АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

24 апрель: Янов-Яновский Дмитрийни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                       МАНАС ЛЕВИЕВ

(1912-1990)

Ўзбекистон халқ артисти, композитор Манас Левиев XX аср ўзбек мусиқаси тарихи саҳифаларида ёрқин, унутилмас из қолдирди. У замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига тамал тошини қўйган композиторлардан биридир. Композитор яратган жозибали қўшиқ-романслар, симфоник, вокал-симфоник асарлар, балет, айниқса, мусиқали драма, мусиқали комедия ва киномусиқалар эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Левиев Минасай (Манас - тахаллуси) Бетьянович эсдаликларида шундай деб ёзади: «...Мен Наманган шаҳрида 1912 йилнинг 25 июлида туғилдим. Ота-онам Самарқанд шаҳрида истиқомат қилишган, 1910 йили Наманган шаҳрига, 1917 йилда Қўқонга, сўнгра эса Самарқандга кўчиб ўтдик. Мен акаларимдан доира, дутор ва най чалишни ўргандим. Самарқандда 1920 йили «Турон» номли ўзбек ўрта таълим мактабига қабул қилишди. 1928 йилда Ўзбекистон халқ артисти, санъаткор Али Ардобус Ибрагимов ўзи тузган 120 кишидан иборат «Кўк кўйлакликлар ансамбли»га ишга таклиф қилди. Мазкур ансамблнинг мусиқа раҳбари Т.Содиқов эди. Ансамблда мендан ташқари Д.Зокиров, Н.Ҳасанов, И.Оқилов, А.Жўраев, В.Абдуллаев ва бошқалар фаол қатнашар эди. Ўша йили Н.Н.Миронов раҳбарлигида Самарқандда Мусиқа ва хореография институти очилди. Мен, М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Т.Содиқов, Ш.Рамазонов, О.Ҳалимов, Р.Оллоберганов, М.Калантаров, Ш.Сохибовлар биринчилардан бўлиб ўқишга кирдик. 1929 йили Туркманистон Республикаси Керки шаҳридаги ўзбек театрига ёрдам бериш учун мусиқа раҳбари қилиб тайинландим. 1930 йилдан яна институтда ўқишни давом эттирдим, ҳарбий офицерлар уйидаги ашула ва рақс ансамбли учун «Дивизия қадам ташламоқда» (М.Рахматуллаев сўзи) оммавий марш қўшиқ ва иккита рақс куйларини яратдим. 1933 - 1938 йилларда Ленинград мусиқа техникумининг назарий-композиторлик бўлимида, 1938-1941 йилларда Ленинград давлат консерваториясида таълим олдим. 1941 йили уруш бошланиб, курсдош ва педагогларим билан кўнгилли аскарлар дивизияси сафига қўшилдим. Жангда оёғимдан ярадор бўлиб, 1942 йилнинг июнь ойида Тошкентга қайтиб келдим. 1942-1943 ўқув йилидан Тошкентга кўчиб келган Ленинград консерваториясида ўқишимни давом этдим. Консерватория талабалари орасида энг яхши симфоник асар учун ўтказилган кўрик танловда «Нурхон» номли симфоник поэмам биринчи даражали мукофотга сазовор бўлди”.

Композитор М.Левиевнинг ижодий фаолияти асосан талабалик давридан бошланди. Ўқиб юрган йиллари қуйидаги асарларни ёзди: фортепиано учун 5 та пьеса, сонатина, рақс, фантазия, 3 та этюд, 3 та прелюдия, 2 та вариация, 20 та ўзбек халқ куй ва қўшиқларини гармониялаштирди. Талабалар концертида «Оқ ойдин кечалар», «Рангим этди заъфарон» ўзбекча, «Гули сурху сафед» тожикча халқ қўшиқларини ва Зулфия сўзига ёзган «Озод қизман» номли қўшиқни ўзи ижро этиб олқишларга сазовор бўлган. У скрипкага этюд, пьеса, вариация, торли квартетга сюита, виолончель учун 4 та этюд, 3 та пьеса, труба ва кларнет учун пьесалар яратди. Навоий шеърига басталаган «Дилистоним, сен менинг» романси симфоник оркестр жўрлигида, илк бор Давид Муллақандов ижросида шуҳрат келтирди.

Уруш йиллари М.Левиев «Ўзбек ўғли» ва «Шерзодлар» (В.Абдуллаев сўзлари), «Биз Ватан фарзандларимиз» ва «Жанг майдонимиз» (М.Шайхзода сўзлари), «Ватан чақириғи» (Т.Тўла сўзи), яккахон, хор ва оркестр жўрлигида «Боғ кўча» ва «Фарғона» (Миртемир сўзлари), «Гўзал ой» (Т.Тўла сўзлари) ватанпарварлик ва лирик қўшиқлари; композитор М.Бурҳонов билан ҳамкорликда С.Абдулла, К.Отабоев ва Миртемир сўзларига 5 қисмли «Ўзбекистон 20 ёшда» вокал-симфоник сюитаси, А.Лоҳутий билан ҳамкорликда «Суруди бахт» («Бахт қўшиғи»), «Духтари пур ғайрат» каби қўшиқлари, лирик романслари, Саид Аҳмаднинг «Шерзод ва Гулшод», М.Шайхзоданинг «Жалолиддин» драмаларига мусиқа басталади.

У яратган «Ўзбек қизи овози», «Тинчлик учун» (Т.Тўла сўзлари) халқ артисти, севимли хонанда Ҳалима Носирова ижросида жуда машҳур бўлиб кетди. Умуман, 100 га яқин турли мавзуларда, ўзбек, тожик классик ва замондош шоирларнинг шеърларига жозибали қўшиқ ва романслар яратди. Улар «Қўшиқ ва романслар» (1958 й.), «Пахта байрами» (1977 й.), «Ҳаёт қўшиқлари» (1978 й.) тўпламларида чоп этилган. Замонавий қўшиқ санъатини ривожлантиришда оригинал қўшиқ ва романслари билан халқ меҳрига тушган композитор М.Левиев «Ўзбекистон куйчиси» деган номга сазовор бўлди.

1948 йилда саҳна юзини кўрган (қайта қўйилиши 1967 й.) Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида ёзилган «Сухайл ва Меҳри» (К.Отабоев ва В.Губская либреттоси) балети ва 1949 йил Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳнада қўйилган «Олтин кўл» (Уйғун пьесаси) мусиқали драмаси (қайта таҳрири 1952 й.) М.Левиевга катта шуҳрат келтириш билан бирга ўша муҳитда замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъати тарихида биринчи мустақил равишда ва миллий услубда яратилган саҳна асарлар ҳам эди. Шунинг учун бўлса керак, келгусида композитор театр учун мусиқа басталашга меҳр қўйди. Муқимий номидаги мусиқали театр учун яратган «Тошболта ошиқ» (Ҳ.Ғулом пьесаси, 1961 й.), «Ажаб савдолар» (Ҳ.Ғулом пьесаси, 1969 й.), «Замонали - Омонали» (Ғ.Ғуломнинг «Шум бола» асари асосида Ҳ.Ғулом пьесаси, 1973й.), «Хизматингизга тайёрмиз» (Ф.Мусажонов ва Б.Ихтиёров пьесалари, 1981й.) мусиқали комедияларини; «Кимга тўй, кимга аза» (Н.Сафаров пьесаси, 1962й.). «Нозик ниҳолим» (Ч.Айтматовнинг шу номли қиссаси асосида Ҳ.Ғулом пьесаси, 1978 й.), «Мангулик» (Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмалари халқ орасида машҳурдир. Шу билан бирга М.Левиев «Семурғ» (Зулфия ва С.Сомовалар пьесаси), «Ёлғончи даркор» (Д.Пеафиса пьесаси), «Бахт қўшиғи» (Уйғун пьесаси), «Шоҳи сўзана» (А.Қаҳҳор пьесаси), «Муҳаббат афсонаси» (Н.Ҳикмат пьесаси), «Туркия ҳақида ҳикоя» (Н.Ҳикмат), «Жазоир менинг ватаним» (Диба пьесаси), «Ҳамза» (К.Яшин ва А.Умарийлар пьесаси), «Мирзо Улуғбек» (М.Шайхзода пьесаси) драмаларига ҳам мусиқа басталади.

Композитор М.Левиев киномусиқа санъатининг ривожланишига ҳам ўзининг беназир ҳиссасини қўшди. 1957 йилда И.Акбаров ва М.Бурҳоновлар билан ҳамкорликда «Орол балиқчилари» ва 1959 йили «Мафтунингман» (реж. Й.Аъзамов) кинофильмларига мусиқа, мустақил равишда эса «Маҳаллада дув-дув гап» (реж.Ш.Аббосов, 1960), «Блокнотдан варақа», «Сайёт қўнғироғи» (реж. Й.Аъзамов, 1966), «Ўтган кунлар» (реж. Й.Аъзамов, 1969) киноларига мусиқа басталади. 1971 йили режиссёр Л.Файзиев композитор М.Левиевнинг «Сухайл ва Меҳри» балети асосида «Жонли миниатюралар» номли кинофильм яратди.

М.Левиев яккахонлар, раққосалар, турли чолғу ва вокал ансамбллар, хор ва оркестр, «Баҳор» рақс ва филармония «Ашула ва рақс» ансамбллар репертуарларини бойитиш мақсадида жуда кўп асарлар яратди. Улардан айримларининг номларини эслатиб ўтсак кифоя: «Физкультурачилар парадига» махсус ёзилган мусиқа (1947й.), «Ёрқин йўл» (Т.Тўла сўзи, 1947й.), «Оқ олтин» (М.Шайхзода сўзи 1958 й.) кантаталар, ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестри учун 5 қисмли «Ёшлик» сюитаси, «Қаҳрамонлик» увертюраси, «Шодиёна» поэмаси хор ва якка ижрочи билан, «Пахта байрами» сюитаси, «Гулла, яшна Ўзбекистон» сюитаси ва бошқалар.

М.Левиев ижодий ишлари билан республикамиз мусиқа санъатининг ривожланишига улкан ҳисса қўшди ва катта мусиқий мерос қолдирди. У 1961 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1972 йили «Ўзбекистон халқ артисти», 1979 йили Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Бир неча медаллар билан тақдирланган.