Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                            СОВЕТ ВАРЕЛАС

(1923-1997)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, композитор Совет (Сергей) Варелас ижоди билан замонавий мусиқа санъатига ўз ҳиссасини қўшди. У турли ансамбллар, оркестрлар, якка ижрочи ва хор жамоаларига мусиқий асарлар яратиб, уларнинг репертуарини бойитди. С.Варелас болалар учун яратган «Аловуддиннинг сеҳрли шамчироғи» операси Навоий номидаги давлат академик катта опера ва балет театрида узлуксиз намойиш этиб келинмоқда.

Совет Афанасьевич Варелас 1923 йил 17 мартда Таганрог шаҳрида туғилди. 1933 йилда Вареласлар оиласи Тошкентга кўчиб келди.

Болалигидан мусиқага қизиққан С.Варелас 1946 йили Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртига ўқишга кирди. Бу ўқув масканида у гитара чалишни ўрганди ва айни пайтда хор дирижёрлиги бўлимида ҳам таҳсил кўрди. III-курсдан назария бўлимида Б.Ф.Гиенкода композиция бўйича дарс олади. Сўнгра Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетида профессор Б.Б.Надеждин синфида таҳсил кўрди. Талабалик даврида фортепиано учун пьесалар, прелюдиялар, 2 та сонатина, соната, скерцо, торли квартет, сюита, виолончель учун романслар, қўшиқлар яратди. 1955 йили симфоник оркестр учун «Поэма» диплом иши билан консерваторияни битирди.

1956-1960 йиллар Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида композициядан дарс берди. 1957-1965 йилларда Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлади. 1963-1997 йилларда Тошкент давлат консерваториясида муаллимлик қилди, 1960 йилда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига қабул қилинди.

Композитор 1956 йилда «Зоя» (Алигер сўзи) номли кантатаси билан мусиқа жамоатчилигига танилди. Унинг фортепиано учун юздан ортиқ пьеса, сонатина, соната, поэма, прелюдия, скерцо, вальс каби куйлари мусиқа ўқув юртларининг дастурларидан жой олган, уч юзга яқин қўшиқ ва романслар яратди.

С.Варелас симфоник, дамли ва ўзбек халқ чолғулари оркестрлари учун ҳам мусиқа басталади. Шу жумладан, «Ёшлик поэмаси», 2 та симфония, симфониетта, 7 та симфоник манзара, сюита, маршлар, оркестр жўрлигидаги жанговар ва лирик қўшиқлар, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун 50 га яқин халқ куйлари асосида увертюра, симфониетта, чанг учун концерт, сюиталар, шулар қаторида ўнбешта қорақалпоқ халқ куйларини қайта ишлаб, турли пьесалар, камер чолғу ансамбллари учун 2 та дуэт, 3 та трио, 3 та квартет, Тошкент рус драма театри спектакллари учун «Такая любовь» (1959), «Миллион за улыбку» (1960), «Остров Афродиты» (1961) ва 2 та телеспектаклга мусиқа басталаган. Унинг асарлари Москва, Ленинград, Свердловск, Минск, Бишкек, Душанбе, Ашхобод, Новосибирск шаҳарларида ижро этилган. С.Варелас 1989 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, медаллар билан тақдирланган.