АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

24 апрель: Янов-Яновский Дмитрийни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                               БОРИС ЗЕЙДМАН

(1908-1981)

Озарбайжон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, моҳир педагог, композитор, профессор Борис Зейдман кўп қиррали ижодий фаолияти билан ХХ аср мусиқа санъати ривожланиши учун самарали хизмат қилди ва мусиқа тарихида салмоқли из қолдирди.

Зейдман Борис Исаакович Санкт-Петербург шаҳрида 1908 йил 10 февралда дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқиб, 1923-1928 йилларда бадиий студияда фортепиано чалишни ўрганди, гармониядан дарс олди. У 1927 йили Ленинград консерваториясининг композиторлик факультетида, машҳур композитор, профессор М.О.Штейнберг синфида таълим олди. 1931 йили ўқишни битириб, Саратов билим юртида мусиқа назарияси ва тарихидан дарс берди ва маҳаллий радио студиясида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлади. Икки йил ўтгач Ленинградга қайтиб, консерватория аспирантурасида сабоқ олди. 1938 йили доцент илмий унвонига сазовор бўлди.

1939 йили Б.Зейдман Озарбайжон давлат консерваториясида композиторлик кафедраси ташкил этилиши муносабати билан доцент лавозимига таклифни қабул қилди ва шу ўқув даргоҳида 16 йил ишлади. У талабаларга композиция, гармония, полифония, чолғулаштириш ва опера драматургияси асосларидан дарс берди, 30 га яқин юқори малакали композиторларни тайёрлади. Улар орасида Халқ артистлари Фикрет Амиров, С.Ҳожибеков, М.Кажлаев, Ж.Жангиров ва бошқалар бор. 1949 йили профессор илмий унвонига эга бўлди.

1957 йили Б.И.Зейдман Тошкент давлат консерваторияси раҳбариятининг таклифига кўра проректор ва композиция кафедраси мудири лавозимларида иш бошлади. 1981 йилга қадар бу ерда 30 дан ортиқ композиторларни тайёрлади. Унинг ўқувчилари орасида Ўзбекистон санъат арбоблари А.Отажонов, Р.Вильданов, Р.Ҳамроев, Э.Салихов, Р.Абдуллаев ва бошқаларни кўриш мумкин.

Б.Зейдман Боку опера ва балет театрида қўйилган «Гнев народа», «Новогодняя ночь», «Маскарад», «Горе от ума», «Сын полка», Навоий номидаги опера ва балет театрида қўйилган: «Двенадцатая ночь», «Русские люди», «Зайнаб ва Омон» (Т.Содиқов, Ю.Ражабий ва Д.Зокировлар билан ҳамкорликда ёзилган) опералари, «Золотой ключик», «Человек, который смеётся», «Дракон и солнце», «Сорока-воровка», «Граф Монте Кристо» балетлари, Саратов опера ва балет театрида «Красное и зелёное» ва «Выстрел» опералари муаллифидир.

«Ўғил уйлантириш» (С.Юдаков ва Ю.Ражабий билан ҳамкорликда, Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали комедияси, «Қариқиз» (Т.Тошматов билан ҳамкорликда, Т.Тўла пьесаси) ва «Фарғона ҳикояси» (Т.Жалилов билан ҳамкорликда, Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмалари Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳна юзини кўрган.

У Ленинград консерваториясини 1931 йили фортепиано ва симфоник оркестр учун концерт диплом иши билан тугатган эди. Сўнгра 2-фортепиано концерти (1935 й.), альт скрипка ва оркестр учун концерт (1938 й.), «Хусрав ва Ширин» симфонияси (1941 й.), фортепиано ва оркестр учун фантазия (1950 й.), симфоник оркестр учун 3 та увертюра (1949, 1950, 1951 й.), симфониетта (1957й.), 1 ва 2 симфоник сюита (1961 й.), катта симфоник оркестр учун 3та концерт (1963,1972,1978й.); 8та симфония (1941, 1966, 1967, 1976, 1977, 1978, 1979, 1981 й.), скрипка ва оркестр учун «Фантазия» (1952й.), Концерт № 1,2 (1968, 1981й.), оркестр ва фортепиано учун 4 та концерт (1931,1935, 1970, 1974 й.), альт скрипка ва оркестр учун 2- концерт (1962 й.), тромбон ва оркестр учун концерт (1977 й.), симфоник оркестр учун «Человек, который смеётся», «Дракон и солнце», «Сорока-воровка» ва «Граф Монте Кристо» балетлари мусиқаси асосида бешта сюита, симфоник оркестр учун «Приветственная увертюра», учта увертюра каби асарлар композитор ижодида муҳим ўрин эгаллайди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, композитор симфоник жанрларга қандай эътиборини қаратган бўлса, камер жанрларга ҳам шундай қарайди. Сон жиҳатдан камер асарлари кам ёзилган бўлса-да, лекин уларнинг моҳияти сезиларлидир. Шу жумладан: тўрт қўл учун 5 та фортепиано пьесаси, дамли чолғулар ансамблига 6 та пьеса, камонли чолғулар учун пьеса ва учта квартет, скрипка, виолончель ва фортепиано учун трио, фортепиано квинтети, скрипка, виолончель ва оркестр учун соната, виолончель ва фортепиано, гобой ва фортепиано учун сонатина, мактаб репертуарига: торли чолғулар квартети учун 5 та пьеса, труба ва фортепиано учун 4 та пьеса, А.Пушкин ва С.Щипачев шеърларига романслар шулар жумласидандир.

Хоразм халқ куйлари асосида торли чолғулар учун квартет, фортепиано учун қайта ишланган 6 та ўзбек халқ куйи, М.Ашрафий хотирасига бағишланган симфоник поэма, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун симфония, Хоразмча 3 қисмли симфониетта ва «Фантазия», «Ҳамза хотираси» симфоник поэмаси.

Б.Зейдман хизматлари Озарбайжон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1956,1964 й.), Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳукумати фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.