АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

18 апрель: Урунов Бозорбойни туғилган куни.


24 апрель: Янов-Яновский Дмитрийни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                        КОМИЛ КЕНЖАЕВ

(1939)

Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига Комил Кенжаев 1975 йили қабул қилинган. Бу кўп қиррали композитор мусиқанинг турли жанр ва шаклларида ўтган йиллар давомида ранг-баранг, жозибали асарлар яратди. Унинг симфоник оркестр учун, турли чолғу ансамбллар учун, театр учун ва айниқса, эстрада оркестр ва вокал-чолғу ансамбллар учун мусиқалари, қўшиқлари мусиқа шинавандаларининг олқишларига сазовор бўлди. У ижодкорлик, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатига ҳисса қўшган.

Кенжаев Комил Омонович 1939 йилнинг 21 декабрида Тожикистон республикасида дунёга келди. Комил болалигидан мусиқага қизиқди, 1947 йили ўрта таълим мактабига ўқишга кирди. 1953 йили эса болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфида сабоқ ола бошлади ва Душанбе мусиқа билим юртида ўқишни давом эттирди. 1960 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кириб, профессор Б.Б.Надеждин синфида таҳсил ола бошлади. 1962 йили домласи вафот этгандан сўнг, профессор Б.И.Зейдман синфида ўқишни давом этди. У турли жанр ва шаклларда мусиқа басталади. 1965 йили «Лирик симфония» диплом ишини давлат имтиҳон комиссиясига тақдим этиб, консерваторияни муваффақиятли битирди, мустақил ижодга йўлланма олди.

Композитор К.Кенжаев меҳнат фаолиятини 1957 йилда Душанбе шаҳридаги 24-болалар боғчасида созандаликдан бошлади. 1957-1959 йилларда шойи-атлас комбинатининг қарамоғидаги болалар боғчасида созанда бўлиб ишлади. 1960-1961 йилларда Тошкентнинг 103, 1961-1964 йиллари 9- ва 37-ўрта таълим мактабларида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлади. Консерваторияни 1965 йили битиргач, Тожикистон республикасининг собиқ Ленинобод мусиқа билим юртида 1965-1966 йиллари мусиқий назарий фанлардан дарс берди. 1966-1972 йиллари Ўзбекистон маданият вазирлигининг Санъат Бош бошқармасидаги репертуар-коллегиясида мусиқа муҳаррири лавозимида ишлади. 1972-1973 йиллари М.Уйғур номидаги санъат институтида мусиқа назарияси фанларидан дарс берди. 1973-1984 йилларда Р.М.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернат директори лавозимида ишлади. 1984-1986 йиллари М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг ректори бўлиб ишлади. 1986 йилдан буён ижодий иш билан машғул.

Композитор К.Кенжаевнинг мустақил ижодий фаолияти консерваторияни битиргандан сўнг, 1965-1980 йилларда жўш урди ва баракали ижод қилди. 1965 йили симфоник оркестр учун «Ёшлар увертюраси», 1966 йили торли чолғу оркестр, литавра, доира ва ксилофон учун «Симфониетта», 1967 йили виолончель ва фортепиано учун «Концерт»; 1972-1973 йил ўзбек халқ чолғулари оркестри учун 2 та сюита, виолончель ансамбли учун «Концертино»; 1969 йили «Олмос отин» (Ё.Мирза пьесаси); 1974 йили «Умирхўжанинг найранги» (С.Тилла ва Хайруллаевлар пьесаси), 1982 йили «Оқ булоқ паризодаси» (М.Мирзаева пьесаси) каби мусиқали драмалар; Республика давлат қўғирчоқ театрида 1966 йили «Овдаги ҳодиса» (Раҳматуллаев пьесаси), 1981 йили «Кенжа қиз», 1984 йили «Пахтаой»; скрипка унисони учун «Шодлик», «Вальс» ва «Шодиёна»; хор жамоаси учун «Тошкент воҳаси», «Ёшлар қўшиғи», «Келажак бизники», «Тинчликни куйлаймиз», «Лола», «Ерга довруғ соламиз»; эстрада қўшиқлари: «Нозик савол», «Айт», «Болгар қизи қўшиғи», «Сен билан дўстлашган эдик», «Қиз қўшиғи», «Посбоним», «Телефонистка қўшиғи», «Ўзбек қизлари», болалар учун 100 га яқин қўшиқлар: «Ўзбекистон болаларимиз»; «Ёшлар қўшиғи», «Келажак бизники», «Биз тинчлик учун», «Укамизни боқамиз», «Бизлар хат ёзишамиз», «Кимки бўлса йиғлоқи», «Бешга тенг биринчи», «Физкультура-танга роҳат», романслар: «Битта ўзим биламан» (Миртемир шеъри); «Севги десам» ва «Розимисан» (Ҳ.Олимжон шеъри) асарларини яратди.У 1982-1984 йиллар Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг Болалар мусиқа комиссияси раиси; 1982-1987 йиллари тафтиш комиссияси раиси сифатида фаолият кўрсатди. Композитор К.Кенжаев ўзининг ижодий, педагоглик, раҳбарлик ва жамоатчилик фаолияти билан республикамизнинг мусиқа санъатига салмоқли ҳисса қўшди. У Ўзбекистон ва Эстония ҳукуматларининг фахрий ёрлиқлари ва Ўзбекистон республикаси «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.