Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                         МАРКАБОЙ ЖИЕМУРАТОВ

(1943-2020)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига композитор Маркабой Жиемуратов 1984 йили қабул қилинган. У Қорақалпоғистон республикаси Тахтакўприк туманида 1943 йилнинг 28 мартида туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқиб, скрипка, мандолина, дутор чалишни ўрганди, турли концертларда фаол қатнашди. 1960-1964 йилларда Нукус давлат мусиқа ва хореография билим юртида Н.Муҳаммадиев синфида скрипка бўйича сабоқ олди. 1964 йилда Беруний шаҳри болалар мусиқа мактабида скрипкадан, 1965-1966 йилларда Хўжайли шаҳридаги болалар мусиқа мактабида дарс берди. 1966-1967 йилларда Қорақалпоғистон радио комитетида концертлар уюштириш бўлимида ишлади. Шу йиллари қўшиқ ва куйлар басталай бошлади.

1967 йили М.Жиемуратов Тошкент консерваторияси композиторлик факультетига ўқишга кирди. Бу ўқув даргоҳида мутахассисликдан аввал профессор  Б.Ф.Гиенко, кейин профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил кўриб, 1975 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. 1975-1978 йилларда олган йўлланма билан Станиславский номидаги театрда дирижёр лавозимида ишлади. 1979 йилда радиокомитетда муҳаррир, сўнгра радио қошидаги халқ чолғу оркестри дирижёри, 1981-1982 йилларда Нукус шаҳри 2-болалар мусиқа мактабида ўқитувчи, 1983 йилдан Нукус шаҳар болалар театрида, 1989 йилдан 2-болалар мусиқа мактабининг директори лавозимида фаолият юритди.

Композитор М.Жиемуратовнинг ижодида қўшиқ ва романс жанрлари устувор аҳамият касб этади. У талабалик пайтларидан бошлаб турли мавзуларда замондош шоирларнинг шеърларига 100 дан ортиқ ранг-баранг ва жозибали қўшиқлар яратди. Улар орасида «Қиз муҳаббати», «Мен бир бўйдоқ жигитмен» (Ш.Мамбетмуратов сўзи), «Анажаным» (И.Аимбетов сўзи), «Арал вальси» (М.Даулетмуратов сўзи), «Соғиниш» ва «Асыгар саган» (О.Хошанов сўзи), «Умытпа», «Сени сағынаман аткан танларда», «Кел жоним», «Гоззал жаслығым», «Райхон» «Журек сыры», «Келин келди», «Мактанышым Каракалпакстаним», «Булбул», «Кара озек», «Асыгып атыр», «Сени коргенде» (Н.Торешов сўзи), «Бес тебенин тауларында», «Айыт сен Эжинияздын косыкларынан» (И.Юсупов сўзи), «Сахра қизина», «Саган асыгаман», «Кегейли» (К.Раҳмонов сўзи), «Салы атызлар», «Кеширемен», «Нэупир бойлари», «Яр-яр», «Алтынкол» (Т.Кабулов сўзи) қўшиқларини, «Айдынлар», «Сен сулыу» (А.Тажимуратов сўзи), «Анажаним» (Х.Аимбетов сўзи) вальслари ажралиб туради. Композиторнинг романслари: «Эму акшамы» (Х.Сейтов сўзи) кўрик-танловда биринчи, «Суйемен сени» (С.Пиржонов сўзи) иккинчи мукофотга сазовор бўлдир. Қуйидаги қўшиқлари: «Куяшы» (Т.Сейтжонов сўзи) иккинчи, «Нури» (К.Жуманиязов сўзи) учинчи мукофотга сазовор бўлди.

Йиллар давомида М.Жиемуратов қуйидаги мусиқий асарларни яратди: фортепиано учун «Пьесалар», «Полька», «Вальс»лар, «Марш», «Алла», «Ноктюрн», «Скерцо», 4 қисмли соната, «Эрназар Алакоз» номли симфоник поэма, беш қисмли симфоник сюита, уч қисмли иккинчи симфоник сюита, торли оркестр учун «Поэма», уч қисмли торли квартет, уч қисмли дутор ва фортепиано учун пьеса; хор ва симфоник оркестр учун «Қорақалпоғистон» (И.Косымбетов сўзи) қўшиқ. У 1974 йили балетмейстер Н.Маркарянц билан ҳамкорликда ёзган либреттоси асосида «Гўзал Макарья» номли балет мусиқасини басталади. Балет мусиқаси асосида тузилган симфоник сюита 1975 йили Тошкентда ижро этилган ва илиқ кутиб олинган.

Композитор М.Жиемуратов кўп йиллар давомида қорақалпоқ халқ қўшиқ ва куйларини, бахшиларнинг ижодидаги намуналарни нотага ёзиб борди ва 1991-1994 йилларда қуйидаги нота тўпламларни нашрдан чиқарди:

«Жырау намалари» - 98 та халқ куйлари ўрин олган;

«Дауытбай Каипов» шу исмли бахшининг репертуари ёзилган;

«Дэртке-дауа Мукаррама» шу исмли сеҳргар репертуаридан ёзилган.

«Аккан жулдызлар» Д.Каипов ва З.Хожаназарованинг репертуаридан ёзилган. Булардан ташқари у 110 та куйни нотага ёзиб, нашрга тайёрлаган.