Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

 

МУТАЛ (МУТАВАККИЛ) БУРҲОНОВ

(1916-2002)

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг мусиқа муаллифи, Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза ва Бердах номидаги Давлат мукофотлари совриндори, таниқли композитор Мутал (Мутаваккил) Музаинович Бурҳонов ҳаёти ва ижодий фаолияти замонавий ўзбек профессионал санъатининг ривожланиш тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Бу нодир истеъдод соҳиби баркамол, ширадор ва жозибали асарлари билан юртимизни дунёга танитди. Унинг асарлари оригиналлиги, маишийлиги билан ажралиб туради. Композиторнинг қўшиқ ва романслари, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, саҳна ва кино мусиқаси тингловчининг қалбига етиб боради. М.Бурҳоновнинг эсда қоладиган куйлари айни вақтнинг ўзида мураккаб ҳамдир. Чунки улар оҳангдорлиги билан инсон ички дунёсининг бойлиги ва муаллифининг нозик ва сезгир табиатини, ўй ва ҳис-туйғуларини ифода этади.

Ўзбек халқининг асл фарзанди Мутал Бурҳонов 1916 йил 5-майда Бухоро шаҳрида туғилди. Мутаваккилнинг уч нафар амакиларидан бири Мукаммил Бурҳонов Бухоро жадидчилар ҳаракати фаолларидан бўлган.

Ҳаётнинг оғир синовлари бошига тушган М.Бурҳонов болалик ва ўспиринлик даврида аввал эски диний, сўнгра янги мактабларда ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва меҳр қўйди. Танбур чалишни аввал амакиси Мукаммил Бурҳоновдан, кейин машҳур танбурчи Ота Ғиёс Абдуғанидан ўрганди. 1928-1932 йилларда Самарқандда Ўзбекистон мусиқа ва хореография институтида таълим олди. Мазкур ўқув масканида ишлаган Ота Жалол Носиров, Ота Ғиёс Абдуғани, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Абдуқодир Исмоилов, Аҳмаджон Умрзоқов, Матёқуб Харратов, Абдураҳмон Умаров каби устозлар сабоқлари, Абдурауф Фитрат ва Бурҳоновлар хонадонларида С.Айний, А.Чўлпон, Боту, Элбек, ёш Ҳ.Олимжон иштирок этган ижодий кечалар М.Бурҳонов учун унутилмас ҳаёт ва ижод мактаби бўлди.

Ўқишни битиргач, М.Бурҳонов 1932-1935 йилларда Тошкентда Ҳамза ва Душанбеда Лоҳутий номидаги драма театрларида созанда, мусиқа раҳбари лавозимларида ишлади, мусиқа басталашга интилди. Композиторлик таълимини олиш орзусида у 1935 йили Москва консерваторияси қошида очилган “Ўзбек опера студияси”да таҳсил кўрди. 1939 йилда Москва консерваторияси асосий курсида профессор С.Н.Василенко синфида ўқишини давом эттирди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан кўнгиллилар армияси сафида Москва шаҳрини ҳимоясига отланди, 1942 йили эса қаттиқ бетоб бўлиб, Тошкентга қайтиб даволанди, ижод билан шуғулланди. 1946 йилдан ўқишини давом эттириб, 1949 йили Москва консерваторияси композиторлик куллиётини муваффақиятли тугаллади.

М.Бурҳонов бошидан кечирган қийинчиликлар, уюштирилган туҳматлар, унинг метин иродасини синдира олмади. «Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди» деб ўзига далда берди, ижод қилди ва ҳақиқат юзага чиқди. Композитор ижодининг асосий қисмини вокал мусиқа ташкил этади. У талабалик давридаёқ илк ижодини атоқли шоир А.Лоҳутий шеърларига басталаган «Эй булбул» романси ва «Бути нозанинам» («Менинг гўзалим») қўшиғидан ва Машраб шеърига «Ишқ ўти», яккахон ва симфоник оркестр учун басталаган балладаси кабилардан бошлади. Уруш йиллари «Жангчилар қўшиғи» (Уйғун сўзи), «Самолёт» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Учиб кетасан» (З.Диёр сўзи), «Пахтам очилса» (Камтар сўзи) қўшиқлар, «Ишқида» (Уйғун сўзи), «Дилбари-мо» (А.Лоҳутий сўзи) романсларини яратди. М.Бурҳонов қаламига мансуб «Мафтунингман» кинофильмида Ботир Зокиров ижро этган «Мафтунингман», Клара Жалилова ижросидаги «Юлдуз қўшиғи» ва «Дўппи тикдим ипаклари тиллодан» (Т.Тўла сўзи), Лайло Шарипова ижро этган «Баҳор қўшиғи» (Т.Тўла сўзи) ва «Самолётлар қўнолмади» кинофильмида араб аёлининг қўшиғи, Юнус Тўраев ижросидаги «Гул диёрим» (Э.Воҳидов сўзи) ва «Гўзал Нукус шаҳрим» (И.Юсупов сўзи), Тамарахоним ижро этган «Гўзал Фарғона» (А.Бобожон сўзи), «Уйғур қизига» (Маматохунова сўзи), «Ватан қўшиғи» (Ғ.Ғулом сўзи), «Ёрим бор» (Миртемир сўзи), «Гўзал Ўзбекистон» (Шуҳрат сўзи), «Бой ила хизматчи» кинофильмидан Гулбаҳор алласи каби ажойиб қўшиқлар кенг қанот ёзди. Дарҳақиқат, М.Бурҳонов биринчилардан бўлиб  романс жанрини республикамиз мусиқий ҳаётига жорий этди, янги йўл очиб берди, десак муболаға бўлмайди. Бастакорнинг бу жанрдаги асарлари орасида улуғ шоир Навоий ғазалига басталаган «Табассум қилмадинг» ва Ҳофиз ғазалига яккахон ва симфоник оркестр учун «Намедонам чи ном дорад» («Исмингни билмайман») романс-поэмаси алоҳида ўрин тутади. Бу романс-поэма биринчи бор гўзал ва ёқимли овоз соҳиби Тошкент консерваторияси доценти Давид Муллоқандов, ундан кейин Ботир Зокиров ижросида янгради. «Юрак садоси» (Т.Тўла шеъри), «Келса ногоҳ...» (Н.Комилов шеъри), «Нега тарк этдинг» (А.Фитрат шеъри), «Унутмас мени боғим» (У.Носир шеъри), «Шоир орзуси» (Машраб сўзи) балладаси баркамол даражага етказилган.

М.Бурҳонов вокал-симфоник жанрларда ҳам баракали ижод қилди. 1949 йилда яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Гуллагай Ўзбекистон» кантатаси, «Баҳор қушлари» (С.Умарий сўзи) вокал-симфоник поэмаси, «Оқ олтин» (И.Юсупов сўзи) вальс-қўшиқ поэмасини ёзди. Шу асарни М.Турғунбоева ўз вақтида «Баҳор» рақс ансамбли учун саҳналаштирган ва ҳужжатли фильм олинган. Алишер Навоийнинг 525 йиллик юбилейига бағишлаб А.Орипов билан ҳамкорликда «Алишер Навоийга қасида» (1968 й.) вокал-симфоник поэмаси, шу шоир билан 1975 йили урушда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишлаб хор ва симфоник оркестр учун «Эпитафия» марсиясини яратди.

М.Бурҳонов биринчилардан бўлиб 1950-йилларнинг бошларида ўзбек халқ қўшиқлари «Гўзал қизга», «Ёрларим», тожик халқ қўшиқлари «Сари кўҳи баланд» ва «Заррагул», қорақалпоқ халқ қўшиқлари «Бибигул», «Айрилиқ», уйғур халқ қўшиғи «Сайра», қозоқ халқ қўшиғи «Дударай», кейинги йилларда афғон халқ қўшиғи «Чашми сиёҳ», эрон халқ қўшиқлари — «Гули гандум» ва «Дамкул-дамкул» кабиларни акапелла хори учун мослаштириб, мураккаб ижодий масалани муваффақият билан еча олди.

Ноёб истеъдод соҳиби М.Бурҳонов 1990 йилда Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб «Алишер Навоий» операсини яратди. У Уйғун ва И.Султон драмасини қайта ишлаб, опера жанрига мослаган ҳолда либретто тузиб, жозибали мусиқа яратди ва у 1990 йилнинг охирида Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик опера ва балет катта театрида саҳна юзини кўрди.

М.Бурҳонов ижодий фаолиятида кино мусиқаси ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Унинг 1950-1970-йилларда «Бой ила хизматчи» (режиссёр Л.Файзиев), «Абу Али ибн Сино» (реж. К.Ёрматов), «Самолётлар қўнолмади» (реж.З.Собитов), «Сурайё» (реж. У.Назаров), «Тарк этилган келин» (реж. Й.Аъзамов) бадиий кинофильмларга ёзилган мусиқаси маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирди. М.Левиев ва И.Акбаровлар билан ҳамкорликда «Мафтунингман» ва «Орол балиқчилари» кинофильмларига яратган дилбар қўшиқлари янграб келмоқда.

Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрида саҳналаштирилган: «Алишер Навоий» (Уйғун ва И.Султон пьесаси, 1943 й.), «Ҳикмат» (Ш.Туйғун пьесаси, 1950 й.), «Бой ила хизматчи» (Ҳамза пьесаси, 1953 й.) спектаклларига М.Бурҳонов мусиқа басталаган. Республика қўғирчоқ театрида намойиш қилинган Ҳ.Олимжоннинг «Ойгул ва Бахтиёр» спектаклига ҳам композитор мусиқа яратган.

М.Бурҳонов ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Мавриги», ҳар хил пьесалар, сюиталар, симфоник оркестр учун сюиталар, скрипка ва виолончель ансамбли учун вальс ва пьесалар яратди. Болалар хори учун қатор қўшиқлар басталади.

М.Бурҳонов табаррук 80 ёшлик тўйини янги мусиқий асарлар билан кутиб олди. Жомий дўсти Алишер Навоийга бағишлаб «Ширу шакар» шеърига қўшиқ, болалар хори учун «Ватан бизга меҳрибон» (М.Мирзо сўзи) қўшиғи, акапелла хори учун «Бухорои Шариф» (Рудакий шеъри) қўшиғини ёзди. Шу билан бирга Ўзбекистон мусиқаси тарихида М.Бурҳонов биринчи бўлиб яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун беш қисмли «Абадий хотира» номли РЕКВИЕМ яратди. Бу асарда қатағон йиллари қурбони бўлган ўзбек халқининг улуғ фарзандлари Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев, композиторнинг катта акаси Мисбоҳ, амакилари Масхариддин, Мукаммил ва Муаммир Бурҳоновлар хотирасига бағишланган. Бу асар 1996 йил 14 майда «Туркистон» саройида композиторнинг юбилей кечасига бағишланган концерт дастурида илк бор ижро этилди. С.Қобулова, Ф.Зокиров, бадиий сўз устаси Т.Мўминов, А.Абдуқодиров, З.Ҳақназаров раҳбарлигидаги миллий симфоник оркестр, хормейстерлар А.Ҳамидов ва Ж.Шукуровлар раҳбарликларидаги қўшма хор жамоалари қатнашган эди.

М.Бурҳонов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган юбилей концерт Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида 2001 йил 17 майда ўтди.

Мутал Бурҳонов Ўзбекистон мусиқа маданиятини ривожлантиришда қўшган хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонларига, «Меҳнат шуҳрати» медали, 1999 йили «Буюк хизматлари учун» ордени, 2001 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Мутаваккил Бурҳонов Бухоро шаҳрида 2002 йилнинг 15 июнида дунёдан кўз юмди.