Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                          РУМИЛЬ ВИЛЬДАНОВ

(1939-1987)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Республика Давлат мукофоти совриндори, композитор Румиль Вильданов ХХ асрнинг 60-йилларида ёрқин, жозибали мусиқа асарлари билан уюшма аъзолари сафига қўшилди. У турли жанрларда, айниқса, кино мусиқаси соҳасида улкан мерос қолдирди.

Вильданов Румиль Жахонгирович 1939 йили 24 ноябрда Бишкек шаҳрида туғилди. 1949 йилда Вильдановлар оиласи Наманган шаҳрига кўчиб ўтди. Румиль 1949 йилдан мусиқа мактабида аккордеон чалишни ўрганди, сўнгра Наманган мусиқа билим юртининг баян синфига кирди. Ўқиш пайтларида мусиқа басталашга интилиш пайдо бўлди. Шу сабабли у гармония ва полифония билан қизиқар, фортепиано чалишга катта эътибор берар эди. 1957 йил билим юртини битириб, Тошкент консерваторияси композиторлик факультетига, профессор Б.И.Зейдман синфига ўқишга қабул қилинди. Ўқишни битиргач, 1962-1968 йиллар мобайнида консерваторияда композиция бўйича ўқитувчиликни бошлади. 1968-1981 йилларда у асосан ижод билан шуғулланди, ўриндошлик асосида болалар мусиқа мактабида дарс берди. 1981 йилдан консерватория доценти вазифасида ишлади.

Талабалик даврида фортепиано учун 9 та «Прелюдия», «Вариация», «Экспромт ва токката», скрипка ва фортепиано учун «Сюита», виолончель учун сонатина, виолончель ва фортепиано учун соната, орган учун 3 та пьеса, скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Трио», 2 та скрипка, альт ва виолончель учун квартет ва 6 қисмли сюита каби асарлари пайдо бўлди. Унинг 1-симфонияси, «Войдите в мир» поэма-кантатаси композиторга катта шуҳрат келтирди. Композитор бирин-кетин қуйидаги ёрқин ва мураккаб симфоник, вокал-симфоник ва театр учун асарлар яратди: фортепиано учун концерт (1965 й.): скрипка ва симфоник оркестр учун концерт (1966 й.): 2-симфония (1967 й.), фортепиано учун 2-концерт, 3-симфония (1968 й.), 4-симфония (1971 й.) каби симфоник асарлари юқори малакали ижрочилар репертуаридан муносиб ўрин олди. Муқимий номли мусиқали театрда унинг «12-кеча» (В.Шекспир пьесаси), «Кўнгилли ёш қариялар» мусиқали комедияларини саҳналаштирди. Республика болалар қўғирчоқ театри учун «Севги сири» ва «Дюймовочка», «Сўзлайдиган кўзача», «38 тўтиқуш» спектаклларига мусиқа басталади.

1964 йили кинорежиссёр Э.Ишмуҳамедов «Учрашув» бадиий фильми учун Р.Вильдановни мусиқа басталашга таклиф қилди. Шу кундан эътиборан композитор кинога мусиқа яратишга берилиб кетди, энди унинг ижодий фаолияти умрининг охиригача шу соҳа билан боғланиб қолди. 1964-1987 йиллар давомида 97 та бадиий, 46 та мультипликацион, 14 та ҳужжатли, илмий-оммабоп кинофильмларга мусиқа басталади. «Дорбозлар», (реж. Р.Ботиров, 1964 й.); «Оппоқ-оппоқ лайлаклар» (реж. А.Ҳамроев, 1965 й.), «Йигирма олтинчи отилмасин» (реж. Р.Ботиров, 1966 й.), «Генерал Собир Раҳимов» (реж. З.Собитов, 1967 й.), «Фарҳоднинг жасорати» (реж. А.Хачатуров, 1967 й.), «Қизил қушлар» (реж. А.Ҳамроев, 1968 й.), «41-йил олмалари» (реж. Р.Ботиров, 1969 й.), «Йигит, сени кутамиз» (реж. Р.Ботиров, 1972 й.), «Еттинчи ўқ» (реж. А.Ҳамроев, 1972 й.), «Одамлар орасида бир аёл» (реж. К.Ёрматов, 1973 й.), «Абу Райҳон Беруний» (реж. Ш.Аббосов, 1977 й.), уч серияли «Бу Қўқонда бўлган» (реж. У.Назаров, 1977 й.), кўп серияли «Оловли йўллар» (реж. Ш.Аббосов, 1977-1984 йилларда) кинофильмлари шулар жумласидандир.

«Оловли йўллар» кино мусиқаси, акапелла хори учун ёзган «Вокализ» қўшиғи бастакор ижодининг чўққиси саналади. Саҳна асарларидан Бернара Қориева учун ёзилган «Заҳарли ҳаёт», «Номаълум аёл», «Элегия» балетлари ҳам ноёб намуналар қаторига киради (балетмейстер И.Горлина.). Унинг «Тоғлар йиғиси» (Э.Дицоева либреттоси, 1983) ва «Анахита ғазаби» (1984) балетлари саҳна юзини кўрди. 1983-1986 йилларда бастакор виолончель ва фортепиано учун соната; фортепиано учун соната, скрипка ва фортепиано учун «Концерт пьесаси» асарларини яратди. Айниқса, иккита фортепиано учун «Диалог»и асари шинавандалар томонидан қизғин кутиб олинган.

Р.Вильданов 1976 йили «Человек уходит за птицами» (реж. А.Ҳамроев) кино мусиқаси учун кинофестиваль дипломи билан, 1977 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан, 1978 йили «Дом под жарким солнцем» (реж. А.Хачатуров) кино мусиқаси учун А.Хачатурян номидаги кино фестивали дипломи ва мукофоти билан, 1983 йили «Непокорная» (реж. А.Қобулов, 1981) ва «Ленинградцы, дети мои» (реж. Д.Салимов, 1980 й.) кино мусиқаси учун Республика Давлат мукофоти билан тақдирланган.