АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

24 апрель: Янов-Яновский Дмитрийни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                      МАТНИЁЗ ЮСУПОВ

(1925-1992)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, созанда, хонанда, фольклоршунос, композитор Матниёз Юсупов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг кўп дилрабо қўшиқлари, мусиқали драмалари, опера ва балетлари, симфоник ва вокал-симфоник, халқ чолғулари оркестри учун яратган асарлари халқ назарига тушди. Айниқса, «Хоразм мақомлари», «Ўзбек халқ мусиқаси»нинг икки жилддан иборат нота ёзуви тўпламлари унга шуҳрат келтирди. Ажойиб, хуштабиатли инсон, истеъдод соҳиби, санъаткор М.Юсупов эл юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Юсупов Матниёз Абдулниёзович ўз ҳаёт йўлини қисқача, шундай таърифлаган эди: «Мен Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 1925 йилнинг 1 январида таваллуд топдим. Отам Абдулниёз Юсупов санъатни жону дилидан севар, дутор ва танбур чертишни яхши кўрар, хонадонимизга санъаткорлар йиғилишиб, шеърий-мусиқий кечалар ўтказишар эди. 8 ёшимда ўрта таълим мактабига ўқишга бордим. Бўш вақтимда дутор ва ғижжакчилик билан шуғулландим. Устозим орқали Хоразмнинг машҳур санъаткорлари: Мадраҳим Ёқубов, Ҳожихон Болтаев, Матпано ота Худойберганов, Матёқуб Харратов, Куржи ота Авазматов, Худак ота (Худойберди Қурбон ўғли), Девон бобо (Отажон Абдуллаев), Матюсуф Харратов (Чокар), Жуманиёз Ҳайитбоев, Бола-бахши Абдуллаев, Қурбон ота Исломов, Хўжа ота Отажонов, Она биби - қори, Матёқуб ота Матжонов, Дўстжон ака Бобожонов ва бошқалар билан яқиндан танишдим, улардан жуда кўп нарсаларни ўргандим, айримлари билан келгусида бирга ишладим. 1940 йили Урганч шаҳрида машҳур санъаткор Ҳ.Болтаев раҳбарлигида миллий ансамбль ташкил топди. Устозлар ёнига мени ҳам ишга таклиф қилишди. 1943 йили Украина фронтидаги жангларда бир оёғимдан қаттиқ яраланиб уруш ногирони бўлиб қолдим. У.Гаджибековнинг «Гўр ўғли» операсини тинглаб, томоша қилиб, унинг оҳанграбо мусиқасига маҳлиё бўлдим ва композитор бўлишни орзу қилдим. 1944 йили она диёримга қайтиб келдим. Ўзим қадрдон миллий ансамблда созанда ва хонанда сифатида ишлай бошладим. 1945 йилнинг июль ойида вилоят мусиқали драма театрига ишга таклиф қилишди. Бир йил ўтгач театрнинг мусиқа раҳбари қилиб тайинландим. Театрда машҳур созанда ва ҳофиз Комилжон Отаниёзов билан танишдим ва дўст бўлиб узоқ йиллар бирга ишладик. Театрда ишлаб юрган кезларим куй ва қўшиқлар ҳам басталашга интилдим, мақом санъатини устозлардан ўргандим. Лекин уларни нотага ёзишни билмас эдим. Ўқиш зарурият бўлиб қолди. Шу сабабли 1951 йили Комилжон Отаниёзов, Абдушариф Отажонов, Султон Ҳайитбоевлар билан биргаликда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртига ўқишга кирдик. 1955 йили ўқишни муваффақиятли тамомлаб, ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирдик. Бу олий даргоҳда мен профессор Б.Надеждинда композициядан, А.Козловскийда чолғулаштириш бўйича сабоқ олдим. Тошкент мени профессионал композитор бўлиб етишишимда, шахсий ҳаётимда муҳим роль ўйнади.

М.Юсупов талабалик давридан бошлаб турли шакл ва жанрларда асарлар яратди. К.Отаниёзов ва Л.Степановлар билан ҳамкорликда «Ошиқ Ғариб ва Шохсанам» (А.Бобожонов пьесаси) мусиқали драмани яратишди ва Муқимий номидаги мусиқали театрда бу спектакль саҳна юзини кўрди. Консерваторияни битириш арафасида у А.Бобожонов ва М.Муҳамедовларнинг либреттосига «Бўз ўғлон» операсининг муқаддима ва биринчи пардасини Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳналаштириб, диплом иши сифатида давлат имтиҳон комиссиясига тақдим этди. 1960 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. 1960-1964 йиллари М.Юсупов фақат ижод билан шуғулланиб симфоник оркестр учун «Поэма», «Сюита», «Қаҳрамонлик увертюра»си, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Рапсодия», «Сюита», торли квартет учун «Сюита», виолончель ва фортепиано учун «Соната», фортепиано учун пьесалар, учта мусиқали драма: «Ғазал фожиаси» (А.Бобожонов пьесаси), «Уч пахлавон», «Қайдасан, ҳаёт» (Т.Собиров пьесалари), 1964 йилда эса Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри жамоаси композиторнинг Ҳ.Ғулом либреттоси асосида ёзилган «Хоразм қўшиғи» операсини саҳналаштирди. Мазкур операни томошабинлар қизғин кутиб олишган эди. 1967 йили бу опера Москванинг Кремль саройида ҳам намойиш қилинган.

М.Юсупов 1956-1985 йилларда Урганч мусиқа билим юрти директори, М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси қошидаги «Лазги» ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон радиоси муҳаррири бўлиб ишлади. 1985 йилдан умрининг охиригача А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти доценти лавозимида талабаларга дарс берди.

М.Юсупов ижодида мусиқали драма ва қўшиқ жанри устувор аҳамият касб этади. У 1956-1990 йилларда: «Дил кўзгуси» (Ҳ.Ғулом пьесаси), «Республика ўт ичида», «Тун ва нохун» (Ю.Юсупов пьесалари), «Зуҳранинг жасорати» (Ҳ.Матрасулов пьесаси), «Тўғон» (О.Матчон пьесаси), «Муқаддас дарё» (Ҳ.Расулов пьесаси), «Миллионер ўғли» (Х.Исломов ва Ж.Тешабоевлар пьесаси), «Тунги фарёдлар» (М.Бобоев пьесаси) каби мусиқали драмаларнинг премьералари Муқимий номли республика давлат мусиқали театрида ва баъзилари Хоразм, Бухоро мусиқали драма ва комедия театрларида ўтди. Наманган театрида 1986 йил «Робиябону» (Н.Одилов пьесаси) мусиқали драмаси саҳна юзини кўрди. Мусиқа жамоатчилиги 1974 йилда Самарқанд опера ва балет театрида саҳналаштирилган «Гулсанам» (У.Умарбеков либреттоси) балетини, болалар учун ёзган «Алиқамбар» (О.Матчон либреттоси) ва «Чевар қиз» (М.Муҳамедов либреттоси) операларини қизғин кутиб олди.

Ўзбек қўшиқчилик анъанасини давом эттириб, М.Юсупов йиллар давомида турли мавзуларда юздан ортиқ жозибали қўшиқлар яратди. Улардан баъзилари: «Ўлка» (Ҳ.Олимжон шеъри), «Ўлкамизда ёз» (Миртемир шеъри), «Гулдаста» (А.Пўлат шеъри), «Орзу баҳорим» ва «Қўшиқ завқи» (П.Мўмин шеърлари), «Хуш келибсиз» ва «Севги сурури» (Н.Нарзуллаев шеърлари), «Гулираъно дерман» (Э.Самандаров шеъри), «Мағрур бўлсак» (Э.Охунова шеъри), «Тўй алёри» (З.Обидов шеъри), «Ёшлигим — қуёшлигим» (М.Карим шеъри) ва бошқалар.

М.Юсуповнинг қўшиқлари «Гулдаста» нота тўпламида 1985 йил чоп этилган, бир неча пластинкаларда ҳам ёзилган. Композитор акапелла хори учун ҳам бир неча қўшиқлар ҳамда йирик вокал-симфоник асарлар яратган. Унинг «Беруний боғлари» (Т.Тўла сўзи) ва «Туямўйин тароналари» (Э.Самандаров сўзи) вокал-симфоник сюиталари, «Тасанно ишчилар» (Ҳ.Ғулом сўзи) кантатаси хор, солист ва оркестр учун ёзилган асарлари олқишга сазовор бўлган. Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Лирик вальс», «Қаҳрамон шоввозлар» сюитаси, най ва оркестр учун «Фантазия», чанг ва оркестр учун «Концерт-рапсодия» ва бошқа якка чолғулар учун ҳам асарлар яратди. 100 та ўзбек халқ куйи ва қўшиқларини фортепиано учун мослаштирди.

Композитор, фольклоршунос-олим М.Юсупов ижодий фаолиятида Хоразм халқ мусиқа мероси намуналарини нота ёзувига олиб, Юнус Ражабий чоп эттирган 9 томли «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламлари таркибига «Хоразм қўшиқлари» (VI-том 1960 й.), ва «Хоразм мақомлари» (VII- том 1962 йил, IX-том 1959 йил) номлари билан киритди. У 1980-1987 йилларда «Хоразм мақомлари» нота ёзувини қайта кўриб чиқиб тўлдириб, Илёс Акбаров таҳрири остида чоп эттирди ва Республика Давлат мукофотига (1990 йил) сазовор бўлди.

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1962 йилдан буён аъзоси М.Юсупов сермаҳсул композитор, ижрочи ҳамда халқ мусиқасининг билимдони сифатида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. У 1969 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони ва медаллар билан тақдирланган.