АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                             ТЎЛҚИН ТОШМАТОВ

(1934-2007)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, созанда, композитор Тўлқин Тошматов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1973 йили қабул қилинган.

Тўлқин Тошматов 1934 йилнинг 30 декабрида Тошкентда дунёга келди. 1949 йил Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида ўқиди. Мазкур мактабда ғижжак бўйича таҳсил олди. 1955 йили Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғу асбоблари факультетининг ғижжак синфида Я.Сабзановдан таҳсил олди ва 1960 йили ўқишни битирди.

Консерваторияда ўқиб юрган пайтларида мусиқа басталашга ҳам қизиқди ва 1961 йилдан композиторлик факультетида профессор Б.И.Зейдман синфида таҳсил кўрди. Биринчи симфониясини диплом иши сифатида тақдим этиб, консерваторияни 1966 йили иккинчи маротаба битирди.

Т.Тошматов меҳнат фаолиятини талабалик давридан бошлади. У 1957-1958 йилларда «Баҳор» рақс ансамблида, 1958-1978 йилларда Ўзтелерадиоси ўзбек халқ чолғулари оркестрида ғижжакчи, 1976-1982 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг халқ чолғулари кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи вазифаларида, 1982-1983 йилларда Ўзбекистон радиоси мусиқа таҳририятининг бошлиғи, 1983-1997 йилларда Тошкент маданият институтида катта ўқитувчи, доцент лавозимида, 1997-2007 йилларда Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида ўқитувчи бўлиб ишлади.

Т.Тошматов турли жанр ва шаклларда ранг-баранг асарлар яратди. Улар қаторида: иккита симфония, симфоник увертюра, З.Обидов сўзларига 4 қисмли вокал-симфоник туркум, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун: «Байрамона увертюра», «Ассалом, Ўзбекистон», бастакор Ф.Содиқов билан ҳамкорликда «Янги Тошкент» (М.Қориев сўзи) кантаталари; бастакор Н.Ҳасанов билан «Самарқанд» сюитаси, қўшнай ва оркестр учун сюита; оркестр учун «Дилдан куйла, ўйна, қувна» сюитаси, рубоб ва оркестр учун сюита; «Қўшиқ ва рақс»; най ва оркестр учун икки қисмли «Най ялласи»; чанг ва оркестр учун «Рондо»; оркестр учун «Шоҳимардон марши»; «Олтин диёр» увертюраси. Камер чолғу асарлар: торли квартет, чанг ва фортепиано учун «Пьеса»; фортепиано учун «Лирик куй», 4 та прелюдия; 10 та вариация, болалар учун «Пьеса», «Ўйна, дилбар» пьесасини тилга олишимиз мумкин.

Композиторнинг ижодида қўшиқ жанри муҳим ўрин тутади. У замондош шоирларнинг сўзларига 200 дан ортиқ қўшиқ басталади, кўп хонандалар репертуарини бойитди. Унинг яратган қўшиқларидан намуналар: «Тўй ялласи», «Тошкент денгизида», «Она Ватанга», «Зарчаноқ» (Б.Исроилов сўзи); «Осмон тўла юлдузлар», «Геологлар қўшиғи», «Ишон», «Гуллар сочай йўлингга», «Бахшида бўлсин» (З.Обидов сўзи); «Ёшлигим» (Х.Яҳёев сўзи); «Чегарачилар қўшиғи», «Аҳдим муқаррар» (М.Қориев сўзи), «Тошкентим» (Т.Тўла сўзи); «Қуёш ўлкаси», «Пахтакорман», «Солдатлар қўшиғи» (А.Дулат сўзи); «Муҳаббатим — қуёшим», «Чаман айлаб кел» (Н.Нарзуллаев сўзи); «Севги», «Йўқ, ҳаловат истамайман», «На қилсин» (Э.Воҳидов сўзи); «Гул сўраб», «Биз дўстлармиз» (У.Рашид сўзи); «Чўпон қўшиғи» (С.Акбарий сўзи); «Метрочи қизлар», «Сирдарё офтоби», «Илҳомим», «Ёр совғаси», «Билим юртимиз» (Ҳ.Яқубов сўзи); болалар учун ҳам бир талай қўшиқлар яратди.

Т.Тошматов йиллар давомида машҳур бастакорлар — Ф.Содиқов, К.Жабборов, Ғ.Тошматов, С.Калонов, Н.Ҳасановлар билан ҳамкорликда ўзбек халқ чолғулари оркестрига асарлар чолғулаштирди.

Т.Тошматов қуйидаги саҳна асарларига мусиқа басталади: Ф.Содиқов билан ҳамкорликда 1967 йили «Инбузарлар» (Низомиддинов пьесаси) мусиқали драмаси, ёш томошабинларга атаб 1980 йилда «Ур тўқмоқ» (Н.Рўзимуҳаммедов пьесаси) мусиқали драмаси композиторга шуҳрат келтирди. Мазкур асар аввал Муқимий номидаги мусиқали театрда, кейинчалик вилоят театрларида ҳам саҳна юзини кўрди. 1987 йили «Музаффар қуёш фарзанди» ва 1988 йили «Ғойибдан пайдо бўлган шаҳар» (Н.Рўзимуҳаммедов асари) спектаклларига мусиқа басталади.

Тўлқин Тошматов 1972 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланди.