АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                            ОЛИМЖОН ҲАЛИМОВ

(1912-1984)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Бердах номидаги Давлат мукофоти совриндори, композитор Олимжон Ҳалимов XX аср ўзбек ва қорақалпоқ халқлари замонавий профессионал мусиқаси тарихида чуқур из қолдирди. Ўзбек мусиқа маданиятининг вакилларидан бири, атоқли композитор Қорақалпоғистон замонавий мусиқа санъатининг ривожланишига тамал тошини қўйди. Қардош халқ мусиқа маданиятининг ривожланишига ёрдам бериш учун 1944 йили борган О.Ҳалимов умрининг охиригача шу ерда хизмат қилди. У турли жанр ва шаклларда ранг-баранг асарлар яратиб, ижро жамоаларининг репертуарларини бойитди. Унинг мусиқали драма ва комедиялари узоқ йиллар давомида Нукус, Бухоро, Урганч ва Тошкент театрлари саҳналарида намойиш этилди.

Олимжон Ҳалимов Бухоро шаҳрида, машҳур ҳофиз, шашмақом билимдони Ўзбекистон халқ артисти Домла Ҳалим Ибодов оиласида 1912 йилда таваллуд топди. У 1919 йили маҳалла мактабида ва 1924 йилдан бошлаб янги мактабда ўқиди. Туғма истеъдод соҳиби Олимжон болалигидан мусиқа оламида ўсди, мусиқага қизиқди, ҳофиз ва созандаларга ҳавас билан эргашди. 1926 йили Бухоро мусиқа мактабида машҳур ғижжакчи Нажмиддин Насриддинов синфида таҳсил ола бошлади. 1929 йили Самарқанд мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институтига ўқишга кирди. Ушбу ўқув даргоҳида у машҳур санъаткорлар: Ота Жалол Носиров, отаси Домла Ҳалим Ибодов, Абдураҳмон Умаров, Аҳмаджон Умурзоқов, Абдуқодир Исмоилов, Матюсуф Харратов, Николай Миронов каби устозлардан мусиқа санъати сирларини ўрганди. Ўқиб юрган йиллари ва 1932 йили битиргандан сўнг ҳам Самарқанд радиосининг халқ мусиқа ансамблида созанда бўлиб ишлади. Шу институтда бўлғуси атоқли санъаткорлар: М.Бурҳонов, Т.Содиқов, М.Левиев, Д.Зокиров, М.Насимов, Ф.Шамсутдинов ва бошқалар билан танишди, бирга ўқиди.

1933 йили О.Ҳалимов Свердлов номидаги Тошкент мусиқали театрига ишга таклиф қилинди, 1935 йили эса П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси қошида янги ташкил этилган «Ўзбек опера студияси»га юборилди. Мазкур ўқув даргоҳида у хор дирижёрлиги бўлимида ўқиди ва профессор Г.И.Литинский синфида композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан у Тошкентга қайтиб келиб, Тошкент вилояти театрида мусиқа раҳбари бўлиб ишлай бошлади. 1942 йилнинг бошида унга Туркистон ҳарбий округи бошқармаси Фарғона гарнизонида «Ашула ва рақс ансамбли»ни ташкил этишга топшириқ беради. Ансамбль учун қўшиқ ва куйлар ёзади, атоқли бастакор Ю.Ражабий билан ҳамкорликда «Нодира» спектаклига мусиқа басталади. Мазкур спектакль 1943 йили Фарғона вилоят мусиқали драма театрида саҳна юзини кўрди.

1944 йилнинг охирида О.Ҳалимов Қорақалпоғистонга замонавий мусиқа санъатини ривожлантиришга ёрдам бериш учун юборилади. У маҳаллий санъаткорлар билан ва халқ мусиқа мероси билан танишади, ижод қилади, давлат ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатади.

Драматург Ҳожиниёзов пьесасига бастакор-бахши Жапақ Шомуратов билан ҳамкорликда «Суймегенге-суйкенбе» мусиқали комедиясини ёзди. Ушбу спектакль 1945 йили Станиславский номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилади. Бу асар муаллифларга катта шуҳрат келтирди. Бундан илҳомланган композитор турли мавзуларда ёзган қўшиқ ва рақс куйлари билан бирга 1945-1952 йилларда бастакор-бахши Ж.Шомуратов ва драматург Ж.Аймурзаевлар билан ҳамкорликда: «Ойгул-Абад», «Орол қизи», «Амударё», «Бердах», «Бекжаб фожиаси», А.Хайриддинов билан ҳамкорликда «Жайловда тўй» мусиқали драмаси ва А.Султонов билан ҳамкорликда «Куйчелек кўзли ёр» асарларини яратди.

О.Ҳалимов композиторлик малакасини ошириш учун 1952 йилда Тошкент давлат консерваториясига ўқишга кирди. У профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил олади ва талабалик даврида фортепиано учун пьесалар, 5 та прелюдия, сонатина, скерцо, вальс, фортепиано ва флейта, виолончель, кларнет учун бир нечта пьесалар, фортепиано учун қорақалпоқ халқ куйи асосида «Рапсодия» ва ўзбек чолғулари оркестри учун «Қорақалпоқча сюита» ва бошқа асарлар яратди. Давлат имтиҳонига «Қирқ қиз» номли вокал-симфоник поэмани тақдим этиб, 1958 йили консерваторияни муваффақиятли битиради.

О.Ҳалимов қорақалпоқ ва ўзбек классик ҳамда замондош шоирларнинг сўзларига 200 дан ортиқ ранг-баранг қўшиқ ва ашулалар яратди. Улар билан бирга Х.Сеитов сўзига «Қорақалпоғистон» кантатаси, И.Юсупов сўзларига «Орол лирикаси» вокал-симфоник сюитаси, 4 қисмли симфоник сюита каби йирик асарларни ҳам басталади.

Композитор О.Ҳалимовнинг ижодий фаолиятида мусиқали драма ва комедия жанрлари етакчи ўрин эгаллайди. Мазкур жанрларда у 20 дан ортиқ асар яратган. Жумладан: «Тенгинг топгин, қиз» (Утепов пьесаси), «Ғариб ошиқ» (Бегимов ва Олланазаров пьесаси), «Жас жулеклер», «Тинимсиз тўлқинлар», «Ахмоқ подшо», «Мамонби ва Бумагул» (Ҳожиниёзов пьесаси) ва бш. Узоқ йиллардан буён саҳнада умр кўрган «Суймегенге суйкенме» мусиқали комедияси (қайта ишланган) учун композитор 1972 йили Бердах номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Йиллар давомида О.Ҳалимов 140 та қорақалпоқ халқ мусиқаси дурдоналарини йиғиб, уларни нотага ёзиб, абадийлаштириш ниятида мусиқашунос И.Акбаров таҳрири остида «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламининг 8- жилдида нашрдан чиқарди. (Тошкент, 1959 йил).

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига композитор, дирижёр, устоз Олимжон Ҳалимов 1958 йили қабул қилинган. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда ўтказилган адабиёт ва санъат декадаси, қурултой, пленум маданият ва санъат тадбирларида фаол қатнашди. 1967 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон бўлими очилди ва у бўлим раиси этиб сайланди, 1977 йилгача фаол меҳнат қилди.

Олимжон Ҳалимов «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» «Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти» фахрий унвонлари, орден, медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.