваскорлар Концертини кўрган машҳур ғижжакчи санъаткор, туманда эндигина очилган театр раҳбари Мўминжон Каримов эътиборини ёш Фаттоҳхоннинг ашула айтишига қаратди. Катта мусиқий санъатга кириб келиш илк даврини Фаттоҳхон Мамадалиев шундай эслаган: «Концерт тугагач, бўлғуси устозим Мўминжон Каримов мен билан алоҳида суҳбатлашди, бошқа қўшиқ ва ашулаларни айттириб кўрди, ўзи ғижжаги билан жўр бўлди ва театрга ишга таклиф қилди. Устозим билан бўлган ана шу қисқа, ҳаяжонли мулоқот менинг келгуси ҳаётимда, тақдиримда бурилиш бўлди. Театрга ишга кирдим ва устознавозлик мусиқий санъатига илк қадамимни қўйдим. Иш жараёнида менга устозим овозни сўзга тушириш, шеърият тузилиш қонунларини, турларини, ашула ва қўшиқ учун уларни танлаш, ашула айтганда бурро талаффуз этиш, қочиримларни безаб куйлаш каби йўлларни қунт билан ўргатди. Улуғ ҳофизлар Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Шораҳим Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов ва бошқа ҳофизларнинг ижрочилик нафас йўлларини ўрганиш ва ўз услубини топиб олишга маслаҳатлар берар эдилар. Булар ҳаммаси мен учун ҳақиқий мактаб бўлди. Отам раҳматлик адабиётни, шеъриятни, ҳофизлар санъатини жон-дилидан севар эди. Дўст-улфатлари орасида буюк алломаларнинг шеърий китобларидан завқланиб ёддан ўқир эди. Отам ва онам менинг ҳофиз бўлишимни орзу қилишар эди», —деб хотирасини тамомлаган эди.

Ф.Мамадалиев санъаткор сифатида шаклланишида юқорида зикр қилинган омиллар билан бирга Умрзоқ Полвон Сайидали, Абдулла Тароқ, Беркинбой Файзиевлар катта роль ўйнади.

1950-йиллардан бошлаб Ф.Мамадалиевнинг ҳофизлик, бастакорлик, мураббийлик фаолияти кенг қулоч ёза бошлади. 1963-1968 йилларда у Андижон давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини битирди. 60-йилларнинг бошларида Ф.Мамадалиев кучли ва юқори диапазонли овозни талаб қиладиган «катта ашула»ни поёнига етказа билиш қобилияти, куй ва сўз узвийлигини ашулада таъминлаш маҳорати билан Ўзбекистон халқ артисти Ю.Ражабий назарига тушди. Ф.Мамадалиев шундай эслайди: «Кунларнинг бирида Юнус ака билан узоқ мулоқотда бўлиб қолдик. Бу улуғ инсон ва устоз менга мурожаат қилиб «Фаттоҳхон, ўзингизни мақом санъатида ҳам синаб кўрмайсизми? —дедилар. — Уддалай олармикинман, устоз? — деб жавоб бердим». «Мени билишим ва сезишимча қўлингиздан келади. Агар ўз устингизда астойдил ишласангиз», деб далда бердилар. Бизнинг устозларимиз мусиқий санъатимиз хазинасининг бебаҳо жавоҳири бўлган буюк мақом санъатини бизга ўргатиб, қарз қилиб кетдилар. Биз ҳам кейинги авлодларга етказишимиз ва ўргатишимиз лозим», деган сўзлар менга жуда ҳам таъсир қилди. Шу ажойиб унутилмас суҳбатдан кейин мақом йўлларини ўрганишга астойдил киришдим. Имкониятим борича Фарғона—Тошкент мақом ва Шашмақом йўл услубларини ўзлаштириб бордим ва яхши натижаларга эришдим. Хоразм мақом йўллари билан Мадраҳим Шерозий, Ҳожихон Болтаев ва дўстим Рўзимат Жуманиёзов каби машҳур санъаткорларнинг ижроларида танишишга муяссар бўлдим».

Табиатан зеҳни ўткир, мусиқий қобилияти кучли, фалсафий дунёқараши кенг Ф.Мамадалиев мумтоз мақом санъати асосларини ҳам мукаммал ўзлаштирди ва Андижон шаҳар маданият уйида ўзи тузган «Мақомчилар ансамбли» билан халққа хизмат қилди, республика ва халқаро анжуманларда, концертларда, кўрик-танловларда фаол қатнашди. Биринчи гал бу ансамбль 1972 йили «Марҳабо, талантлар!» республика телетанловида «Қашқарчаи Мўғулчаи Дугоҳ» ва «Соқийномаи Мўғулчаи Дугоҳ» ижроси учун энг юқори баҳога сазовор бўлган эди. 1973 йили Алмати шаҳрида ўтказилган «Осиё мусиқа минбари» халқаро анжуманида республикамизнинг мусиқа санъати шарафини намойиш қилган эди. Самарқанд шаҳрида ўтказилган мусиқашунослик симпозиумларида қатнашди. Андижон вилоятининг Хўжаобод, Избоскан туманлар маданият уйларида, Андижон давлат педагогика институтида «Мақомчилар ансамбли» жамоаларини ташкил қилди, кейинчалик уларга мураббийлик ва маслаҳатчилик қилиб турди. 1985 йили М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси Шарқ мусиқаси кафедрасига ишга таклиф қилинди. Мазкур кафедрада дастлаб доцент лавозимида ишлаб, 1993 йили профессор илмий унвонига эга бўлди.

Ф.Мамадалиев басталаган кўплаб ашулалар орасида «Интизор» (Улфатий сўзи), «Оқибат», «Соғиндим», «Фалак», «Меҳмон», «Жудо келди» ва «Юзин ҳажрида» (Нодира сўзлари); «Аҳд қилдим» (Муқимий сўзи); «Жононим менинг» (Ҳайратий сўзи); «Орзу» (В.Саъдулло ғазали); «Сўрмаса», «Каломингдан» ва «Дилкушо» (Ҳ.Азимов сўзи); «Ўлмағай» (Навоий ғазали); «Кўнгил» (Х.Яҳёев сўзи); «Раъно гуллар» ва «Соғинурман» (О.Холдор сўзи) каби ўнлаб ноёб ашулалари мухлислар кўнглидан чуқур жой олди. У 1983 йили Самарқандда ўтказилган 2-мусиқашунослик симпозиумида, 1990 йили Душанбе шаҳрида Борбад таваллудининг 1400 йиллигига бағишланган халқаро симпозиумда, 1991 йилда ўтказилган бир неча концерт дастурларида, 1998 йили Пхеньян (КХДР)да ўтказилган Осиё мусиқа минбарида ва бошқа халқаро анжуманларда якка ижрочиликда мумтоз ашула ва мақомлари, ўзи яратган ашулалари билан тингловчиларни мафтун қилди. Айниқса, мумтоз мусиқа фестивалида ижро этган унинг «Дарди дилим» ашуласи қатнашчиларни лол қолдирди.

Моҳир ҳофиз, бастакор, устоз-мураббий ва жамоат арбоби Фаттоҳхон Мамадалиев республикамиз миллий мусиқа санъатининг ривожи йўлидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланди. 1981 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1990 йили «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.