Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                      АЛЬБЕРТ МАЛАХОВ

(1936-1969)

XX аср ўзбек мусиқаси тарихида композитор ва дирижёр А.Малаховнинг муносиб ўрни бор. У қисқа умри давомида турли жанрларда бир қатор ажойиб асарларни яратди. Ўзбекистонда эстрада оркестрини ташкил этиб, дирижёр ва аранжировкачи сифатида жўшқин фаолият кўрсатди.

Альберт Абдулович Малахов Тожикистоннинг Регар тумани Бауман қишлоғида 1936 йилнинг 19 апрелида туғилди. Болалигидан мусиқага ҳавас қўяди. 1945 йили унинг оиласи Наманган шаҳрига кўчиб келади ва Альберт мусиқа мактабининг скрипка синфида ўқишни бошлайди. 1951 йили улар Самарқанд шаҳрига кўчиб ўтадилар ва А.Малахов мусиқа билим юртида ўқишини давом эттиради. Ўқишни битириш арафасида мусиқа басталашга қизиқиб, куйлар ёзди. Бу қизиқиши билан 1954 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кириб, профессорлар Б.Надеждиндан композициядан, А.Козловскийдан чолғулаштириш ва дирижёрликдан сабоқ олди. У талабалик даврида фортепиано, скрипка, виолончель, кларнет, валторна каби чолғуларга кўплаб катта-кичик пьесалар ёзади. Айниқса, унинг симфоник оркестр учун «Ёшлик даври» увертюраси симфониеттаси, халқ куйлари асосида ёзган симфоник сюитаси ва консерваторияни 1959 йили битиришида фортепиано концерти мутахассис ва шинавандалар томонидан илиқ кутиб олинган эди.

1956 йилдан Альберт Тошкент рус драма театрининг кичик симфоник оркестрида скрипкачи бўлиб ишлади ва ўқишини давом эттирди. 1959 йилдан Ўзбек давлат эстрада концерт ташкилотида жўрнавоз лавозимида ишлайди. 1960-1966 йиллар мобайнида Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида ўқитувчилик қилди. 1966 йилдан умрининг охиригача эстрада концерт бирлашмаси қошида янги тузилган жаз-оркестрда дирижёр ва аранжировкачи бўлиб ишлади.

А.Малахов консерваторияни битиргандан сўнг бирин-кетин турли жанрларда ижод қилди, ҳар хил чолғулардан тузилган ансамбль гуруҳларига, симфоник ва жаз оркестрларига, театр спектаклларига, кинофильмларга мусиқа басталади. Унинг ёзган асарлари замонавий оҳангларга бойлиги ва услуби билан ажралиб туради. Истеъдодли композитор виолончель ва фортепиано учун 12 та пьеса; венгер халқ куйлари асосида скрипка ва фортепиано учун 7 та пьеса; бешта поляк халқ куйлари асосида ёғочли дамли чолғу квинтети, ўзбек, уйғур, туркман, қирғиз халқ куйлари асосида торли чолғулар учун бир неча вокал туркумлар; ўзбек халқ қўшиқлари ва композиторлар асарлари асосида жаз оркестри учун попуррилар яратди. 1961 йилда Ғарб ва Шарқ замонавий шоирларнинг тинчликка бағишланган шеърларига «Тўлдирилган анкета» вокал туркуми,  1967 йилда ёзган 4 қисмли 2- Симфониеттаси композиторга катта шуҳрат келтирди.

 

А.Малахов «Менинг уйимга кир», «Қайдасан, менинг Зулфиям», «Плюс бир», «Тошкент - нон шаҳри», «У битта ўзи эмас эди» кинофильмларига, «Муҳаббат учун 10 сутка», «Бернард Альбини уйи», «Мария Стюарт» драматик спектаклларига мусиқа басталади, эстрада ва болалар қўшиқларини яратди.

У «авангард» мусиқий оқимларнинг техник восита ва услубларини ўзлаштирди, уни қўллаган композиторларга эргашди, ўрганди ва ўзининг симфоник асарларида моҳирона қўллади.