АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                               ПЎЛАТ ХОЛИҚОВ

(1927-2003)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дирижёр, профессор, композитор Пўлат Холиқов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1980 йили қабул қилинди. У ўзининг ёрқин ижоди билан замонавий профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига самарали ҳисса қўшди.

Холиқов Пўлат Ҳошимович Қўқон шаҳрида 1927 йилнинг 22 декабрида таваллуд топди. Композитор «Мусиқа йўлига қандай кириб келдингиз?» деган саволимизга шундай жавоб берганлар: «...Мусиқий истеъдодимни ва қизиқишимни сезган ота-онам Қўқон шаҳар мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга беришди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши туфайли шаҳримизга Москванинг 1-сон ҳарбий мусиқа мактаби кўчиб келди. Ушбу мактаб ҳарбий қисмдаги дамли чолғулар оркестрига созандалар тайёрларди. Мен шу мактабнинг кларнет синфига ўқишга кирдим. Тўрт йиллик дастурни икки йилда бажариб, 1944 йили ўқишни битириб, турли ҳарбий қисмларнинг оркестрларида хизмат қилдим. Киев шаҳар ҳарбий гарнизонининг оркестрида хизмат қилиш пайтида менинг мусиқий истеъдодимни инобатга олиб, оркестр раҳбари 1946 йили П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлар тайёрлаш факультетида М.М.Багриновский синфида дирижёрлик мутахассислигидан ўқидим. 1950 йили мазкур консерваторияни муваффақиятли битириб, Германия ва Украинада турли ҳарбий қисмлардаги дамли чолғу асбоблар оркестрларини бошқардим. 1958 йили ҳарбий хизматдан бўшаб Тошкентга оилам билан кўчиб келдим ва Ўзбекистон Маориф вазирлиги қошидаги дамли чолғулар мусиқа мактабида 1958-1960 йилларда ўқитувчи бўлиб ишладим. 1960 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирдим. Аввал профессор Б.Б.Надеждин, кейин профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил олдим. Давлат имтиҳонига фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт»ни тақдим этиб, 1966 йили консерваторияни муваффақиятли битирдим. 1962-1969 йилларда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари, 1962-1972 йилларда консерваторияда ўқув бўлими мудири, сиртқи бўлим проректори, ўзбек халқ чолғулари факультети декани ва мазкур факультетда ўқитувчи ва 1969 йили доцент лавозимларида ишладим. 1972-1977 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг мусиқа факультети доценти, 1978-1979 йиллар кафедра мудири лавозимларида, 1979-1994 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг оркестр дирижёрлиги кафедрасида доцент ва 1985 йилдан профессор лавозимларида ишладим».

Иккита симфония (1964-1970 йиллар); камер оркестр учун иккита симфониетта (1967-1973 йиллар); симфоник оркестр учун «Увертюра» (1974 й.) ва симфоник поэма «Саодат» (1988й.); альт ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1973 й.); труба ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1987 й.) асарлари П.Холиқовнинг ижодига мансуб. Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун: най ва оркестр учун «Концерт» (1972), «Номаълум солдат қабрида», увертюра (1967), «Раққоса» поэмаси (1969), «Поэма» (1972); «Ҳамид» поэмаси (1978), «Увертюра» (1979), дутор прима ва оркестр учун «Концерт» (1978); фортепиано ва оркестр учун араб халқ куйлари асосида «Арабча сюита» (1981); «Ёшлар увертюраси» (1981); «Қизлар рақси» (1986); «Дутор навоси» пьесалари (1987); қўшнай ва фортепиано учун «Сюита» (1970); чанг ва фортепиано учун «Фарғонача рез» (1987); «Дутор Баёти» ўзбек халқ куйи асосида фортепиано учун учта пьеса (1970); араб куйи асосида оркестр учун «Поэма-рапсодия» ва иккита пьеса (1980); турли чолғу асбоблар учун пьесалар (1974-1979 й.) яратди.

Чолғу-камер асарлар: кларнет ва фортепиано учун «Скерцо» (1980), кларнет ва фортепиано учун «Сонатина» (1987); фортепиано учун 11 та енгил пьеса, 2-4-синфлар учун; 5-8-синфлар учун 10 та пьеса («Юный пианист» тўпламида 1980 йилда чоп этилган); фортепиано учун учта прелюдия, учта фуга ва иккита сонатина ёзди.

Хор учун 10 та хорал (1963-1973), «Хорал» (1975), хор ва фортепиано учун «Ватаним» (1986); «Ёшлар марши» (1987) қўшиқлари, болалар хор жамоаси учун «Ёш қурувчилар қўшиғи», «45 минут» ва «Қодиржон қалдирғоч» (П.Мўмин сўзлари -1974-1976 йиллар); «Қор» (А.Ҳожи сўзи) ва «Моҳир куйлар» (Толиб сўзи). Замондош шоирлар сўзларига турли мавзуларда қўшиқ ва романслар яратди. 1977 йили «Дед Мороз ва Санта Клаус» (А.Иловайский пьесаси) ва 1978 йили «Дороги отцов» (Л.Юсупов пьесаси) спектаклларига мусиқа басталади.

П.Холиқовнинг ижодида дамли чолғулар оркестри учун мусиқий асарлар ёзиш алоҳида ўрин эгаллайди. У оркестр ва якка чолғу асбоблар учун кўплаб асарлар яратди. Улар орасида жуда машҳур бўлиб кетганлари: «Салом, пахтакор» увертюраси (1970), «Фарғона» марши, иккита корнет ва оркестр учун «Концерт полька»си (1972), «Тошкент» марши (1987), «Увертюра» (1980), «Аскарим» марши, «Ёш солдат» сюитаси (1988).

Дирижёр П.Холиқов ҳарбий хизмат даврида жанговор медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.