АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                     АБДУРАҲИМ МУҲАМЕДОВ

(1923-1980)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор А.Муҳамедов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У ўзига хос овози билан мусиқа ижодкорлигига 1950-йилларда кириб келди. Унинг яратган ажойиб лирик, оммабоп хор қўшиқлари, миллий услубда ёзган симфоник ва мусиқий саҳна асарлари замонавий маданиятимизни бойитди.

Абдураҳим Муҳамедов 1923 йили 10 декабрда Тошкент шаҳрида туғилди. Туғма истеъдод эгаси тасвирий санъат ва мусиқа билан қизиқади, қалам ва мойбўёқда ҳар хил расмлар чизади. Ҳаваскорлик тўгарагида мандолина, домбра, дамли чолғулардан альт, баритон чалишни ўрганади ва оркестрда қатнашди. 1938 йили 7-синфни битириб, Тошкент саноат техникумининг химия-технология бўлимига ўқишга киради. Ўқишни 1942 йилда битиргач, ҳарбий хизматга чақирилди ва Жанубий Украина фронти жангларида қатнашди. 1943 йилда оғир ярадор бўлди. 1944 йили Тошкентга қайтиш унга насиб этди. Бир йилдан сўнг ўзбек давлат филармонияси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига ишга қабул қилинди. 1952 йили Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига ишга ўтади. Оркестрда ишлаб юрган кезлари 1946-1950 йилларда Тошкент мусиқа техникумининг ўзбек халқ чолғулари бўлимида ўқийди ва мусиқа басталашга қизиқади. С.Бобоевнинг дўстона маслаҳати билан у 1948 йилдан бошлаб Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимида композиторлик мутахассислигидан сабоқ олади. 1950-1955 йилларда асосий босқичида профессорлар Б.Б.Надеждинда композициядан, А.Козловскийда чолғулаштиришдан таълим олади. «Ёшлик» симфоник поэмаси билан ўқишни битиради. Ёш мутахассис йўлланма билан Ўзбекистон Маданият вазирлиги Санъат бош бошқармасида инспектор вазифасидан иш бошлади. 1956-1957 ўқув йилида Тошкент давлат хотин-қизлар педагогика билим юртида мусиқа ўқитувчиси, 1958-1960 йилларда Тошкент телестудиясида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлади. 1960-1965 йилларда яна санъат бош бошқармасида муҳаррир, мусиқа бўлими бошлиғи, репертуар бўлими аъзоси лавозимларида ишлади. 1965-1972 йиллари А.Муҳамедов ўзбек давлат филармониясининг тарғибот бўлимида, 1972-1974 йиллари Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлади. 1974-1975 ўқув йилида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг мусиқий педагогика факультетида мусиқа назариясидан дарс берди. 1975-1977 йилларда ўзбек давлат филармонияси қошида янги ташкил этилган «Гўзал» ашула ва рақс ансамблининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри вазифасида ишлайди.

А.Муҳамедов композитор сифатида шаклланишида ўзбек халқ мусиқаси ва унинг намояндалари, ўзи ишлаган ўзбек халқ чолғу оркестрлари, рус, оврўпо классик композиторлари ҳамда ўзбек композиторларидан М.Бурҳонов, М.Левиев, Д.Зокиров, С.Юдаковларнинг ижоди катта роль ўйнади. Уларнинг таъсири остида шаклланган бўлсада, А.Муҳаммедов изланиб, ноёб мусиқий асарлар яратишга ҳаракат қилади ва ўз услубини топади.

А.Муҳамедов ижодий фаолиятининг илк давридан бошлаб, замон руҳига мос қўшиқлар яратишга эътиборини қаратди. Унинг ижодида қўшиқ жанри етакчи ўрин эгаллайди. У қўшиқларини асосан замондош ўзбек шоирлари П.Мўмин, З.Обидов, Камтар, Миртемир, А.Бобожонов, З.Диёр, Т.Тўла, Я.Қурбон, Э.Охунова, Мирмуҳсин, Н.Орифжонов, А.Нурмуҳамедовлар билан ҳамкорликда яратди. Улар ўз замондошларининг меҳнат жасоратларини, ватанга бўлган меҳр-муҳаббат, тинчлик учун курашни, ёшларнинг севги ҳис-туйғуларини ифодаладилар. Яккахон ва хор ижросида айтиладиган кўплаб қўшиқлар орасида «Жон қизлар», «Етти қиз», «Шоҳи сўзана», «Куйлайман», «Тошкент овози», «Чилонзор чиройли», «Сени эслайман», «Бир оқшом бўйдоқман», «Қирғиз қизига», «Бир наззора» лирик ва лирик-ватанпарвар қўшиқлари билан бирга хор учун «Гўзал Фарғона», «Тинчлик байроқдори», «Дилдор қиз», «Жон Ўзбекистон», «Яшна, ҳур Ватан», «Дўстлик қўшиғи», «Спортчилар қўшиғи» каби оммавий қўшиқлар ижрочилар репертуаридан кенг ўрин олиб, машҳур бўлиб кетган эди.

А.Муҳамедов болалар учун ҳам жозибали, оригинал қўшиқлар яратди. Ўзбекистон радиосининг болалар учун эшиттиришлари йиллар давомида унинг «Юлдузча» қўшиғи билан бошланиб келди. Болалар ҳаётига сингиб кетган «Арча қўшиғи»сиз янги йил байрами ўтмаган бўлса керак. Ёки композиторнинг «Салимжон нимжон», «Қўғирчоғим, алла», «Капалак», «Алла», «Алла қўзичоғим», «Тантиқ қиз», «Сабоқ ол» каби қўшиқлари жажжи ижрочи ва тингловчилар қалбидан жой олган.

Муқимий номидаги мусиқали драма театрида А.Муҳаммедов қозоқ драматурглари Қ.Шанғитбоев ва К.Бойсеитовлар билан ҳамкорликда П.Мўмин асарига «Жон қизлар» (1963 й.), тожик драматурги С.Улуғзоданинг «Гавҳари шамчироқ» (1967 й.) ва П.Мўмин пьесаси асосида «Олифта» (мусиқаси Н.Халилов билан ҳамкорликда) мусиқали комедияларни яратди. Бу асарларни томошабинлар қизғин кутиб олишган. Уларнинг адабий мазмуни замон ёшлари ҳаётидан қизиқарли воқеалар, тўқнашувлар, орзу-умид ва ҳис-туйғулар мусиқада ёрқин ифодасини топа олган. Бастакорнинг мазкур спектаклларга басталаган куйлари ёрқин оҳангдорлиги билан ажралиб туради. Айни пайтда бу композиторнинг катта истеъдодидан дарак бўлди.