Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                         ТУРСУН АЗИМОВ

(1935-1995)

Композитор ва моҳир ғижжакчи-созанда Турсун Азимов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1974 йили аъзоликка қабул қилинган. Унинг турли чолғу жамоалари учун яратган асарлари, айниқса, жозибали қўшиқлари ва чолғу куйлари ижрочилар репертуаридан жой олиб, концерт дастурларида ҳамда телерадио тўлқинлари орқали янгради.

Турсун Азимов 1935 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқди. 1954-1957 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида ўзбек халқ чолғулари бўлимида ғижжак чолғуси ва мусиқа назариясидан сабоқ олади. 1957-1959 йилларда «Баҳор» рақс ансамблида, 1969 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Дони Зокиров номидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида созанда бўлиб ишлади. 1961-1970 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида проф.Б.Гиенко синфида таҳсил олиб илк симфонияси билан ўқишни битирди.

Композитор Т.Азимов ижодий фаолиятида қўшиқ ва халқ чолғулари ҳамда оркестр учун асарлар яратишга эътибор берди. Беш қисмли «Меҳнат шодлиги» сюитаси, «Навоий хотираси» поэмаси, тўрт қисмли «Болалар учун сюита»си, «Увертюра», Ю.Ражабий хотирасига бағишланган «Фантазия»си, уч қисмли «Ёшлар сюитаси», чанг учун «Концерт»и, ғижжак учун «Концертино»си, «Лирик поэма»си. Пьесалардан қашқар рубоби, най, чанг, қўшнай, гобой; чанг учун «Гўзал диёрим» овоз ва оркестр; қашқар рубоби учун «Дурдона» овоз ва оркестр; гобой учун «Гулзоримни куйлайман» овоз ва оркестр; арабча куй «Мустафо» най ва оркестр учун қайта ишлаган; Бастакор С.Калонов билан ҳамкорликда «Лолазорим» қашқар рубоби, овоз ва оркестр учун ва «Баҳор армуғони» овоз, чанг ва оркестр учун каби асарлар шулар жумласидандир.

Т.Азимов хор, яккахон ва халқ чолғулари оркестри учун «Ўзбекистон» (Б.Исроилов сўзи, 1975 й.) ва тўрт қисмли «Ёрқин ҳаёт» (1978 й.) кантаталари; хор учун «Қанотли ёшлигим» (А.Исроилов сўзи) қўшиғи муаллифи. Хор қўшиқлар «Тошкент бинокорлари (Сайёр сўзи), «Ферма қизлари қўшиғи» (Ҳайдар сўзи) «Шоликор қиз» (Ҳ.Ёқубов сўзи), «Ёшлик таронаси»; «Хиёбондан ўтганмисиз» ва «Янги айёмлар билан» (З.Обиджон сўзлари); «Юлдузингдан ўргилай» (Қ.Махсумов сўзи); «Булбул бўлай», «Вафодорингман» ва «Бир қиз таърифи» (П.Мўмин сўзлари); «Сўлим оқшом» (М.Рихсиев сўзи); «Истасанг» (Отажонов сўзи); «Йиллар таронаси», «Терим таронаси» (А.Пўлат сўзлари); «Қўшиғимиз авжида» (Ғ.Зиёдова сўзи); «Бир қиё боққан билан» (С.Зуннунова сўзи); «Қорақалпоқ қизи» (Миртемир сўзи); «Васли ёр эт» ва «Дилоромим менинг» (Фурқат сўзлари); «Севгилим» (О.Мухторов сўзи); «Ниятимдур-ниятинг» (Б.Исроилов сўзи); «Тановарни тинглагач» (М.Қориев сўзи); «Агар соғинсанг» (Э.Охунова сўзи); «Чин ёр эмиш» (С.Абдулла сўзи) каби қўшиқлари хонандалар репертуаридан кенг ўрин олди.

Т.Азимов «Навоий хотирасига» симфоник поэма; камер симфоник оркестри учун «Скерцо ва Рондо», симфоник оркестр учун «Мавзу ва вариациялар»; камонли чолғулар учун «Квартет», фортепиано учун 3 та пьеса ва «Сонатина», дамли чолғулар оркестри учун Увертюра, «Тинчлик диёри» ва «Скерцо», икки пардали «Қонли рўмолча» радиоинсценировкаси (М.Қориев асари)га мусиқа; баритон овози ва фортепиано учун «Олмайсан хаёлингга» романси (З.Обиджон сўзи) ва болалар хори учун бир неча қўшиқлар яратган.

Композитор Т.Азимов нозик туйғулар, қалб кечинмалари куйчиси эди. Унинг барча асарлари, айниқса, жўшқин ва жозибали қўшиқлари ўзининг лирик оҳангдорлиги ва бадиий нафосати билан ажралиб туради. Шу билан бирга улар ўзбек халқ мусиқасининг тузилиш ва шаклланиш хусусиятлари билан чамбарчас боғланиб пайваста бўлиб кетган.