Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

МУСТАФО БАФОЕВ

(1946)

 

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, ASCAP (Америка композиторлари, муаллифлари ва ноширлари асоциацияси) аъзоси, композитор, дирижёр, педагог, Мустафо Бафоев серунум, серқирра ижодкорлардан бири. У Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1970 йилларнинг охирида ёрқин, замонавий оҳанг ва анъанавий услубий оқимлари таъсиридаги, жозибали мусиқий асарлари билан шаҳдам кириб келди.

Мустафо Бафоев 1946 йил 10 ноябрда Бухоро вилояти Когон тумани Ганчкаш қишлоғида туғилди. 1953-1960 йиллари умумтаълим мактабида ўқиди. 1960-1964 йилларда Мустафо Бухоро мусиқа билим юртида, сўнгра Тошкент давлат консерваториясида ғижжак ихтисослиги бўйича ўқиди. Унга доцент В.А.Беленький, профессор М.Насимов сабоқ бердилар. 1969 йили консерваторияни муваффақиятли битиргач, ёш мутахассис Бухоро давлат педагогика институтига йўлланма олади. Бастакорлик сирларини ўрганиш мақсадида Мустафо 1972 йилда консерваторияга иккинчи марта ўқишга кирди. Профессорлар Б.Гиенко синфида композициядан, А.Козловскийда чолғулаштиришдан қунт билан ўқиди. 1977-1979 йилларда ассистент-стажёрлик курсларида касб малакасини оширди. Айни пайтда Тошкент давлат маданият институти ўзбек халқ чолғулари кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1980 йилда Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига дирижёр лавозимига таклиф қилинди. Олти йилдан сўнг у оркестрнинг бош дирижёри ва бадиий раҳбари вазифасида ишлай бошлади. 2000-2003-йиллар “Ўзбекрақс” қошидаги халқ чолғулари оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 2003-йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси доценти, 2008 йилдан профессор лавозимида ишлаб келмоқда.

Композитор М.Бафоев мусиқанинг турли шакл ва жанрларида жозибали, оҳангдор мусиқий асарлар яратиб келмоқда. Талабалик даврида «Широқ афсонаси» (1974й.) симфоник поэмаси, «Байрам увертюраси» (1976й.), труба учун концерт-рапсодияси (1978 й.), шунингдек, пьеса, сонатина, соната, поэма, скерцоларни яратди. Торли квартети 1973 йили Новосибирск шаҳрида ижро этилди, Навоий шеърларига овоз ва фортепиано учун ёзган «Беш рубоий» туркуми (1975 йил) Ленинградда ўтказилган ёш композиторлар ижодига бағишланган фестивалда ижро этилди. «Бухоронома» (О.Халил сўзи) ораторияси 1978 йил Москвада ўтказилган Бутуниттифоқ Ёш композиторлар танловида                  3-даражали дипломга сазовор бўлди.

М.Бафоевнинг асарлари республикамизда ва хорижий мамлакатларда ўтказилган фестиваль ва симпозиумлар концерт дастурларида янгради: Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллигига бағишланган концерт дастурида композиторнинг Ибн Синонинг рубоийларига басталаган яккахон ва акапелла хори учун 7 қисмли «Поэма-фреска» (1980 йил Тошкент ва Москва), Тожикистонда ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декада концерт дастурида шоир Ж.Камол сўзига ёзган «Дўстлик» вокал-симфоник поэмаси (1981 йил), Бутуниттифоқ мусиқа фестивалида Ж.Камол сўзига ёзган «Ажаб нозик» хор қўшиғи (1983 йил март ойида Таллин); Мусо ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган концертда «Ал Хоразмий юлдузи» хореографик миниатюраси (1983 йил Москвада); иккинчи халқаро мусиқашунослик симпозиумининг концерт дастурида «Мақом садолари» хор-поэмаси (1983 йил, Самарқанд); Арманистонда ўтказилган хор санъати фестивалининг концерт дастурида яккахон, гобой, зарбли чолғулар ва хор учун «Баҳория» (халқ сўзи) асари (1986 йили), солист, хор ва симфоник оркестр учун “Гулла, яшна Ўзбекистон” (Ғ.Ғулом, А.Орипов сўзлари, 1986 йилда Москвада) яратилган; Ўзбекистон адабиёти ва санъати декада концерт дастурида Т.Тўла сўзига басталаган «Тантанали қасида-поэма» (1987 йил, Украина); учинчи халқаро мусиқашунослик симпозиуми концерт дастурида камер симфоник оркестри учун басталаган «Ибн Сино хотираси» 2-симфонияси (1987 йил, Самарқанд); Мирзо Улуғбек таваллудининг 650 йиллигига бағишланган концертда «Улуғбек буржи» телебалетидан парча (1994 йил, Самарқанд); Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган концерт дастурида «Куй ва қўшиқлар туркуми» (1996 йил, Самарқанд); Ўзбекистон кунларига бағишланган тадбирда “Буюк ипак йўли” спектакли (1997 йили, Париж). Шу спектаклнинг 1997 йили Самарқандда ўтказилган «Шарқ тароналари» биринчи халқаро мусиқа фестивалида; 1999 йили Тошкентда ўтказилган халқаро «Илҳом XX» мусиқа фестивали концерт дастурида дутор ва фортепиано учун «Концерт-поэма» ва 2000 йилда халқаро «Илҳом XX» мусиқа фестивалида фортепиано ва миллий чолғулар учун 5 та мусиқий манзара («Алпомиш» достони асосида), 2001 йили шу фестиваль концерт дастурида овоз, камер оркестр, хор, зарбли асбоблар ва фортепиано учун «Зикр ал-Ҳақ» номли концерт шулар жумласидандир.

М.Бафоев Муқимий номидаги республика мусиқали театри учун «Еттинчи жин» (Л.Бобохонов либреттоси, 1983), «Узилган торлар» (К.Амиров либреттоси, 1984), «Зулдир» (А.Иброҳимов либреттоси, 1985); «Раджа» (Р.Тагор асари, Т.Тўла либреттоси, 1985); «Сўнмас аланга» (Ю.Марцинкявичюс либреттоси, 1987); «Тошкентда туман» (И.Тўхтаев либреттоси, 1988), «Севги нидоси» (Ф.Жўраев либреттоси, 1994), “Пари қишлоқ афсонаси” (2001), “Тўмарис” (Х.Хурсандов асари, 2011) мусиқали драма ва комедияларини, “Фаридун” (Фирдавсий асари, 1992), А.Ҳидоятов номли театри учун «Буюк ипак йўли» (А.Шарипова либреттоси, 1996) спектаклларига мусиқа басталади. А.Навоий номидаги Давлат академик катта театри учун «Умар Хайём» (О.Узоқов либреттоси, 1987), “Севгим самоси” (Аҳмад ал-Фарғоний) (Ж.Жабборов либреттоси, 1998), А.Навоий асари асосида “Хамса” (С.Олимов либреттоси, 2017), С.Айний номидаги Тожикистон академик опера ва балет театри учун “Шайхурраис Абу Али Ибн Сино” (К.Олимов либреттоси, 2011), “Борбад” (Н.Қосим либреттоси, 2014) операларини, «Бухорои Шариф» (Х.Даврон либреттоси, 1997) телеопера-достонини, «Нодира» (1992); «Улуғбек буржи» (1994); «Мозийдан нур» (1995) (Ю.Исматова либреттолари) телебалетларини яратди, “Ёрқиной” спектаклига (Чўлпон асари, 1993), “Кунтуғмиш”, “Алпомиш”, “Ўткан кунлар”, “Чўлпон” радиоспектаклларига мусиқа басталади. Композитор киномусиқа жанрига мурожаат этиб, “Йўл бўлсин” (реж.Қ.Камолова, 2006), “Кичкина одамлар” (реж.Х.Файзиев, 2007), “Мурувват” (реж.Б.Содиқов, 2009) бадиий фильмларига, “Волшебный коврик” ўзбек халқ эртакларига (2013) мусиқа басталади.

М.Бафоев симфоник ва вокал-симфоник жанрларида самарали ижод қилиб келмоқда. У оркестр ва хор жамоаларини асарлари билан бойитди: «Широқ хақидаги афсона» симфоник поэма (1974); «Байрам» симфоник увертюраси (1976); труба ва симфоник оркестр учун «Концерт-рапсодия» (1978); «Авиценна» номли камер оркестр учун симфония № 2 (1984); 1990 йил Ҳамзага бағишланган «Шоирнинг ҳаёт саҳифаси» номли 3-симфония; 1991 йил Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишланган «Мовароуннаҳр» 4-симфония; 2013 йилда 6-Симфония (4 унсур), «Суғдча фрескалар» симфоник поэмаси (1992), “Йил фасллари”     2 та симфоник туркумлари (1991 ва 1998 йиллар), “Насриддин Афандининг 7 латифаси” (2016) шулар жумласидан. Вокал-симфоник асарлардан 1983 йил хор ва симфоник оркестр учун “Ҳаяжонли поэма – кантата” (Т.Тўла сўзи); Шоир Ж.Камол сўзига бадиий сўз устаси, яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Тошкент ҳақида қўшиқ» номли оратория; 1984 йил Б.Бойқобилов сўзига яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Тошкент — Шарқ машъали» поэмаси; 1987 йил Ҳ.Олимжон сўзига, бадиий сўз устаси, яккахон, аёллар хори, зарбли, фортепиано, торли чолғулар учун «Роксананинг кўз ёши» ораторияси; 1993 йил А.Орипов сўзига бадиий сўз устаси, яккахон, хор, дамли, зарбли, торли, фортепиано, миллий чолғулар учун «Ҳажнома» ораторияси: мазкур асар видеотелефильм қилинган. 1995 йил яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Зардуштийлар маросими» оратория-балет (Ю.Исматова либреттоси), бадиий сўз устаси, яккахонлар, хор ва оркестр учун “Зафарнома” (З.Обидов шърлари. 1995) ва “Етти пир” (Шодмон Сулаймон сўзи, 2018) ораториялари, “Она ер нидоси” поэмаси (Т.Тўла сўзи, 1995), “Ҳазрат Баҳоуддинга мадҳия” (1987). Хор асарларидан Увайсий сўзига «Мақом садолари» поэмаси (1982); жўрсиз хор учун “Аллома” поэма-кантатаси, “Ажаб-ажаб”, “Маросим”, “Қизгина” (2005), “Бухорода Наврўз” (2018) асарлари, хор учун «Созлар нағмаси» (1983); Я.Қурбон сўзига яккахон ва хор учун «Юрак нидоси» туркуми (1985); Навоий сўзига «Ҳолати Алишер Навоий» 5-хор-симфонияси (1991) композитор қаламига мансуб.

Композитор ва дирижёр М.Бафоев ўзи раҳбарлик қилган Д.Зокиров номидаги ўзбек халқ чолғулари оркестри учун турли жанрларда мусиқий асарлар басталаб, оркестр репертуарини бойитди. Қашқар рубоби ва оркестр учун «Поэма» (1980 йил); «Байрам тантанаси» поэма (1981); оркестр учун «Концерт» (1983); дутор ва оркестр учун «Концерт-поэма» (1989); Жомий ва Навоийга бағишланган уд ва оркестр учун «Поэма» (1991); оркестр учун “Бахши” (1992), “Шодиёна” (2012) увертюралари, «Зарафшон тўлқинлари» (1994), I – (2013) ва II- (2014) сюиталари; фортепиано ва оркестр учун “Бухорча занг” (1993), “Хоразмча каприччио” (1993) фантазиялари, Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида яккахон, хор ва оркестр учун «Баҳром ва Дилором» хореографик поэмаси (1998); «Алпомиш» достонига 8 та мусиқали манзара (1999); танбур ва оркестр учун концерт (1999); Суғдиёна халқ чолғулари камер оркестри учун “Суғдча” (1991), «Бухорча» (1999), “Самарқандча” (Абадият, 2010) концертлари, “Саёҳатнома” (2010), чанқовуз ва оркестр учун “Чанқовуз усуллари” (2002), най ва оркестр учун “Сердце моё” поэма-фантазияси (2006), “Баҳорнинг уйғониши” фантазияси (2005), “Тўёна” 5 қисмли сюита (2011), “Шунчаки ҳазил” (2013), афғон рубоби ва оркестр учун Концерт асарларини яратди.

Йиллар давомида М.Бафоев чолғу ва камер вокал асарлар ҳам яратиб келмоқда. Жумладан: торли ансамбль учун «Квартет» (1973), “Бадахшонча” (2014); скрипка ва фортепиано учун «Соната-поэма» (1974); торли камер ансамбль учун «Учта рақс» (1978);, Навоий сўзига овоз, урма ва камер чолғу оркестр учун «5 та рубоий» (1979); Х.Деҳлавий сўзига яккахон ва камер оркестр учун «Ғазал» романси (1980); Увайсий сўзига яккахон ва камер оркестр учун «Муҳаббат» романси (1984); Ансорий сўзига уд, овоз ва камер оркестр учун «Нажотия» номли 9 та рубоий-романси (1994); «Алпомиш» достони асосида фортепиано учун 5 та мусиқали манзара (1999); виолончель ва фортепиано учун “Соната-мақом”, “Соната” альт ва фортепиано учун (2011), 2002 йилда «Илҳом XX» халқаро мусиқа фестивали концерт дастурида скрипка ва фортепиано учун «Хоразмча нағмаю усул» концерти ижро қилинди.

2000 йили АҚШда М.Бафоев «Буюк ипак йўли» халқаро мусиқа фестивалида қатнашди. Фестивалга виолончель ва миллий чолғулар - чанқобуз, най, қўшнай, сурнай, доира ва ноғора учун «Бухороча концерт» яратди ва бу асар Бостоннинг мусиқа марказида ижро этилди. 2000 йил Навоийнинг «Лисонут тайр» достони асосида саҳна томошаси учун опера - феерия  асарини яратди. Шунингдек, М.Бафоевнинг асарлари 1998 йилда халқаро симфоник ва камер мусиқа фестивалида “Суғд фрескалари” симфоник поэмаси, 2000 йил фестивалида «Зардуштийлар маросими» оратория-балети ижро этилди. 2001 йили М.Бурҳоновга бағишлаб «Таҳсиннома» поэмасини (яккахон, хор ва симфоник оркестр учун), 2002 йил виолончель ва камер ансамбли учун саккиз поэмадан иборат «Ипак йўлидаги хаёллар» ва М.Бурҳонов хотирасига «Санъатим» романс-поэмасини (А.Орипов шеъри) яратди.

Композитор ижодида концерт жанри катта ўрин тутади. Юқорида номлари қайд этилган концертлардан ташқари композиторнинг симфоник оркестр учун “Хўжа Насриддин ва Карменсита Бухорода“ концерт-балети (2002), қашқар рубоби ва симфоник оркестр учун “Концерт” (2002), танбур-сато ва симфоник оркестр учун Концерт (2004), скрипка ва симфоник оркестр учун “Концерт №2”, гобой ва симфоник оркестр учун “Туркча концерт” (Ўрта ер денгизи тўлқинлари, 2005), қонун, уд ва зарбли чолғулар учун “Концерт” (2005), арфа, овоз ва зарбли чолғулар учун “Борбад оҳанглари” концерти (Хусрав Ширин боғида, 2005), зарбли чолғулар учун “Самоъ садолари” концерти (2006), кларнет ва симфоник оркестр учун Концерт (2007), валторна ва симфоник оркестр учун Концерт (2008), скрипка ва симфоник оркестр учун 3- (2013) ва 4-(2014) концертлар, флейта ва симфоник оркестр учун (2016), най ва симфоник оркестр учун  (2017) концертлари ва бошқалар мавжуд.

Композитор жами 200 дан ортиқ қўшиқ ва романслар басталаган. Бир қатор қўшиқлари “Ўзбекистон Ватаним маним” кўрик танловларида совринли ўринларни эгаллаган. Композиторнинг асарлари республика миқёсида ўтказиладиган давлат тадбирларида, фестивалларда мунтазам ижро этиб келинмоқда.

М.Бафоевнинг асарлари АҚШ, Германия, Италия, Япония, Туркия, МДҲ давлатларида муваффақиятли ижро этилган.

Мустафо Бафоевнинг ижодкорлик, дирижёрлик ва жамоатчилик фаолияти муносиб баҳоланган. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони (1995й.), А.Қодирий номидаги Давлат мукофоти (1997й.), “Фидокорона хизматлари учун” ордени (2008), медаллар, қардош давлатлар кўкрак нишонлари билан тақдирланган.