БАХТИЁР АШУРОВ

(1978)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг аъзоси, истеъдодли мусиқашунос Бахтиёр Шокирович Ашуров 1978 йилннинг 20 январида Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида таваллуд топган.  1993-1997 йилларда М.Ашрафий номидаги Бухоро давлат мусиқа билим юртида, 1997-2001-йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг “Шарқ мусиқаси” факультети бакалавр босқичида, 2007-2009-йилларда магистратура босқичида профессор О.Матёқубов синфида таҳсил олган. 2009-2012 йилларда “Мусиқа санъати” ихтисослиги бўйича тадқиқотчи изланувчи сифатида касб малакасини оширган.

Б.Ашуров иш фаолиятини ўқиб юрган йилларида бошлаган. 1996-1997 йилларда Когон шаҳридаги мусиқа мактабида, 1997-1998-йилларда Ю.Ражабий номидаги Тошкент педагогика билим юртида назарий фанлардан дарс берган. 2012-2014 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Ихтисослашган илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, 2015-2016 йилларда “Илмий педагогик кадрлар тайёрлаш” бўлими илмий-тадқиқот ишлари муҳандиси, 2016-йилдан буён эса мазкур бўлимнинг бошлиғи сифатида фаолият олиб бормоқда. Санъатшунослик фанлари фанлари бўйича фалсафа доктори (PHD,2020).

Б.Ашуровнинг илмий изланишлари манбашунослик билан бевосита боғлиқ бўлиб, буюк аждодларимизнинг мусиқа санъати тарихи ва назариясига бағишланган рисолалар, баёзлар, қўлёзмаларни тадқиқ этиб, уларни таҳлил қилиш ва амалиётга тадбиқ этилиши масалаларига бағишланган. «Бухорча ва Мавригий» мавзуидаги бакалавриат диплом иши ва «Нажмиддин Кавкабий ва унинг “Рисолаи мусиқий” асарининг ўзбек мумтоз мусиқасида тутган ўрни» магистрлик диссертацияси, “XVI-XVII асрларда миллий мусиқий тафаккур ривожининг замонавий талқини” мавзусида фалсафа доктори (PhD) бўйича диссертацияси устида олиб бораётган илмий иши фикримизни тасдиқлайди.

Б.Ашуров республика ва халқаро миқёсдаги илмий амалий конференцияларда маърузалар билан мунтазам чиқишлар қилмоқда, газета ва журналларда мақолалари чоп этилмоқда. “Нажмиддин Кавкабий мероси” («Мозийдан Садо» журнали, №3(39) 2008 й.), “Бухоро Шашмақомининг умумий тузилиши ва парда тизимининг айрим хусусиятлари” (Т.Темиров билан ҳамкорликда, “Шашмақом сабоқлари”, Т., 2007 й.), «Нажмиддин Кавкабий ва унинг мусиқий рисоласи» (Тошкент давлат педагогика университети Республика илмий-педагогик конференцияси материаллари. Т., 2009.), “Абдулқодир Мароғийнинг мусиқий мероси” (“Темурийлар даврида тил, маданият ва санъат тараққиёти” мавзуидаги олий таълим муассасалараро илмий-амалий конференцияси маърузалар матни, 1 март, 2016), “Илми адвор таълимоти” (“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирлари тарихий меросида санъат ва маданият масалалари” мавзуида Халқаро конференция маърузалар матни, 21 апрель, 2016),  «The uzbek classical music» (“European Journal of Arts” журнали, Австрия, 2016. № 3), “Основы узбекской классической музыки” (“Наука и Мир” журнали, Австралия, октябрь, 2016), “Ёш созандаларни тарбиялашда Дарвеш Али Чангий ижодининг аҳамияти” (“Чолғу ижрочилигида ёш созандаларни тайёрлашнинг халқаро-меъёрий масалалари” мавзуидаги Халқаро илмий-амалий конференцияси маърузалар матни, 25-27 март, 2017), “Турғун Алиматовнинг  созандалик мероси” (“Мозийдан Садо” журнали, 4/76, 2017), “Ибн Синонинг мусиқий мероси” (“Ибн Синонинг илмий-маданий меросининг аҳамияти ва фан тараққиётидаги ўрни” Халқаро конференция мақолалар тўплами, Бухоро, 2017), “Музыкальные истоки Центральной Азии” (“Мусиқа санъатининг қадимги манбалари” мавзусида Халқаро илмий конференция маърузалар матни, 18-19 апрель, 2018), “Мақомот – мумтоз мусиқа навлари тизими” (“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирлари тарихий меросида санъат ва маданият масалалари” мавзусидаги Халқаро илмий-назарий ва амалий конференцияси маърузалар матни, 05 май, 2018) шулар жумласидан.

Б.Ашуров 30 га яқин ўқув қўлланмаларга ва монографияларга муҳаррирлик қилган, мусиқага оид адабиётларни нашрга тайёрлашда ва чоп этилишида жонбозлик кўрсатиб келмоқда.