АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                  ТЎЛҚИН ҚУРБОНОВ

(1936-2002)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор, композитор Тўлқин Умарович Қурбонов республика композиторлари сафига 1960-йилларнинг ўрталарида кириб келди. Унинг 40 йиллик ижодий йўлига назар ташлар эканмиз, доимий изланиш, юксакликка интилиш, профессионал ўсиш билан ўзига хос ижодий йўлини топиб олишга муваффақ бўлганини яққол кўрамиз. Бу ўринда у Оврўпода турли мусиқий оқимларнинг мураккаб техника усулларини эгаллаб, улардан ижобий фойдаланиб, миллий мусиқада қўллаш, пайваста қилиш устида муттасил ишлади. Шу сабабли у ижодида симфоник, камер симфоник ва ўзбек халқ чолғулари учун яратган асарларида янги-янги воситаларни қўллаган ҳолда йирик мусиқий асарлар яратди.

Қурбонов Тўлқин Умарович Тошкент шаҳри Ўқчи маҳалласида 1936 йилнинг 10 октябрида таваллуд топди. Тўлқин болалигидан мусиқага қизиқди. 1949 йилдан Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида ғижжак мутахассислиги бўйича ўқитувчи Я.Сабзанов синфида, фортепианодан эса Н.Е.Будилинада сабоқ олди. 1956 йили Тошкент давлат консерваториясида профессор Б.Надеждин синфида композициядан дарс ола бошлади.

Талабалик даврида Т.Қурбонов фортепиано учун пьеса, скрипка ва фортепиано учун бир неча пьеса ва прелюдиялар, «Баллада», «Элла-вальс», «Алла», «Икки овозли инвенция», «Уч овозли фуга», гобой ва фортепиано учун пьеса, флейта ва фортепиано учун пьеса, скрипка ва фортепиано учун «Поэма» ва «Сонатина», «Уч қисмли сюита», симфоник оркестр учун «Увертюра», болалар учун «Айиқча» ва «Бизнинг боғчамиз» (А.Раҳмат сўзлари), «Ёдингдами», «Галанкда» (Ҳ.Шерозий сўзлари) ва А.Пушкин сўзига «Куз» номли романсларни ёзди. Булардан айримлари ижрочилар репертуаридан ўрин олган эди. Консерваторияни эса у 1961 йили 4 қисмли симфония диплом иши билан битирди. Йўлланма билан у 1961-1962 йилларда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлади. 1963-1966 йилларда Т.Қурбонов Тошкент давлат консерваторияси аспирантурасида, профессор Б.Зейдман раҳбарлигида ўқиди ва янги асарлар ёзди. Шу йилларда консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида талабаларга дарс берди. 1968-1969 ўқув йилида эса Ленинград давлат консерваториясида профессор Б.Арапов раҳбарлигида малакасини ошириб келди ва Тошкент консерваторияси бастакорлик кафедрасида катта ўқитувчи лавозимида мутахассислик ва чолғулаштиришдан талабаларга дарс бера бошлади. 1983 йилда доцент, 1994 йилда профессор илмий унвонларига эга бўлди.

Т.Қурбонов ижодида симфоник мусиқа устувор аҳамият касб этди. Бу ўринда у 1963 йилда ёш композиторлар орасида биринчи бўлиб «Сарахбори Бузрук» мақом қисмини симфоник оркестр учун қайта ишлади. Бу асарни ёзишда композитор англадики, ўзбек чолғу мусиқасини яратишда гармонияга нисбатан полифония услубидан фойдаланиш қулайлик туғдиради. Оркестрлар таркибига қўшимча чолғулар киритди. Иккинчи (1964 й.), учинчи (1966 й.), тўртинчи (1967 й.), бешинчи «Ҳамза» (1977 й.) симфониялари, «Осиё» симфоник поэмаси (1965 й.), симфоник оркестр учун «Фуга» (1966 й.), торли оркестр ва литавралар учун «Вариация» (1969 й.), дамли чолғу ва урма чолғулар учун мусиқа (1978 й.), камер оркестр ва литавралар учун мусиқа (1978 й.), симфоник оркестр учун «Прелюдия ва фугетта», «Тўёна» (1976 й.), торли оркестр ва литавралар учун «Авиценна» прелюдия ва фугаси (1978 й.), дамли оркестр ва урма чолғулар учун «Тарих саҳифалари» прелюдия ва фугаси (1983 й.), 20 та валторна ва урма чолғулар учун «Қасида» (1984 й.), камер оркестр учун «Симфония» (1989 й.), симфоник оркестр учун «Аския» (1988 й.), М.Ашрафий хотирасига бағишланган «Каприччио» (1992 й.), саксофон ва камер оркестр учун «Ғазал» (1994 й.), дирижёр Ғ.Тўлагановга бағишланган «Рапсодия» (1995 й.), дамли оркестр учун «Пешрав» марши (1995 й.), симфоник оркестр учун «Рапсодия» (1995 й.), камер оркестр, фортепиано ва виолончель учун «Ж.Масненинг мулоҳаза фикрлаши» ва «Сен-Санснинг оққуши» (1995 й.), 5 қисмли «Сюита», дамли оркестр ва урма чолғулар учун (1996 й.), Л.А.Мальмберг хотирасига бағишланган тромбон ва симфоник оркестр учун «Поэма-элегия» (1997 й.), Хива шаҳрининг 2500 йиллигига бағишланган камер оркестр учун «Хоразмча» (1997 й.), дамли оркестр ва литавралар учун бешта пьеса (1998 й.), симфоник оркестр учун 5 қисмли сюита (1999 й.), камер оркестр учун “Крейслер”, «Муҳаббат шодиёнаси», «Муҳаббат жафоси» ва «Гўзал Розмарин» (1999 й.) каби асарлари фикримиз далилидир.

Т.Қурбонов ўзбек халқ чолғулари оркестри репертуарини бойитишда баракали ижод қилди. Шуни айтиш жоизки, композитор муайян ижодий тажриба орттириб, 1970-йиллардан бошлаб ўзбек халқ чолғулари оркестрига бирин-кетин ёрқин ва жозибали асарлар ярата бошлади. У оркестр учун 2 та пьеса (1976 й.), «Поэма» (1978 й.), 2 та пьеса (1978 й.) каби асарларни ёзиб юрган пайтларида Ўрта Осиё халқлари куйларидан фойдаланган ҳолда мусиқали «Хамса»ни басталаш ғояси туғилади. Халқлар дўстлиги ришталари ривожига бағишлаб «Ўзбекча поэма» (1977 й.), «Қирғизча поэма» (1978 й.), Бердахга бағишлаб «Бўзатау» қорақалпоқча поэмаси (1978 й.), «Туркманча поэма» (1978 й.) ва «Тожикча поэма» (1979й.) каби поэмаларни ёзди. Қардош республикаларда ўтказилган дўстлик концертларида булар ижро этилди ва композиторга шуҳрат келтирди. Машҳур бўлиб кетган асарлар оркестр репертуаридан муносиб ўрин олади. Композитор 1980-1990 йилларда бирин-кетин: «Байрам увертюраси» (1981 й.), «Лирик поэма» (1982 й.), «Қўшчинор» (1983 й.), «Поэма» (1984 й.), «Фестиваль сюитаси» (1985 й.), ғижжак ва оркестр учун «Концерт-поэма» (1988 й.), Т.Жалилов номидаги академик ўзбек халқ чолғулари оркестрининг 40 йиллик тўйига бағишлаб «Юбилей» увертюраси (1988 й.), А.И.Петросянц хотирасига бағишлаб «Рапсодия» (1990 й.), «Афғонча поэма» (1989 й.), «Ёшлик увертюра»си (1989 й.), 2 та симфония (1990, 1991 йиллар), оркестр учун «Рапсодия» (1994 й.), 1990-1999 йиллар орасида 9 та «Нақш», най ва оркестр учун «Рондо» (Моцарт куйи асосида ёзилган, 1995 й.), виолончель ва оркестр учун «Романс»» (1996 й.), оркестр учун «Муборак» увертюраси (1999 й.) каби асарларни яратди.

1970 йили А.Мухтор сўзига «Машраб» вокал-симфоник поэмаси, 1978 йили шоир Б.Исроилов сўзига 4 қисмли «Кантата», Навоий ва Хайём рубоийларига 4 қисмли хор туркуми (1991 й.); Яссавий сўзига «Прелюдия ва фуга» вокал-симфоник асари, хор ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Мадҳия» (сўзи композиторники, 1993 й.), Навоий сўзига «Ушшоқ» вокал-симфоник поэмаси (1994 й.), виолончель ва фортепиано учун 2 та пьеса (1967, 1973 й.), «Эскиз» ва пьесалар (1976 й.), контрабас ва фортепиано учун «Фантазия» (1976 й.), валторна ва фортепиано учун «Речитатив ва ария» (1975 й.), кларнет ва фортепиано учун «Импровизация» (1978 й.), виолончель ва фортепиано учун пьеса (1978 й.), труба, валторна, тромбон ва литавра учун «Речитатив», флейта ва фортепиано учун пьеса (1984 й.), гобой ва фортепиано учун «Рондо» (1981 й.), орган учун «Этюд» (1986 й.) ва «Прелюдия» (1999 й.), Брасс-квинтет учун «Муборакбод» (1991 й.), 4 та кларнет учун мусиқа (1995 й.), Жомий сўзига овоз ва оркестр учун «Ушшоқи Содирхон» (1996 й.), кларнет ва фортепиано учун халқ куйларини қайта ишлаган (1997 й.). Н.Қобул билан ҳамкорликда яратган «Иброҳим Расулуллоҳ таваллудлари» мусиқали драмаси Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳна юзини кўрди.

Композитор Т.Қурбонов Ё.Илёсовнинг «Сўроқли қаҳра йўл» қиссаси асосида И.Мальмберг либреттосига «Широқ» (1985 й.) ва ўзбек халқ эртаги асосида ёзган либреттосига «Шерзод ва Паризод» (1999 й.) балетларини ёзди. Кинорежиссёр Й.Аъзамовнинг «Жарима сўқмоқ йўл» фильмига мусиқа басталади (1971 й.). Т.Қурбонов ўзбек тилида «Полифония» дарслигини ёзиб, 1985 йили чоп эттирди.

Т.Қурбонов ўзбек мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссалари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият фахрий унвони билан тақдирланган.