ЖАҲОНГИР ШУКУРОВ

(1981)

Жаҳонгир Жўраевич Шукуров мамлакатимиздаги ёш композиторлар орасида замонавий ёзув техникаси асосида фаол ижод қилиб келаётган истеъдод соҳибларидан. У 1981 йилнинг 24 январида Бухорода таваллуд топган. 2004 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик бўлими магистр босқичини проф.Ф.Янов-Яновский синфида, 2005 йилда опера-симфоник дирижёрлиги бўлимини Э.Азимов синфида муваффақиятли тамомлаган. Талабалик давридаёқ ўзининг хуш хулқи, ўз касбига бўлган қизиқиши, мақсад сари илмга интилиши ва тиришқоқлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Ўзбек мусиқасининг тембр, ритм ва оҳанг хусусиятларини замонавий мусиқа билан уйғунлаштириш борасидаги ижодий қизиқиши талабалик давриданоқ бошланган эди. Бу йўналишда турли ижрочилар гуруҳи билан усул, гармония ва товушқаторликлар борасида, композитор сифатида ўз йўналишини топиш устида турли ижодий экспериментлар олиб бормоқда. Симфоник оркестр учун “Концерт” ва “Stream”, камер ансабмль учун “Мусиқа”, саксофон квартети учун “Lontano”, “In Distance”, “Syozanee”, овоз ва чолғу ансамбли учун “Interaction”, «Марсия”, кинофильмларга ёзган мусиқалари фикримизни тасдиқлайди.

    Ж.Шукуров бир неча халқаро ёш композиторлар мастер-класслари иштирокчисидир. Булар Требнитцдаги машҳур Швейцариялик композитор Клаус Хубер (Германия 2003 й.)  ва  “Bang On a Can” Ёзги Институтида америкалик композиторлардан (Стив Райх, Дэвид Ленч, Жулия Вольф ва Майкл Гордон) сабоқ олганидир (АҚШ 2005). Бугунги кунга қадар Ж.Шукуровнинг асарлари АҚШ, Бельгия, Италия, Австрия, Финляндия, Германия каби бир қатор  давлатларнинг замонавий мусиқий фестивалларида ўзбек ва чет эл ансамбллари томонидан ижро этиб келинган. “Delta saxophone quartet” (Буюк Британия), “Courage” (Германия), “Xenia string quartet” (Италия), “Musiques Nouvelles”  (Бельгия), “Continuum” (АҚШ), “Julliard” (АҚШ), “Aspekte Festival Ensemble” (Австрия) ва Omnibus ансамблари (Ўзбекистон)  шулар жумласидандир.

   Жаҳонгир Шукуров ўзининг дирижёрлик фаолияти билан ҳам мамлакатимиз мусиқий жамоатчилиги эътиборидадир. Марказий Осиёда биринчи маротаба ижро этилган П.Хиндемитнинг 1-чи камер концерти, Д.Лигетининг камер концерти, С.Губайдулинанинг “Concordanza” ва “Detto II” асарлари унинг дирижёрлиги остида жаранглади. Бундан ташқари  Л.Бетховеннинг “Эгмонт” увертюраси ва 3-фортепиано концерти, И.Брамснинг 3-симфонияси, И.Стравинскийнинг “Домбартон Оакс” асари ва С.Юдаковнинг “Майсаранинг иши” опералари ҳам унинг дирижёрлиги остида муваффақият билан ижро этилди. Ж.Шукуров Тошкентдаги нодавлат ташкилоти бўлмиш “Omnibus” ансамбли асосчиси ва дирижёрларидан биридир. Шу билан бир қаторда у Марказий Осиёда ягона бўлган ҳар йили бўлиб ўтадиган ёш композиторлар учун “Omnibus Laboratorium”  халқаро мастер-классининг асосчиларидан бири ва продюсери ҳамдир. Бир неча йилдан буён муваффақият билан ўтаётган бу халқаро мастер-класс эса нафақат мамлакатимиз ёш композиторлари, балки бутун Марказий Осиё ёш композиторларининг ижодий баркамоллиги учун ўта аҳамиятли ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ж.Шукуров Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасида доцент вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбек профессионал мусиқа маданиятида фаол ижод қилиб келаётган истеъдод соҳиби бўлган ташаббускор дирижёр-композитор Жаҳонгир Шукуров ўзининг фаолияти билан ёш ижодкорлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.